Виктор Алимасов. Ижодкор руҳ

Ақлу идрокнинг серсир буд, борлиқ олдидаги ожизлигини туйгач одам серсир вадиат, руҳ мавжуд деган ўйга борган. Шундан бери у нимаики ақлу идроки доирасига сиғмаса, уни руҳи билан англашга интилади.

***
Руҳнинг борлигини илк бор эътироф этганлар шоирлардир, файласуфлар эса шоирлар руҳининг талқинчиларидир.

***
Натурфалсафадан кейингина кишилар қандайдир куч бизни оламга боғлаб туради деган фикрга келдилар. Демокрит бу кучни материяда, Платон эса руҳда деб эълон қилди. Ҳайратли томони шундаки, мана 26 аср ўтган бўлса-да, ҳамон руҳдан материяни, материядан руҳни айрича қарайдиган, ҳатто уларни бир-бирига қарши қўядиган файласуфлар топилиб туради.

***
Фалсафадаги асосий баҳс олдин руҳ пайдо бўлганми ёки материя деган савол устида эмас, балки, улардан қайси бири одамни мангуликни яратиб яшашга кўпроқ ундайди деган савол устида бўлиши даркор.

***
Платоннинг вадиат ҳамма нарсанинг ибтидоси деган фикрига биринчи бўлиб унинг шогирди Аристотель, танадан айрича яшайдиган руҳ, жон йўқ, деб қарши чиққан. Шундан бери файласуфлар ё Платонга эргашиб келадилар, ё Аристотелга.

***
Тошнинг ҳам ўз руҳи бор, ноҳақ топтасанг у ўч олиши мумкин. Умар Хайём беҳуда огоҳлантирмаган: «Тупроққа авайлаб қадамингни қўй, бу тупроқ қора кўз бир нигор эди.»

***
«Биздаги барча яхшилик ва ёмонлик ўзимиздан, руҳимиздандир» (Эпиктет). Бўлмаса нега тилаги, нияти, фикри яхшиликдан иборат кишилар бадфеъл кишилардан кўра кўпроқ азият чекадилар?

***
«Тананг ва бойлигинг ҳақида эмас, энг аввало руҳинг янада яхшироқ бўлиши ҳақида қайғур» (Суқрот). Соғлом танасиз ва бўм-бўш ҳамёнсиз бу дунёда ҳеч нима қилиб бўлмаслигини биладиган ҳозирги авлод учун Суқротнинг ушбу ўгити ғайриҳаётийдир. Начора, авлодлар қадимдан қолган ўгитларга эмас, энг аввало ўзлари топган ҳикматларга амал қилиб яшайдилар.

***
Руҳни англаш – одамнинг ўз қудратини Қодири мутлақ қудратига хаёлан қиёслашга интилишидир.

***
Ташвиш, изтироб ва ўлим бўлмаганида киши руҳнинг борлиги ва ўлмаслиги ҳақида ҳеч қачон ўйламас эди.

***
Муаммо руҳнинг ўлиши ёки ўлмаслиги устида эмас, балки у инсонни нималарга даъват этаётганидадир. Майли, руҳ абадий бўлсин, бироқ у муаббад яшаши учун инсонни мангулик қонунларига мувофиқ яшашга даъват этиши керак-ку?! Агар шундай бўлмаса, руҳнинг ўлмаслиги ёлғон!

***
Инсондан ташқарида турувчи руҳ бир кунмас бир куни инсоннинг ўзини ҳам рад этади. Платон ва Ҳегел буни англамадилар, натижада улар ғайриҳаётий ғоялари билан ўз издошларига мутелик руҳини шакллантирдилар.

***
Вадиат – оловдир, эҳтиёт бўлмасангиз у вужудингизни кулга айлантириши мумкин.

***
Одам энг қудратли ва нозик туйғусини руҳ билан боғлайди. Насронийликда руҳ одам (Исо) билан худо (Иегово) ўртасидаги воситачи каптар образида келади. Минг ваҳки, Исо қатлидан кейин руҳ-каптар нима билан шуғуллангани маълум эмас. Шу боис Исонинг халоскор сифатида қайта туғилишига одамлар шубҳа билан қараб келадилар. Демак, руҳ сўнса, энг муқаддас туйғуларга бўлган ишонч ҳам сўнади.

***
Вадиат эътиқод танламайди, аммо у кишини эътиқодга ундагани ундаган.

***
Ихтиёр, идрок, тасаввур, хаёл – руҳнинг учқунларидир.

***
Руҳнинг топганини дарк тополмайди, чунки биринчиси вақтдан, макондан ўзиб, иккинчиси эса уларга эргашиб юради.

***
Вадиатни рад этиш жуда осон, лекин унинг ўрнига руҳдек қудратли нимани таклиф этасиз?

***
Ақл қанчалик ўткир бўлмасин, у инсон қалбига жо сирнинг ўндан бирини англашга қодир, қолган тўққиз қисми эса эҳтирос, ҳис-туйғу, хаёл, истак, орзу умид ва руҳ измидадир.

***
Ақл вақт ва макон доирасидагина ҳаракат қилади, шунинг учун у вақт ва маконга банди. Руҳ вақт ва макон билмайди, шу боис у инсонни мангулик ва бепоёнликка чорлаб туради. Руҳ вақт ва макондан ўзмаганида уни инсон қурумсоқ ақлдан устун қўймасди.

***
Гераклит тўғри пайқаган: «Юрак билан курашиш мушкул, чунки юрак истакларига руҳий қийноқлар туфайли етилади». Бироқ қани эди барча руҳий қийноқлар юрак истакларига йўналган бўлса…

***
Руҳ ҳам йиғлайди, лекин буни унинг ўзидан бошқа ҳеч ким туймайди. Балки бу яхшидир, акс ҳолда бу Дунё дод-вайлога тўлиб кетармиди…

***
Бир танишим бор, у мен учун ўзини оловга отишга ҳам тайёр. Мен эса турмушнинг энг оғир дамларида ҳам унга мурожаат қилмайман. Гоҳо ўзим ҳайрон бўламан: уни чақир, муҳтожликдан халос бўл, ахир у ҳар қандай истагингни бажаришга шай-ку?! Ичимда қандайдир овоз «йўқ» дейди, унга қарши боролмайман. Энди билсам кишилар бир-бирига яқин бўлиши учун уларнинг руҳи ҳам бир-бирига яқин бўлиши вожиб экан.

***
Руҳнинг мутлақ озодлиги қўрқинч уйғотади, руҳинг кимгадир мунтазир бўлсагина сен ҳам кимгадир кераксан, кимдир ҳам сенга керакдир. Кишиларни бир-бирига боғлаб турган ушбу азалий тартибот бузилса, руҳ ваҳимали шарпага, ўзинг эса ушбу шарпанинг бетурқ ва бешакл нусхасига айланасан.

***
«Руҳим учиб борар қўмсаб сен томон». Кимда шундай руҳ бўлса, у «Севдим нақди жон билан» (М.Лермонтов) дейишга ҳақли.

***
Севишганлар ажралишганида уларнинг руҳи гоҳо тўфон, гоҳо тошқин, гоҳо эса дўл бўлиб замин узра дод солади.

***
Руҳ гапирганида эди, одам сўзлаш хислатидан жудо бўларди.

***
Руҳ алладан кейин юради.

***
Руҳ қудратидан ғайратга тушган Ҳ.Ҳайне ёзади:
Айт, сен кимсан? Нечун боғламиш
Тақдир бизни бунча ғаройиб?
Нимадир у – қўйнингда тиғдек
Ярқ этару сўнг бўлар ғойиб?

***
«Меъёридан ошган мақтов ҳатто энг оқил одамнинг руҳини ҳам заифлаштиради» (Саллюстий). Энди ҳар куни ва ҳар қадамда мақтовлар эшитадиган кимсанинг руҳи, қалби ва ўзи ҳақидаги ўйлари қандай бўлишини тасаввур қилинг…

***
Яхшиямки руҳ моддий нарса эмас, акс ҳолда уни ҳам олди-сотди қилувчилар топиларди.

***
«Эҳтирослардан холи киши руҳигина соф бўлиши мумкин» (Гуан Цзи). Кишини эҳтирослардан маҳрум қилсангиз унда жўшқин ҳаётга арзигулик нима қолади?

***
Руҳи кучли одамгина эҳтиёжлари билан ҳаёт талабларини мувофиқлаштириб боради, руҳи заиф одам эса ё ўз эҳтиёжлари, ё ҳаёт талаблари кетидан туну кун чокардек чопгани чопган.

***
Қалбинг нимадандир безовта бўлиб тунлари кўзингдан уйқуни олса, иссиқ гўша ва қучоқдан ҳам ширин, тилакларингдан ҳам мафтункор, ўйларингдан ҳам бепоён бир нарсани излашга ва яратишга ундаса, билки, руҳинг мангуликка муносиб яшашга сени даъват этмоқда.

***
Яратишга ундамаган руҳ кишини ғайриҳаётий ғояларга банди яшашга ундайди. Ижодкор руҳигина кишини ҳатто умридан ҳам улуғроқ нарсаларни излаб яшашга етаклайди.

***
Қалбига ижодкор руҳ жо кишигина олам ва одамни Яратган яратганига шубҳа қилмайди.

***
Нималарга ироданг қодир эканини руҳинг истакларига мудом итоат этганингда эмас, гоҳо унга қарши борганингда сезасан. Чунки итоаткор руҳдан кўра исёнкор руҳ кишининг ўз имкониятидан юқорироқ нарсаларни яратишда мададга келади.

***
Бор нарса – эзгу амалларинг ва эзгу сўзларингдангина руҳинг озор чекмайди.

***
Турмуш ташвишлари боис гоҳо ўзингни, нима учун бу дунёга келганингни унутиб қўясан; оний кайфият дилингга ҳукмрон бўлиб, сени ўткинчи иштиҳолар кетидан чопишга мажбур этади. Яхшиямки, руҳ бедор, вақти-вақти билан у умр моҳиятини эсингга солиб, сени беаёв сўроққа тутиб туради.

***
Руҳ даъват этади, холос, қолгани ўз иродангга боғлиқ.

***
Руҳинг борлиги эмас, унинг улуғвор ишларга ундаши фахр уйғотади.

***
Амали умрбоқийликка даъвогарнинг руҳи ҳам умрбоқийликка даъвогардир.

***
Руҳ ором билмайди, шунинг учун ҳам у онгни жунбушга, вужудни эҳтиросларга солгани солган.

***
Ижтиҳодларинг мангулик даъватларига зид бўлса, руҳинг бир кунимас бир куни сендан ўч олади.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 242

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *