Ёзиш мумкин – яшаса бўлади!

Атоқли шоирларимиздан бирининг китобларини яна бир қур кўриб чиқишга тўғри келди. Вовайло, жилд-жилд “Танланган асар”ларда, нари борса, бармоқ билан санарли бутун шеърлар, ўшаларнинг ҳам бағрида алвон йилларнинг қип-қизил доғлари бор. Очиғи, жуда ғалати ҳолга тушдим. Қисмат экан, шундай ноёб истеъдодлар ўзлари истаб-истамаган ҳолда кишан кийиб яшадилар. Бугуннинг кўзлари билан қараганда, уларни айблаш осон…
Устозлар руҳи безовта бўлмасин. Умуман, адабиётимиз улардан миннатдор, халқ унутмайди. Қолаверса, улар авлодларга ҳаёт ва ижод илмидан аччиқ сабоқ бериб турибди: сўз билан ҳазиллашиб бўлмайди, ижод ўйин эмас!
Ҳозир-чи? Ён-атрофдаги ҳали шоир бўлиб-бўлмай “ўлиб” бораётган бахтиқаро бахтиёрларни кузатиб қўрқиб кетасан. Бу ёнда сафи сийрак сўзсуярлар, у томонда олам-олам сўзсўярлар…
Ахир қандай яшаш керак? Қандай ёзиш керак ахир? Шунда бир ўй андак таскин бергандай бўлади. Узоққа бормайлик, Рауф Парфи бир умр Шоир бўлиб ўтди-ку. Шавкат Раҳмон ҳали ҳам шоир-ку!
Уларни идеаллаштираётганлар томонида эмасман. Аммо адабиёт тарихидаги эътиқоди бутун улуғ адиблар тутумидан уққанимни айтаман: ёзиш мумкин – яшаса бўлади!

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован.