Ватанни севиш ҳам ибодат

Ватанни ҳар ким ўзича тушунади, ўз ҳолича қабул қилади. Аслида, ватанини суймайдиган бормикан! Шу боис, ватанпарварлик фақат ижодкорлар ёки қаҳрамонларда бўлади, деганларга ишона кўрманг.
Биласиз, “Ватан, Ватан!” деявериб ўзимиз ҳам безиб қолдик, ҳатто бу сўзни сийқага айлантираёздик. Аммо, барибир, юрт ҳақида сўзламай бўлмас экан. Фақат ғашга тегмайдиган, асабларни ўйнатмайдиган қилиб, ватандошларнинг юрак-юракларига бўйлаб сўзлаш керак экан Ватан ҳақида, чучук тилда ё ғайрилисонда эмас, ўзбакий изҳори ишқ керак экан Ўзбекистонга…Uzbekistan_sputnik
Ижодий учрашувлардан бирида “Ўзингизни ватанпарвар ҳисоблайсизми?” деган саволга ҳеч иккиланмай “Ҳа!” деб жавоб бердим. Негаки, бу саволни “Ватанни яхши кўрасизми?” деган маънода тушундим. Ватансуймас шоир бўлмайди. Ватанпарвар эмасми, демак, у шоир ҳам эмас! Нима дедингиз?
Ёш ижодкор ука-сингилларимиз ҳадеганда “Ватаним” деб ҳайқираверса, кўпам оғринавермайлик. Ахир ўзимиз ҳам бир пайтлар жажжи ватанпарвар ролини қойиллатганмиз.Энг муҳими – чин юракдан, болаларча беғуборлик билан, ҳеч қандай тамаю ғаразсиз севиш… Ҳали кўрасиз, уларнинг ёзганларида борган сари “Ватан” сўзи камайиб, Ватан муҳаббати ортади. Кун келиб бу қақажонлар Ватан баландпарвоз сўзлар, мавҳум тушунчалардан жуда-жуда баланд эканини англаб етажак. Шундай экан, қўйиб берайлик, улар Ватан ҳақида истаганича ёзсин, юраги кўтаргани қадар жўшиб куйласин. Фақат ора-орада уларга энг нозик нуқталарда кўмак берайлик, ватанбозга айланиб кетишига йўл қўймайлик. Шу баҳона ўзимизни ҳам тарбиялаб борамиз.
Бир муносабат билан айтилган мана бу сўзларим, аввало, ўзимга қаратилган: “Ватан ҳақида оғиз тўлдириб эмас, юракни тўлдириб гапириш керак! Ватан ижодкорнинг қисматига айланмас экан, у мавзулигича қолаверади”.
Аслида, бу Ватан, даҳо халқ сизу бизнинг ялтироқ сўзларимизга муҳтож ҳам эмас, ўзимиз доим унга чиройли сўзлар айтишга муҳтожмиз. Шу ҳамишалик эҳтиёж сабаб Отаюрт, халқнинг қувончу дардлари ҳақида чоғим келганича нималардир айтишга – шодлигу изтиробларини сатрларда сувратлантиришга уриниб келаётирман. Шундай пайтлари “Ватанни севмоқ, унга меҳру муҳаббатингни ёниб изҳор этмоқ ҳам ибодат эмасмикан”, деб ўйлаб қоламан…
Ватан шоир болаларидан муносиб Сўз сўрайди. Озод Сўзга ташна бу халқ. Ҳар бир чин шоирнинг Ватан ҳақида ўз Сўзи бўлади; у Яратган инъом этган истеъдод тили билан Ватанини сўзлатади, Ватан бўлиб сўзлайди. Шу бахтдан қисмасин!
Оллоҳ бизга шундай ярашиқли Ватан берди, биз ҳам унга ярашиб турайлик.
Айбга буюрмайсиз, бир қадар жўшиб-тошдим. Ҳеч бўлмаса, юртнинг катта тўйида унинг шаънига, ўрни билан, дарду ҳасратларини қўшган ҳолда тўйиб-тўйиб шеър айтиб олишга ижозат бергайсиз. Яна бир илтимос: “Ватан” сўзи бу битикларда неча бор қўлланганини санамасангиз – атай такрор-такрор “Ватан”ладим. Ғашингизга тегадиган мисралар бўлса, маъзур тутасиз.

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

***
Мен – ҳаёт боғида омонат япроқ,
Тўкилиб кетаман эрта, индин ё.
Бир куни мен сенга қайтаман, Тупроқ,
Бир куни мен сенга кетаман, Само.

Тангрим азал сени яратмиш суюк,
Қошингда заррача эмасман, зотан,
Шу қадар мангусан, шу қадар буюк,
Минг битта умримга арзийсан, Ватан!

Дунё нима ўзи – савдо бозори,
Яшасам бўларди дўст қилиб танни.
Худо урмасмиди, етиб озори,
Ҳаётдан пастроққа қўйсам Ватанни?!

Ўтиб қўймасмиди Отам баҳримдан,
Тўлиб кетмасмиди олам ноламга?
Қонлар оқмасмиди бу тош бағримдан,
Ватан қолдирмасам магар боламга?!

Йўқ, бундай яшашга кўнолмайди жон,
Сени танимаслик – Руҳимга иснод.
Сен деб яшамасам, борлигим ёлғон,
Сен бор, у дунёю бу дунём обод.

Менинг забоним – гул, қўлларим – сабо,
Сенга бўй таратмай сўлмайман, Ватан.
Ҳали кўп яшайман, аввали Худо,
Бахтингни кўрмасдан ўлмайман, Ватан!

2002 йил 21 август

ДОВОН

Шу халқ ўссин, шу юрт кўкарсин,
Изга тушиб кетар қолгани.
Бошин мангу баланд кўтарсин,
Олтин бўлсин тош деб олгани.

Омон ўтди йиллар қаҳридан,
Туришлари мардона бўлди.
Ғаним эриб кетди меҳридан,
Оқибати афсона бўлди.

Бек боласин қадами шахдам,
Бағри бутун, илиги тўла.
Гижинглаган тойчоқлари ҳам
Ёв дилига солар ғулғула.

Эндигина тонглар отганда
Парчаланмас азалий тоқат.
У кунларга қиёс этганда,
Бу кунларнинг заҳмати – роҳат.

Юракларда бирдамлашайлик,
Суягани етар қудрати.
Ўзимиздан баланд яшайлик,
Шу юрт ҳаққи, шу халқ ҳурмати.

2009 йил 1 сентябр

ИШҚВАТАН

Энг тўғри баҳони халқ берган,
Эркинлик – ҳақ сўзга итоат.
Шу юртни суйсин деб Ҳақ берган,
Ватанни севиш ҳам ибодат.

Ялтироқ хорижнинг либоси,
Кўзларни ўйнатар жилоси,
Тупроқча бўлолмас тиллоси…
Ватанни севиш ҳам ибодат.

Онангга яхшилик қилгандай,
Отангнинг кўнглини олгандай,
Болангга Бахт мерос қолгандай,
Ватанни севиш ҳам ибодат.

Қалбингга иймонни тож қилгин,
Йўлида жонингни харж қилгин,
Ватанда туриб ҳам ҳаж қилгин,
Ватанни севиш ҳам ибодат.

Бахт пайдо Эл деган дардингдан,
Кўнглингни кўчирма юртингдан,
Қуёшни эргаштир ортингдан,
Ватанни севиш ҳам ибодат.

Гарчи Ой олисдир, йўл йироқ,
Муҳаббат – беминнат йўлчироқ,
Эй, Ўзбек – манглайи ярқироқ,
Ватанни севиш ҳам ибодат.

2007 йил 9 май

***
Менинг ўлмайдиган оғриқларим кўп,
Тугаб битмайдиган дардларим бисёр.
Тилимнинг учида чандиқларим кўп,
Муҳаббат, кўнглимни гуллатиб юбор.

Ҳуда-беҳудага ранжитмай турса,
Тинглаб чарчамайман устоз Ҳаётни.
Кўксимни юлдузлар бўшатмай турса,
Ўкситиб кетмайман Адабиётни.

Илдизи шу қадар мустаҳкаммикин
Жонимда кўкариб ётган иллатнинг?
Қандай сўзлар билан овутмоқ мумкин
Дардлари ўзидан буюк миллатни?!

Худойим, умримни гуллатиб юбор…

2006

БОШОҚДАГИ ҚУЁШ

Бир тутам буғдойдай яшагим келди –
Ҳаёт иси келган, нонни эслатган.
Боримни заминга тўшагим келди,
Бошоғи Ўзбекистонни эслатган.

Тупроқ ҳидларини яхши кўраман,
Ким ерни едирди, ким ерни еди.
Олтин қояларга юзим бураман,
Улар пешонамдан оққан тер эди.

Нега пишмасимдан ўроқ соласан?
Яшашни истайман буғдойлардай ҳур.
Эртага тилингни тишлаб қоласан,
Тушунсанг-чи, уйинг буғдойга тўлгур!

Халқим, шамоллардан юрма тиланиб,
Белбоғда дон бўлиб ярай корингга.
Буғдойдай тўкилиб, ундай эланиб,
Ўзим борай оташ тандирларингга.

О, қанча тобландим буғдойпоянгда,
Ҳар бошоғи – ғурур, ҳар донаси – ор.
Қуёш қолиб кетсин сенинг соянгда,
Юртим, сенга айтар буғдойсўзим бор!

2007 йил 25 сентябр

ТУПРОҚВАТАН

Тоза туйғуларим ўткинчи эмас,
Келажакка айтар сўзларим ҳалол.
Умримни йўлингга сочмасам бўлмас,
Сенга қуллуқ қилиш келмайди малол.

Тўксам, томчиларим адо бўлмайди,
Буюк ғамларимга берганим йўқ тан.
Тангримдан бошқаси еча олмайди,
Белимга бойлаган белбоғим – Ватан.

Ўйларинг қалбимга бермайди ором,
Сенсиз дунёларга ёту ўгайман.
Сенсиз ҳаёт қайда, ҳаволар ҳаром,
Тўкилма, бўлмаса, мен ҳам тугайман.

Камолингни сўраб дуолар қилдим,
Малаклар Худога элтди оҳимни.
Кеча ухлар эдим, яна тирилдим,
Ўзингга бағишлаб қўйдим руҳимни.

Азалдан тупроққа мойиллигим бор,
Бир парча шу замин бахт учун етар.
Қилган орзулари нурдан беғубор,
Раббим, шу Ватанни тупроқдай кўтар!

2006

ШАРАФНОМА

Яхши от олдинми-кейинми чопган,
Донғи чиққан тулпор бериб қўймас панд.
Ботирлар зафарнинг сирини топган,
Гарчи шоҳсупага элтар йўл тирбанд.

Йиқилмай ўтказди кўп курашларни,
(Қайдадир бузилди ари уяси…)
Бирдан босиб кетди ғўнғиллашларни
Оламга таралган эрк мадҳияси.

Байроқдай ҳилпираб юксалар кўнгил,
Чуқурроқ борасан она заминга.
Аё дўст, бу қандай ёруғ иқболдир –
Ватан шарафланса сенинг номингга!

Она сути каби ҳалол, муҳтарам –
Юзларни порлатган ғурур кўзёши!..
Довруғи дунёга достон бўлса ҳам,
Эл билан баланддир йигитнинг боши.

Буюклик меросдир Соҳибқирондан,
Навқирон нигоҳ-ла бўйлар жаҳонга.
Олқиш ёғар етти иқлим томондан:
Ғалаба ярашар Ўзбекистонга!

2010 йил, ноябр

ЭЪТИРОФ

Осмонларга учмоқ истасам,
Елкамдаги қанотим – тилим.
Дунёларни қучмоқ истасам,
Менинг учқур Ғиротим – тилим.

Мен булбулга ҳавас қилибман,
Сенсиз нўноқ қарға эканман.
Мен дулдулга ҳавас қилибман,
Сенсиз чўлоқ йўрға эканман.

Гарчи содда шеърлар тўқидим,
Гарчи сўзга айладим ихлос.
Мен ўзимни ўзим чўқидим,
Сени яхши билмаслигим рост.

Меники шу яланғоч сўзлар,
Ночор буни замонга йўйдим.
Қаён боқмай, шундай оч сўзлар,
Наҳот, сени унутиб қўйдим?

Забонимни тилиб кетдими
Ўзга боғнинг барг – ниналари?
Навоийда қолиб кетдими
Сўз мулкининг ганжиналари?

Хорижий тил – жаҳонга кўприк,
Пайти келса, бу ҳам бир иқбол.
Ўз тилингда сўз кетганда лек,
Дудуқланиб турсанг… Бу не ҳол?!

Юрагимни тешади ўқлар,
Сенсиз менинг эртам куларми?
Она тилим, мендай дудуқлар
Ўғилликка ярай оларми?

Бас, дардингни олмасдан туриб,
Ўзга тилни уқмайман, тилим,
Сени яхши билмасдан туриб,
Хорижга ҳам чиқмайман, тилим!

2002 йил, октябр

 ЎЗБЕКЖОНЛАРИМ

Кўз очган ерингнинг қадри бошқадир,
Тупроғидан тортиб гарди бошқадир,
Ватани бошқанинг дарди бошқадир,
Алвон лолаларим – бағри қонларим,
Ўзимизга қайтинг, ўзбекжонларим!

Кунда Юртга қараб юрак ҳўллайсиз,
Денгизлар ортидан салом йўллайсиз,
Бировнинг боғида қандай гуллайсиз,
Яшил дарахтларим, навқиронларим,
Ўзимизга қайтинг, ўзбекжонларим!

Кимлар дард келмасдан олдин йўталгай,
Кимлар муз устида ёнгай, ўт олгай,
Кўтарса Ватанни мардлар кўтаргай,
Эй, сиз – олисдаги чўнг армонларим,
Ўзимизга қайтинг, ўзбекжонларим!

Қуёшни суйганлар Шарққа қайтгайлар,
Зарралар жам бўлиб халққа қайтгайлар,
Ватанга қайтганлар Ҳаққа қайтгайлар,
Тоза иймонларим, тоза қонларим,
Ўзимизга қайтинг, ўзбекжонларим!

2007 йил 14–15 октябр

ВАТАН АЛЛАСИ

Бешигига сиғмай ётган баҳодирлар –
Алла сўраб йиғлаётган бек, ботирлар

Қўшиғингдан қувват олиб улғайгуси,
Чангда қолмас журъат бўлиб улғайгуси.

Бир кун сафда савлат тўкар жужуқларинг,
Остонангга давлат тўкар жужуқларинг.
Қандай ўсар ўз сўзини тўхтатган эл?
Боласини алла айтмай ухлатган эл?

Она Шарқим, мўъжизалар қайтиб бергин,
Ўтмишингни алла қилиб айтиб бергин.

Навниҳоллар илдизидан узилмаса,
Бойчечаклар қор остида эзилмаса…

Камолини кўриб кўзинг қувонгайдир,
Улар буюк Ватан бўлиб уйғонгайдир.

2008 йил 15 ноябр

ДАЪВАТ

Нурсевар япроқлар муродга етгай,
Бир кун бу илдизлар Қуёшга тутгай,
Сайёрамиз биздан оқибат кутгай,
Она Ер кўксидан дардлар терайлик.

Бешикдаги ботир – жажжи шаҳаншоҳ
Мисли Ўзбекистон – навқирон нигоҳ,
Бугун эмакласа, эртага подшоҳ,
Уни Одам қилиб улғайтирайлик.

Уфққа туташ бўлсин манзилларингиз,
Совимасин юрактандирларингиз,
Эриб кетсин ғафлат занжирларингиз,
Уйқулар ортида уйғоқ турайлик.

Ватансиз улусга толе кулмайди,
Озодликдан ортиқ мерос бўлмайди,
Ватан йўқолмайди, Ватан ўлмайди,
Абадият сари юзни бурайлик.

Шу юртда топганинг ҳаловат бўлсин,
Эл десанг сўзингда салобат бўлсин,
Ўзбекдўст, иймонинг саломат бўлсин,
Дунёнинг умрини узайтирайлик,
Ўзига ўзи бек Ватан берайлик.

2008

ЁРУҒ НИЯТ

Нафас ростлаб олай, имкон бер,
Бошқа шоир ёзмас, ёзмасам.
Юрагимни кўтарарми шеър –
Қалбдан чиққан ҳар сўзим – қасам.

Уйғотувчи Сўз сўраб ўсдим,
Достон-достон бўлар ғам-ғуссам.
Майли, мени ўқима, дўстим,
Дарддан сўйлаб кўнглингни бузсам.

Қоғозсиз ҳам куним ўтарди –
Ер юзида қайси шоир тўқ?
Шуни билиб қалам кўтардим –
Ўлмай туриб ташлаб кетиш йўқ.

Кулма дардим кучайган пайти,
Ким қўйибди бизга миннатни?
Юпатмоқчи эдим шеър айтиб
Кўнгли тўлиб кетган миллатни…

2008 йил 6 сентябр

***
Онангнинг эгнига камзул бўлмаса –
Ҳар дайди шамолдан асраб тургани,
Отангнинг қўлига омбур бўлмаса –
Ёғочлардан нобоп мих суғургани;

Синглингга сарупо, сеп йиғилганда
Фойдаси тегмаса чит кўйлакчалик,
Ташвишлар укангга зўрлик қилганда,
Ҳимоя этмаса бир билакчалик;

Лаббай, деб келмаса ғовларни ёриб,
Мунаввар тонгларга йўргак бўлмаса,
Ғанимнинг кўзини ўймаса бориб,
Эгилган элингга тиргак бўлмаса…

Шу шеърни тўқимай турганинг яхши,
Ҳар сатри қонингдан ўтмагунича,
Шу шеърни ўқимай турганинг яхши,
Оламни хотиржам этмагунича…

2009 йил 22 декабр

***
Ҳали сўз айтарман Ўзга муносиб,
Дунёнинг умрига етар парвози.
Майда гапларимни кетажак босиб
Ичимдаги асл Инсон овози.

2011

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 1 317

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *