Зулм айладим энг кўп ўзимга…


Қалбимга бир боқиб кўр,
Ёмонга ўхшайманми?
Кўзимда бир оқиб кўр,
Уммонга ўхшайманми?

Кимларни деб чекиндим,
Ўз-ўзимдан ўкиндим,
Авжи кўклам тўкилдим,
Хазонга ўхшайманми?

Замин менга хўброқдир –
Руҳим Ерга ўртоқдир,
Бору йўғим туфроқдир,
Осмонга ўхшайманми?

Изларимни қувлама,
Сўзларимни овлама,
Қўй, дардимни кавлама,
Арзонга ўхшайманми?

Бу дунёнинг лаззати –
У дунёнинг ҳасрати,
Шу ҳолимда ҳазрати
Инсонга ўхшайманми?!

2009


…Ҳеч кимсага озор етмасин,
Зулм айладим энг кўп ўзимга.
Оҳ, ишқилиб, чиқиб кетмасин –
Жоним келиб қолди бўғзимга…

2010

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован.