Яшашга шошилайлик!

Эски дафтардан

Жаннат боғларида юргандай бўласиз…
Жон бир кун танага қувват бериб, ғайрати тошса, бир кун хаста. Эҳтимол, бу ҳам бир синовдир.
Ҳамма нарсанинг қадрига йўқлигида етганимиздек, бемор ҳолимизда жон шу қадар азиз бўлиб туюладики… Ўзимизни койиймиз: «Соғлиғимнинг қадрига етсам бўлар экан». Ёнимизда соғ-саломат юрган одамлар кўзимизга энг бахтли бўлиб кўринадилар.
Майли, аввало, инсон омон бўлсин. Хаста жонларга малҳам бўлиш эса биз ўйлаганчалик қийин эмас…Bozhestvennoe-300x220
Қурбон отани анчадан бери дард қийнайди: оёқ оғриғи. Айниқса, қишнинг совуқ кунларида ўзини қўярга жой тополмай қолади. Жон ширин-да. Аммо маҳалладаги «табиб»и келди, дегунча, ўз-ўзидан оғриқ ҳам босилади-қолади. Зокиржон – раҳматли дўстининг ўғли. Иши кўп бўлса-да, тез-тез келиб туради. Қурбон ота касалхонада ётганида энг кўп борган шу бўлди. Соҳаси шифокорлик билан боғлиқ эмас-у, Қурбон ота уни табиб дейди. Бежиз эмас. Унинг қўл сиқиб кўришишлари – малҳам, сўзлари – дори.
Зокиржон йўқлайдиган киши биргина бу эмас. Бемор ётганлар ҳолидан хабар олиш – унинг одати. Қишлоқда ким бетоб бўлиб қолса, бу йигитни ўшаникидан топасиз.
Зокиржон бу сафар ҳам касалхонага қўйни-қўнжи тўлиб кириб келди. Ота билан ҳар доимгидек қуюқ сўрашди. Қурбон ота хонадошларига уни «Ўғлим» деб таништирди. Анча вақт суҳбатлашиб ўтиришди.
Кетаётганида қанча «Овора бўлманг», демасин, ота «ўғли»ни кузатиб чиқди. – Умрингдан барака топ, болам, – деди у Зокиржоннинг елкасига қўл ташлаб. – Сен ҳақда кўп яхши гаплар эшитдим. Қишлоғимизда сен ҳол сўрамаган касал қолмади, шекилли.
Отахон шундай деб кулиб қўйди-да, ёнидан мўъжазгина китобчани олди. – Ҳадислар, – деди унга ишора қилиб. – Шуларни ўқиб ҳам шифо топаяпман. Бемор кўргани боришнинг савоби жуда улуғ. Одам, айниқса, касал ётганида бирор кимни интиқиб кутади. Мана буни эшит: «Расулуллоҳ (с.а.в) айтдилар: «Агар киши бемор ётган мусулмон биродарини кўргани борса, то ўтиргунича жаннат боғида юрган бўлади. Ўтирган чоғида уни раҳмат қоплайди. Агар эрталаб бўлса, то кеч киргунга қадар етмиш минг малак унга дуо-салот айтади. Агар кечда борган бўлса, тонггача етмиш минг малак унга дуо-салот айтади (Термизий, Ибн Можжа ва Аҳмад ривояти)».
Отанг раҳматли ҳам шунақа эди. Бугун мени кўргани гўё унинг ўзи келгандай бўлди. Отанг каби кўпчиликнинг дуосини олиб юр…
Қурбон ота яхши тилаклар айтиб, узоқ дуо қилди.
Зокиржон йўл бўйи отасини ўйлаб кетди. Биров оғриб қолса, дарров унинг атрофида парвона бўларди. Боя Қурбон ота ўқиб берган ҳадисни ҳам у илк бор отасидан эшитган эди.
Шуларни ўйлар экан, Зокиржоннинг кўнгли ёришди. Ўзини ростдан ҳам жаннат боғларида юргандай ҳис қилди…

Яримта савоб
Савоб олиш илинжида юрганлар кўп. Баъзан бу бизга шу даражада мушкулдай туюладики… Аслида, ҳам шундайми? Биродарингнинг юзига кулиб қарашингнинг ўзи ҳам бир эҳсон бўлгандан кейин… Аммо савоб ҳам бутун бўлгани яхшироқ экан.
Бу воқеани менга бир танишим ҳикоя қилиб берган эди:
“Меҳмонга кетаётган эдим. Метродан чиқишда ҳасса ушлаган кўзи ожиз киши турган экан. Унинг қўлидан тутиб, зинадан юқорига олиб чиқиб қўйдим. Билардимки, у ҳали манзилига етмаган. Лекин шошаётганим учун “Майли, яхши етиб олинг”, дедим-да, узр сўраб йўлимда давом этдим. Кейин йўналишли таксига чиқдим.
Энг ажабланарлиси шу ерда бўлди. Одамлар билан тўла жойда кичиккина стулдан менга жой тегди. Яхшилаб жойлашиб олмоқчи эдим, ҳайдовчи яна битта одамни чақирди. Энди стулчага икки киши ўтириши керак. Мен ярмига, бошқа йўловчи ярмига ўтирдик. Йўлда кетар эканман, дарҳол ўша кўзи ожиз кишини эсладим. Раббимнинг кароматини қарангки, бутун қилмаган савоб учун менга стулнинг ярмидан жой теккан эди. Юрагим оғриб, кўзимга келган ёшларни тўхтатишга ҳаракат қилар эканман, хаёлимдан бир фикр кетмасди: “Отахонни манзилигача олиб бориб қўйсам бўлар экан. Савобни бутун қилсам бўлмасмиди…”.

Жонга ишонч йўқ
Совуқ хабар келди: таниш биродаримиз ҳаётдан кўз юмибди. Ёшгина йигит эди. Уни қандай дард олиб кетди, билолмай қолдик.
Яна бир жудолик: таниқли санъаткор оламдан ўтибди. Қирққа ҳам кирмаган экан. Уни йиқитган дард ҳам бизга қоронғи.
Навбатдаги хунук хабар: кунда-кун ора кўриб юрган акамиз боқий дунёга рихлат қилибди.
Қисқа фурсат ичида шундай жудоликлар. Одамни эсанкиратиб қўядиган даражада оғир. Барчамиз Аллоҳникимиз, У учунмиз ва Ўзига қайтамиз. Қанча бешафқат бўлмасин, ўлим ҳақ. Юракка ғашлик солаётгани эса бошқа нарса…
Нафасимиз – ғанимат, ёнимиздагилар – ғанимат. Бир лаҳзадан кейин нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Шундай-ку, йиллар аро ғафлатдамиз. Уйғониш азобидан қўрқамиз. Кўзимизни очиш қуёшга тик қарашдек жуда оғир. Ёлғончи дунё нағмаларига учамиз. Ялтироқ ҳою ҳавасларга осонгина таслим бўламиз. Яшашни эса «орқага суриб» бораверамиз. Баҳона ҳам тайёр: «Ҳали вақт бор-ку!».
Вақт шу пайтгача кимга вафо қилган? Яхшироқ назар солайлик, шундоққина кўз ўнгимизда чинорлар битта-битта қулаб боряпти…
Бувим – онамнинг онаси олтмишдан ошганда ўтди. «Қаридим» деганини эшитмадик. Бекор ўтиргиси келмасди. Ҳамиша нимадир билан банд эди. Баъзан ўзимнинг аҳволимдан уялиб кетардим: ҳали анча ёшман-ку. Гоҳо «маза қилиб уйда ўтирмайдими?» деган ўй ўтарди. Бувим ичимдагини билгандай майин бир оҳангда сўзларди: «Дам олиб ўтирадиган пайтлар эмас. Жонга ишониб бўлмайди, болам. Соғ-саломатлигимда кўп нарсага улгуриб қолай, дейман-да…».
Беҳуда гапирмайдиган бувим бу сафар ҳам катта бир ҳаётий сабоқ берган бўлади. Жондан тортиб яқин кишиларимизгача бизга омонат. Омонатга хиёнатнинг эса охири вой.
Ёмон гап-сўз кўп. Қулоғингни йиртиб бўлса-да, кириб келади. «Маҳалладаги йигит отаси билан пул талашибди», «Ака-ука юзкўрмас бўлиб кетишибди», «Етимларга кун бермас экан»… Совуқдан-совуқ гапларнинг саноғи йўқ. Бувимнинг гапини эслайман: «Жонга ишониб бўлмайди, болам…».
Ўтадиган дунёда нима талашамиз? Нега бунча тубанлашиб кетяпмиз? Нимага бунча ишонамиз?
Донолардан бири айтган экан: «Ҳар бир кунингни гўё ҳаётинг тарози палласида тургандек яша». Яна энг ёмон кўрган кишингиз билан ҳам муроса қилиш йўлини тавсия этишган: «Балки, эртага мен уни кўрмаслигим мумкин», деб ўйлашингизнинг ўзи кифоя – ҳаммаси рисоладагидек бўлади.
Уч марҳумни бежиз эсламадик. Улар оламдан ўтдилар-у, катта сабоқни эслатиб кетдилар. Унинг моҳияти шу: жонга ишонч йўқ. Яшашга шошилайлик!

Беҳзод

2007

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

 

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 606

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *