Янги рукн: Сусамбил

сусамбил“Сусамбил”ни ўқигансиз. Болалик хотираларимизга туташ ушбу эртакдаги орзулар диёри, жаннатмонанд ўлка – Сусамбилга хаёлан неча бор саёҳат қилганмиз. Тадқиқотчиларнинг айтишича, “Сусамбил” – дунёнинг киндиги, марказида жойлашган макон деганидир. Этимологияси бундай: “сув+шам+бел”, яъни сув, шам (дарахт), бел (тоғ). Тимсолий маънода озодлик ўлкаси, “сувнинг тиниғи, ўтнинг бўлиғи бўладиган” жой. Чамбил сўзи ҳам Сусамбил билан боғлиқ, дейишади.
Халқ идеалидаги тенгсиз ўлкага ишора қилиб “Сусамбил” дея номлаган мазкур рукнимизда халқ оғзаки ижодининг ўлмас намуналари, бой маънавий меросимиз ҳақидаги тадқиқотлар, мақолаю мулоҳазалар бериб боришни ният қилдик.
«Сусамбил» рукнини ташкил этишда ўз маслаҳатлари билан холис ёрдам бериб, мақолаларини тақдим этган фольклоршунос олим, филология фанлари доктори Шомирза Турдимовга миннатдорлик билдирамиз. 

Аждодларимиз қадим-қадимдан сўзнинг кучу қудратига алоҳида диққат қаратганлар. Жисмнинг сир-синоатини исмда, деб билганлар. Ёвуз кучларни чалғитиш, душманларга сир бермаслик учун исмларни ўзгартириш, икки исмда юришнинг бир асоси ана шу хил ишонч, эътиқодларга ҳам боғланади. Ҳар бир товуш, сўзнинг ўз оҳанги бор. Сўзнинг кучи оҳангда, унда ифодаланаётган маъно, мазмунда. Оҳанг ва маъно уйғунлашиб, асл шаклини топса, бу СЎЗ қудрати амалга киради, чексиз қувват ҳосил қилади. Олқишу дуо, истагу илтижо, қарғишу сеҳрнинг сири шу нуқтада намоён. Халқ қўшиқлари шунчаки кўнгил хуши эмас. Қўшиқда оҳангу маъно бир-бирига эту тирноқдек бирлашиб келади. Қўшиқнинг содда шакли кишини чалғитиши мумкин, чалғиш “содда”ни жўн англашдан туғилади. Нимаики жўнлик ҳудудига ўтса – қуввати қирқилади. Борса келмасдаги ҳазинадек ғофил изловчиларни домига тортиб, изини йўқотиб юборади. Хазинанинг калити сеҳрли СЎЗни билишда. Бу СЎЗ мазмунни англаб, оҳангни топиб айтишда. Кўнгли тоза, нияти холис, меҳри дарё, “ўйи сўзига, сўзи амалига, амали ўйига тўғри бўлган” қаҳрамон “Сим-сим” дейди, хазина қопқаси очилиб, сирларини ошкор этади…
Халқ қўшиқлари ҳам хазина. Бу хазинанинг “сим-сим”и қўшиқ сўзлари ифодалаб келаётган рамзий маъноларда яширин. Қўшиқдаги рамзий образлар сирини билган киши қўшиқда қандай мазмун ифодаланганлигини дарров илғайди, тушунади. Халқ қўшиқларидаги рамзлар шундай бир кучки, улар воситасида асл қўшиқни ясамасидан ажратиб олиш қийин эмас. Қўшиқни “бузғувчи” ҳар қанча урунмасин, унинг “ҳунари”ни бўри қурсоғига кирган ёртиқулоқдай рамзлар ошкор этаверади.
Биз сизнинг ҳукмингизга ўзбек халқ қўшиқларида кенг қўлланилиб келинган бир қатор анъанавий рамзий образларнинг туб ва муайян матндаги маъно кўламлари, бу маънонинг тарихий асосларини ёритиб берувчи туркум мақолаларни ҳавола этишни лозим топдик.

ҚЎШИҚ МАЪНОСИНИНГ КАЛИТИ

Биринчи мақола

Қўшиқ сўз ва куйдан ташкил топади. Қўшиқ куйланади, унинг куйланиш жараёни алоҳида ҳодиса. Куйга солиб айтилган сўз аввало кўнгилга, сўнг ақлга боради. Биз тадқиқ этмоқчи бўлган жиҳат қўшиқнинг сўз қисмигагина тегишли. Зеро, қўшиқни борлигича ўрганиш ўзга бир мавзу. Ҳар қандай ҳодисани тўлиқ англаш учун биринчи галда уни қисмларга ажратиб тадқиқ этиш қулай. Сўз қўшиқнинг асосий таркибий қисми. Қўшиқдаги сўзлар бадиий матнни ташкил этади, адабий ҳодиса ҳисобланади. Бадиий сўз объектга айланган ўринда фольклор ва адабиёт умумий махражга келади. Сўзга юзланган тадқиқотчи кўнгилнинг бадиий изҳорини ақл тегирмонига солади. Сўзни таҳлилга тортади. Бадиий сўз таҳлилининг усул, йўллари, баҳолаш мезонлари кўп. Бу ўринда “…изм”лашган атамаларни санаш ортиқча.
Биз биргина бадиий восита – халқ қўшиқларида “рамзлашган” СЎЗ борасида фикр айтишга жазм қилдик. Мавзуга киришишдан аввал рамз ўзи нима деган масалага ойдинлик киритиб олиш лозим бўлади.
Одатда рамз атамаси фақат адабиёт ва санъатда эмас, турмушу фаннинг барча жабҳаларида кенг қўлланилади. Бу соҳаларнинг барчасидаги «рамз» тушунчасини бир-бирига боғлаб турувчи етакчи хосса – уларнинг ҳар қайсисида рамз сифатида келаётган, англанаётган нарсанинг (у нимаки бўлмасин ) ўзида бир қанча тушунчаларни жамлаб, турғун ассосация (имуқуқ) уйғотишидир. Лекин ҳар бир соҳа ўз табиатидан келиб чиқиб, рамзларга ўзига хос мезонлар асосида ёндошади. Кўпчилик ҳолатларда бир соҳада қўлланувчи рамзлар иккинчи соҳада бу хил вазифа бажармайди. Турмушда, фанда, адабиёт ва санъатдаги рамзлар вазифаларига кўра ҳам фарқланади. Турмушдаги рамзлар асосан коммуникатив вазифа бажарса, фандаги рамзлар маълум тушунчаларни билдиришга, адабиёт ва санъатдаги рамзлар кечинма, ҳолат ва воқеликни бадиий эстетик англатишга хизмат қилади. Рамз ҳақида сўз юритганда, бу жиҳатларни ёдда сақлаш шарт.
Фольклор бадиий-эстетик, яна бир қатор қийматларига кўра адабиёт ва санъат билан бир иқлимга мансубдир. “Адабиётнинг булоқбошиси – фольклор”, деган гап санъатга ҳам тегишли. Шундай экан улар орасида муштаракликнинг бўлиши табиий. Аммо ҳар бир соҳанинг ўзига хос тузилиши, ички қонуниятлари ва бошқа муҳим хоссаларидаги фарқланиш бу соҳаларда қўлланувчи рамзларга ҳам тегишлидир.
Адабиётнинг қуроли – сўз. Фольклорда сўз етакчи ўрин тутади. Шундай бўлса-да, адабий асарда муаллиф, фольклорда ижрочи фактори мавжуд. Фольклор омманинг ижоди саналади. Бу хусусият фольклор ва адабиётдаги етакчи қонуниятларнинг намоён бўлишида бош омиллардан биридир. Фольклорда турғун анъаналарнинг янгиланиши асрлар давомида кечса, адабиётда анъаналарни биргина ижодкор ҳам бошқа ўзанларга буриб юборишга қодир. Бу ҳолатни фольклор ва адабиётдаги поэтик образлар, жумладан, поэтик рамзларнинг қўлланилиши ва тарихий тараққиётида ҳам кузатамиз.
Бу ўринда даставвал фольклор ва адабиётда рамз дейилганда нимани тушунишимизни аниқлаштириб олишимиз керак. Бадиий асарда (фольклор ва адабиётда) рамз деб бирор сўз (образ ёки деталь ) ва сўзлар бирикмасининг ўзи ифодалаб келаётган луғавий маънодан ташқари, шартли равишда турғун бадиий ассоцация уйғотишини ва бу имуқуқнинг назарда тутилаётган поэтик маъно юзага чиқишида хизмат қилишини тушунамиз. Поэтик рамз кўпчилик бадиий тасвир воситалари қатори фольклор ва адабиётда фикрни, туйғу ва кечинмаларни қисқа, образли қилиб ифодалашда қўлланилувчи омил, бадиий тафаккур маҳсулидир.
Янада аниқлик тамон борилса, фольклордаги рамзлар биринчи галда анъанавийлиги билан характерланади. Бу анъана асрлар давомида шаклланиб, кўпчилик ўринларда тарихан халқнинг узоқ ўтмишига, турли мифологик инонч-эътиқодларга бориб боғланади. Шу сабабли ҳам улар ижрочи ва тингловчига мазмунан бегона бўлмайди. Лекин анъанавийликни жўн қабул этмаслик керак. Ҳар бир анъанавий рамз муайян матнда ўзининг янги маъно қирраларини намоён қила олади. Бу эса фольклордаги содда, такрорланмас гўзалликни, сермаъноликни таъминлайди. Масалан: “ғоз” рамзини олиб кўрайлик. Ғознинг барча лирик қўшиқлар учун умумий бўлган туб поэтик маъноси “яхши хабар”. Аммо, бу туб маъно муайян бир матнда “яхши хабар” билан бевосита боғлиқ “эзгу ният”, “ҳамфикир дўст” каби бир қатор мазмун кўламига эга бўлиши, ўз семантик доирасини кенгайтириши мумкин. “Ғоз” образи XIV асрда Сайфи Саройи ёзиб қолдирган:
Ўрдагимиз қос ўлди фаранг қизи,
Қўнгшимиз қамоз ўлди, ёндурмади, –
деб куйланган қўшиқда ҳам айни туб маънода келган. (Изоҳ: Қос – ғоз, қамоз – чақимчи.) Бу қўшиқ ёзиб олингандан бери ўтган 600 йил давомида ҳам ғознинг туб поэтик маъноси ўзгармасдан келмоқда. Демак, фольклордаги аксарият рамзлар деярли ўзгаришсиз авлоддан – авлодга ўтиб келади. Фольклорда янги рамзларнинг пайдо бўлиши адабиётдагига нисбатан секинлик билан кечади. Фольклорда бир асар ёки биргина ижодкорга тегишли индувидиал рамз йўқ. Анъанавийлик, оммавийлик, туб турғун маънога эгалик фольклордаги рамзлар учун етакчи хусусият ҳисобланади. Аксинча, адабиётдаги рамзлар ижодкор таланти билан боғлиқ хусусий ҳолда намоён бўлади. Ҳар бир ижодкор халқона рамзлардан, умум адабиётдаги анъанавий рамзий образлардан фойдаланиш, уларга ўзгача поэтик маъно бериб, ижодий ёндашиш, айни пайтда янги рамзлар яратиш, бошқа адабиёт, халқларга тегишли рамзларни ижодий ўзлаштириш имкониятига эга.
Фольклордаги рамзларнинг поэтик маъносини англашда тингловчига йўналиш берувчи асосий омил, шу рамзий образнинг узоқ вақтлар давомида халқ онгида шаклланиб, анъанавий кўриниш олган тасаввурлар тизими бўлса, адабиётда размий образнинг маъноси бевосита матн мазмуни орқали юзага чиқади.

Адабий матндаги аксарият рамзларнинг поэтик ва лексик маънолари ўртасида шартли боғлиқлик сезилиб туради. Фақат тарихан халқона рамзларга тегишли рамзларда бу ҳолат яширин ҳолатда келиши кузатилади. Чунки қўшиқ матнидаги кўпчилик рамзий образларнинг лексик маъноси рамзий маънога тўғридан-тўғри ишора қилмайди. Бу ўринда образни юзага келтирган мифологик тасаввурлар, халқнинг инонч-эътиқодлари рамзий маъно ассосациясини уйғотади. Масалан, рўмол – оила, ғоз – яхши хабар. Рўмол ва ғознинг сўз мазмуни рамзий маънога билвосита алоқадор. Образда жамланган тасаввур унутилса, рамз тушунарсиз, сирли бўлиб қолиши мумкин. Шу сабабли ҳам халқ қўшиқларини ўзга тилга таржима қилиш қийин. Чунки таржима сўзнинг луғавий маъносини ўгиради. Тасаввурлар, сўз замиридаги мазмун таржимадан сиртда, қўшиқни яратган халқ тафаккурида қолиб кетади. Соддалик бирдан жўнликка айланади. Қўшиқдаги содда кўринишли теранликни сўз ва сўз бирикмалари замиридаги тасаввурлар, тушунчалар имуқуқни таъминлайди. Шу билан бирга, фольклорий матндаги табиий қиёс асосида пайдо бўлган рамзларда сўзнинг лексик ва кўчма рамзий маъноси ўртасида боғлиқлик билвосита сезилиб туради. Айни ҳолатни адабиёт ва фольклордаги рамзлар учун умумий хоссалар қаторида санаш мумкин.
Халқ қўшиқлардаги рамзлар маъносини билмаслик уларда ифодаланган асл мазмунга парда тортиб, анъанадан узилган авлод учун бегона, тушунарсиз ҳодисага айлантиради. Ана шу ўринда илмий тадқиқот, изоҳ ва талқинларга эҳтиёж туғилади. Хусусан, бугунги глобаллашув даврида рамзларни тушуниш эҳтиёжи долзарб муаммога айланди. ХХ аср мутафаккирларидан бири Э.Фромм кенг маънода “рамзлар тили” борасида сўзлар экан: “Мен шунинг учун ҳам рамзларни тушунишни мактаб ва коллежларда худди чет тилларни ўргатгандек ўқитиш лозим, деб ҳисоблайман. Чунки рамзлар инсониятнинг онгости – кўнгил тубининг меваси ҳисобланади. Инсоннинг кўнгил тубидаги “ҳазина”даги рамз, тимсоллар жами тириклик – бир ҳужайрали мавжудот, набатоту ҳайвонотдан тортиб одамзотгача табиий боғланган “улкан билим”дан баҳра олиб ижод қилган. Фольклор, умуман, халқ ижодиётининг барча турлари ана шу “хазина”дан қувват олиб, унади, ўсади. Бахши-шоир, қўшиқчи илҳом онлари “эскилар изидан” бориб, ушбу хазина “бойликлари”дан баҳра олади. Бу ҳолат бошқа мавжудодларнинг тўдалашиб мавсумий кўчишларда “тўда қуввати” билан инстиктив “улкан билим” – йўлчи юлдузга боғланиб, керакли манзилларидан адашмай йўл топишларига, яшашларига уйғун келади. Олимлар тўдасидан ажралган “ёлғиз” ҳамиша йўлдан адашиб, “улкан билим”дан бебаҳра қолганлигини кузатишган. Бахши шоирлар ҳам анъанадан чекиниб, индивидуал ижодга ўтса, ўзи достон-қўшиқ ижод қилса, кўпинча “адашиб” ора йўлда қолиб кетиши шундан. Бунга кўпчилик шоир-бахшиларнинг шўро давридаги муаллифлик термалари ёрқин мисол бўлиб турибди. Ёки халқона йўлга тақлидан ёзилган аксарият асарларнинг шаклни олиб, қалбсиз қолиши, бадиий саёзлигига ҳам сабаб ушбу қонуниятда изоҳ топади. Халқ ижодиётида анъанадан узилган авлод ҳам, шахс ҳам халқона рамз ва образларни тушунмай қийналади. Шу маънода Э.Фромм рамзлар тилини мактабларда чет тилини ўргатгандай ўқитиш керак, деганида ҳақлидир.
Биз юқорида рамз тушунчаси борасида қисман тўхталдик. Айтилган фикр мулоҳазалар навбатдаги мақолаларда берилувчи рамзий образлар маъно мазмунини яқиндан англашга ёрдам беради, деб ўйладик. Рамзлар қўшиқлар мазмунини тушунишда бир калит. Калит қопқани очади. Қопқадан кириш, ҳазинага эга бўлиш, очгувчига боғлиқ. Ҳар қандай бойлик қадрланса баҳоси билинади. Баҳосини олган нимаики бор, янгидан туғилиб, қайта қувватга киради.

Шомирза ТУРДИМОВ,
Ўзбекистон давлат мукофоти лауреати, филология фанлари доктори

Мақола «Маърифат» газетасининг 2013 йил 6 феврал сонида чоп этилган.

Муаллиф ҳақида:  shomirza turdimovШомирза ТУРДИМОВ 1957 йил 13 декабрда Самарқанд вилояти Қўшработ туманидаги Қўштамғали қишлоғида туғилган. 1979 йили Тошкент давлат университетининг филология факултетини тамомлаган. Филология фанлари доктори.
2007 йили “Йўл бўлсин” филми сценарийси учун Ўзбекистон Давлат мукофотини олган. «Гўрўғли достони генезиси ва тадрижий босқичлари» , «Этнос ва эпос» китоблари, соҳага доир кўплаб мақолалари республикамиз ва хориж илмий нашрларида чоп этилган.

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 643

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *