Ёшлар давраси: Ҳусан Мақсуд. Бутунлик истаги & Бобур Элмурод. Шеърлар

Бутунлик истаги

Ассалому алайкум, Бобур! Омонмисиз? Рўзғорни ғор дейдилар, шу ғорнинг кенг йўлларида саломат одимлаяпсизми?
Яқинда борганимиз – ўша шеърхонлик кечасида “Фотоаппарат ва мен” деган шеърингизни ўқидингиз. Бундан беш-олти йил аввал сизни айнан шу шеър орқали ғойибдан таниганман. Кейин китобингиз чиқди, бирмунча ютуқларга эришдингиз. Лекин барибир сизни яқиндан билмасдим – шеърларингизни кўп бор ўзингиздан эшитган эсам-да, уларни тўлалигича ўқиб чиқмагандим. Шу боис, ҳозиргача ёзилган барча машқларингизни ўқиш истаги туғилди…
Сизга бир сирни айтсам: баъзи ҳолларда айтилиши керак бўлган гапни айтишга нимадир халақит бергандай ўзимни ғалати ҳис қиламан. Буни ўзимча андишага йўяман. Баъзан Сўз, Адабиёт, хусусан, тенгдошлар ижоди ҳақида нималарнидир айтгим келади-ю, андиша қурғур тағин шаштни қайтаради (ҳатто булар бора-бора англаб бўлмас оғриқларга эврилди. Ёзганларингиз ҳақида гапириб, ора-сирада оғриқларимдан-да сўз очсам, айбга буюрманг). Шундай бўлса-да, баъзи мулоҳазаларни айтишга жазм этдим. Шу боис, айтажакларимни фақатгина оддий китобхон ва ижодингизни доимий кузатиб борувчи дўстингизнинг фикрлари, деб қабул қилгайсиз.
…Китобингизга кирган аввалги ҳамда кейинги – бир-икки йил ичида интернет сайтлари ва газета-журналларда эълон қилинган шеърларингизни диққат билан ўқидим. Беш йил аввал “Биринчи китобим” лойиҳасида нашр қилинган “Кўзларимдаги дунё” номли тўпламингиздаги шеърлар билан кейинги ёзилган машқларингизни таққослаб кўрдим:B.Elmurod хўш, шоир ўсибдими? Шеърдан-шеърга ўсганингиз яққол сезилмаса-да, лекин сўз танлаш, ифода усулингизда яхшигина сайқалланиш бор. Ўзингизни қийнамасдан ёзасиз, ақл ва туйғунинг омухталиги сезилиб туради.
Ёзганларингизда кўзга ташланиб турадиган бирламчи жиҳат – бу фалсафий мулоҳаза юритишга уриниш. Деярли ҳар бир шеърингиз шундай мушоҳадалар замирига қурилган. Ҳақиқатан, айрим шеърларингизда тасвирланаётган воқеликдан яхшигина фалсафий хулосалар чиқарасиз. Ҳолат тасвирини чизишда ҳам оригиналликка интилишингизни таъкидлаш керак. Туйғулари ҳарорати кўнгилга илиқлик олиб кирадиган “Олапар”, “Фотоаппарат ва мен”, “Юборилмаган суратлар” каби қуйма сатрли шеърларингиз борлигини-да кўпчилик яхши билади.
“Бир кўнгил ўстирсанг ичингда…”, “Бир кун йиғламаса аҳли болалар…” деб бошланадиган шеърларингиз ўз пафоси билан бошқа битикларингиздан ажралиб туради. Бир қарашда уларда ўйчанлик ва ҳазинлик бордай туюлса-да, лекин моҳиятан лирик қаҳрамоннинг эртанги кунга, ёруғ келажакка ишончу эьтимоди сезилиб туради. “Бир кун йиғламаса аҳли болалар…” деб бошланувчи шеърда мақсад-муддао ҳар бандда такрорланиб келадиган “Бир кун” бирикмаси замирига қурилган: бир кун бўлса ҳам ўқ отилмаса, болалар уйи бўшаб қолса, қанийди, мотам бўлмаса, кўнгли борлар бир-бирига етишса, дунё ўзини сал кенгроқ сезса, деб ёруғ кунлар келишига умид қилади. Бу истак-орзу ҳар банд охирида такрорланган “Ўша кун келарми, ўша кун борми?” риторик сўроғида янада кучаяди.
Лирик қаҳрамонингиз ўтмишни мушоҳада қиларкан, келажакка умид билан қарайди. У эътиқодда (кенг маънода) собит, замондошларини маънан комил ИНСОН сифатида кўришни орзу қилади. Асосийси, у фикрлашдан, ўз қалбини ўрташдан тўхтамайдиган шахс.
…Биласиз, дурустгина шеърлари билан уч-тўрт марта матбуотда кўриниб, устозлар назарига тушган тенгқурлар орасидаги бир-икки йилни ҳисобга олмасак, салкам ўттизга яқинлашиб қолдик. Айримлари икки-уч тўплам эълон қилишга улгурди. Аммо… ҳали ҳеч биримиз ўз йўлимизни тополмаяпмиз – ижод қолиб, ҳиссиётларимизни сўлдирадиган, кўнглимизни хиралаштирадиган майда юмушларга ўралашиб юрибмиз. Буни баъзан тан олгимиз келади-ю, лекин қайсидир важлар сабаб ўзимизни оқлашга уринамиз: тирикчилик, яшаш ҳам керак-да, деб қўямиз… Таассуфки, шоир айтганидек, бизни майда ташвишлар енгаяпти. Энди айтинг: буюк орзулар, улуғ ниятлар қўлимизга қалам тутқазмаганмиди?!
Эсингизда бўлса (беш-олти йил аввал), ўзига хос оҳанг ва руҳ билан шеърлар ёза оладиган бир нечта тенгдош йигит-қизлар адабий тўгаракларда қизғин мушоира қилишарди. Кўпчилигимиз уларнинг гўзал шеърларига мухлис эдик. Баъзилари устозлар меҳрини қозониб улгурган эди. Лекин… Гоҳида ўзимга савол бераман: ёниқ шеърлари билан катта умид уйғотган ўша ёшлар ҳозир қаерда? Ўша пайтда ўзлари куйлаган Ватан, Сўз ва Адабиётга содиқлик туйғулари муваққатмиди?..
Саволлар исканжасидан қутулиб, ўзимча жавоб излайман: наздимда, уларнинг кўпчилиги ўз истеъдодларини асрашга ожизлик қилишди. Баъзилари устоз шоирларнинг мақтовидан талтайишди, бора-бора ўзларидан бошқани тан олмай қўйишди. Рауф Парфи айтганидай, уларни мақтов – ширин оғу ширин ўлдирди. Айримлари минбар шоири бўлиш ҳадисини яхши ўзлаштиришди: ватан ҳақида баландпарвоз шеърлар айтишни урфга айлантирдилар. Кимнингдир бир неча минг нусхада китоби чиққач, қалам ҳақининг суруридан ҳаволаниб юрди, яна кимдир кўкракнишон, бошқа бирови эса “Зулфия”ни олгач, “Kamolot”нинг имкониятларидан фойдаланмак учун ҳар мақомга йўрғалаб кетди…
Эҳтимол, гапларимда ҳасад нуқси бордай сезилгандир сизга. Лекин асло ундай эмас! Зеро, ҳасад киши ёқтирган нарсасига бошқа биров етганда, унинг ўрнида ўзи бўлмаганидан пайдо бўлади. Хайриятки, мен юқоридагиларга ҳеч қачон эҳтиёж сезмаганман. Мен улардан фақат ва фақат катта ижод кутганим учун куюниб гапирдим, негаки, уларда етарли даражада иқтидор бор эди…
Катта ва бутун адабиётни катта ва бутун авлод яратади. Буни биз ҳавас билан қарайдиган 70-йиллар авлоди мисолида кўришимиз мумкин. Энди савол: биз бутун авлод бўлишга интиляпмизми? Афсуски, йўқ! Чунки, юқорида айтганимдай кўпчилигимиз ўзимиздан бошқани тан олишни истамай қўйдик. Мангубердининг қўшинидай тарқоқ ҳолда фойдасиз тизмалар тизиш билан бандмиз. Ижтимоий тармоқларда бизни кимдир мақтаб қўйса, шу билан ўзимизни катта шоир ҳисоблаб, тағин юксакларга кўтариламиз. Биров айтмайдики, ў, биродар, ҳақиқий ижод ердагиларга керак, пастга тушиб ёз, деб… Биринчи навбатда, ўзимиз шахс сифатида бутун бўлишга интилмоғимиз керак, деб ўйлайман. Шундан сўнг ўзимизни миллат тақдирига даҳлдор сезган ҳолда, бир мақсад йўлида бирлашмоғимиз лозим. Бутун авлод бўлмасак, жафокаш миллатни, ўксик адабиётни ёруғ келажакка қандай олиб чиқа оламиз?!
Узр, мавзудан бироз чиқиб кетдим. Тағин ижодингизга қайтсам. Ижтимоий тармоқда эълон қилинган “Муддао” номли бадиангизни ўқигандим. Ундан иқтибос келтираман: “Яхши шеър қачон эсда қолади? Менимча, унда ярқ этган воқеа бўлсагина. Ўша воқелик ўз навбатида чуқур маъно ташимоғи ҳам лозим. Баланд теракнинг илдизини қурт-қумурсқалар еб битирса-ю, у “қарс” этиб ерга қуласа – бизга нима, деймиз. Бироқ ўша терак бир инсон сиймоси бўлса-ю, ўз хатолари туфайли енгилиб, ҳаммамизга ибрат бўлолса – бу бошқа гап. Аслида шеър биргина мисра бўлиб дунёга келади. Қолган сатрлар ўша мисранинг кучайишига, мавзу моҳиятини чуқурроқ очиб беришга хизмат қилиши керак”. Фикрларингизга қўшиламан. Буларни кўп бор давраларда ҳам айтганингизни эшитганман. Мазкур мулоҳазалар ўз ижодингизга-да тўла мос келади: ёзганларингизни ўқиган киши шеърларингиз ҳақиқатан битта мисра замирига қурилгани сезади (ҳатто “Кураш” номли шеърингизда юқорида таъкидлаганингиздек, инсоннинг жисман ва маънан йиқилишини дарахтнинг қулашига менгзагансиз).
Тўғри, илҳом ёлқинлари билан аланга олган оний ҳиссиёт – англаб бўлмас ажиб бир туйғу (фикр) шоир хаёли (кўнгли)дан нур тезлигида “йилт” этиб ўтади. Шоир ўша кечинмани қоғозга туширмагунича тинчимайди. Дарҳақиқат, шеърда поэтик мақсад-муддао ўша бир фикр атрофида бирлашиб, унинг моҳияти қолган мисралар кўмагида янада тиниқлашади. “Кураш”, “Кимёгар дўстимнинг ўйлари”, “Танга”, “Битта чолни кўрдим саҳрода…” каби шеърларингизда фикрлар банддан-бандга ўтиб, кучайиб боради. Кўринадики, уларни бир нафасда, кўнгил кечинмаларини ақл чиғириғидан ўтказиб қоғозга туширгансиз. Ҳеч қандай ясамалик, зўриқиш йўқ.
Битикларингизни синчковлик билан ўқиб амин бўлдимки, шеърларингиздаги лирик қаҳрамон шахсиятингиздан узоқ бўлмаган одам. У ҳам худди сиздай ўйчан ва оғир-босиқ инсон; мулоҳазакор, ҳар бир воқеликдан фалсафий хулоса чиқара оладиган тийрак назарли шахс. Бу – сизнинг ютуғингиз. Аслида, шоирлик ҳам шу-да: ижодида шахсияти, шахсиятида ижоди кўриниб турган қалам аҳлигина асрлар оша халқ қалбида саодатли яшайди. Тарихга боқинг: ҳазрат Румий, ҳазрат Навоий, Пушкин, Қодирий, Толстой, Ойбек, Шавкат Раҳмон…
Юқорида таъкидлаганим – ўша бадиангизда шундай фикрлар ҳам бор эди: “Шеър яхлит бир асар сифатида таассурот қолдирмас, унинг ғояси аввало инсон қалбида акс-садо бермас экан, бундай тўқималарнинг бир сатри ҳам яшашга лойиқ эмас, деб ўйлайсан киши”. Сиз ҳақсиз. Ўз ижоди билан сўнгги салкам ярим асрлик даврда ижод қилган катта-кичик шоирларнинг танглайини кўтарган буюк истеъдод эгалари бўлмиш Э. Воҳидовнинг “Мажнунтол”, “Севги”, “Юрак ва ақл”, А.Ориповнинг “Муножотни тинглаб”, “Баҳор кунларида кузнинг ҳавоси…”, “Баҳор”, Р. Парфининг “Ёмғир ёғар, шиғалаб ёғар…”, “Уйғон, эй малагим…”, “Она Туркистон” каби шеърларидаги мисралар шундай қуйма ва табиийки, улардаги бирор сўзни бошқасига ўзгартирсангиз, бутун бошли шеърнинг поэтик оҳорига путур етади. Демак, уларда мақсад асосий гапни битта мисрада айтиб олиш эмас, балки кўнгилдан кечган дарду ҳасратларни ҳар бир мисра қатига сингдиришга уриниш бор (тасодифни қарангки, устоз шоирлар ушбу гўзал шеърларни айни бизнинг ёшимизда ёзишган. Қайси биримизда шундай битиклар бор?!).
Сизнинг “Фил фалсафаси”, “Каркидон”, “Юк” каби шеърларингиз кишида охирги банддаги фикрни айтиш учунгина ёзилгандай тасаввур уйғотади. Уларда кўпроқ оддий баёнчилик бўй кўрсатади: фақат воқеани тасвирлаш бирламчи бўлиб қолган. Мазкур шеърларни ўқий бошлаган киши якунда бошқачароқ хулоса кутади (шахсан менда шундай бўлган). Таассуфки, сўнгги банддаги хулосавий фикрга чалғиб, бироз сусткашликка йўл қўйгансиз.
Айрим шеърларингиз баландроқ битикларингиз соясида қолиб кетади: мазмуни бўш. Масалан, “Тақа” номли шеърда теракдан дарвоза ясалгани айтилиб, уни кимдир тепиб ўтгани, яна кимдир таёғи билан туртгани (?), бошқа биров эса тилиб (?) кўргани ҳақида гап боради-да, охири
У энг гўзал дарвоза эди,
Эндигина ясалган дамлар.
Тақа уни чиндан асради,
Асролмади фақат одамлар,  –
деган сатрлар билан тугайди. Мисралар оддий гаплигича қолган, уларда поэтик оҳор, бадиий-эстетик юқумлилик йўқ ҳисоб. Тўғри тушунасиз деган умид билан айтаманки, мазкур шеър билан бирга тўпламингиздаги “Жалолиддин Мангуберди монологи” ва “Қўллар” каби шеърларни ҳам жиддий таҳрир қилиш, қайта ишлаш зарур, менинг наздимда.
Эсингизда бўлса, бир танқидчи акамиз шеърларингизни эшитгач, улардаги воқеабандликни пайқади чоғи, сиз ҳақда “келажакда насрга ўтиб кетиши мумкин”, деган “башорат” қилди. Танқидчи домланинг бундай фикрга келишига сабаб бор эди: ҳақиқатан деярли барча шеърларингиз сюжет асосига қурилади. Сизда ҳолатдан кўра кўпроқ ҳаракатни тасвирлашга уриниш бор. Буни нуқсонга йўймоқчи эмасман, бундай усул адабиётимиз тарихида кўп учрайди. Лекин шеърда фақат воқеабозликка интилиш шеърхонни зериктириши мумкин. Шу ўринда, барча соҳада бўлганидек, бадиий ижоднинг ҳам олтин қоидасини эслатгим келди: нима бўлганини эмас, қандай бўлгани тасвирлаш муҳим-ку!
Воқеани келтириб, охирида фалсафий фикр айтиладиган шеърларда туйғуларга эрк бермасдан, ақлга таянилади. Бундай шеър эса фақат интеллектнинг маҳсули бўлиб қолиши мумкин. В. Белинский “М. Лермонтов шеърлари” номли мақоласида поэзия ҳақида фикр юритар экан, “…ижоднинг биргина меҳнаткаши Платон савдойилик деб атаган илҳомдир, ақл эса ижодга душмандир”, дейди. Олим ақл дахл қилолмай туриб соф кўнгил кечинмаларининг қоғозга тушиш жараёнини илҳом деётган бўлса ажабмас. Дарҳақиқат, чин маънодаги шеър, аввало, руҳият тасвири, ҳис-туйғу манзараси билан тўйинган бўлиши керак. Шоир шеърда ақлнинг эмас, кўнгилнинг равишига бўйсунмоғи лозим, назаримда…
Бобур, сиз ҳақда яна бир муҳим гапни алоҳида таъкидламоқчиман. Одатга кўра, ижодкорнинг даражаси унинг ёзганлари, аниқроғи, қаламга олган мавзусининг бадиий салмоғига қараб белгиланади. Лекин, аксар ҳолларда, шоирнинг позициясини, Сўзга, Адабиётга, қолаверса, башарият учун муқаддас ва азиз бўлган олий туйғуларга бўлган эътиқоди ҳамда ихлосини қайсидир мавзуда ёзмаганлиги (аслида, бунга ўзини маънавий ҳақдор деб билмаслиги) билан ҳам англаш мумкиндай гўё.
Айтмоқчиманки, сизнинг Ватан ҳақидаги “жўшиб” ёзилган “жимжимадор” шеърингиз йўқ. Нуқул ўксиниб, оғриниб, нималардандир безган кўйи онангизни саволларга тутадиган “нолишнома”ларингизни ҳам кўрмаганман. Хатни олмагани учун ўзини ҳақоратлангандай сезиб, қиздан арзу дод қилгувчи ошиқ дардлари акс этган мисраларингизни-да билмайман. Шу фазилатингиз билан ҳам бошқа тенгдошлардан ажралиб турасиз, десам муболаға бўлмас. Демак, сиз бу мавзуларга мос ўз жозиб сўзингизни ҳали топа олмаганингизни англагансиз. Шунинг учун “киндик қоним тўкилган замин”, “жаннатмакон юрт”, “сени юксакларга кўтараман” деган минбарнамо сийқа мисраларни айтишдан ўзингизни тиймоқдасиз. Она ҳақида ҳам томоқ йиртиб, ҳар бандда “она” деб ясама соғинч билан шеър ёзишни ҳам эп кўрмаяпсиз (демак, она ҳақда энг гўзал шеърларингиз энди яралади). Севгини қарама-қарши жинс вакилларининг бир-бирига бўлган табиий майли, деб тушунмаслигингизни “Танга”, “Овозимни ёзиб олди бир киши…” каби гўзал шеърларингиз исботлаб турибди.
Яхши эслайман: 2012 йил “Ёшлик” журналида марҳум шоиримиз устоз                                 А. Орипов сизга оқ йўл тилаб, ишонч билдирган эди. Таскин шуки, сиз шу ишончни оқлаш йўлида илдамлаяпсиз.H.Maqsud
Қалбингизни асранг. Ёруғ шеърлар яралишида Яратган мададкор бўлсин.
Ҳусан МАҚСУД 1991 йили Бухоро вилояти Олот туманида туғилган. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ўзбек тили ва адабиёти факультетида таҳсил олган. “Ошиқ шарҳи ҳоли ифодасида бадиий санъатларнинг ўрни (Алишер Навоийнинг “Ғаройиб ус-сиғар” девони мисолида)” рисоласи нашр қилинган.

Бобур Элмурод. Шеърлар

Фотоаппарат ва мен
Сен боққан чоғ нега одамлар
Хушсуратдир, кулгидан тўйган.
Мен термулсам – сарғайган ўтлар
Ва дарахтлар гулламай қўйган.
Сен кўз солсанг онам кўп дилбар,
Отам бардам қад кериб турар.
Мен боққан чоғ – онам муштипар,
Отам эса ҳассада юрар.
Нигоҳингда дўстим улуғвор,
Бекаму кўст турар мулойим.
Мен қарасам – у бечораҳол,
Оқсоқланиб юради доим.
Вақт ялмоғиз – учар хотиржам,
Кўрганларим ўхшамас чинга.
Бахтли бўлиб кўринай мен ҳам,
Бир зумгина кўз ташла менга.
***
Бир кўнгил ўстирсанг, ичингда
Яшаса энг буюк зотларинг.
Ичкарига кира олмаса
Ёмонотлиқ, ёмон отларинг…
Ағанаса туйғуларингни
Босиб ётган минг-минглаб харсанг.
Алдамаса қулоқларинг ҳеч,
Кўзларингга буткул ишонсанг.
Бир кўнгил ўстирсанг ичингда,
Ичингда бир кўнгил йўқласанг.
Кўз юмсанг…
қоронғу бўлмаса
Ёп-ёруғ кундузда ухласанг…
***
Бир кун йиғламаса аҳли болалар,
Бир кун оч қолмаса уларнинг қорни.
Бир кун узилмаса алвон лолалар,
Ўша кун келарми, ўша кун борми?
Бир кун отилмаса ҳеч кимсага ўқ,
Жаллод ҳам қурмаса ўша кун дорни.
Бир кун мотам тугаб, кийилмаса кўк,
Ўша кун келарми, ўша кун борми?
Бир кун тирик қайтса уйига оҳу,
Ниш урган майсалар кўрса баҳорни.
Бир кун илон зоти сочмаса оғу,
Ўша кун келарми, ўша кун борми?
Болалар уйлари бўш қолса бир кун,
Дарди қийнамаса бир кун беморни.
Бир кун кенглигини ҳис қилса очун,
Ўша кун келарми, ўша кун борми?
Бир кун кўнгли борлар қуришса турмуш,
Бир кун кўнгли йўқлар чалмаса торни.
Балки ўнгда бўлар, ё бўлмаса, туш,
Ўша кун келарми, ўша кун борми?
Азизим, нима ҳам бердик дунёга,
Бир кунлик тотгани фақат озорми?
Қачон ишонаркан ҳамма Худога,
Ўша кун келарми, ўша кун борми?
***
Битта чолни кўрдим саҳрода,
Пешонаси ялтирар тердан.
Қум титкилаб, иссиқ ҳавода
Тангасини ахтарар ердан.
Қуёш нури сўнгунича то,
Кўринмади йилт этган нарса.
Чол зорланди: “Топиб бер, Худо,
Шу тангамни, иложи бўлса.
Наҳот шундай чорасиз қолсам,
Мўъжиза қил, тангамни топай.
Шубҳа уйғотмагин ушбу дам,
Борлигингга буткул ишонай”.
Бир чеккада йиғлайман тинмай,
Кўз олдимдан кетмайди бу ҳол.
Наҳот ҳозир тангасин топмай
Яратгандан юз ўгирса чол.
Қўрқиб кетдим, ахир кекса жон,
Юрагимдан ўтди бир туйғу.
Битта танга отдим чол томон,
Сени йўқ деб ўйламасин у.
Кимёгар дўстимнинг ўйлари…
Сунъий гул ясаб тонгда
Бироз хаёлга толдим.
Унда бол излаб келган
Арини кўриб қолдим.
Буни узоқ ўйладим,
Тажрибам тугагунча.
Шеърда икки оғиз гап
Илмда кенг тушунча.
Ўйладим, моддаларнинг
Бирлашуви бир чақа.
Қандай бирлашган экан
Тошлар билан тошбақа.
Ишонмадим муҳаббат
Кўнгилда яшар деса.
Билмадим, севиб қолиш
Фанда қандай ҳодиса?
«Бағритош» деди бир қиз,
Ошиб кетгандим ҳаддан.
Туни билан ўйладим
Кўнглим қайси моддадан?
Билмас эдим не учун
Кўзимга ёш тўлишин.
Бир томчи ёш қуримай
Қаерлардан келишин.
Менинг гуноҳим қайда,
Қайда менинг савобим?
Гул ясамайман бошқа
Шудир менинг жавобим.
Сунъий гулга термулиб
Йиғлаб, ўй суриб қолдим.
Ахир унда жон берган
Арини кўриб қолдим.
Танга
Ойни-да танга қилдик,
Шарт боғлаган замони.
Менга қоронғу тараф,
Сенга ёруғ томони.
Шундай бўлишавердик,
Ҳазил қилибми бошда.
Кўнглимиз бир эди-ю,
Кўргилигимиз бошқа.
Баҳорни кутиб узоқ,
Етиб қолибмиз кузга.
Учиб кетардик, аммо
Қанот етмади бизга.
Охир ер танга бўлди,
Бўйинг етган замони.
Сенга қай тараф тушди?
Менга сен йўқ томони.
Кураш
Гавжум эди бу галги давра,
Ҳайқирарди тинмай оломон.
Ота кураш тушган шу палла,
Томошага келди ёш ўғлон.
Айёр чиқди рақиби пича,
Кураш дерлар бунинг отини.
Ота ногоҳ оломон ичра
Кўриб қолди зурриёдини.
Шунда ёдга олди ҳар доим,
Фарзандига ўрнак бўлганин.
Кўриб чидолмади ўғлининг,
Кўзи жиққа ёшга тўлганин.
Кўп чиранди, аммо ишонинг,
Етмас эди рақибга кучи.
Ўғил қараб турар – отанинг
Оғриқларга тўларди ичи.
Кўниколмай бу ҳолга сира,
Босолмасди бир дам ғазабин.
Ҳис қиларди ўғил олдида,
Йиқилмоқнинг оғир азобин.
Ахир, айтинг, енгилса, уни
Оқлармиди бир жуфт қора кўз.
Ерда ётган ота ҳолини
Изоҳлашга топиларми сўз.
Ёзгим келмас ҳеч қолганини,
Юрак санчар ўша жойида.
Ахир қулаётган дарахтни,
Кўриш оғир ниҳол пойида.
Юк
Биз томонга келар икки зот,
Олис тоғлар бағирларидан.
Бири ёйдек эгилиб борар
Тўрвасининг оғирлигидан.
Ҳамроҳининг қўли эса бўш,
На юки бор, на бир насаби.
Мунғаярди хомуш негадир
Юк кўтарган шериги каби.
Чиқар эди турфа хил нигоҳ,
Сайёҳларнинг ўнгу сўлидан.
Бари бир хил – ҳориган чолнинг
Тўрвасини олар қўлидан.
Ғамга ботар эди бундай пайт,
Йўлдошининг қорачиқлари.
Оғирлашиб борарди унинг
Чап кўксида турган юклари.
Ўтиб борар одамлар тўп-тўп,
Ортда қолар сарғайганча йўл.
Наҳот улар битта кўнгилни
Кўтаришга узатолмас қўл?!
Каркидон
Яшашнинг қизиғи қолмаган гўё,
Тумшуғидан сизиб оқаётир қон.
Шохидан айрилиб, оломон ичра
Кетиб бораётир битта каркидон.
Ҳеч нарса емайди, чиқармайди ун,
Кимсасиз тарафга кетар норози.
Ҳимоя қилгани йўқ бирор қонун,
Шикоят қилгани йўқ бирор қози.
У ёқда муштини кўксига уриб,
Овчи мақтанади ўлжадан сархуш.
Бу ёқда кўзёши қонга қўшилиб,
Каркидон ётади тумшуқлари бўш.
Чорласам, бу тупроқ бегона унга,
Қайдан бошқа манзил топайин шу дам.
Ахир шохи йўқ деб рад этиб турса,
“Ҳайвонот боғи”нинг хўжайини ҳам.
Фил фалсафаси
Қари филнинг танасида,
Яшар эди кўплаб жон.
Қора қарға, ола қарға
Ҳамда кулранг кўрсичқон.
Кўрмагандим – вазминликка
Бир кун ўлим йўлашин.
Кўрмагандим – улканликнинг
Баландликдан қулашин.
Қарға қанот қоқди-кетди,
Сичқон топди бошқа ин.
Ҳарқалай, бу синов эди,
Ярми ёлғон, ярми чин.
Оғир эди бундай ўйлар,
Оғирлашиб кетди бош.
Филнинг ўйчан кўзларига
Тўлиб кетди улкан ёш.
Йўл кўрсатиб тургувчи куч
Ҳайвонда ҳам юрак экан.
Ўзинг билан қолиш учун
Баъзан ўлиш керак экан.
Олапар
Тунда жала урди овулимизни,
Эзғин шовуллади оғилнинг тўри.
Шу кеча…шу кеча бор қўйимизни
Бўғизлаб кетибди лаънати бўри.
Энди нима бўлар, ақлим етмайди,
Отам ҳолсизгина ҳассада юрди.
Сўнгра қари дўстим – Олапаримни,
Менинг кўз ўнгимда аямай урди.
Бечора, кимдан ҳам сўрарди ёрдам,
Чидади, айбдор сезди ўзини.
Балки тушгандирман унинг ёдига,
Фақат мен томонга тикди кўзини.Bobur Elmurod 1
Мўлтираб қарайман кенг далаларга,
Намхуш бедаларнинг бўйи муаттар.
Барини унутдим, лекин… эсимда
Бедазор оралаб кетган Олапар.
Эслайман, Ботиру Ёрилтошларни,
Улар ўша пайтлар муродга етган.
Менинг болалигим бедазорларда
Дўсти Олапарни қидириб кетган.
Бобур ЭЛМУРОД 1989 йил 25 ноябрда Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги Алақўйлиқ қишлоғида туғилган. Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети бакалаврлик ва магистратура босқичларини тамомлаган. «Биринчи китобим» лойиҳаси асосида «Кўзларимдаги дунё» тўплами чоп этилган. 
 
Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @/Behzod_Fazliddin
YouTubeда: Behzod Fazliddin
 

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *