Муҳиддин Раҳим. Хос ва авом адабиёти

Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилиб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса – миллат яшар. Адабиёти(…)нинг тараққийсига чалишмаган ва адиблар етишдирмағон миллат охири бир кун ҳиссиётдан, ўйдан, фикрдан маҳрум қолуб, секин-секин инқироз бўлур.
Абдулҳамид ЧЎЛПОН

Келгусида жамиятни итоатда тутишнинг шундай бир шакли вужудга келадики, дунё дунё бўлиб бунақасини кўрган эмас… Бир-биридан ортиқ ҳам, кам ҳам бўлмаган, бир-биридан фарқ ҳам қилмаган сон-саноқсиз одамлар бетиним лаззат ортидан қувиб яшайди. Улар ана шу лаззатни тортиқ этаётган куч амрига сўзсиз бўйсунади. Мазкур кучнинг ҳукмронлиги мутлақ бўлади ва унга сажда қилинади.
Олдос ҲАКСЛИO'ziga ishonch1

Машҳур итальян адиби Дино Буццатининг “Уддабурон” деган мўъжазгина ҳикояси бор. Ҳикоядан ҳам кўра Афлотуннинг Суқрот иштирокидаги диалогларига ўхшаб кетадиган бу асарда элитар ва оммавий, жайдари лафзга кўра эса, хос ва авом адабиёти хусусида баҳс боради. Асарнинг икки қаҳрамонидан бири – профессор Скьясси “Мен” деган кишилик олмоши-ла аталувчи бошқасини (каминага у негадир Буццатининг ўзи бўлиб кўринаверади) маслак ва субут имтиҳонидан шу қадар беаёв ўтказадики, асти қўяверасиз. У бир куни “Мен”ни кўчада руҳсиз, тушкун ҳолда учратиб, аввал боёқишни бундай саволлар билан қийнайди: “Менга қара, ҳалиям ёзиб юрибсанми? – дейди у мазах оҳангида дабдурустдан. – Ростини айт, меъдангга урмадими? Сенинг шу доно, ҳатто даҳо асарларинг кимга керак ўзи?!” Сўнг бу саволлардан-да бешафқат далиллар билан бечорани баттар азоблайди: “Бугун санъат – бор-йўғи истеъмол буюми, холос, – дейди у атай ўсмоқчилаб. – Худди бир лаган бифштекс ёки бир шиша май каби. Единг, ичдинг, бир зум кайфини сурдинг, тамом-вассалом. Сен ўжар эса боқий завқни орзу қиласан, ўлмас асарлар яратсам, дейсан. Ҳолбуки, ўша “бифштекс” асарларнинг абжир муаллифи шуҳрат бобида сенга ўхшаганни нақд чангида қолдириб кетади. Зеҳн солиб қарасанг-чи, сиз санъаткорлар қаёққа қараб кетяпсиз-у, одамлар қаёққа қараб кетяпти! Бир кун келадики, сизлар билан одамлар орасидаги масофа кўз илғамас бўлиб қолади. Ўшанда бор овозингиз билан бақириб-чақирсангиз ҳам сизни ҳеч ким эшитмайди. Гўё саҳрода адашган сайёҳдек бир ўзингиз сўппайиб қоласиз!” Профессор Скьяссининг барча таъна-дашномларига тишни тишга босиб чидаган “Мен” ниҳоят “портлайди” ва шундай бир ҳақиқатни қатъий айтади…
Келинг, “Уддабурон” ҳикояси давомини кейинроққа қолдирайлик-да, профессор Скьясси фалсафасини андак мулоҳаза қилайлик. У бугун сўз санъати икки турга ажралганию элитар адабиётнинг бозори касодга учраб, оммавий адабиётнинг бозори чаққонлашганини иддао қилади-да, “Мен”ни оммавий адабиёт ваъда этаётган омадга беписанд боқиб, ҳамон элитар адабиёт тупроғини беҳуда ялаётганидан ёзғиради. Хўш, профессор Скьясси ўз фалсафасида нечоғли ҳақ ёки ноҳақ? Ҳақ бўлса, ҳақлиги нимадаю ноҳақ бўлса, ноҳақлиги нимада? Айни саволларга жавоб топмоқ  шу боис ҳам муҳимки, бугун ўзбек адабиёти-да Буццати қаламга олган ўша муаммога рўбарў келиб турибди. Тўғрироғи, бу масала кўндаланг қўйилганига оз эмас-кўп эмас чорак аср бўлди. Лекин, афсуски, уни ечиш йўлларини қидириб топмоқни нуқул ортга суриб келаётирмиз.
Фикрни тўлиқ ва аниқ эмас-у, аммо содда ва қулай бир таърифдан бошлай қолайлик. Икки атама таркибидаги сифатловчилардан  аён бўлиб турганидек, зикр этилган адабиётлардан бири элитага, бошқаси эса оммага атаб ёзилган асарлар мажмуидир. Шу ўринда табиий бир савол пайдо бўлади: хўш, элита дегани нима, омма дегани-чи?
Ушбу саволларга жавобни “тенглик” ва “тенгсизлик” тушунчалари қиёсидан изламоқ керак. Либерал қарашларга кўра, тенглик деганда барча кишилар ўз имкониятларини рўёбга чиқариш учун бир хил шарт-шароитга эга бўлмоғи тушунилади. Лекин ҳамма бир хил шароитга эга бўлган тақдирда ҳам, барибир, улар эришган натижалар ҳар хил бўлиб чиқаверади. Чунки инсонга, жўнгина қилиб, тана ва руҳ бирлиги деб қарасак ҳам, ҳеч ким на тана ва на руҳига кўра барча билан бир хил эмас – биров устун, биров остин. Шу сабаб ҳам, одамлараро тенглик жамиятда адолат ўрнатишнинг муҳим тамойили эса-да, табиатнинг азалий ва абадий қонунига кўра, улар аслида нотенгдир. Жамиятнинг бошқа аъзоларидан айрим жиҳатлари, чунончи, адабий дидию маърифатига кўра устун бўлган озчилик “элита” атамаси билан ифодаланади. Элита тарихи одамзод маданий ҳаётга илк қадам қўйган олис-олис замонлардан бошланади. Омманинг тарих саҳнасига илк чиқиши эса анча яқин даврга – ХIХ асрга тўғри келади. Шу асрда рўй берган саноат инқилоби йирик корхоналардан қўл меҳнатини сиқиб чиқардики, бу ҳам ижобий, ҳам салбий оқибатларга сабаб бўлди. У инсонни, бир томондан, кўп вақт ва катта куч талаб этувчи жисмоний меҳнатдан халос этиб, ҳам вақти, ҳам кучини тежаган бўлса, иккинчи томондан, ажойиб, бетакрор маҳсулот яратувчи қўлигул устадан конвейерда бир хил юмушни бажарувчи “автомат одам”га айлантирди. Бу ўзгариш унинг корхонадан ташқаридаги ҳаётига ҳам таъсир этмай қолмади. Шу зайлда янги ижтимоий куч – оммавий одам пайдо бўлди. Бундай одам ўртамиёна ҳолга келтирилган бўлиб, у ўзига ўхшаш бошқа кишилардан ҳеч бир жиҳати билан фарқ қилмайди. Испан файласуфи Хосе Ортега-и-Гассет иборасича, оммавий одам “ўзининг бошқалардан ажралиб турмаслигидан наинки хафа бўлмайди, балки ҳатто мамнун бўлади” (Хосе Ортега-и-Гассет. Эстетика. Философия культуры. Москва, “Искусство”, 1981. Стр. 310).
Айни маълумотларга таяниб илк таърифимизни бундай тўлдириш мумкин: элитар адабиёт жамиятнинг сон жиҳатидан оз, аммо адабий диду маърифат жиҳатидан юқори бўлган қатламига, оммавий адабиёт эса сон жиҳатидан кўп, аммо адабий диду маърифати жиҳатидан қуйи бўлган қатламига аталган асарлар мажмуидир. Буюк қирғиз адиби Чингиз Айтматов сўнгги, видо асари – “Қулаётган тоғлар” (“Мангу қайлиқ”) романи бош қаҳрамони Арсен Саманчин фикрати орқали бу икки сўз санъатини савдо-сотиқнинг қўш турига қиёсан донабай ва кўтара адабиёт дея таърифлаган эди. (Аслида, Чингиз оға маданият ҳақида фикр юритган. Маълумки, адабиёт – маданиятнинг таркибий қисми. Демак, унинг фикрини адабиётга ҳам татбиқ этиш мумкин.)
Энди элитар адабиёт нимаю оммавий адабиёт нима, деган саволларга ўтсак. Азал-азалдан элитар адабиётга ижодкор шахсининг ўз-ўзини ифода этиши, ўз имкониятларини юзага чиқариши воситаси деб қаралган. Рус адиби ва мутафаккири Дмитрий Мережковский фикрича, бундай ёзувчи истеъдод ёки даҳо бўлиб, улардан бири борлиқнинг янги қирраларини кашф этса, бошқаси эса айни борлиқни бус-бутун янгидан кашф этади (Мережковский Д. Было и будет. Невоенный дневник. Москва, “Аграф”, 2001. Стр. 235-236). Даҳо ва истеъдод аксарият кўз рамзи орқали ифодаланадики, файласуф шоир Асқад Мухторнинг “Мендан нима қолар?” шеъри бунга мисол бўла олади: “Аммо кўзим, кўзим қолар фақат, / Кўзим ёнар мисли аланга: / Шеъримни ўқиганлар шояд / Менинг кўзим билан боқар оламга” (Асқад Мухтор. Йилларим. Тошкент, “Ёзувчи”, 1990. 94-бет).
Хуллас, элитар ёзувчи борлиқни, хоҳ куллий, хоҳ жузъий бўлсин, янгидан кашф этмоқ орқали ўз-ўзини ифодалайди ва ўз имкониятларини юзага чиқаради – унинг бундан бўлак йўли йўқ ва бўлиши ҳам даргумон. Унинг борлиққа янгича назар солишида ғоявий мазмунга, ўз таассуротларини янгича ифодалашида эса бадиий шаклга айрича ёндашуви намоён бўлади. Элитар ёзувчи буларнинг ҳар иккисида ҳам Колумб бўлишни орзу қилади.
Даставвал, ғоявий мазмунга доир жиҳатни шарҳласак. Маълумки, одамзод муаммолари муайян даврга, келажак замонга ва ниҳоят абадиятга дахлдор бўлади. Элитар ёзувчи ана шулар орасида энг қийини саналган абадий муаммоларга журъат билан қўл уради. Абадий муаммолар илк одамдан то сўнг­ги одамга қадар барчага баб-баравар тааллуқли бўлгани учунгина абадий эмас. Улар илк одамдан то сўнгги одамга қадар барча бош қотириши-ю, аммо ҳеч бири тугал жавоб тополмаслиги билан ҳам абадийдир. Бундай муаммолар устида узоқ ўйлаб топилган бир жавоб, ажабки, яна икки ёки ундан зиёд саволни пайдо қилади. Шу сабабдан, элитар адабиёт савол қўйиш ва унга жавоб излашнинг ҳеч адоғи бўлмаган олис йўлидир. Бу эса элитар ёзувчини ва унга қўшиб элитар ўқув­чини ҳам қониқиш ўрнига қониқмаслик, ҳаловат ўрнига беҳаловатликка маҳкум этади.
Энди бадиий шаклга доир жиҳатни шарҳласак. Элитар ёзувчи абадий муаммоларга ечим излаш асносида ўзининг ичию ташидаги оламнинг аён, “ёруғ” маконларидан ноаён, “қоронғи” маконларига қадам босади. У ақл кўзи қамраганича ана шу “қоронғи” маконларни “ёруғ” маъвога айлантиради. Асл адибни бунга мангу ҳамроҳи бўлмиш кашфиёт ҳаваси, янгилик иштиёқи илҳомлантириб туради. Лекин ақл кўзи қачондир ўз ожизлигини ҳис этмай иложи йўқ. Чунки “қоронғи”ликнинг жуда қуюқ маконлари ҳам борки, уларни ғира-шира кўрмоқ ҳам имконсиз. Шундай вазиятда элитар ёзувчи энди қалб кўзига таянади. Аммо бунда унинг илғаганлари симоб каби югурик – беқарор бўлади. Одамнинг бундай пайтлардаги ҳолатини гўё ердан дон чўқилаб юрган ёввойи каптарни эпчил ушлаб олганингизу кафтингизда унинг қайноқ вужудини сезар-сезмас яна илкис қўлдан чиқариб юборганингизга қиёслаш мумкин. Шунда руҳ очиқ лисондан сирли ишоратга ўтади. Сирли ишоратнинг маъно тубларига тушиш эса душвор. Бу ҳол ёзувчи ва унга қўшиб ўқувчини ҳам яна қониқишдан – қониқмаслик, ҳаловатдан эса ҳаловатсизлик бағрига отади. Хуллас, ҳар қачон ҳам маълумдан номаълумга, ошкордан пинҳонга сафар бўлган элитар адабиёт кишига қониқиш ва ҳаловат бахш этишдан кўра унда қониқмаслик ва беҳаловатликни кучайтиришга хизмат қилади. Аммо бундай қониқмаслик ва беҳаловатликнинг улуғ бир фазилати бор: у одамни муттасил изланишга чорлайдики, бусиз асло такомиллашув йўқ. Шу жиҳатдан, элитар адабиёт йўли бу – Комиллик йўлидир.kitob
Оммавий адабиёт эса, аввало, кўнгил­очар ҳодиса бўлиб, у ўртамиёна одамнинг бўш вақтини хуш ўтказишга дастёрлик қилади. Оммавий одамнинг уй, ишхона ва кўчадаги ҳаёти ҳар куни деярли бир хил – бугуни кечасидан, эртаси бугунидан қарийб фарқ қилмайди. Бу муттасил бирхиллик уни зериктириш баробарида толиқтиради ҳам. У бўш вақтида кўнгил очиб, ана шу зерикишу толиқишдан халос бўлишга интилади. Унинг шу мақсадига хизмат этувчи адабий асар эса, атиги қизиқарли бўлса, юрак чигилини ёзса кифоя. Унинг салмоқдор ғоявий юк ташишига сира ҳожат йўқ.
Оммавий адабиёт тижорий мақсадни, яъни фойда олишни кўзлаб яратилади. Шу боис бу тегирмонни айлантирувчи паррак на ёзувчи, на ўқувчи, балки улар ўртасида воситачилик қилувчи бизнесмендир. У ёлланма адиб ёрдамида оммавий ўқувчига лаззат деган хўракли қопқон қўяди. Бу билан ҳам қониқмай, ўз домига илинган ўлжалар тобора кўпроқ истеъмол қилишини хоҳлайди. Ахир бунга мутаносиб тарзда унинг даромади ҳам ортиб боради-да. Ана шу йўлда реклама имкониятлари кенг ишга солинади. Гарчи асар ноёблик, бетакрорлик фазилатидан маҳрум бўлса-да, унга реклама орқали айни фазилат атай “ёпиштирилади”. Шу йўл билан тожир ўқувчини ўша асарни мутолаа қилишга пинҳона мажбурлайди.
Бундан ташқари, оммавий адабиёт ўқувчига ўзи яшаб турган воқеликдан узилиш, тўғрироғи, қочиш “имконият”ини яратадики, бу феномен замонавий фанда “эскайпизм” деб аталади. Эскайпизмда одам ҳаётдан хаёлотга кўчиб ўтади ва унда роҳатга чўмади. Зеро, ўзи хоҳлаган барча нарсани бахтли тасодиф, ногаҳоний омад туфайли оппа-осон қўлга киритади. Бунда оммавий қаламкаш хаёлий воқеликни ҳаётий воқеликка шу қадар уйқаш қилиб яратадики, ўқувчи улар ўртасидаги фарқни тополмай ҳам қолади. Бироқ эскайпизм одамни расмана воқеликдан узиб, ёлғондакам дунёда яшашга маҳкум этиши – уни кўкнори каби маст этиб, ақлини ўғирлаши билан хавфлидир.
Боз устига, тижорий адабиёт андазавий бўлиб, унинг қолипида беҳад кўп асарни “қуйиб олмоқ” мумкин. Масалан, ишқий-маиший романларда йигит ва қизнинг танишуви – бир-бирини севиб қолиши – орада жанжал чиқиб, ажралиб кетиши – охири яна қайта топишишидан иборат сюжет чизиғи ҳукмронлик қилади. Шунингдек, бундай романларнинг адабий қаҳрамонларию улар ҳаракатланувчи вазиятлар ҳам икки томчи сувдек ўхшаш бўлади.
Ниҳоят, оммавий адабиёт тривиал, яъни сийқадир. Бундай адабиётда янгилик яратиш, кашфиёт қилиш руҳи ҳукмрон эмас. У худди кўчирмакаш каби, аввало, элитар адабиёт ва фольклордан ёрқин образлар, сўнг эса, бошқа ижтимоий онг соҳаларидан янги ғояларни дарров ўзлаштириб олади. Бу жараёнда у мазкур образ ва ғоя­ларни ўртамиё­на ўқувчи дидига мослаб соддалаштиради. Тўғри, бу усул кўпчилик, айниқса, ёшларнинг айни образ ва ғояларни осон тушунишига имкон яратади. Аммо бунда ўша образ ва ғояларнинг фақат юза қатлами очилади, туб қатламлар эса пинҳон қолиб кетаверади (Литературная энциклопедия терминов и понятий. Москва, “Интелвак”, 2003. Стр. 514–517).
Хўш, элитар ва оммавий адабиётни ўзаро қиёс этароқ, уларни қандай баҳолаш мумкин? Элитар адабиёт инсон маънавий камолотига хизмат қилувчи феномен сифатида ижобий баҳоланмоғи ўз-ўзидан аён, албатта. Бироқ кўнгилочар восита бўлган оммавий адабиётни буткул ижобий баҳоламоқ душвор. Чунки унда инсон маънавий камолию заволига хизмат қилувчи унсурлар аломат тарзда қоришиб кетади. Бозор адабиётидаги мақбул жиҳатларни сақлаб қолган ва тараққий топтирган ҳолда номақбул жиҳатларни камайтириб бориш ва бартараф этиш унга ёндашувда бош мезон бўлмоғи зарур.
Энди бу икки турдаги адабиётнинг юртимиздаги жорий аҳволи қандай, деган масалага тўхталсак. Даставвал шуни эътироф этмоқ жоизки, миллий адабиётимизда элитар ва оммавий турларга бўлиниш ХХ асрнинг 90-йиллари бошларидан, бозор муносабати унсурлари илк кўзга ташланган вақтлардан бошланди. Ана шу даврга қадар бизда адабиёт бир бутун деб тушуниб келинар эди. Тўғри, ҳар қандай замонда ҳам ёзувчию ўқувчиларнинг адабий диди ва маърифати баландроғу пастроқлари бўлади. Аммо чорак аср аввал бу икки тоифа бир-биридан кескин фарқланиб қолмаган эди. Ишчи-деҳқон синфини ўз негизи деб билган ҳокими мутлақ – комфирқа адабиётдан шу қатламга яқин ва тушунарли бўлишни талаб этарди. Айни шу омил – халққа яқинлик ва унга тушунарлилик ёзувчию ўқувчилар ўртасида бўлинишлар олдини олди, десак хато бўлмас, эҳтимол.
Хўш, шўро даврининг ана шу бир бутун адабиёти, бугунги мезонларга кўра, қай бир турга мансуб эди? Бизнингча, у элитар турга мансуб эди ва буни қуйидагича далиллаш мумкин. Ўша кезлар сўз санъатига, гарчи мафкуравий босим қаттиқ эса-да, барибир, ягона мезон – элитар адабиёт тош-таро­зиси билан ёндашилар эди. Ҳозирги даврга қиёслаганда, бадиий асар анча кам ёзилар, улар орасидан ҳам энг мақбуллари чоп этишга саралаб олинарди. Нашриётлар режасига бирор нимжонроқ асар қўшилиб қолганда ҳам бу даргоҳларда ўтирган заршунос муҳаррирлар туфайли у пишиқ таҳрирдан чиқиб, тузуккина асарга айланарди-қоларди.
Шўро давлати бадиий адабиётга мафкуравий тазйиқ ўтказгани ва цензура жорий этганига қарамай, адабиёт намояндаларининг ижтимоий мавқеини жуда баланд кўтариб қўйган эди. (Абдулла Қаҳҳорнинг ҳақгўй нутқлари ҳокимият доиралари ва халқ орасида қанчалик зўр акс садо топганини бир ёдга олинг-а!) Шоир-ёзувчиларнинг ижодий меҳнатига қалам ҳақи тўлаш бобида ҳам аҳвол ўзгача эди. Ваҳоланки, ўша даврнинг ҳеч бир адиби на ижтимоий мавқе ва на моддий манфаатни бирламчи мақсад қилиб олмаган. Гарчи булар ҳам инкор этилмаган бўлса-да, қалам аҳли сўз санъатига аввало ўзлигини топмоқ учун кирган, уни расмана қисмат деб билган.
Шўро тузуми емирилгач, адабиёт давлат тимсолидаги бош ҳомийсидан маҳрум бўлди. Энди унинг бошида ягона ҳомий – ўқувчи қолган эди, холос. Айни чоқда, адабиёт давлат тимсолидаги цензоридан ҳам халос бўлди. Энди қаламкашга ўз ҳақиқатини бемалол айтмоқ учун қулай фурсат етган эди. Бироқ унга ҳомий ва соме бўлиши кутилган ўқувчи бозор иқтисодиёти ғамзасига учиб, қўққис бой бўлмоқни истаб қолди. Одамларнинг кўзи ёниб, бизнес қиламан, демоққа тушди. Бойликка беписанду мутолаага ташналар эса бир ҳовуч қолган эди. Ёзувчилар ҳам – янги тузумга янги мулозимлар керак-ку – ўзини сиёсатга ура кетди. Сиёсатга беписанду ижодга ташналар ҳам, ажабки, бир ҳовуч қолган эди. Шу асно, ўн-ўн беш йиллар чамаси Шукур Холмирзаевга ўхшаш айрим қаламкашларгина олағовур издиҳомдан четда хилватланиб асарлар битди. (Дарвоқе, бу фидойи адибнинг ўша даврда ёзган баъзи асарлари ҳалигача китоб ҳолида чоп этилмагани жуда ачинарли!)
Амалдорлик ёзувчи қавми учун муваққат қўналға бўлиб чиқди. “Саргашта” қаламкашлар яна адабиётга қайтди ва баъзилари унча-мунча асарлар ҳам яратди. Аммо “мусофирлик”да қўли қаламдан чиқиб, ҳалигача ёзолмай юрганлари ҳам йўқ эмас. Боз устига, бир неча оқсоқол адиб бу фоний дунёни бирин-кетин тарк этди. Шу тариқа элитар адиблар сафи анча сийраклашиб қолди. Сўз санъатига гуррас-гуррас кириб келишлар даври эса аллақачон ўтган эди. Тўғрироғи, бундай адабий тўлқин ўтган асрнинг 70-йилларида сўнгги марта бўй кўрсатди. Гарчи охирги йилларда элитар адабиёт бирмунча жонланиб қолгандек бўлса-да, аммо унинг кўпчилик вакиллари руҳсиз ва тушкун, назаримда. Уларда бундай “хасталик”ни пайдо қилган “вирус” эса қуйидагича: “Менинг ёзганимдан нима наф? У нимани ҳам ўзгартира оларди?” Аслида-ку, бу ёзғиришда ҳам жон бор. Чунки илгари жамият аҳли бадиий сўзга қулоғини динг қилиб турар, бирор нодир асар дунёга келса, у дарров тилга тушарди. Энди эса чоп этилган асар гўё сувга чўккан тош – ҳеч бир сас-садо йўқ!.. Хўш, асл адабиётнинг ижтимоий мавқеи пасайиши, қалам аҳлининг ижодий шижоати сусайиши, шунингдек, адабиёт мухлисларининг сафи сийраклашиши сабаблари нимада?
Биринчи сабаб – шўро даврида дин тақиқлангани боис одамлар истиғфор эҳтиёжини ҳам адабиёт воситасида қондирар эди. Улар учун сўз санъати масжид меҳробидек муқаддас эди. Динга эркинлик қайтарилган бугунги кунда истиғфор эҳтиёжи тўғридан-тўғри исломий ибодат ила қондирилаётир. Аммо дин, ижтимоий институт ўлароқ, азалий ҳуқуқини қайта тиклагани адабиёт манфаатига зиён етказган бўлса, бунда уни мутлақо айблаб бўлмайди, албатта.
Иккинчи сабаб – шўро даврида хусусий мулк ҳам тақиқланган эди. Ўша кезлар камбағаллик фахр саналарди – камбағалми, демак, албатта ҳалол! Бойлик эса, аксинча, нафрат уйғотарди – бойми, демак, албатта юлғич! Хусусий мулк тақиқдан халос бўлгач, ана шу тушунчалар чаппараста бўлиб кетди. Энди камбағалликдан нафратлана, бойликдан фахрлана бошладилар. Одамларда маънавий сарватга интилиш сусайиб, моддий сарватга талпиниш кучайди. Бугун ҳам ана шу гумроҳлик, афсуски, барҳам топ­гани йўқ. Шахсий кутубхонага эга бўлиш у ёқда турсин, тўрт-бешта китоб сақлайдиган оилалар ҳам камайиб боряпти!
Учинчи сабаб – агар сўз санъатига ҳам ахборот ва мулоқот воситаси деб қарасак, кейинги чорак асрда унга кучли рақобатчилар шаклланди. Қўл телефони, “тарелка” телевидение ва ниҳоят, интернет ана шундай рақобатчилардир. Тўғри, бадиий адабиёт ҳам ахборот, ҳам мулоқот воситаси сифатида мутлақо бетакрор – юқоридаги рақобатчилардан ҳеч бири унинг ўрнини босолмайди. Аммо бугунги шитоб замоннинг шошқин одами учун бўш вақт энг катта муаммо бўлиб турибдики, у шу бир тутам вақтини ҳам “сотка”сида дам-бадам сўзлашиш, мук тушиб телевизор кўриш, интернетни бир сидра “титкилаб чиқиш”га сарфлаб юбораётгани бор гап. Боз устига, элитар ўқувчи мутолаанинг осон йўли – тез ва юзаки ўқишни инкор этади. У китобни секин, аммо теран мутолаа қилади. Асарнинг маъно қуюқлашган узвларини ҳижжалаб ва ҳатто қайтадан ўқийди. Шундай мутолаа қилмоққа эса, айтинг-чи, бугунги кун нечоғли имкон беради?!
Тўртинчи сабаб – элитар ёзувчилар орасида ғалати бир тафриқа борки, буни қуйидагича изоҳлаш мумкин: бугунги сўз санъатимиз постреализм ва постмодернизм ўзанларида “оқаётир” ва бу икки феноменга реализм ва модернизмдан кейинги ҳолат сифатида қараш ўринлидир. Постреализм ва постмодернизм бадиий образдаги объектив (тасвирий) ва субъектив (ифодавий) икки асосдан қай бири етакчию қай бири тобе мавқе тутишига қараб ўзаро фарқланади – реализмда объективлик бирламчи бўлса, модернизмда субъективлик бирламчи ҳисоб­ланади. Объективлик барча учун умумий, субъективлик эса ҳар ким учун хусусий ҳолатдир. Шунга кўра, реализмда объективлик, яъни умумийлик етакчи бўлгани сабаб бу методда ёзилган асар мағзини чақиш осонроқ. Модернизмда эса субъективлик, яъни хусусийлик етакчи бўлгани сабаб бу методда ёзилган асар мағзини чақиш қийинроқ. Афсуски, бугунги хос ёзувчилар орасида пост­реалистларнинг постмодернистларга, постмодернистларнинг эса постреалистларга беписанд қарашидек салбий кайфият ҳукмрон. Бир тарафда постреалистлар постмодернистларни қаллобликда айблайди – гўё улар ўз истеъдодсизлигини шаклий мураккаблик билан ниқоблар эмиш. Бошқа тарафда эса, постмодернистлар, ўз галида, постреалистларни ношудликда айблайди – гўё улар ҳаётдан қуруқ нусха кўчирар эмиш. Ҳолбуки, ушбу таъналар ҳар икки йўналишга мансуб пуч асарларга нисбатангина тўғри, холос. Дарҳақиқат, кимдир “эъжод”ини атай дудмаллаштириб, ожизлигини яшираётгани ҳам, кимдир ҳаёт ҳодисаларини қуруқ баён этиб, нусхакашликдан нарига ўтмаётгани ҳам бор гап. Бироқ ҳар икки йўналишда, гарчи онда-сонда бўлса-да, етук асарлар ҳам яратилмоқдаки, постреалистлар постмодернистик, постмодернистлар эса постреалистик ана шундай асарларни мардона тан олмоғи лозим. Бунингсиз улар орасидаги тафриқа барҳам топиши душвор.
Бешинчи сабаб – юқорида айтилганидек, элитар ёзувчи адабиётга ўз-ўзини ифода этиш ва ўз имкониятларини юзага чиқариш воситаси деб қараса-да, юксак ижтимоий мавқе ва муносиб қалам ҳақидан воз кечмайди. Бироқ таассуфки, бугун элитар ёзувчининг ижтимоий мавқеи тушиб кетгани баробарида қалам ҳақи ҳам жуда кам, ҳатто йўқ ҳисоби. Боз устига, бундай адиб гоҳо беш-ўн йил мобайнида ёзган романини ўз ҳисобидан чоп эттиришга ҳам мажбур. Тайин гапки, китобни ўз ҳисобинг­дан нашр эттиргач, савдоси ҳам ўз гарданингизга тушади. Шунда боёқиш ёзувчи алам ичра англайдики, кўп йиллар беҳуда заҳмат чекибди. Бу борада у элитар киночига ҳавас қилса арзийди. Маълумки, элитар адабиёт каби элитар кинонинг ҳам мухлиси кўп эмас. Демак, бундай киносанъаткор ҳам фильми учун сарфланган маблағни томошабиндан чиқара олмайди. Аммо бунда кўрилган зарарни у чўнтагидан ҳам тўламайди – ушбу мажбуриятни давлат ўз зиммасига олган. Элитар адабиётда эса зарарни қоплашга яна адибнинг ўзи балогардон. Балки сиз моддий зарар ўрни маънавий фойда эвазига қоп­ланар, дерсиз? Бу саволга ҳам жавоб излаб, яна элитар адабиёт ва элитар кинони муқояса этайлик. Муаллифлик фильмлари гарчи кассабоп бўлмаса-да, фестивалбоп ҳисобланади. Бундай асарлар ўзбек кино санъатининг намунаси ўлароқ турли халқаро фестивалларда қатнашади. Агар бирор фильм совринни қўлга киритгудек бўлса борми, бундан туюлажак фахр ҳиссини тасаввур этаверинг! Элитар адабиёт эса, рости, ҳозиргача шундай имкониятдан ҳам маҳрум. Чунки адабий асар халқаро танловларда қатнашмоғи учун юксак даражада таржима қилинмоғи лозим. Бироқ… Дантедек даҳони-ку Ориповдек даҳо ўзбекчада муносиб сўзлатди. Хўш, Абдулла Ориповнинг ўзини-чи, қайси юрт даҳоси она тилига ана шундай ўгирди? Демак, элитар ёзувчига ўз юртидаги совринлардан умидвор бўлишдан ўзга юпанч қолмайди. Аммо ҳаёт тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, мукофот учун курашда мавзуси долзарб асарларнинг қўли бадиияти юксак асарлардан ҳамон баланд келаётир.
Олтинчи сабаб – илгари элитар адабиёт ягона ижодий қолип – соцреализм методи асосида яратиларди. Шунга кўра, адабий танқид ҳам ҳар қандай асарни бир хил газ билан ўлчаб ташлайверарди. Бугун эса элитар адабиёт, юқорида тилга олинганидек, постреализм ва постмодернизм методларида яратилмоқда. Демак, уларни аввалгидек бир хил эмас, икки хил газ билан ўлчаш керак бўлади. Афсуски, ҳозирги адабий танқидчилигимиз ана шу борада ожизлик қилиб қолаётир. Бугун Ғарбу Шарқ тафаккури яратган барча таҳлил ва талқин йўлларини синтетик қўллашга эҳтиёж бор. Ана шундагина интеллектуаллашув туфайли “қаттиқ ёнғоқ”қа айланиб бораётган бадиий асарлар моҳиятига чуқур кириб бориш мумкин.
Хўш, элитар адабиётни мавжуд аҳволдан қандай қутқармоғу унинг муаммоларини қандай ечмоқ даркор? Бу саволга жавоб беришдан олдин бозор адабиётининг жорий аҳволи ва асосий муаммоларига бир сидра кўз югуртириш мақсадга мувофиқ. Зеро, икки адабиёт тақдирини фақат биргаликда ҳал этмоқ мумкин.
Авваламбор шуни таъкидлаш жоизки, бизда дунё оммавий адабиётига хос белгиларнинг айримлари кўзга ташлангани ҳолда, айримлари кўзга ташланмайди. Чунончи, Ғарбда элитар ва оммавий адабиёт бемалол ёнма-ён яшайверади. Улар ўз “ҳудуд”ларини аллақачон чегаралаб бўлган. Иккиси ҳам ўзининг талай йирик намояндаларига эга. Бизда эса “ҳудудий” чегараланиш энди-энди якунланиб бораётир. Элитар адабиёт каби оммавий адабиёт намояндалари ҳам шаклланмоқда. Бу сирада Нуриддин Исмоилов, Ҳабиб Темиров, Набижон Ҳошимов, Исҳоқжон Нишонов, Азамат Қоржовов, Исмоил Шомуродов, Бобур Бобомурод, Аҳад Қаюм каби қаламкашлар номини тилга олиш жоиз. Бугун китоб дўконларида уларнинг битиклари элитар ёзувчилар асарлари билан ёнма-ён сотиляпти.
Оммавий қўшиқчилигимизда саноатлашув – тижорийлашув анча чуқурлашиб улгургани аён. Унинг Райҳон ёки Шаҳзодага ўхшаш “бренд”лари ортида катта уюштирувчи ва сармояловчи куч турганини пайқаш қийин эмас. Мазкур қўшиқчилар мудом омма назарида турмоғи учун озмунча куч ва пул сарф қилинаётгани йўқ. Узлуксиз реклама ва ҳатто миш-мишлар воситасида улардан “санам”лар яратилмоқда. Бизнингча, оммавий адабиётда саноатлашув – тижорийлашув оммавий қўшиқчиликдан анча орқада бораётир. Уни ҳатто оммавий қўшиқчиликка қиёсан ибтидоий босқичда, дейиш ҳам мумкин. Чунки ҳеч бир оммавий ёзувчи ортида катта уюштирувчи ва сармояловчи куч тургани сезилмайди. Ундан “санам” яратмоқ учун узлуксиз реклама қилинганию турли миш-мишлар тарқатилгани ҳам кузатилмаган ҳолдир. (Бу ўринда қўшиқчи шоир Аҳад Қаюмнинг баъзи тижорий телеканаллар орқали гоҳ-гоҳ “ажойиб истеъдод” дея овоза қилинаётганию омма диққатини жалб этиш учун бир вақтлар “бедаво хасталикка чалинган эмиш”, дея миш-миш тарқатилганини истисно сифатида тилга олиш мумкин, холос.) Хуллас, бугун оммавий ёзувчининг ўзига ўзи ҳомий бўлишдан бошқа чораси йўқ. Чунки элитар адиб каби унга ҳам жарақ-жарақ пул санайдиган ношир йўқ. Масалан, “Dizayn-press” нашриёти ҳар бир китоб учун 300 минг сўмдан 500 минг сўмгача қалам ҳақи тўлар эмиш. Бу эса энг кам ойлик иш ҳақининг 2,5–4 бараваридан ортмайди. Шунга таяниб айтиш мумкинки, оммавий ёзувчи ўз асарларидан деярли моддий манфаатдор эмас. Демак, уни ёзишга даъват этаётган бирдан-бир омил бу – маънавий наф, ном қозониш истагидир. Шу ҳавас йўлида улардан айримлари, тузукроқ ижодий лаёқат соҳиби эмаслиги боис, “адабий мардикор”ларга асар ёздириб, ўз номидан чоп эттираётган бўлса ҳам ажаб эмас. Аммо бизда Ғарбдагидек бирор оммавий ёзувчи ортида бутун бир адабий цех фаолият юритаётганини тасаввур этиш қийин.
Ўзбек оммавий адабиёти ҳали ибтидоий босқичда турганини, айни чоқда, унинг жанр репертуари бир қадар қашшоғу бадиияти хийла оқсоқлигида ҳам кўриш мумкин. Тижорий адабиётнинг етакчи жанрларидан бўлган детектив ва фантастика бир қадар ривож топгани бор гап. Аммо унинг ишқий-маиший ва тарихий-саргузашт каби жанрлари ҳануз дурустроқ намуналарига эга эмас. Айрим жанрлар, масалан, фэнтези ҳамон очилмаган қўриқ бўлиб турибди. Маҳорат бобида ҳам ҳозирча дадил ижобий фикр айтиш қийин. Юқорида зикр этилдики, бу соҳа жанрлари адабий мавзу, сюжет тузилиши, образлар тизими, бадиий услуб жиҳатидан бир андоза, бир қолипга солинган бўлади. Аммо ана шу торгина доирада ҳам озми-кўпми маҳоратни намоён этиш мумкин. Аммо биз ўқиб чиққан оммавий асарларнинг айримларида (масалан, Набижон Ҳошимовнинг “Зебузар” қиссасида) ҳар тўрт кесма бўйича ҳам асло маҳорат сезилмайди. Бошқа хилларида эса (чунончи, Азамат Қоржововнинг “Уч аёл фитнаси” қиссасида) маҳорат унсурлари оз-моз кўзга ташланади, холос. (Мақоламиз адабиёт социологияси йўналишида экани боис бадииятга тааллуқли ушбу хулосани алоҳида далиллашга эҳтиёж сезмадик.)
Бугунги оммавий ўқувчи ҳақида эса шуни айтиш мумкинки, афтидан, у икки қатламга ажралиб қолган. Биринчи қатлам – ўртамиёна дид ва маърифат эгалари бўлиб, улар тижорий адабиётнинг сифат жиҳатидан дурустроқ бўлган намуналарини мутолаа қилади. Иккинчи қатлам эса – дид ва маърифати паст тоифа бўлиб, улар оммавий адабиётнинг тубан намуналарини ҳам баҳузур ўқийверади.
Ушбу жабҳа ҳали расмана ташкилотчи – тожирларини топиб олмагани, бизнингча, унинг ёзувчиси, асари ва ўқувчиси бугунгача савия жиҳатидан юксала олмаганига асосий сабабдир. Чунки бош мақсади мўмай даромад бўлган ана шу ҳалқа Ғарбда оммавий ёзувчию оммавий ўқувчини сира ўз ҳолига қўймай, мудом ҳаракатга солади. Бироқ тижорий адабиётимизда менежер ва продюсерлар қатлами ҳали шаклланиб улгурмаганининг мақбул тарафлари ҳам йўқ эмас. Интернет сайтларидан бирининг хабар беришича, бугун дунёда яратилаётган адабий маҳсулотнинг 97 фоизи оммавий адабиёт ҳиссасига тўғри келар экан. Агар шу маълумотни ҳаққоний деб қабул қилсак, демак, Ер юзидаги барча адабиёт мухлисларининг ҳам шунча қисми оммавий ўқувчи бўлиб чиқади. Аммо бизда, хайриятки, китобхон бизнесменлар тузоғига буткул тушиб қолгани йўқ – у ҳали бирмунча эркин ва озод. Шу жиҳатдан, оммавий ўқувчиларнинг ҳечқурса бир қисмини элитар китобхонлар доирасига тортиш имкони мавжуд. Илло, бозор адабиёти корчалонлари тўлиқ шаклланса, бу иш анча қийин кўчиши тайин. Чунки улар учун сафга қўшилган ҳар бир ўқувчи – ҳамёнга тушган фойда, сафдан чиққан ҳар бир ўқувчи эса – ҳамёнга зарардир. Шу боис улар ҳар бир ўқувчи учун жон-жаҳди билан кураш олиб боради.
Ва ниҳоят, сўнгги савол: элитар ва оммавий адабиёт муаммоларини қандай ечиш мумкин? Келинг, дастлаб элитар адабиёт муаммоларига чора излаб кўрайлик. Тарихдан аёнки, асл ёзувчиларнинг бойи ҳам, қашшоғи ҳам, эъзоз топгани ҳам, тазйиққа учрагани ҳам бўлган. Мисол учун, Ғарбни четлаб ўтайлик-да, Шарқнинг ўзига юзланайлик. Абу Абдулло Рудакий жуда бадавлат бўлиб, унинг хизматида 200 ғулом шай турган, кўч-кўрони эса 400 туяга ортиб юрилган. Бунинг аксича, Муҳаммад Аминхўжа Муқимий ғоят қашшоқ яшаган. Фақирликдан безган хотини Санамбиби уни ташлаб кетган. Боз устига, шоир отамерос ҳовлисидан ҳам айрилган. У кўп йиллар “Ҳазрат” мадрасасининг кичик бир ҳужрасида кун кечирган.  Фазлий Намангоний эса Қўқон ҳукмдори Умархон саройида шоирлар пешвоси – малик уш-шуаро унвонига эришган ва шу мавқеига яраша эъзозда яшаган. Имодиддин Насимий Миср султони Муайяддин таъқибига дучор бўлган ва алалоқибат товонидан сўйилиб ўлим топган. Булардан кўринадики, элитар ёзувчи учун бой ёки камбағал бўлиш, эъзоз ёки таъқибда яшаш, аслида, фарқсиз. Асар битмоқ учун унга фақат бир нарса – кучли руҳий эҳтиёж зарур, холос. Шу жиҳатдан, элитар ёзувчилик, аслида, фидойиликдир. Яна илова қилмоқ мумкинки, бу – Ҳақиқат, Эзгулик, Гўзаллик йўлидаги фидойиликдир. Табиийки, руҳий эҳтиёж ҳеч қачон қуриб-битиб қолмайди, фидойилар ҳам ҳар қачон етишаверади. Шундай экан, асл адабиёт – элитар сўз санъати ҳеч қачон ўлмайди. Менимча, бугунги чин ёзувчи ҳам ўзига ана шу фидойилик кифоя эканини англаб олмоғи даркор. Унинг руҳсизлик ва тушкунлик кайфиятидан халос бўлишида ушбу қаноат – жуда муҳим! Лекин соҳиби давлат ва соҳиби сарватлар ҳам уларни қўллаб-қувватласа, бу билан ўзини шарафлаган бўлади, албатта. Табиийки, қалам аҳлининг юксак ижтимоий мавқеини қайта тиклаш, гонорар бериш тартибларини адолат негизида ислоҳ қилиш, шак-шубҳасиз, давлат иштироки билан ҳал бўладиган масалалардир. Айни чоқда, етук бадиий асарларни мукофотлаш механизмини янада такомиллаштиришга ҳам унинг бош-қош бўлиши ниҳоятда зарур. Бойларнинг асл адабиётга ҳомийлиги масаласига келсак, биз уларнинг масжидларга эҳсон қилиб тургани ҳақида бот-бот эшитамиз. Лекин муқаддас динимиз каби миллий адабиётимиз ҳам маънавий поклик хизматидадирки, унга-да эҳсон қилмоқ улуғ савоб!
Ҳозирда адабий танқид йўлсизликни бошдан кечираётгани ҳақида гапирдик. У ана шу оғир вазиятдан қанча барвақт чиқиб олса, шунча яхши. Адабий танқид сара асарларда мазмуний теранлик ва шаклий гўзалликни кашф этароқ уларга нисбатан ижобий маънода урфни қарор топтирмоғи зарур. Токи ушбу асарларни ўқиш ҳар қайси кишининг чиндан-да юксак маданиятли эканини кўрсатувчи бир белги бўлсин. Бугунги шитоб замонда бўш вақти бир тутам бўлиб қолган сара ўқувчини бой бермаслик йўли – шу! Улар сафини бозор адабиётининг диди ва маърифати бирмунча шаклланган ўқувчилари ҳисобига тўлдириш йўли ҳам – шу! Яна таъкидлаб айтгим келади: бирор етук адабий асар дунёга келса, уни жамият аҳлига баралла овоза этишдан орланмаслик керак. Зеро, элитар адабиёт соҳасида ҳам жамоатчилик билан ишлаш – PR қилиш вақти аллақачон етди.
Хўш, оммавий адабиётга муносабат-чи, у қандай бўлмоғи лозим? Бизнингча, ҳар бир ёзувчи, ўқувчи ва асарни элитарлаштириш имкони йўқ. Демак, оммавий ёзувчи, ўқувчи ва адабиёт ҳам яшаб қолиши тайин. Бироқ уларнинг савиясини ҳозиргидан бир бош юқори кўтармоқ лозим. Бу – учовини ҳам ҳар хил қусурлардан халос этмоқ керак, деганидир. Айни жабҳадаги ишларни, бизнингча, ҳар уч феноменни пухта ўрганишдан бошлаган дуруст. Шу юзасидан тадқиқотлар олиб боришда ЎзФАнинг Тил ва адабиёт институти марказ ролини ўйнаши шарт, албатта. Бу марказ Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда мамлакатимизнинг етакчи адабиётшунос олимларини бир ерга жамлаб, кейинги чорак асрлик ўзбек адабиётини элитар ва оммавий деган икки шохобчага бўлиб ўрганиш нечоғли асосли эканини аниқлаб олса маъқул бўларди. Агар шундай ёндашув илмий жиҳатдан самарали деб топилса, бундан буён сўз санъатимизни икки йўналишда тадқиқ этишга тўғри келади. Айни чоқда, мактабдан то университетгача бўлган барча таълим босқичларида ҳозирги ўзбек адабиёти бўйича ўқув дастурлари, дарслик ва қўлланмаларини оммавий адабиётга оид зарур маълумотлар билан бойитишга ҳам эҳтиёж туғилади. Албатта, биз юқорида айтган барча фикрлар каби бу таклифлар ҳам мутлақо шахсийдир.
Дарвоқе, Дино Буццатининг “Уддабурон” ҳикояси ҳақидаги сўзимизни якунлаб қўйсак. Хуллас, шу пайтгача профессор Скьяссининг барча таъна-дашномларига сабр-тоқат билан чидаган “Мен” ниҳоят “портлайди” ва шундай бир ҳақиқатни қатъий айтади: инсоннинг инсонлиги, яъни улуғлигини тасдиқ этувчи адабиёт бу – элитар адабиётдир, минбаъд оммавий адабиёт эмас. Оломон адабиёти ҳар қанча гуркираб, мухлислари ошиб-тошмасин, сара адабиёт эса ҳар қанча сўлиб, мухлислари озайиб-сийраклашмасин, барибир, тоабад ана шундай бўлиб қолади! Қизиғи, профессор Скьясси бу оташин нутқни хайрихоҳ кулги билан қарши олади. У суҳбатдошининг елкасига қоқиб қўяр экан, “Ахийри тушундинг-а, тентаквой, – дейди эркалаш оҳангида. – Бугун сени шалвираган аҳволда кўриб, боёқишнинг дами буткул кесилипти-ку, деб ўйловдим. Мен сени енгилроқ бир силтаб, ғафлатдан уйғотиб қўймоқчи эдим, холос!” Ҳикоянинг ушбу хотимасини мақоламиз хулосаси сифатида ҳам қабул қиларсиз…

«Тафаккур» журнали, 2015 йил 3-сон.

Ижтимоий тармоқларда:

Фейсбук: facebook.com/behzodfazliddin.uz/
Твиттер: twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграм: @Behzod_Fazliddin
YouTube: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 599

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *