Ёфас Алпин. Ёввойи мисралар

(туркумдан парча)

ПАЙҒОМ

Уйғотди юрагим,
Бир митти Садо.

Деди: Тур, келмишдур
Пайғоми Худо.

Минг йиллик жодудан бўлурсан халос,
Кўз очсанг,
Одамга айланурсан бас!

ЧИППА ҚОРОНҒИ ҒОР

Ҳаёт туйнугидан чиқиб бир киши
Деди, бу оламга қўймагин қадам.
Ёлғон эрур унинг ҳар неки иши,
Саргардондур унда бор бани Одам.

Ишонмай бош суқдим мен ул ковакка,
Нима истаримни ўзим билмасдим.
Уни кўрмоқчийдим,
Қилдим таваккал.

Ва чиппа қоронғи
Ғорга кирдим.

ИЙД

Фалакдин томчилар лашкари тушди,
Тонггача заминни ишғол этишди.

Муаззин қичқирди:
Ҳой, саффон, саффо-он…

Имонга бош эгган
Қолгайдир омон.

ҲОЛАТ

Тунд кеча, мажолсиз судралиб шамол,
Хилват гўшаларга келиб бекинди.
Сукут туйнугидан мўралар хаёл,
Унда ваҳимадан ўзга йўқ эди.

Бу кеча ҳорғиндир, нафаси оғир,
Мудрайди алаҳсиб толиққан олам.
Бу кеча хафадир, хафа негадир,
Дардини сўрашга йўқ бирор одам.

Кўчалар бўм-бўшдир, бекатлар хомуш,
Ҳатто юлдузлар ҳам кўринмас бугун.
Булутлар ўрмалар, жунжикиб ташвиш,
Етаклаб кетмоқда уларни беун.

Бу кеча хафадир, хафа негадир,
Бўғзига тиқилиб турибди дарди.
Бир оғиз ҳолини сўрсанг бас ҳозир,
Ўкириб-ўкириб йиғи бошлайди.

МУҲАББАТ ОТАШИ ВА МАХЛУҚ

Тоғдай тўлқинлари бор эди
Уммоннинг.

Қаҳратон тушиб
Уларни
Муз ўркачларига айлантирди.

Қадди
Уч юз етмиш даражадан узун
Совуқлар ҳукмдорига
Астойдил тузади дастурхон
Қаҳратон.

Юракнинг тўрига занжирбанд қилинган
Асрларни,
Миллион йилларни
Бир нафасида
Тошдай қотириб қўювчи
Бу махлуқ
Ахийри
Уйғонди.

Юрак ларзалари музлади,
Қотиб қолди қувонч,
Соғинч,
Ғам…

Буларнинг барчаси,
Муҳаббат оташи сўнганда,
Содир бўларкан.

ҚУЮН ЖУМБОҒИ

“Алвидо…” келиб бир ёввойи мисра,
Чўнг қуюн қўзғади вужудим узра.

Қуюн уни чирпирак этди,
Фазоларга кўтариб кетди.

Гир айланди бошимда дунё,
Рақсга тушди ёнида Рўё.

Шивирладим қилолмай тоқат
Ўз-ўзимга: “Бўлди қил, тўхтат!”

Не кўрсам… измимда эмасди,
Қуюн ҳеч тўхтайин демасди.

Етти қават осмон елкаси,
Афсоналар мовий ўлкаси.

Қуюн олиб чиқди у ерга,
Ўзи ботди қоп-қора терга.

Уфқларга боқдим мен ҳайрон,
Чор атрофим бепоён осмон.

Пастда эса замин думалоқ,
Учиб борар тугилган жумбоқ –

Коинот кўз ёши томчиси,
Зўр қайғу ё қувонч элчиси.

Зимзиё ваҳмкор кавокиб аро,
Келмоқда…
Изидан бир буюк нола.

ҚИШ

Булутга ўраниб мудрайди осмон,
Қўйнига яшириб қалдироқларни.
Кўкатлар танида титрайди исён,
Бағрига босганча совуқ дунёни.

Соқолин тутамлаб, хаёлларга ғарқ,
Тутун бурқситади уйлар паришон.
Оппоқ жойнамозга чўкка тушган Шарқ…

Қайдадир,
Тўнглаган Дунёда,
Изғирин ҳансираб айтмоқда азон.

ТУН

Тўрвасини кўтариб,
Ер ости йўлидан,
Чиқиб келди,
Тиланчи.

Қизариб-бўзариб,
Уялиб кетганидан,
Кўзларини юмиб олди,
Кун.

ҚАЛАНДАР ТУТ

Бор эди бир дарахт,
Томирлари кўп асрдан буён
Ер тагига чуқур ботиб кетган
Сафо*  соҳиб ҳовлисида.

Тангрининг бир Машрабини
Бағрига босиб у
Туйди ибодат роҳатини.

Йўлбарс терисини ёпинган
Дарвеш унга байланганди.

Совуқда
Устидан сув қўйишаётганда
Ибодатга уннади банда.

Унга қўшилиб эгилди тут ҳам.
Пайлари ипакка айланди,
Саждага ташлади ўзини.

Ҳали бирор дарахт
Саждага бошини қўймаган бундай,
Бағрига босмаган ибодатни.

Тангрининг бир Машрабига
Эргашиб,
Туйди ибодат роҳатини…

Қаторлашиб ўтмоқда асрлар,
Тўзонли талотўмлар,
Издиҳомлар, жангу жадаллар,
Шоҳлар, гадолар,
Қайсарлар ўтдилар.

Аммо ибодатни қучган тут
Бошини кўтармаган
Саждадан ҳануз.

Жойнамози – супа устида
Турибди букчайиб.
Машрабга иқтидо қилган дарахт.

Фирдавс монанд Самарқанд
Қаландархонасида,
Букрига айланган қария.

* Шайх Сафо тариқат пирларидан бири бўлиб, Бобораҳим Машрабнинг замондоши эди. Ривоят қилишларича, совуқда Машрабни тутга боғлаб, устидан сув қўйдирган экан.

КАС ДАРА ҚЎШИҒИ

Қулаб тушиб ишонч харсанги,
Туйғулар чашмасин қуритди.
Қувонч япроқларин зангори,
Рангларини хазон еб кетди.

Орзу юлдузлари бирма-бир,
Тарк этдилар маконларини.
Бечора танҳолик қалтираб дир-дир,
Ёқиб исинмоқда армонларини.

Парча-парча бўлиб кетган руҳ.
Уймалашиб унинг ёнида,
Тобут ясамоқда вужуддан,
Ғамга ботиб, тутқун ирода.

Юксакликда эса қарғалар,
Кас дара қўшиғини куйлар:
- Қағ,
қа-ағ,
қа-а-ағ…

ҚАШҚАДАРЁ

Дока билан боши танғилган
Сўнгги кучин тўплаган жангчи
Бир оёғин заминга тираб
Гуёки ўрнидан турмоқчи
Бўлган-у, мадори етмаган.
Чўкка тушиб қолган баҳодир –
Ботаётган қуёшга қараб,
Ўз қонига беланиб ётир.

МУСО КАЛИМ ҲАССАСИ

Кунларимда,
Соатларимда,
Нафасларимда,
Ўйларимда,
Қадамларимда,
Ишимда
Бирор мазмун қолмаса…

Ташландиқ вужудимга
Илондай судралиб
Кира бошлар
Бўлмағур сўзлар.

Худонинг назари тушган
Тоғнинг ҳолини кўрган
Мусо Калимнинг
Ҳассасини келтираман
Шунда
Ёдимга.

Ва қўйиб юбораман.

Юрагимда ўрмалаб юрган
Илонларни секин… аста
Домига торта бошлар
Аждаҳога айланиб ҳасса.
Вишиллаган овоз чиқариб:
“Сўз айтсанг, Мусодай айт,
Худо эшитси-ин…”

КУЛБА ҚУШИ

Осмонига қулф солди қуёш,
Туя каби чўкди қаро тун.
Одамлар ёстиққа қўйди бош,
Эшикларин тамбалаб секин.

Ва ниҳоят келиб Уйқу ҳам,
Кулбасини бекитди маҳкам.
Сўнг кундузи топганларини,
Ёйди қараб, кумуш-зарини…

Фақат, уни кўриб қўйди Туш –
Кулбадаги уйқу билмас Қуш.

ХАТАР ВА БЕМОР

Диққинафас бўлди, сиқилди,
Тўшагига беҳуш йиқилди.

Жарроҳлар кесдилар танини,
Оқизиб алвон ранг қонини.

Юрагидан топдилар бир тош,
Ялт-ялт ёнур ул чўғи оташ.

Таажжубда қолдилар ҳайрон,
У этмишдур юракни вайрон.

Ҳақ сўз эрди, эмасди Ёлғон,
Дил тубида тош қотиб қолган.

Ёзишдилар варақлаб дафтар,
– Бемор яхши,
Даф бўлди хатар!

ҒИЖИМЛАНГАН ҚОҒОЗДА

Этолмади забт тонгни шоир,
Битолмади унга лойиқ шеър.

Сўзлар сира тутқич бермади,
Бирортаси шеърга кирмади.

Саллоланиб Тонг – гўзал пари,
Чирой очар дақиқа сари.

Нафис эди, дилбар, жилодор…
Армон бўлиб қолмиш ул ашъор.

Ғижимланган қоғозда аттанг,
Қолди шундай оппоқ сулув Тонг.

ФИТРАТНИНГ ҚЎШИҒИ

Туркистон!
Сен кўзим қароғи, кўнглим юпанчи,
Умримнинг мазмуни, руҳим таянчи.
Дедилар: Сен нечук бенаводурсан?
Чун сенсиз, не қилай, ҳолим аянчли.

Туркистон!
Менинг энг покиза туйғуларим сен,
Дилдаги армоним, қайғуларим сен.
Сен улуғ ғамдурсан, кўтармак мушкул,
Вале, белга қувват ҳам дармоним сен.

Туркистон!
Юрак осмонида порлаган қуёш,
Дилдаги қўшиқ,
Эрк қўрғони,
Орзулар, умидлар диёри,
Ўтмишдаги энг улкан мамлакат,
Ҳурлар, ботирлар, мард ўғлонлар…

Хуллас,
Барча аломатинг айтсам-да,
Бу нодон фарзандлар,
Юз йил ўтибдики, сени танимас!

БЕҲУШЛАР

Сўзлар унда ҳушёр қоровул,
Деворлари собит аъмолдур.
Дарвозаси лов-лов ёнган шеър,
Ундан фақат Фақирлар кирур.

Ичкарида қасрул қалб бордур,
Имон деган унда тахт бордур,
Тахт узра шоҳ адл Ҳақ бордур,
Ҳузурида Ошиқлар бўлур.

Ифодаси йўқ жамолининг,
Ниҳояси йўқ камолининг.
Ишқ туташган ул Ҳақ ҳолининг,
Хуш рўйини Беҳушлар кўрур.

ЧАҒИР

Ишққа ташна хаста руҳимда,
Тентир адашган,
Кўҳна асрларнинг фиғони.

*   *   *
“Қуёш юки нақадар оғир,
Ниҳоятда оғир бу ҳаёт.”

Мену сен қуёшнинг чанглари,
Шундай оғир ўйни елкалаб,
Кетиб боряпмиз илгари.

Шундай оғир юк-ла судралиб,
Ортимиздан яна минг-минглаб,
Келмоқдалар қуёш чанглари,
Ул ҳур манзил қўшиғин тинглаб.

Чирпаниб шиддат-ла, олдга ташланар,
Умид тулпорини қамчилаб Сарбон.
О-о, мана энг сўнги давон бошланар,
Манзилга бор-йўғи бир қадам қолган…

Қора туйнук –
Зулумот қаъри.
Йўқликнинг ҳайбатли қалъаси.
Қулоққа чалинар у ердан,
Иблисларнинг қувноқ ялласи.

– Она зулмат! Она зулмат!
Бошланур янги даврон.
Остонангга бошин уриб,
Тўхтади улуғ карвон.
Дарвозангни қоқмоқда ул –
Шайтон инимиз Сарбон.
Қурбонликка келтирилди,
Қуёш қизи гўзал Тонг.

– Уйғон, уйғон! Она зулмат,
Кўзингни оч, бўлгин бош.
Чорламоқда буюк Ғафлат,
Бошланур-ку чўнг талош!

*   *   *
Ишққа ташна хаста руҳимда,
Эй, Туркнинг дайдиган шамоли,
Куйла,
Бир зум тўхтамай куйла!

Сенинг мастонавор куйингда,
Ҳаёт бахш этгувчи,
Чексиз қайғу бор,
Хаста руҳим яшайди унда.

*   *   *
Туганмас воқеадир,
Туннинг чағири.

Майхоначи!
Жомни яна тўлдир,
Ёнаётир ичим,
Ичим ёнаётир.

ЧАВАНДОЗ

Бир тараф поёнсиз зулматдур,
Нур уммони бошқа томони.
Пайдо бўлди Инсон, Тафаккур,
Таажжубга солиб Дунёни.

Зулмат орти зулмат эрур боз,
Нур уммони қайнаб-тошади.
Тулпорида елиб чавандоз,
Инсон нечун, қайга шошади?

Нидо келур зулмат ортидан,
Нур уммони қутуриб тошар.
Ҳайиқмайди зарра тулпори,
Йўл хатарли,
Чавандоз шошар.

ТИРОМА

Кун бугун ғаройиб негадир,
Табиат недандир сархуш, маст.
Кимнидир кутмоқда бесабр,
Яланғоч новдалар қилт этмас.

Дарахтлар тўпланган хиёбон,
Олтин баркаш тутиб турар шай.
Олий мартабали бир меҳмон,
Ташриф буюради ҳойнаҳой.

Ногаҳон атрофга солиб жар,
Қарғалар учади ҳавода.
Янграйди шошилинч: “Қар, қар, қа-ар…”
Югурар безовта шаббода.
Хазонлар сесканиб йўлакда,
Такрорлар пичирлаб бу сўзни.

Офтоб жим кузатар фалакда
Кўк лалига солиб ўзини.

ТОҒЛАР СИРИ

Қўшиқ!
Қайда сен?
Қайга бекиндинг?
Тирикликнинг ҳуркак оҳуси.
Қўшиқчилар кўпайиб кетган…
Сен-чи, ёлғиз фақат бир ўзинг.

Ҳувиллаган, о-о, буюк Саҳро,
Яширолсанг, сен уни яшир.
Бу талотум издиҳом аро,
Чарх уради бир гала ғажир.

Қулоғимга Саҳро шивирлар,
Дейди: “Бу си-ир… тоғлар сиридир.”
Қасам ичган баҳодир мисол,
Тоғлар эса абадий жимдир.

ЁҒОЧ АХТАРГАН ОДАМ

Мен уч юз йил наридан,
Келдим бир зумга.
Суҳбатлашмоқ учун сиз билан.

Кўрдим девонаи Машрабни,
Юрибди ҳозир ҳам сарсон-саргардон,
Шу халқнинг ичида.

Таълим олиб бўлди Сўфи Оллоёр,
Ҳожи Муҳаммад Ҳабибуллоҳдан.
У ҳам тўрвасини ташлаб елкага,
Бухорони тарк этиб, ке-етди Кешга.

Сизга бир Сўз юборганди Машраб…

Ҳалиям бағри қоп-қора,
Куйиб ётибди.
Тоқатинг етмайди қарашга.

Кўрдим Маҳмуд Қатағонни ҳам,
Қариндошларига йўллади салом.
Унинг бошида ҳам,
Кўпдир ташвиш, ғам.
Ёғоч ахтариб юрибди экан.

МУҲАРРИР ВА “ЯРҚ”

Фикр чақмоқ каби чақди, миядан
Дув этиб тўкилди бир ҳовуч мазмун.
Шоир шошиб-пишиб шеър тузди ундан,
Воқеа шу тахлит топди-ку якун.

Бироқ…
Уни ўқиб кўрган муҳаррирнинг ҳам,
Ногаҳон бошида ярқ этди фикр.
“Шеърингда мазмун йўқ, ёзганларинг хом”,
Жумла тузди амаллаб ундан муҳаррир.

ҚАЙСАР СЎЗ

“Эрк” сўзидан,
“К” ҳарфини олиб қўйишди.

“Эр” бўлиб,
Жангчига айланди,
Бу қайсар туркий сўз,
Барчанинг кўзи ўнгида.

РАҚС

Умр шароб тўла хумдир, ҳойнаҳой,
Дилим қадаҳ бўлса,
Ишқ эрур май.
Мақсудим висолдир,
Дунё майхона,
Гар соқий Маҳбубим…

Ва-аҳ,
Мен Девона!

ИШҚ ҲИКОЯСИ

У сархуш.

Чайқалди,
Томчи тўкилди.

Оҳ урди,
Титради,
Яна тўкилди.

Ул қатра ҳидидан Жаннат маст бўлиб,
Пойига йиқилди,
…бори тўкилди.

ШУБҲА

Наҳотки!
Наҳотки?!

Бошимга тинимсиз
Урилар бир сўз.
Гуё қоронғу тун,
Адашган кимса,
Учратиб қолгандек,
Сирли кулбани.
Ва қўрқа-писа,
Тақиллата бошлагани каби уни.

Бемаҳал келган
Кутилмаган меҳмондан
Вужуди жимирлаган,
Уй эгаси сингари
Титраб…
Тураётир
Мендаги Ишонч!

КЕЛИШ

Наҳотки
Милтиғингни пешонамга тираш,
Шу арзимаган ишни қилиш учун,

Дунёга келгансан?

СУКУНАТ

Оқшом тушиб сершовқин шаҳар,
Аста-секин жимликка толар.
Уфқлардан уфққа қадар,
Бир сеҳрли оҳанг таралар.
Нафасини ичига ютиб,
Кўзларини юмиб олганча,
Ўзлигини тамом унутиб,
Қулоққа айланар шаҳарча.

ПИЧОҚ

Ўттиз ё қирқ аср аввал,
Тошни ёғдай кесган
Иброҳимнинг пичоғи
Юрагимда қалашиб ётган
Харсанглар тагидан чиқди.

Тошлар уни шунча асрлар
Ғажиб жон сақлаган экан
Очликдан.

Катилган шу пичоқ
Шунча асрлар
Уларга ризқ бўлиб
Ҳаётини асраган
Юрагимни босиб ётган
Улкан, оғир харсанг тошларнинг.

ДУНЁ ЧЎПЧАГИ

Азал –
Ибтидо уйи.
Биз ундан чиқиб,
Ҳаёт тугунини ортиб елкага
Кетяпмиз… кетяпмиз…

Олдимизда эса келажак –
Интиҳонинг йироқ кулбаси.
Ва унда донишманд,
Оқсоқол бир чол
Кутмоқда бизни.

Айтиб бермоқ учун,
Биз киммиз?
Истагимиз не?
Унга қандай етмоғимизни.

Бунинг эвазига у фақат,
Олиб қолар сўнгра тугунимизни.

ЛУҚМА

Нон ют,
Сув ют,
Ҳаво ют.

Аммо бирорта сўзни,
Ичингга ютма.

У ҳеч қачон ҳазм бўлмайдиган,
Луқма.

ТЎНТАРИЛГАН ҚОЗОН

Дунё кенг,
Адоғи ундан ҳам кенгроқ.
Ҳатто кенг сўзига сиғмас парчаси.
Замин деб аталмиш бу кўҳна гўша
Шу сўнгсиз дунёнинг
Кичик дарчаси.

Энди эмаклаган болакай каби
Унинг тирқишидан боқаркан инсон,
Ғалати туюлар унга Дунёнинг
Тўнтариб қўйилган қозони – Осмон.

ҲАММОЛ

На шеър,
Муножоту
Чўли ироққа,
На Дунёга
Сиғмаган бир Ғам
Жойлашиб олди-ку
Юракка.

Ў-ўв, сўзлар Эгаси,
Лоақал
Юборсанг-чи,
Биттагина Сўз ҳаммол,
Олиб чиқиб кетсин уни бу ердан.

ЎЗГАРИШ

Энди киприклардан ўқ, ханжар эмас,
Бармоқлардан бигиз ясалар.
Энди ҳамма бир киши учун эмас,
Бир киши ҳамма учун яшар.
Булбул билан Зағизхон
Қуда-анда.

Бугун деразам ёнида,
Ўтиб бораётган
Шундай қиёфадаги
Нотаниш Ўзгаришни кўриб қолдим.

ЭШАК ҲАҚИДА

Турфа сақичлардан оғзи кўпириб
Тараққий этаётган
Бизнинг асрда,
Ниҳоят
Эшакнинг қадри қолмади.
Дўконини ёпди у ниҳоят.

Кимгадир бир мисқол тегиб қолди,
Кимдир эса,
Шуни ҳам ололмади.

ДОР БАЛЛАДАСИ

Бу шеър сен ҳақингда, Дор!
Сен бор эдинг,
Сенга муносиб,
Қўрқмас, жасур
Эр юраклар бор эди.

Бугун сен йўқ,
Улар ҳам йўқ.
Лекин қўрқув қолган…
Хунук ва совуқ.

МАЪЛУМОТНОМА

(И.Э. га)

Ҳақиқатдан,
Қўй оғзидан
Чўп олмайди у.

Фақат…
Терисини шилиб олар
Авайлаб.

ЁЛҒИЗЛИК ИСТАГИ

Ҳозир шовқин керак,
Чиройли шовқин.
Тўлғанса кокиллари…

Ҳеч қурса,
Кўзим чалғиб турса.
Сичқонни пойлаган мушукдай,
Қулоғим динг бўлса.
Бу нима ўзи, дея
Бошим гангисин,
Юрагим бўлсин ғаш.

Хуллас,
Уларни авраб турадиган
Бир шовқин керак,
Ушбу дам.

Ёлғиз қолмоқликни
Истаяпман жуда ҳам.

СИР

У келиб,
Келиб…
Тилнинг орқасига бекинди.

Танадаги ягона,
Қатъиятсиз,
Суяксиз аъзо.

Юрак безовта,
“Нима бўларкин энди?”

Тилни тутиб,
Боғлади маҳкам,
Сўроқ ва Қийноқ.

Энди,
Юрак хотиржам.

Боғланган тил
Қандай гапирсин ахир.

ОЛОВ ЯЛОҚ

Ногоҳ келиб қитмир фаришта
Калава туқазди менга.
Деди: Манавуни ол,
Элтгайдир манзилинга.

Ярим аср қайга борарим билмай,
Турган эдим овора, ҳайрон.
Калаванинг учин ахтариб,
Ишга киришдим шу он.

Калаванинг учсиз эканин
Билмай яна кўп йил тер тўкдим.
Манзил менсиз эди ҳануз,
Мен усиз…
Наҳот ўтиб кетса шундай бир умр.

Қитмир фаришта,
Лом-мим демасди.

У айёр айтмасди,
Калаванинг учи,
Қиёматда эканин,
Уни Олов ялаётганин.

ЧИРОЙЛИ ХИЁНАТ

Совуб кетди кун бирдан,
Ҳали куз кетмасдан.
Қиш келмасдан бурун,
Кутилмаганда.

Совқотган Қуёш,
Қалин пўстинига ўраниб олди,
Ҳаммадан олдин осмонда,
Кутилмаганда.

Номард дўстга ўхшаб кетди у,
Айни ҳал қилувчи паллада
Ёғий тарафига ўтиб кетган
Кутилмаганда…

Юпун танга тиғ санчаётган
Хиёнат –
Жуда тиниқ,
Аччиқ ва кескир,
Ҳам чиройли эди.

ЧАНҚАГАНЛАР УЧУН АФСОНА

Сен яшай олмайсан
Менинг Дунёмда.
Сеникида
Мен йўқман.

Анҳор бўйидаги қари дарахт
Алдади бизни.

Адашдим…
Сенинг дунёнгда,
Итни қувгандай,
Тош отиб қувладилар.

Ишқ насимин сезганда
Зирқираган оғриқларнинг барчаси
Бош кўтарар вужудимда.
Қабрларда сас кутиб ётган
Тўқсонта Искандар сингари.

Муҳаббат мени
Ярасини ялаётган
Бўрига айлантириб қўйди.

Бағрини сув тўлдириб оқаётган
Мана шу анҳор
Бир афсонага чанқоқ эди,
Ниятига етди.

У энди абадий
Афсоналар сўйлар
Ташна йўловчига
Бўрининг севгиси ҳақида.

Афсонада
Муҳаббатга йўлиққан бўри
Ярасини ялаб увиллар.

Ув-в-в…

САМУМ ОҲАНГЛАРИ
(Қисса)

Паланг
– Юртнинг буюк олимларидан бирининг номини айтинг…
– Рўйхатни Убайдулла Каримовдан бошлаган бўлардим. У туркий дунёнинг филни ҳам таппа босадиган паланги эди, дейди Маҳмуд Саъдий.

Чўли Ироқ
Шу тариқа қалбнинг навбатдаги зинасида кўтарилдим. Уларнинг саноғи… билмайман. Лекин ҳар зинада ўша филни ҳам таппа босадиган паланг оламига тобора яқинлашаётганимни ҳис қилардим. Берунийнинг дўстига эмас, шундайгина жуда яқинимда, ёнимда яшаган инсон – Оддий аскарга.
Унинг сафдошлари бу зинага қадам қўйишга чўчиди. Яқин бир дўсти айтди: “У “Чўли Ироқ”ни яхши кўрарди. Гуё унинг ичига кириб кетарди…” Мен таваккал қилдим.
“Чўли Ироқ”нинг самум оҳанглари этимни жизғанак қила бошлади. Бу одам, бу жойдан, бу олов эпкиндан қандай ўтди экан? Қанийди зиналар ҳеч бўлмаганда қирқ битта бўлса! Улар эса жуда кўп, адоғи йўқдай… “Чўли Ироқ”нинг қоқ белидан кесиб ўтган.

*   *   *
Самум –
Жон суғурувчи.

Унга йўлиққан
На гиёҳ, на бирор жонивор
Қутулмаган унинг дастидан.

Она,
Дуо қил.

“Чўли Ироқ”қа киряпти
Бир ўғил.

Жонини ўшал
Самум оҳангларига берар у.

Тириклик кўксини тилкалаган
Бу абадий
Жон оларларга.

Ахир
Ўзинг айтгандинг-ку
Аллаларингда…

“Чўли Ироқ” –
Ошиқлар жон берадиган
Ягона жой.

Самум оҳангларига айланар
Уларнинг жони.

Улар –
Тангрининг
Музаффар Қўшини.

Қум ва Чўл
Чўли Ироқ ҳар куни бир дона қумга кўпаяди. Дунёда бирорта ошиқ бор экан, бу давом этаверади. Унинг қум доналарини Тангридан ўзга санай олмайди. Унинг борлиғи шу қум доналаридан пайдо бўлган. Ҳар дона қум бир Ошиқнинг қиссасидир. Вақт ипи мени шундай жойга олиб келганди. Кўҳна Туркистоннинг бир Оддий аскари изи енгилмас қўшиннинг қароргоҳига кириб, ғойиб бўлганди.Abdusattor Jumanazar 1Ёфас Алпин (Абдусаттор Жуманазар) 1961 йилда Қамаши туманидаги Наймансарой қишлоғида туғилган. Тошкент давлат университети шарқшунослик факультетини тамомлаган. “Ҳилват аҳли”, “Мадорис”, “Насаф”, “Машраб”, “Вахшувор”, “Бухоро” каби илмий-бадиий китоблари нашр этилган.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 280

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *