Ғафур Ғулом & Асқад Мухтор: “Вақт”

Ғафур ҒУЛОМ

ВАҚТ

Ғунча очилгунча ўтган фурсатни
Капалак умрига қиёс этгулик,
Баъзида бир нафас олғулик муддат –
Минг юлдуз сўниши учун етгулик.

Яшаш соатининг олтин капгири
Ҳар бориб келиши бир олам замон.
Коинот шу дамда ўз куррасидан
Ясаб чиқа олур янгидан жаҳон.

Ярим соат ичида туғилиб, ўсиб,
Яшаб, умр кўриб ўтгувчилар бор;
Кўз очиб юмгунча ўтган дам – қиммат,
Бир лаҳза мазмуни бир бутун баҳор.

Бир оннинг баҳосин ўлчамоқ учун
Олтиндан тарозу, олмосдан тош оз.
Нурлар қадами-ла чопган секунднинг
Барини тутолмас ай(ю)ҳаннос овоз.

Йигит термилади қизнинг кўзига,
Киприк сузилиши, майин табассум…
Қўша қаримоққа муҳр бўлади
Ҳаётда икки лаб қовушган бир зум.

Яшаш дарбозаси остонасидан
Зарҳал китоб каби очилур олам,
Тириклик кўркидир меҳнат, муҳаббат,
Фурсатдир қилгувчи азиз, мукаррам.

Бебаҳо дамларнинг тирик жони биз,
Ҳар они ўтмишнинг юз йилига тенг.
Ўзбекнинг барҳаёт авлодларимиз,
Ҳар нафас мазмуни фазолардан кенг.

Қатрада осмон акс этганидек
Жаҳондай маънодор қорачиғимиз.
Ғолиб асримизга куёшдан машъал,
Замон кўрасининг сўнмас чўғимиз.

Замона соати занг урар мудом,
Минглаб ҳодисалар минутларга қайд,
Қаҳрамон туғилди, шаҳар олинди,
Бир гигант қурилди шарафли бу пайт.

Рейхстаг устига ғалаба туғин
Қадашда отилган адолат ўқи –
Ялт этган умри-ла барқарор қилди
Башарнинг муқаддас, олий ҳуқуқин.

Ғалаба амри-ла, мағлуб немиснинг
Генерали қўл қўйди. Уч секунд фақат…
Шу малъун имзода одамлар ўқир
Миллион йил фашистнинг умрига ланъат.

Азиз асримизнинг азиз онлари
Азиз одамлардан сўрайди қадрин.
Фурсат ғаниматдир, шоҳ сатрлар-ла
Безамоқ чоғидир умр дафтарин.

Шуҳрат қолдирмоққа Геростратдек
Диана маъбадин ёқмоқ шарт эмас.
Кўпларнинг бахтига ўзликни жамлаб,
Шу улуғ бинога бир ғишт қўйсак бас.

Ҳар лаҳза замонлар умридек узун,
Асрлар тақдири лаҳзаларда ҳал,
Умрдан ўтажак ҳар лаҳза учун
Қудратли қўл билан қўяйлик ҳайкал.

Ҳаёт шаробидан бир қултум ютай,
Дамлар ғаниматдир, умрзоқ соқий.
Қуёш-ку фалакда кезиб юрибди,
Умримиз боқийдир, умримиз боқий.

1945 йил 19 сентябр

Асқад МУХТОР

ВАҚТ

“Вақт” – ўз-ўзича ҳеч нарса эмас,
“Давр” десак – исмли, жисмли.
Вақт қаритади-чуритади, холос,
Давр – инсон каби, дардли, ҳуснли.

Вақт сўндиради эҳтиросларни,
Ёшликни юлқилаб қочар омонсиз.
Чангдек учар, инсон из солмаса;
Инсон ном бермаса – ўтади номсиз.

Ўтмиш узоқ,
Келажак – яқин.
Кун кунга фарзанддир, кун кунга ворис.
Ҳозиргина ўтган дақиқанг сенга
Умринг сўнгидаги дамлардан олис.

Вақтни ўз-ўзига қўйиб берилса,
Шафқатсиз кечади, ҳаялламайди.
Ўзи тиклолмайди ўз қоматини,
Ўзи келажакни тайёрламайди.

Биз уни
Батамом ҳукмимизга олиб,
Тарошладик шаклу шамойилини.
Энг муқаддас ном билан атадик,
Граждан деб билдик ҳар бир йилини.

Биз унда яшадик келажак учун,
Бахтни мисқоллаб санадик.
Даврим тирик бўлар авлодлар ёдида,
Яхши фарзанд туққан онадек.

Эзгу фожиаси – нафрат, ғазаб эди,
Доим манглайида турди қорайиб.
Ҳаттоки муҳаббат дамларида ҳам…
Ғаройиб замонлар, ғаройиб!

Кубага берардик егулигимизни,
Жаҳон кўнглимизни кўп билар эди;
Трамвайда эса, контролёрлар бизга
Уч тийинлик ишончини кўп билар эди…

Иззати нафсимга тегмас эди бу,
Бунга ҳайрон бўлма, узоқ набирам.
Патент сўрамапти Прометей, дея
Ҳеч ҳайрон бўлмаган боболаринг ҳам.

Шунчаки қаритиб ўтиб кетмади,
Йўқ, давримиз улуғ,
меҳру қаҳрли.
Келажакни туғиш тўлғоғи – оғир,
Аммо она бўлиш –
фахрли!

1965

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin

Телеграмдаги каналимиз: @/Behzod_Fazliddin
YouTubeда: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 224

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *