Ёмғирқўшиқ

10400«Кўз юртингда тинмайди ёмғир…»

«Бежиз ёмғир бўлганим йўқ-да…»

«Ичимга ёмғирлар ёққани-ёққан…»

«Ёмғирлар Ҳаётдан бергайми дарак…»

«Ёмғирларга тўймасми эдим…»

«Шамоллар абадий, ёмғирлар мангу…»

«Ёмғир бўлиб сизга қайтаман…»

«Неларни англатар ёмғир шитири?»

«Дўлга тутилдимми ёмғирдан қочиб…»

«Ёмғирмиди кўзимнинг хасми?»

Шу тариқа сўзларимгача ёғиб ўтаётир ёмғирлар. Томчилар қўшиғи гоҳ майин, гоҳи шаррос: «Бир аллалар руҳимни, Бир қонимни қайнатар…» Аммо, биламан, уларнинг бари раҳмат томчилари…
Бир куни айни кайфиятимга жуда мос ёмғирқўшиғим ҳам битиб қолар.

***

Уч кундан бери ёмғир –
Гоҳ майин, гоҳи шаррос.
Осмоннинг дарди оғир,
Энтикар Замин – ҳассос.

Кўринмай қолди офтоб,
(Майли, бир мизғиб олсин!)
Юзин яширган моҳтоб,
У ҳам тин олақолсин.

Хуш ёқар намчил ҳаво,
Кўлобланган томчилар.
Энг шаффоф сўзлар гўё
Бошинг узра сочилар.

Турфаланиб мароми,
Ёғаверди кундуз, кеч.
Жўш ургандек илҳоми,
Тингиси келмади ҳеч…

Ёмғир – қувонч, оҳимми?
Ором берар, ўйлатар:
Бир аллалар руҳимни,
Бир қонимни қайнатар…

2011

***

Бежиз ёмғир бўлганим йўқ-да,
Томчисида яна минг томчи.
Бир он ғубор ютишдан тўхта,
Дунё деган кекса алдамчи.

Кечаги кун – ёруғ хотира,
Боқий бўлар бугунги кунлар.
Ҳали ҳислар бордир бокира,
Куйла, куйла, қалб бўлиб куйла.

Тўкилгудай туйғулар тошар,
Тўлиб борар муҳаббат жоми.
Тазаррулар қилсак ярашар –
Бизникидир поклик айёми.

Бежиз ёмғир бўлмадим, ахир,
Дил ойнасин бир артгим келди.
Англамоқчи бўлдим ненидир,
Ниманидир эслатгим келди…

2011

***

Шамоллар абадий, ёмғирлар мангу,
Биздан сўнг ҳам оппоқ қорлар қолади.
Шаксиз, яшайверар қувончу қайғу,
Изҳорлар, иқрорлар, зорлар қолади.

Минг йилларки, аслин ўзгартмас тоғлар,
Салобати ўша, виқори ўша.
Таровати сўнмас диловар боғлар –
Ҳануз тошқин ҳислар талпинган гўша.

Бехос такрор-такрор чорладим, чоғи,
Япроқлар тизилиб келди сўзимга.
Қобирғаси синган хазонлар оҳи
Оҳангдор ҳасратдек туюлмас кимга?

Шунчаки тақлидга ўхшарми бу ҳол –
Демангиз, бу фақат илҳом онлари.
Руҳимда яшади шундай безавол
Ҳаёт деган шеърнинг қаҳрамонлари.

Шамоллар. Ёмғирлар. Дарёлар. Тоғлар…
Азал нафасини келтиргай абад.
Япроқлари оят ўқиган боғлар…
Табиат тилида илоҳий суҳбат.

2011

НОЯБР

Ёмғир қуя бошлади бирдан,
Савалайди биллур қамчилар.
Панароққа қочгани билан
Топиб олар йўлни томчилар.

Парво қилмас симёғоч хумпар,
Бошдан-оёқ ҳўл бўлган жиққа.
Рақсга тушар олтин япроқлар
Шитир-шитир – ёмғирқўшиққа.

Мўлтирайди бекатлар юпун,
Маъюс тортар ёлғиз хиёбон.
Ниманидир эслатиш учун
Гумбурлайди қоп-қора осмон.

Шу баҳона ютмади заҳар —
Ёмғир ювиб кетди барини.
Ғуборлардан зериккан шаҳар
Чайиб олди кўйлакларини.

2008

ЁМҒИРҚЎШИҚ

Ёмғир, бунча эздинг, мунча эзилдинг,
Уст-бошим шалаббо, юрак-бағрим ҳўл.
Бугун унинг ўрни ёмон сезилди,
Кел, унинг ўрнига сен дардкашим бўл.

Томчилаб-томчилаб бўлмоқда адо
Ўз-ўзига ҳадди сиғмаган кўнгил.
Тақлид қилмадингми менга мабодо –
Оғир-оғир ёғиб тортасан енгил.

Базўр ўтиб борар кунлар – синашта,
Бир боқсам, осмондан кенгга ўхшайман.
Индамай бўзлашда, сўзсиз куйлашда
Ўхшасам, Ёмғиржон, сенга ўхшайман.

2011

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 761

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *