Яшайсан де, ўлмайсан деб айт…


Яшайсан де, ўлмайсан деб айт,
Айтгин: Умринг кетмас шамолга.
Ахир қуёш ботмоқда бу пайт,
Кун айланиб борар заволга.

Оҳ, қўрқаман, хавотирдаман,
Кўрганларим туш чиқмасми, деб.
Энди олам бўлганда чаман,
Икки қўлим бўш чиқмасми, деб.

Яшайвер де, севавер дегин,
Чекинмасин юракдан ғайрат.
Ишончимга куч-қудрат бергин,
Руҳ булбулин бетиним сайрат.

Ўтса ўтди, бўлса бўлгандир,
Не десам жон аччиқлигида.
Жуда бахтли бўлгим келганди
Кўзларимнинг очиқлигида.

Яшайсан де, ўлмайсан деб айт,
Айтгин: Умринг кетмас шамолга.
Гарчи қуёш ботмоқда бу пайт,
Кун айланиб борар заволга…

2010


Чиқиб кетса эди шу иблис қондан,
Сўнг топа олмаса мангуга изим.
Бир Ҳаёт бошласам ўшал ҳур ондан,
Ўз олдимда шувут бўлмаса юзим.

Қайтадан тозарсам – севсам қайтадан,
Чалғитмаса машъум хаёллар бир зум,
Арш сари зиналар қўйсам тавбадан,
Саодат асрини эслатса умрим…

2010

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован.