Йўлдош Эшбек. Янги шеърлар

Рангин гуллар кўрар рангин туш

Yo'ldosh EshbekЭй менинг

ҳориган тоғларим,
қорлари ариган тоғларим,
кимларни кутасиз интизор,
интизор, қариган тоғларим,
қорингиз айрилиб кўл бўлди,
борингиз айрилиб мўл бўлди,
бағрингиз тилсимли хазина,
тошингиз айрилиб йўл бўлди,
йўлдан бир паҳлавон келарми,
бергувчи жонга жон келарми,
келарми тортгали қўллардан,
жилмайиб қўлини берарми,
йўллайсиз ёзларда саломлар,
тип-тиниқ дур каби каломлар,
осмонни жо этган ҳар томчи –
булоқлар сўзида талонлар,
сукун-ла боришмоқ истайсиз,
сиз ҳам бир ёришмоқ истайсиз,
ёритиб атрофни ҳар қачон,
шу тақлид қоришмоқ истайсиз,
йўл юриб кутасиз, толасиз,
кутиб, йўл юрасиз, қоласиз,
отдош паҳлавонлар қайтгайми?!
эҳ, қачон сиз кутиб оласиз?!

Юлдузни

оладилар,
қопига соладилар,
елкага қўндирурлар,
ненидир ундирурлар,
йиғлаб қаёққа кетсин,
бечора юлдуз нетсин,
осмон остида эди,
ернинг устида эди,
порлагани қўймади,
бир қўл олиб ўйнади,
тақди ёмон кўксига,
юлдуз энди ўксиган,
ҳеч чақнаб ёнолмайди,
қисматдан тонолмайди,
қўл ўйнар, ўйнар елка,
бирор наф йўқдир элга,
кеккайманг юксакман деб,
юлдуз – сабоқ, эмас зеб.

Карвонлар

асрни асрга улар,
турналар уфқдан уфққа ўтар,
маъюс, шод нолалар оламни тутар,
дарё тўлқинлари кабидир дунё.

Юлдуз шуъласидан гўзал тун юзи,
чарақлаб кетади умиднинг кўзи,
ҳолбуки, саҳродир, қародир юзи,
саҳро ёлқинлари кабидир дунё.

Йўлчи юлдузларга қараб юрасан,
қалбда ишқ бўлмаса ҳайрон турасан,
паришон йўлингни қайга бурасан,
сароб жўшқинлари кабидир дунё.

Гоҳ қумлар кўрасан, гоҳида гуллар,
эркда мунгли, қафасда шод булбуллар,
синов, сабоқ ичра комил кўнгуллар,
баҳор тошқинлари кабидир дунё.

Қувончни соғинган интиқ хонасан,
гарчи отадирсан, гарчи онасан,
асил юрт ҳурлигин излаб ёнасан,
ошиқ шошқинлиги кабидир дунё.

Сабо

учар ҳаволарда,
сабо учар дарёланиб,
талпинади самоларга –
дарё учса ҳаволаниб,
саболаниб учса дарё
бағрида хуш наволаниб
юлдузлардай сузар дунё
шифоланиб, даволаниб!

Ёз

Салқин боғлар энтикиб қўяр,
сарин шамол ифор билан хуш,
ой боғларни минг рангга бўяр,
рангин гуллар кўрар рангин туш.
Ухлаётган гўдакдай диёр,
орзуларнинг оғушида жим,
такрор этар бахт сўзин минг бор,
тамшанади соҳиллар сўлим.
Кўринади навдалар аро
ўрик каби юлдузлар йирик,
осмонларда нурли фаввора,
уфқларда зиёлар сирли!

Куни

билан юрдим паришон
кайфиятсиз руҳсиз негадир
тиниқликка аксинча осмон
тенгсиз гўзалликка эгадир

кўкдай кенг бағирли инсонга
сиқилмаслик учун беҳуда
ҳавас қилмас бежиз осмонга
ўхшагиси келади жуда

тарғил ҳар хил булутлар чиқди
ногоҳ кўкка тушди ғалаён
уфқ лабидаги учуқни
таърифлашга ожиздир забон

Йирик-йирик томчилар тушди
кўксим тутиб яйрадим чунон
ўз ваҳмидан эти увушиб
менга ҳавас қиларди осмон.

Тулпор

учиб борар, ҳайратдадир тоғ,
тулпор парвозидан гўзал парвоз йўқ,
чўққилар силкиниб қарайди, нигоҳ –
енгил чанг ичра бир ҳайқириқ: айй-йў!
Жазбадор суворий қўйган жиловни,
зар учқунлар сочар тулпор туёғи,
эгар қоши бўлар ҳаво – оловни,
шиддат соясида заҳмат бўёғи,
узоққа таралар туёқ садоси,
оламни тутади ҳур ёлқинлари,
чўққилар – ҳаяжон, ҳайқириқ сассиз, фиғон овозсиз,
яна тўлқинланар тоғ тўлқинлари.

Кўзин

пирпиратиб қарайди уфқ,
қўл узатар менга чўкаётган сой,
мени қуёш дея ўйлар, таассуф,
изимдан қолмайди, эргашади ой,
мен излаб юрибман бир азиз изни,
топсам кўзларимга сураман, из пок,
кўз юмиб кўраман ул порлоқ юзни,
кўзим очилса деб, қарайман узоқ.

Қанча

китоб ўқиб, қаҳрамон билан
бирга ўлиб бирга тирилдим қанча,
гоҳ тунлар оғриган юрагинг силаб,
гоҳ тонглар титрадинг кўп йиғлаганча,
юз достон ўқисанг мингта ҳаётни
кўнгулдан кечириш ҳазил иш эмас,
варақлар бўзлайди, изтироб – қафас,
чиқиб кетолмайсан китобни ёпиб,
гоҳ яшаб қоласан ўша “хато”да,
Авлиёотада шаҳидлик топиб,
иймон келтирасан тақдир атога,
шукрона айтасан Қодирий бўлиб,
топширар экансан миллат учун жон,
минг бора туғилиб, минг бора ўлиб,
китобга бойланиб беип, беарқон,
китобга айланиб қоласан тамом.

Шеър

сенда шодлигим, ҳиддатим қолса,
қон қусган қаламнинг суврати қолса,
қолса боғларимнинг ўткир ифори
ва ўлкам баҳори, ўлкам баҳори,
одам-ку шодликсиз, мунгсиз яшолмас,
бу гўзал ватанда сўнгсиз яшолмас,
агар кетар бўлсам келиб ўшал кун,
диёрим сувратин жо этгин бутун,
мени кўриб келдинг ҳар кун, ҳар нафас,
энди ҳисларимга бўла қол қафас,
лекин ватан билан озод яшагин,
одамлар дилида обод яшагин,
сени ўқиганда олис набирам,
бошини эгмасин хижолат бирла,
десинки, курашиб ўтибди бобом,
юраги ҳайдалган, ташна бир ёбон,
мевалай бошлабди у тортган оҳлар,
унибди ниҳоллар, рангин гиёҳлар,
десин, нафаси бор ватан боғида,
дуо қўшиб қўйсин сўз адоғида.

Эй осмон

кўнглимга кир,
дунёдан бир ўтилгайсан,
эй осмон, кўнглимга кир,
сен қафасдан қутилгайсан!

Бепоёнсан, кеккаймагин,
коинотга энкаймагин,
эй осмон, кўнглимга туш,
парвоз қилгин мисоли қуш!

Сидрилгайсан, ситилгайсан,
ҳар хил издан титилгайсан,
эй, осмон кўнлимга туш,
маҳкумликдан қутулгайсан!

Ҳурлик

диёридан учиб келган қуш,
товланар патлари рангин шамолда,
шох билан тебранар, наво айлар хуш,
гўё пайдо бўлган гўзал хаёлда,
хазонлар тўкила бошлар боғларда,
мен билан қушчанинг дардлари каби,
у эса сакрайди шохдан шохларга,
куйлайди тўлдириб ҳузнли қалбни,
ялонғоч новдада гул каби куйлар,
наводан очилар эшик дераза…
ҳаётда эмасдай одамлар, уйлар
энтикар, чулғайди гўзал бир ларза,
дунёда эмасдай наво шамоли
порлатиб юборар юзу кўзларин,
рўёб бўлган каби орзу хаёли,
хаёлга киргандай сезар ўзларин,
йўқ, ўзга дунёга тушганин билмас,
лаҳза қучоғида абадий каби,
энди ҳеч эрк истаб кўнгли эзилмас,
ёрилмас ташналик ўтидан лаби,
қўллар ажиб титрар гуллар мисоли,
гулга айлантириб қўйди гўзал дод
рўёб бўлган каби орзу хаёли,
рўё бўлган каби кечирган ҳаёт,
йўқ, бизга туюлар. Азалдан улар
шундоқ келганлару қолганлар яшаб,
ҳурлик диёрига хаёлин улаб,
эрк нурида ёнган гулларга ўхшаб.

Тоғман

деб кеккайиб, бунча шишасан,
бағринг ҳам тошдандир, улкан қушчасан,
пойингдан бир харсанг олинса агар,
ҳеч турар жойинг йўқ, қулаб тушасан!

Сукунат

Ҳавонинг кўксига ўқ қадаб бўлмас,
яп-янги оламдир, ҳеч итоб бўлмас,
бу куй ўликдурки, тирилмоқдай гап,
бу қандай навоки, ҳеч чидаб бўлмас.

“Ижод олами” журнали. 2017 йил 3-сон

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 549

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *