Яшаш керак, Беҳзод Фазлиддин!

Бу битикларнинг ҳаммасини ҳам кўнглим тўлиб шеър деб айтолмайман-у, бир кайфият маҳсули-да. Ҳозирги ҳолимга ҳам мос. Дарвоқе, Вақт, яшаш санъати ҳақида ҳали яна гаплашамиз.

ЯШАШГА ЖОЙ БОРМИ?

Лаҳзага тенгма-тенг ўчиб бораман,
Ўзимдан, сўзимдан чўчиб бораман.
Завол билмайдиган манзилни кўрсат,
Томирларим билан кўчиб бораман.

2005

ҲАР КУН

Шу лаҳзадан яшай бошлайман, дейман,
Ичимдаги итнинг қулоқлари динг.
Ахир алам қилар, кап-катта одам
Бир гугурт чўпича тегмаса нафинг.

Режаларим битмас, ишларим чала,
Билмаганга ҳазил, билганларга чин –
Ё йўлда машина бузилиб қолар,
Ёинки тугаган бўлади бензин.

Ҳар сафар, ҳар куни, ҳар доим шу ҳол:
Куттириб вақт ўтар, кутиб вақт ўтар.
Ёнимдаги дўстга ёрилиб кўрсам,
Шўрликнинг аҳволи мендан бешбадтар.

Бир лаҳзадан кейин борманми, йўқми,
Сафар олислигин эслатади йўл.
Қурол-яроғимни тайёрлаб турай,
Бу гал ҳеч бўлмаса эшик қоқиб кел.

2008

ЭНГ АЧЧИҚ БАҲОНА

Қорин тинч қўймайди – нон топиш керак,
Ташвишлар судрайди мени ҳар томон.
Ўзини эсидан чиқарди Юрак,
Яшашга вақт қайда, Онажон?!

2004

***

У ён ўтиб, бу ён ўтасиз,
Шошиб-пишиб қаён ўтасиз?
Токай шундай сарсон ўтасиз –
Яшаш керак, Беҳзод Фазлиддин.

Қилт этмайди, не тушса бошга,
Бор бўйича тимсол бардошга,
Ҳеч бўлмаса, бир харсангтошга
Ўхшаш керак, Беҳзод Фазлиддин.

Ибрат билиб зебу зарларин,
Ҳикмат билиб зер-забарларин,
Дилга Ойнинг ҳарир нурларин
Тўшаш керак, Беҳзод Фазлиддин.

Нега шунча оҳ-вой ҳозирдан,
Қўлингиздан келмаса чиндан,
Ошиқликдай зўр лавозимдан
Бўшаш керак, Беҳзод Фазлиддин.

2010

***

Бир менми ўзини йўлга қантариб
Икки ўт ичида қоврилаётган?
Бетиним имкондан имкон ахтариб
Бор-йўғи ҳавога соврилаётган?

Оҳларим оҳорли куй каби қуйма,
Умримдан таралган оҳанглар чинми?
Бир менми юраги қиймаю қийма,
Яшагандай бўлиб юрган бир менми?..

2010

***

Алам қилмай қўйди ҳеч бири,
«Чиқ» дейди-ю, ўзи чиқмас Вақт.
Мен Ҳаётни борича суйдим,
Ҳар томонда, ҳар қадамда Бахт.

Озор санчмас юракка ортиқ,
Бу гулларнинг ифори ўзга.
Кечаги жўн, совуқ одамлар
Жуда иссиқ кўринар кўзга.

Аллақачон овутиб олдим
Кўнглимни(нг) шўр кўз ёшин артиб.
Ҳаммасини кечириб бўлдим
Ўзгалару ўзимдан тортиб.

Қандай ёвуз кучлар бор бунда,
Билмаганим яхши – билмадим.
Ғўр мавсумдан розиман, шаксиз,
Хато қилиб хато қилмадим…

2009

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 389

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *