Сенсизликда нажот йўқдир…


Йўлимдан айирди йўлсизлик йўли,
Сен ахир – энг порлоқ йўлга йўлловчи.
Мен – тонгнинг қуёшга талпинган қўли,
Хуржуни ўзидан катта йўловчи.

2010


Бошқа кимдан карам бўлгай,
Дардим ғарам-ғарам бўлгай,
Сенсиз куним ҳаром бўлгай,
Ёлғиз қўйма, ёлғиз қўйма.

Гарчи ишқнинг нони қаттиқ,
Куни қаттиқ, туни қаттиқ,
Ошиқларнинг жони қаттиқ,
Ёлғиз қўйма, ёлғиз қўйма.

Ҳаёт нархин қиммат қилар,
Ҳар онини миннат қилар,
Эзиб-эзиб роҳат қилар,
Ёлғиз қўйма, ёлғиз қўйма.

Ёдинг ила кўнгил тўқдир,
Иймон – кафтда титроқ чўғдир…
Сенсизликда нажот йўқдир,
Ёлғиз қўйма, ёлғиз қўйма.

2009

CЎНГГИ ВАЪДА

Ёруғ шеърлар ёзаман энди,
Сен ҳам фақат яхши тушлар кўр.
Мен иккинчи ўзимни енгдим,
Ҳеч нарса йўқ юрагимдан зўр.

Ўз измига тушар ҳаммаси,
Қор остида қолиб кетмас из.
Жинкўчада зулмат шарпаси,
Омон сақлар бизни Ишқимиз.

Ота, сизга ўхшолмайман деб,
Беркитмайман нурга хонамни.
Бу аҳволда яшолмайман деб,
Қўрқитмайман мушфиқ онамни.

Нима йўлдан урар бандани?
Айтганингдан четга жилмайман.
Тангрим, кечир мен арзандани,
Ортиқ Сенга исён қилмайман.

Ўз юртига ҳайдайман ғамни,
Йўқотишдан, тамом, қўрқмайман.
Тополмаса агар кулбамни,
Ёруғликни ўзим йўқлайман.

2008

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован.