Вақт инсонсиз ҳеч нарса!

Асқад Мухтор шеъриятида умр ва инсон моҳияти

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Асқад Мухтор салмоқли қиссаю романлар, бадиий таржималар, кўплаб ўткир публицистик мақолалар баробарида шеъриятда ҳам етук асарлар яратди. Айниқса, ўзбек фалсафий-интеллектуал лирикаси тараққиётида унинг ҳиссаси катта бўлди.
Асқад Мухтор чинакам адиб даражасига етгунича мураккаб ижодий йўлни босиб ўтди. Биринчи шеъри 1935 йили – 15 ёшида чоп этилганига қарамай, илк китобгача бўлган давр чўзилиб кетди. Буни «мен узоқ вақт китобхон билан топиша олмаганимдан кўраман», дея изоҳлайди унинг ўзи.Asqad_Muxtor Шоир «Ўзим ва шеър ҳақида» мақоласида поэзияни тушунишдаги беқарорлиги анча вақтгача давом этганини таъкидлаб ўтади. Гарчи ижодининг илк паллаларида битган шеърлари адабий жамоатчиликда ижобий баҳоланган эса-да, унинг ўз қиёфасини белгилаб берувчи шеърлари хийла кечроқ яратилди. Айниқса, ўтган асрнинг 60–70-йиллари Асқад Мухтор шоир сифатида юксак ижодий чўққига кўтарилди. «99 миниатюра» (1962), «Шеърлар» (1966), «Қуёш беланчаги» (1971), «Сизга айтар сўзим» (1978) каби бирин-кетин чоп этилган китоблари фалсафий-интеллектуал лириканинг ажойиб намуналарини ўз ичига олган. Мазкур тўпламларга киритилган шеърлар ўша давр шеърияти учун янгилик эди. Шоирнинг «вазн ва қофия қонун-қоидаларини бузиб юборган» шеърлари фавқулодда фикрнинг гўзал поэтик ифодаси, фалсафий, ўз навбатида, ҳаётийлиги билан кўнгилларга йўл топди. Бундай оригиналлик турли мавзу-мундарижада Асқад Мухторнинг кейинги китобларида, хусусан, «Йилларим» (1990) тўпламида давом этди.
Асқад Мухтор шеърларининг ўзига хос хусусиятларидан бири (умуман, бу унинг бутун ижодига хос хусусият) фалсафий мулоҳазаларга бой, оддий воқеалардан ҳам катта фикр, салмоқли хулосалар чиқарилганидадир. «Шеър – инжа туйғуларнинг нозик ифодаси, шеър – кўнгил рози, қалб кечинмалари» каби тушунчалар Асқад Мухтор шеъриятида ўзгачароқ моҳият касб этади. Шоир лирикаси мисолида айтадиган бўлсак, шеър – ҳиссий тафаккур, кўнгил фалсафаси, шеър – фикрнинг туйғуларга ўралган гўзал суврати.
Шоирнинг ўзи иқрор бўлганидек, йиллар давомида шеър, унинг ифода шакллари, воситалари, усуллари, руҳи ҳақидаги фикрлари жуда кўп ўзгарди. Асқад Мухтор ижодий такомилида унинг ушбу таърифларига мос кўплаб шеърлар яратилди. Аммо уларнинг барчасида – сюжетли воқеабанд шеърларида ҳам, мусиқий-оҳангдор ва, албатта, рационалистик шеърларида ҳам ФИКР юзага қалқиб чиқаверади. Бундан Асқад Мухтор шеърлари фақат фикр назмга солинган намуналардан иборат, деган хулосага келмаслик керак. Шоир таъкидлаганидек, фикрсиз поэзия йўқ. Таъбир жоиз бўлса, ҳар қандай шеър бағрида фикр юлдузи яшайди; бир шеърда бу юлдуз порлаб туради, қай биридадир милтиллайди, бошқасида элас-элас кўзга ташланади.
Фикр ва туйғу уйғунлиги лириканинг барқарор қонунларидан. Қуруқ фикрнинг ўзи шеър бўла олмаганидек, фақат ҳис-ҳаяжон ифодасини ҳам назм дея олмаймиз. «Бадиий асарда маънавийлик билан ҳиссийлик уйғунлашмоғи керак», дейди буюк немис файласуфи Фридрих Ҳегел. Энг асосийси, шеърда бу икки муҳим унсур орасидаги мувозанат йўқолмаслиги лозим. Шундай деймиз-у, аммо фалсафий-интеллектуал шеърларда тарози посангиси кўпроқ фикрга ён беришини ҳам инкор эта олмаймиз.
Бадиий асарда, инчунин, шеърда фикр ва ҳиссиёт ҳамиша бир-бирини тўлдиради: баъзан ақл туйғуларни йўлга бошлайди, гоҳида ҳиссиёт онг илғаб етмаган ҳодисотни англашга кўмаклашади. Чунки «туйғулар, ҳислар шундай хотирага ҳамда доноликка эгаки, кўпинча айни шу хотира ва донолик совуқ ақл-идрокимизга етишмай қолади» (Ирвинг Стоун).
Асқад Мухторнинг энг яхши шеърларида фикр ва туйғу синтези зуҳур топади. Шоирнинг икки банддангина иборат мана бу шеърида оний кайфиятдан илҳом олган лирик қаҳрамон лаҳзалик ҳолат-манзара (сарғайиб, сийраклашиб қолган япроқлар аро танга-танга бўлиб тушаётган нур) мисолида бутун инсон умри ҳақида тасаввур беради (дарвоқе, шеърнинг ўзи ҳам “Умр” деб аталади):
Куни кеча шу сўрида ётганимда,
Ой шуъласи тушмас эди юзларимга:
Япроқларнинг титроқ, яшил шарпалари
Ором олиб келар эди кўзларимга.
Бугун бўлса танга-танга нур тушипти.
Мижжам ҳорғин, уйқу бермас ёруғ юлдуз.
Бирданига юрагим шув этиб кетди:
Куз келипти, куз…
Шеърдаги ички маънолар силсиласи шундайки, биров уни ўқиб, умр бебақо, инсон ҳаёти омонат экани ҳақида яна бир қур мулоҳаза қилади; бошқа ўқувчи уни ёшлик завқи ва кексалик оғиркарвонлиги орасидаги зиддиятга боғлайди; зийракроқ шеърхон ҳаёт (умр) – кеча тўп-тўп бўлиб, ҳатто ой шуъласини тўсиб турган, бугун эса заифлашиб, новдаларга видо сўзларини айтиб бандидан чирт-чирт узилаётган япроқлар сингари ғанимат экани ҳақида ўйга толади, шу боис умрни кўпроқ эзгу амал, эзгу сўз билан ўтказиш кераклигини такрор ҳис қилади. Айниқса, шеър сўнгида лирик қаҳрамоннинг юраги шув этиб кетиши ҳолати шоир назарда тутаётган фикр таъсирчанлигини оширади. Асқад Мухторнинг шу каби сатрларида шеър – унинг ўзи берган таърифлардан бири бўйича айтсак – “ярқ этган оний туйғу”, “шавқ туғёни” экани англашилади.
Ўтаётган лаҳзалар, кечаётган умр соатларини ёруғ юз билан яшаш, келажакка ёрқин из қолдириш инсон учун улуғ ҳаётий мақсадга айланиши лозим. Бу фикр шоир шеърларида турли поэтик усулда ифодаланади. Унинг «Вақт» шеърида фурсат ва инсон муносабати, зиддияти оригинал бадиий тажассум топади:
«Вақт» – ўз-ўзича ҳеч нарса эмас,
«Давр» десак – исмли, жисмли.
Вақт қаритади-чуритади, холос,
Давр – инсон каби, дардли, ҳуснли.

Вақт сўндиради эҳтиросларни,
Ёшликни юлқилаб қочар омонсиз.
Чангдек учар, инсон из солмаса;
Инсон ном бермаса – ўтади номсиз.
Вақтнинг ўз-ўзига қўйиб берилса борми, шоир айтмоқчи, шафқатсиз кечади, ҳаялламайди: «Ўзи тиклолмайди ўз қоматини, Ўзи келажакни тайёрламайди». Шундай экан, Вақтга шакл ва мазмун беришга, уни зийнатлантиришга, лаҳзаларни мангуликка муҳрлашга интилиш керак.
Ушбу шеър ёзилишидан роппа-роса йигирма йил олдин (1945) Ғафур Ғулом вақт ҳақидаги шоҳ сатрларини битган эди. Шеърда бир лаҳза мазмунини бир бутун баҳорга жамлаган аллома шоир Ғафур Ғулом инсон қудратини вақт билан ўлчаса, Асқад Мухтор вақтни инсон измига топширади: вақт инсонсиз ҳеч нарса!
Асқад Мухторнинг кўплаб шеърларида лирик қаҳрамон – шоирнинг ўзи – донишманд, ҳаётнинг аччиқ-чучугини татиб кўрган, мулоҳазакор шахс. Унинг ўз ҳаёт фалсафаси бор. Эзгулик ва ҳақиқат учун кураш, азизу мукаррам хилқат ҳисобланган инсон номига муносиб иш тутиш, шахс маънавиятини юксалтириш йўлида бетиним ҳаракат шеърлардаги қаҳрамон эътиқоди негизини ташкил этади. Умуман, умр моҳияти, ҳаёт маъносини, инсоннинг макон ва замондаги ўрнини англаш, идрок этишга уриниш, бу борадаги фикрларни бадиий-фалсафий талқин қилиш фалсафий-интеллектуал лириканинг асосий хусусиятларидан ҳисобланади. Асқад Мухтор шеърларида эса бу жиҳат бўртиб кўринади.
Дақиқа ва абадийлик, кун ва тун, ёруғлик ва зулмат, ҳаёт ва ўлим тазод-жуфтлиги Асқад Мухтор лирикасида алоҳида мазмун-моҳиятга эга. Ўтган, ўтаётган кунни сарҳисоб қилиш, ўз-ўзини мунтазам тафтиш этиш унинг қаҳрамонига хос хислатлардан
Орифу фозиллар инсон кун парчаларидан иборатлиги, ҳар куни унинг вужудидан бир парча кетиши, ҳар лаҳза ҳисобли экани ҳақида айтиб ўтадилар. Асқад Мухтор шеърлари инсон умрининг лаҳзаларга сочилиб ётган моҳияти ҳақида баҳс этади. Бу «Йилларим», «Сирли нидо», «Қайтаман кечирган куним…» каби шеърларида, айниқса, равшанроқ кўринади.
Ёш ўтгани сайин инсон феъли нозиклашиб, туйғулари ингичкалашиб боради. Чунки ортда қолган умри ҳақида ўйга толган киши учун «йил кузатиш – ғам». «Янги йил сарҳадини бузиб ўтган нафис қор учқуни» эса уни баттар хавотирга солади. Ахир, умр ўтмоқда. Бу ҳолатни шоир, мана, қандай образли ифодалайди: «Қилт этиб узилган битта япроқ ҳам Нақ қалбимга тегиб ўтади…» («Қалбим нозиклашди»). Шоирнинг бу туркумдаги шеърларида ижтимоий-фалсафий залворга эга жиддий фикр туйғулар ипини тортиб туради.
«Ярим тундан кейин ўрнимга ётсам…» деб бошланувчи шеърида реал воқелик билан шоирнинг тасаввур олами, ўй-изтироблари тарозига қўйилади. Лирик қаҳрамон «Ярим тундан кейин ўрнига ётса, Қонининг уриши бермайди уйқу». Эътибор қилинг-а, ўзи, шоир ярим тундан кейин ухламоқчи бўлди. Бунгача не-не ўй-хаёллар, безовта фикрлар банд этган экан уни. Кун бўйи турли ташвишлар, яхши-ёмон ҳислар оғушида юрган қаҳрамоннинг ўйлари марказида умр ва вақт, давр ва замон ҳақидаги мулоҳазалар, ўтмиш ва келажак хаёли бўлганини сезиш қийин эмас. Хўш, унга қон уриши нега тинчлик бермай қолди? Нима экан шоирни бу қадар туғёнга солаётган?
Шеърни ўқишда давом этамиз:
Узоқ аждодимнинг овозидир бу.
Ушбу даъваткор овоз шоирни ором чоғи ҳам тинч қўймайди:
Гапир,
        гапир,
                 гапир,
                         ҳаётсан!
Мана унинг бизга бераётган саволлари:
– Борми ҳақиқатга ҳамон ташналар?
– Одам юлдузини кўкдан уздими?
– Боғлар кўкми?
– Тиниқми чашмалар?
– Қизларнинг ибоси эзгуми?
Саволларнинг салмоғи оғир. Шу ўринда маяковскийча зинапояли шеър шакли ўзини оқлайди. Таъкидни кучайтириш билан бирга бу саволларнинг ҳар бири ўз ҳолича улкан ва жавоби оғир эканини англатади.
Аммо сўнгги саволга яна бир эътибор қилайлик. Биламизки, ибонинг ўзи эзгу фазилат. У «эзгу»сиз ҳам керакли маънони бера олади. Унда нега шоир бу сўз ёнига яна «эзгу» сўзини қўшиб тилга олаяпти? Бу билан нима демоқчи бўлган экан? «Қизларнинг ибоси беғаразми?», соддароқ қилиб айтганда, «Гўзаллик сохталашиб кетмаяптими?» дегандай туюлмаяптими? Шеърдаги оригинал қофиялар (уздими – эзгуми) фикрнинг таъсир кучини оширишга хизмат қилган. Шеър бағридаги оҳангдор фикр, фикр қалбидаги туйғу-чи? Шоирнинг фикр ва туйғу уйғунлигидаги шу каби назмий намуналари унинг фалсафий-интеллектуал лирикаси даражасини белгилаб турибди.
Асқад Мухтор инсонни «кашфиёт ёлқини», «асрий зулматларда бир ёруғ нуқта» деб атайди («Инсон»). Шоир тасаввуридаги инсон маънавий-интеллектуал жиҳатдан етук бўлиш билан бирга, замон ва давр дарду ташвишлари билан яшаши, ижтимоий фаол бўлиши шарт. Аммо бунинг учун ушоқдай жонга метиндай бардош, катта матонат керак. Булар йилларни йилларга улаб топиладиган неъматлар. Шу боис кўзни каттароқ очиш, ён-атрофга, дунёга идрок назари билан боқиш даркор. Асқад Мухтор шеърларидаги инсон «дамларни мисқол тарозида ўлчаётган», кун, ойу йилларнинг пучу сарасини ҳисоблаётган, «Розилари борми йиллар орасида?» дея тинимсиз ўзини саволга тутаётган бедор ўйли одам; «руҳий долғалардан безиллаб қолган», устига-устак, «янги дўзахлар» барпо этилаётганидан саросимага тушган, «қўл чўзиб илтижо қилаётган келажак»ни сақлаб қолишга бутун башариятни даъват этаётган замин кишиси; давр дардларидан мажруҳ бўлган қалб эгаси; дардим сукунатни чўчитмасин деб сокин боғларни айланиб ўтадиган, ширин тушларни ҳуркитмасин, жонлар оромини бузмасин, тунни уйғотмасин дея дардини ичига ютиб, оламнинг беғубор тонгини кутаётган нуроний; тун бўйи бешик узра бош эгиб, уйқунинг баҳридан кечиб гўдаги камоли учун жон куйдираётган муштипар она; ҳамма мўъжизалар ўрнини босадиган аёл; ортидан қоладиган гулу ниҳоли истиқболини ўйлаб, қалбини оғир ўй бурдалаётган бобо… Шоир шу йўналишдаги шеърларида инсон камолоти, башарият саодати, курраи замин тинчлиги, элатлар бирлиги учун қайғуради ва бу пафос ўйчан, донишмандона, шу билан бирга, ички туғёнли сатрларида зуҳурланади.
Асқад Мухтор шеърларида некбинлик – оптимистик руҳ кучли. Ҳаётсеварлик – шоир лирик қаҳрамонининг асосий фазилатларидан. У ҳаётнинг безавол эканига ишонч билан шундай дейди: борлиқдаги барча чиройни «ҳаёт қалби»га қайтиб чиқмас қилиб киритиш керак. Шоир кўплаб шеърларида ҳаётнинг ёруғ томонларини кўрсатишга, умрнинг бебаҳо инъом эканини бадиий-фалсафий акс эттиришга эришади. Ёрқин, характерли деталлар топади.
Қор тагидан дадил бош сузар.
Умри қисқалигин яхши билади.
Аммо кўзи тиниқ, чунки дили сезар:
Баҳорга сўқмоқлар очиб ўлади.
«Бойчечак» деб аталган ушбу шеърдаги рамз ҳаётнинг нечоғлик беназир мўъжиза эканини англатиб турибди. Бойчечак – кўкламнинг умри бир тутам чечаги. Қор остидан дадил бош чиқариб, Қуёшга юз тутиш фақат шу гулнинг унча-мунча киши илғамайдиган жасорати. Аммо мақсад фақат кун ўтказиш эмас. Яшаш керак! Умрнинг қисқа ёки узунлиги – Яратганнинг тақдири. «Баҳорга сўқмоқлар очиб» – эзгуликларга йўл очиб ҳаёт кечириш лозим. Шоир танлаган рамз остидаги яширин маъно шуларга ишора қилаётир.
«Асқад Мухтор ижодиёти кўзгусида авлиё Зардўштий, Конфуций, Дао, Муҳаммад алайҳиссалом, Исо алайҳиссалом, Баҳовуддин Нақшбанд таълимотларининг бадиий савлати юз кўрсатади, – деб ёзади шоир Рауф Парфи. – Бу инъикос у ёки бу даражада бўлишидан қатъи назар, Инсон ва инсонийлик, Инсон бахти учун кураш ғояси билан суғорилгандир». «Адабиёт фан-техника инқилоби даврида ҳам инсон билан иш кўриши керак, – дейди Асқад Мухторнинг ўзи. – Экзюпери мақтаган самолётлар ҳозир ҳеч нарсага ярамай қолди. Лекин Митти Шаҳзодаси ҳали узоқ яшайди».
Асқад Мухтор қаҳрамони авлодлар, ворислар, уларнинг келажаги ҳақида кўп ўйга толади. Авлодлар тақдирига масъуллик ва жиндек хавотир шоир шеърларига ўзига хос тарзда кўчиб ўтади:
Қўрқсак, биз бегуноҳ норасидалар,
Уруш кўрмаганлар учун қўрқамиз.
Аччиқ ёш томмаган кўзи осудалар,
Ўлик кўммаганлар учун қўрқамиз.
Шоир баъзан даҳшатли йиллар суронидан анча олисда яшаётган авлодлар орасида эканини ҳис қилиб, улардан беозор узр сўраб ҳам қўяди:
Кечиринг, тунд бўлиб қолсам бир зумга,
Бу менга на одат, на ҳунар.
Шунчаки сарғайиб қалқар юзимга
Ўша йиллардаги уйқусиз тунлар…
Бу мисралар шоир умрининг сўнгги дамларида “Тундаликлар”ида ёзган «Шундай йилларни кўрдикки, бахтли бўлиш уят эди» деган сўзларига уйғундир.
Асқад Мухторнинг шеърлари анча сокин, шоирнинг ўзи каби оғир-вазмин. Аммо мана шу босиқлик замиридаги туғён, ноҳақлик, адолатсизлик, лоқайдликка исён пўртанаси юракларни тўлқинлантиради. Унинг шеърларида шавқ (экстаз) ҳолати ҳис-туйғуларда эмас, кўпроқ онгу шуурда рўй беради. Ушбу фалсафий-интеллектуал шеърлар маънавий бедор шахснинг онгу шуури, зеҳну идрокидаги туғёнлар ҳосиласидир. Asqad MuxtorШу ўринда Миртемирнинг шоир ижоди ҳақидаги мана бу фикрларини келтириб ўтиш жоиз: «Асқад шеърлари тинч ва лиммо-лим, лекин таги туғёнли кўклам сойларидек табиий, пурҳикмат, кучли ва жозибали. Асқад шеърларида образлар сийқалик иллатидан холи, Асқад тили чинакам поэзия тили… Чертиб-чертиб, чиннидай жаранг берган сўзлардан силлиқ ва ҳар қайсиси ўз ўрнида зарур ғишт қўя олади».
Билгир шоирнинг оригинал қофиялари (эшикдан – эшитган, худди – ўтди, ўнғай – кунгай, ҳамон мен – ёмонми, хислатинг – эслатдинг, соҳилга – соғинган) шеърларига ўзгача оҳор беради. Ҳатто поэзия тилига кўп ҳам уйқаш келавермайдиган сўзларни учратамиз: материалист, планета, спутник, неандертал, орбита, радар, озон… Аммо шоир уларни мисраларга шундай сингдириб юборадики, натижада шеърдан бу термин-сўзларни «узиб» олиб бўлмайди. Ёки «кўнгил радарлари» деган чиройли ибора топади. Шу тарзда Асқад Мухторнинг фалсафий-интеллектуал шеърларида олим, ёзувчи, шоир, санъаткор, умуман, зиёли шахснинг нигоҳи синтези акс этади.
Шеърда муаллиф-шоирнинг характери, ботиний-зоҳирий дунёси аксланиши бор гап. Асқад Мухтор айтмоқчи, ҳақиқий шеърларга шоир шахсининг муҳри босилган бўлади. Шу боисдан ҳам унинг шеъриятига хос фалсафий-интеллектуаллик, донишмандлик сифатларини, давр ва объектив сабабларни инкор этмаган ҳолда, кўпроқ шоир шахсияти билан боғлиқ ҳолда тушуниш мумкин.
Даврдаги ўзгаришлар, замонасининг муаммолари Асқад Мухтор ижодини ҳам четлаб ўтмади. Агар сиёсий-ғоявий жиҳатдан таҳлил этиладиган бўлса, шоирнинг кўп шеърлари «ғалвирдан тушиб қолиши» аниқ. Шоир ижодига кўчиб ўтган “умумманфаатлар, ижтимоий мотивлар, замон чақириқлари, миллионлар онгини банд этган порлоқ ғоялар” узоқ умр кўрмади. Йилларнинг ўзи унинг бундай асарлари ҳақида ҳукм чиқариб бўлди. Бироқ адабиётда бош мезон асар бадиияти, тили ва услуби эканини инобатга оладиган бўлсак, унинг ҳали узоқ яшайдиган шеърлари оз эмас. Хусусан, бир пайтлар шоирнинг ўзи писанд қилмагандек бўлган “шахсий руҳий ҳолатларни кавлаштираверадиган интим мунглар”, “қантарилган кўнгил созлари”дан таралган сатрлар ҳамон умргузаронлик қилмоқда.

Беҳзод ФАЗЛИДДИН
«Ёшлик» журнали, 2016 йил 9-сон.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://telegram.me/Behzod_Fazliddin
https://twitter.com/BehzodFazliddin

YouTube: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 566

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *