Виктор Алимасов. Ҳаёт мағзи (Фалсафий эссе)

Беадад борлиқда ўз “мен”ини топишга интиладиган ҳар бир ақл, инсон бир кунимас бир куни “Ҳаёт яшашга арзийдими?” деган саволга рўпара келади. Бу аслида ёшликда туғиладиган қандай қилганимда бахтли яшашим мумкин, деган жумбоқнинг нега ҳаётий режаларим рўёбга чиқмади, бахтли бўлишим учун яна нималар қилишим даркор деган саволларга айланишидир. Шунинг учун орзу умидлари ушалмаган, зиддиятларга тўла айёрада дилидаги “мен кимман?” деган азалий саволга жавоб тополмаган ёки топган жавобидан кўнгли тўлмаган кишигина “Ҳаёт яшашга арзийдими?” деган саволни ўз олдига қўяди.
Нечун, Тангри менга бергандир ҳаёт?
Не кутаман? Сафда унутилган аскар,
Йўқолган куйчиман оломон аро,
Менга қандай туҳфа бўлади раво,
Бахтимга кияман қандай гулчамбар?
(Пушкин)
Инсон ботиний ва зоҳирий кечинмаларига итоат этиб яшайди, улардан қайси бири келгуси дақиқада устун келишини у билмайди. Аммо ботиний кечинмаларнинг зоҳирий амалларига кўчиши ҳеч қачон инсонни маҳдудотга бефарқ қолдирмайди, натижада у ё ўз қадриятларини ёки ташқи олам қадриятларини ҳимоя қилишга мажбур. Бу шунчаки ҳаракат эмас, балки шахснинг инсон сифатидаги позицияси, ҳаёт мағзи ҳақидаги тушунчаларининг ифодасидир. Шу боис “Ҳаёт яшашга арзийдими?” деган саволга жавобни қадриятларга муносабатлардан қидириш керак.hayot

Инсон ҳаётига тааллуқли барча нарсаларни қадриятлар тизимига киритиш мумкин. Бу ўринда биз уларнинг айримларига, энг асосийларига мурожаат этиш билан чекланамиз.
Инсонни ҳақиқий яратувчи куч даражасига кўтарган қадрият – у илм-фандир. Мана олти минг йилдан бери цивилизация илм-фанга таяниб келади, инсоният келажагини ҳам илм-фан билан боғлаган. Шубҳасиз, илм-фаннинг бугунги кашфиётлари бир аср ўтмасдан келгуси авлодларга содда, ҳатто қолоқ бўлиб кўринади. Бундан 45 йил олдин одам илк бор космосга кўтарилганида жаҳон аҳли ҳайратга тушган, ҳозир эса космонавтларнинг ойлаб, ҳатто йиллаб космосда яшаши ҳеч кимни ажаблантирмайди. Бундай мисолларни истаганча келтириш мумкин. Демак, илм-фанга ўзини ўзи инкор этиб, янги-янги кашфиётларга интилиш хос. Шунинг учун илм-фанда муқимлик йўқ, у яратган барча кашфиётлар, эришган ютуқлар ўткинчидир. Ўткинчи нарсалар эса нигоҳингизни қувонтириши мумкин, лекин улар дилимизни шод қилолмайди, илм-фан ютуқлари имкониятимизни кенгайтириши мумкин, бироқ улар умримизни боқий қилолмайди; вақт, мангулик олдида бари пучдир. Шоир ўринли таъкидлайди:
Пуч гапларни ким ўқир, қолиб кетар ҳаммаси,
Ҳаммасига босиғлиқ Фебнинг лаънат тамғаси!
(Пушкин)
Илм-фан ютуқларига ишонган инсонда дунёни билишим мумкин деган ақида шаклланган. Аслида бу инсоннинг соддадиллиги ёки ўзини алдашидир. Билиш мумкин нарсага шунча куч, вақт ва харажатлар сарфлашга не ҳожат? Йўқ, инсон дунёни билиши мумкин эмас, чекланган онгнинг чекланмаган борлиқ сирларини ўзига сиғдириши ғайримантиқийдир. Инсонда ташқи оламни билишга қизиқиш, умид бор, холос. Билиш жараёнларини махсус тадқиқ этиб 550 бетлик асар ёзган Б.Рассел ҳайратли хулоса чиқаради: ”Инсон билимларининг барчаси шубҳали, ноаниқ ва чеклангандир”. Чекланган, ўткинчи нарсаларни осонгина рад этиш ёки бошқа нарсалар билан алмаштириш мумкин. Хулоса шуки, илм-фанда муқимлик йўқ, ўткинчи, чекланган, кунаро ўзини ўзи рад этиб турадиган нарса эса азалий саволга қониқарли жавоб беролмайди. Шунинг учун 27 аср олдин Будда қандай изтироб билан унга жавоб излаган бўлса, ҳозирги одам ҳам шундай, ҳатто ундан ҳам кучли изтироб билан жавоб изламоқда.
Кўпчилик оиласи ва фарзандларини, ватанини, ишқ-муҳаббатини, имон-эътиқодини, касб-корини энг муҳим қадриятлар деб билади. Улар ушбу инсоний сифатлари билан ён-атрофдаги кишиларда ҳурмат, эҳтиром уйғотади. Лекин инсон ҳаётида, жаҳонда рўй бераётган ўзгаришлар ушбу қадриятларнинг қадрсизланишига олиб келмоқда. Масалан, оила қуриш ва фарзандларни боқиш бугун глобал муаммолардан бири ҳисобланади. Жаҳонда 2,8 миллиард киши қашшоқ кун кечиради, очлик ва тўйиб овқатланмаслик сабабли пайдо бўладиган касалликлардан дунёда ҳар йили миллиарддан зиёд (Ер курраси аҳолисининг деярли олтидан бири) киши бевақт ўлади. Уларнинг аксарияти гўдаклар ва болалардир. Айрим минтақа ва давлатлар (Европа ва Россия)да якка яшаш анъанага айланиб, туғилиш кескин камайган. Тўғри, илгари ҳам кишилар очлик, касаллик ва урушлардан ўлган, бироқ у бугунгидек глобал ҳодиса эмас эди. Глобал ҳодисалар эса қадриятларга бўлган муносабатларни тез ўзгартиради. Бу фикр “ватан” тушунчасига ҳам тааллуқлидир. Осиё минтақасидан ҳар йили 3-4 миллион киши ўзи туғилиб ўсган юртни ташлаб кетади. Дунё бўйича 2000 йили 175 миллиондан ортиқ киши яшаш жойини, мамлакатини ўзгартиргани қайд этилган.
Алҳақки, севги, ишқ-муҳаббат – муқаддас туйғу, олийжаноб ҳаётий қадрият. Аммо бугун кишилар чиройли, тўқ ва шўх яшашни асосий ҳаётий қадриятларга айлантирмоқда. Тўқ ва шўх яшаш натижасида ҳар 15 дақиқада бир ёш ОИТС(СПИД)га мубтало бўлади, ушбу касалликка чалинганлар сони бугун 5 миллиондан зиёддир. Шунинг учун “Пул бўлса – чангалда шўрва” деган мақолнинг муқаддас туйғуларга ҳам татбиқ қилинаётгани энди кишиларни таажжубга соладиган янгилик эмас.
Имон, эътиқодни “халоскор қадрият” деб аташ учун кишилар ҳаёти ва ташвишларидан холи авлиё ё зоҳид бўлиш лозим. Умматлари нималарга ружу қўйишини VII асрдаёқ Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам билган. “Ўзимдан кейин қоладиган умматларим учун, – дейди Набийуллоҳ, – уч нарсадан қўрқаман: 1. Нафсу ҳавога берилиб, йўлдан озишидан. 2.Нафсоний ва шаҳвоний ҳиссиётга берилиб кетишидан. 3. Илму маърифатли бўла туриб, ғофиллар ишини тутишидан”. Яна бир ҳадис. “Дину диёнатни сақлаш йўлидаги қийинчиликларга сабр қиламан деган одам учун гўё қўлида ёниб турган чўғни ушлаб тургандек бўладиган замонлар ҳам келади.” Дину эътиқодни беназир қадрият деб билган кишилар мудом бармоқ билан саноқли бўлган, бундан кейин ҳам улар сони кўп бўлмайди. Айрим диний экстремистик ва террористик гуруҳларнинг барқарорликка, тараққиётга таҳдид солаётгани “халоскор қадрият”га салбий муносабатни уйғотмай қўймайди.
Ҳаёт, инсон ҳаёти – олий қадрият. Ҳамма нарсанинг қиммати ушбу қадриятни қарор топтиришга, унинг муаббадлигини таъминлашга қўшган ҳиссаси билан ўлчанади. Ф.М.Достоевский, дунё бир гўдакнинг ашкига арзимайди, деб ёзганида ана шуни назарда тутган. Минг ваҳки, ҳозир ҳаётни топташ англанган ҳодисага, ҳатто давлатлар сиёсатига айланган. Масалан, оммавий қирғин қуроллари сотишда давлатлараро ким ўзди ўйнаш аслида нимага қарши қаратилганини пайқаш қийин эмас. Демократия байроғи остида ўз қарашларини, қадриятларини бутунлай ўзгача маданиятга эга халқларга, гуруҳларга зўрлаб сингдириш учун шаҳарлар, қишлоқларни ўққа, тўпга тутиш оддий ҳодиса бўлиб қолди. “Мен миллионлар ҳаётига тупурдим” деган эди Наполеон ўзининг телбанома урушларини оқлаб. Ушбу сўзларни ўзига ўзи хуфёна айтаётганлар йўқ дейсизми? Ҳар йили турли низолар ва тўқнашувларда 4 млн.га яқин киши ҳалок бўлаётгани бу фикр тўғрилигини тасдиқламайдими? Хўш, инсон ҳаётининг олий қадриятлиги қани?
Биз инсоният қадриятлардан мутлақ воз кечаяпти, у қадриятларсиз қолди демоқчи эмасмиз. Қадриятлардан воз кечиш ҳам маълум бир қадриятларга асосланади. То “инсон” деб аталувчи махлуқотнинг биттаси тирик экан, ҳаёт ўз қадрини йўқотмайди.
Юқоридаги мисоллар эса шу пайтгача биз тан олиб, эъзозлаб ва боқий деб билган қадриятларга муносабатларнинг ўзгараётганини кўрсатади. Шу нуқтаи назардан биз қадриятлар қадрсизланаётган даврда яшамоқдамиз. Ҳаётдан маъно излайдиган ҳар бир ақл қадриятлар муаммосига дуч келаверади, у ушбу муаммони ҳеч бўлмаганда ўзи учун ҳал этмай туриб “ҳаёт – бемағиз” деган фикрдан қутулолмайди. Дарвоқе, айтишим керакки, ҳаётдан мағз излаш, моҳиятига кўра, инсоннинг кенг маънодаги ҳаётни олий қадриятга айлантиришига интилишидан бошқа нарса эмас. Кенг маънодаги ҳаётни эъзозлабгина инсон ўз ҳаётидан мағиз топиши, ўз ҳаётини ҳам олий қадриятга айлантириши мумкин.
Хўш, ҳаёт мағзи нимада?
Бир ойнак кесувчига дедим: – Қойил, оддий амални санъат даражасига кўтарибсиз, лекин умрдек ноёб нарсани унга сарфлашда маъно кўрмайман.
У бир нафас ўйга толди ва елкасини қисиб деди: – Ишим ўзимга ёқса-чи? Кимгадир, нимагадир умрингни сарфлашинг керак эмасми?
Бир файласуфдан сўрадим: – Қирқ йилдан зиёд умрингизни нималарнидир ёзишга сарфлабсиз. Ишларингиздан, ҳаётингиздан мамнунмисиз?
– Йўқ! Тўла мамнун бўлганимда тупроқ устида яна нималарнидир ёзаман деб юрмасдим. Ҳаётимга маъно бағишлаётган яна нималар бордирки, уларни излаб юрибман.
– Ҳозир афсус қилаяпсиз, охирида ҳам афсус чекасиз…
– Бўлиши мумкин. Мамнунман, деб ҳеч нима қилмагандек бошқаларга йўл очиб бериш умр маъноси эмасми?
Невара-чеварали кампирни гапга тортдим: – Умр бўйи нималарнидир қиламан деб югургансиз, чопгансиз. Хўш, ҳаёт маъносини топдингизми?
– Ҳаммаси Эгамдан. Барини уйим, фарзандларим учун қилдим. Ўзим учун Эгамдан ҳеч нарса сўрамадим.
Кампир пинжига кириб ўтирган невараларини бошини силаб деди: –Булардан зиёд ҳаётда маъно борми?…
Табиийки, ақлни бундай оддий, аслида пурҳикмат бўлса-да, жавоблар қониқтирмайди. Инсон мавжудлигининг моҳияти билан боғлиқ яккаю ягона жиддий муаммони бундай содда изоҳлар билан ифодалаб ҳам, ҳал этиб ҳам бўлмайди. Унда дуч келган нарсани, важни кўрсатиб “мана, ҳаёт мағзи” дейиш мумкин. Йўқ, жиддий саволга жиддий жавоблар керак. Жавоб излаётган ақл ҳатто ўз ҳаётидан устун туриши лозим.
Ҳаётдан мағиз, маъно излаётган инсон ақлу тафаккур талабларига монанд яшаётган экан, у ақлу тафаккурнинг ҳаёт яшашга арзийдими деган саволига жавоб топиши керак, акс ҳолда ҳаёт билан бирга ақлу тафаккур ҳам ўз қадрини йўқотади. Юзаки қараганда саволнинг ўзи беъмани кўринади, чунки ҳаётнинг ўзида яшаб, ҳаёт яшашга арзийдими дейиш ғайримантиқий эмасми? Бироқ ақлу тафаккурнинг изтиробли изланишларидан хабардор одам бу саволнинг асло беъмани эмаслигини тан олади.
Ҳаётдан мағиз излаш онг, тафаккур билан ташқи олам ўртасидаги зиддиятга бориб тақалади. Онг, ақлу тафаккур ўз қудратини туйган заҳоти ташқи олам тазйиқидан халос бўлишга, ўзининг ички қонунлари ва эҳтиёжларига мувофиқ яшашга интилади. Прометей, Сизиф, шоҳ Эдип, Қайн ташқи куч ўрнатган тартибларга қарши чиққан илк қаҳрамонлардир. Улар ақлу тафаккур қонунларига мувофиқ яшашдан мағиз, маъно топдилар. Бироқ ушбу қаҳрамонлар ташқи оламни мутлақ рад этмадилар, балки унинг тазйиқини, мутлақ ҳукмронлигини чеклаш зарур деб билдилар. Ибтидоий кишилар ўзини ташқи оламдан бегоналаштирган эмас; кишиларнинг ташқи оламга қарши чиқиши цивилизация давридан бошланади. Айнан шу даврдан бошлаб тарихий шахслар онгни, ақлу тафаккурни ташқи олам тазйиқидан халос қилишни ўзининг ҳаётий мақсадига айлантирдилар. Будда, Конфусий, Суқрот, Эвклид, Патоломей, Форобий, Ибн Сино, Галилей, Декарт, Ньютон, Паскаль, Кант, Ж.Ж.Руссо, Гёте, Ницше, Маркс, Эйштейн, Б.Рассел рационални мутлақлаштирмоқчи бўлдилар. Аммо улар, ўзлари сезмаган ҳолда, онг, ақлу тафаккур билан ташқи олам ўртасидаги зиддиятни янада чуқурлаштирдилар. Натижада илмий тараққиёт байроғи остида инсон қалбида яшаётган муаббадни ўткинчи кашфиётлар ва беқарор ғоялар билан алмаштириш рўй берди. Ницшенинг “Худо ўлди!” даъвати Худога эмас, инсонга, унинг қалбида яшаб келаётган муаббадга, ҳаёт мағзига қарши қаратилган эди. “Алподам” назариётчиси инсонни илоҳийлаштирди ва шу тариқа уни нафақат қалбидаги муаббадга, ҳатто ўзига қарши қўйди. XX асрда содир бўлган ва ҳозир ҳам давом этаётган фожиалар муаббадни инсон қалбидан қувилгани ва инсонни ўзига қарши қўйилганидандир. Ушбу зиддиятларни инсоннинг ўзи ҳал қила оладими? А.Камюнинг фикрига кўра, йўқ. Инсонга муаббаднинг кўмаги керак. Ҳа, ташқи тазйиқдан, зўравонликдан ҳоли кўмак керак.
Ҳаётни “бемағиз” деб атаган ақл энг аввало ўзига қарши чиқади. Агар у ўз фикрини исботламоқчи бўлса, уни охирига етказиши, яъни ўзини ўзи ўлдириши керак. Лекин ақл нимагадир шундай қилмайди, балки, аксинча, у жон-жаҳди билан яшашга интилади, ҳатто маҳмасада (жон бериш пайтида – сайт муаллифи) умрини бир неча дақиқага чўзиш учун бор йиққанини Азроилга беришга шай. Ўлим ҳақ, бир куни келиб ҳамма нарса ўз шаклу шамойилини йўқотади, табоҳлик мавжудликни енгиб, инсон дилига ғулу солади. Онг, ақлу тафаккур борлиқнинг ушбу ёвуз қонуни билан чиқиша олмайди. Нажот қани?
Жавоблар кўп, бироқ уларнинг ҳеч бири дилини юпатиб, ўлимни енгиш йўлини кўрсата олмайди. Инсон ўлим деб аталган бемаъниликка, ҳаётни бемағиз қиладиган офатга кўникиб яшашга мажбур. Лекин айрим олган кишининг умри қисқа; инсониятнинг умри, ҳаёти боқийдир. Киши инсониятга қўшилиб ўз умрини боқий қилади. Демак, киши аҳад яшаб ҳаёт мағзини тополмайди, нажот инсоният билан бирга яшашдир. Шу маънода ҳаётни бемағиз билувчилар – ёлғиз, якка, ҳаётни бамағиз топганлар якдил, иноқдир. Ёлғиз, якка деганда биз руҳий аҳадликни назарда тутамиз. Руҳий аҳадлик у ёки бу даражада барча кишиларга хос, аммо у оний, ўткинчи ҳолатдир. Якдил, иноқ деганда эса биз кишиларнинг амалларидаги уларнинг ижтимоий мавжудотлигини таъминловчи муҳим муштаракликни, умумийликни назарда тутамиз. Ўткинчи руҳий аҳадлик ўз чегарасидан чиқиб амалдаги ушбу умумийликка қарши турса, ўзининг мутлақлигини ўрнатмоқчи бўлса, кишининг ҳаёт бемағиз деган фикрини охиригача етказишдан ўзга чораси қолмайди. Онг, ақлу тафаккур оний руҳий аҳадликни амалдаги муҳим умумийликка қарши чиқмаслигини назорат қилиб туради. Тўғри, гоҳо инсон ақлдан кўра ҳиссиётга эргашади, ички туйғуларидан нажот қидиради. Ҳиссиётга берилишдан инсонни маҳрум қилиб бўлмайди, демак, онг, ақлу тафаккур ҳиссиёт билан келишиш нуқтасини топиши зарур. Бу ўринда ташаббус мудом онг, ақлу тафаккур томонидан чиқиши шарт. Фақат ана шунда “Ҳаёт яшашга арзийдими?” деган савол инсонни таназзулга, тарки дунёчиликка эмас, балки уни ҳаётдан маъно топиш учун инсоният билан бирга изланиб, яратиб, қадриятларга қадр қўшиб яшашга етаклайди.
Инсоннинг ақлу идроки чекланган, ҳисси, хаёлоти эса беададдир. Шунинг учун инсон ақлу идроки билан тополмаган нарсани ҳислари ва хаёлотидан, Ердан тополмаган жавобни Кўкдан қидиради. “Инсон ҳал этиб бўлмайдиган муаммо туғилганида Худога мурожаат этади, ҳал этиладиган муаммолар учун эса одамлар етарли” (Л.Шестов). Ҳаёт яшашга арзийдими деган савол инсон охиригача ҳал этолмайдиган муаммолардан биридир. Лекин бу, инсон ҳаёт муаммолари олдида мутлақ беиз, ожиз, шу боис у ўзидан қудратлироқ кучга – Қодири мутлаққа мурожаат қилиб, Унинг аралашиши орқалигина мақсадига етиши мумкин деганимиз эмас. Инсон Қодири мутлаққа унинг универсал билимли ва беқиёс психолог бўлгани, барча саволларига дилидаги жавоблари орқали жавоб бергани учун мурожаат қилади. Агар, худо ўз қарашларини, фикрларини кишиларга зўрлаб сингдирганида эди, бизнинг ишнчимиз комил, ҳеч ким уни ёдга олмасди. Аслида инсон учун дилидаги жавобни унга ким айтади –Кўкдагими ёки Ердагими – аҳамияти йўқ, энг муҳими жавобнинг онги ва ақлу тафаккурини беором қилаётган муаммо ечими қалбида эканига уни ишонтира олишдадир.
Дунё ва инсон мудом мунтабиқ, айнандир; уларнинг бири мукаммал бўлмай иккинчиси мукаммал бўлолмайди. Мукаммалликда эса муаммо ҳам йўқ, мағиз ҳам йўқ, чунки у яратилишига ҳам ҳожат сезмайди, изланишга ҳам. Ҳаётдан мағиз излаш эса мукаммаллик истаётган инсонга хосдир. Одамнинг дунёдан ва ўзидан кўнгли қолмасин деб Яратган уларни бир кам – номукаммал яратган. Номукаммалликдан мукаммаллик излаш аслида бемаънилик, лекин у инсон қалбида азалдан яшаб келаётган комиллик орқали ҳаётдан мағиз топиш истагини тўла мавҳ этолмаган, балки уни ҳар бир авлод учун янги ҳаётий мақсадга, шоир назарда тутган “гулчамбар”га айлантирган бемаъниликдир.

Виктор АЛИМАСОВ

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 505

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *