Анор: Ёзаётганимда ўқувчиларимни “кўриб” тураман

2018 йил 7-8 август кунлари Тошкентда ўтган “Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари” мавзусидаги халқаро конференцияда йигирмадан зиёд мамлакатдан ёзувчилар, адабиётшунослар, таржимонлар иштирок этди. Улар орасида Озарбойжон халқ ёзувчиси, Озарбойжон Ёзувчилар бирлиги раиси Анор ҳам бор эди. Бу машҳур ёзувчи анжуманда сермазмун маъруза қилди, бир неча учрашувлар ўтказди.
Мен Анорнинг “Дантенинг юбилейи” қиссасини, ўнга яқин ҳикоясини таржима қилганман. Анжуман кунлари у менга бир неча китобларини туҳфа қилди. Бу китоблар орасида “Анор” деб номланган китоб алоҳида эътиборимни тортди. У журналист, мусиқачи Натаван Фаигнинг Анор муаллим билан суҳбатларидан иборат китоби эди. Суҳбатларда турли мавзулар – адабиёт, санъат, иқтисодиёт, сиёсат, тарих, миллий анъаналар, инсонийлик, дўстлик, муҳаббат, оила – хуллас, ҳаётнинг деярли барча жабҳалари қамраб олинган. Ушбу суҳбатлар кўнглимга ўтиргани, ўзбек ўқувчилари учун ҳам муҳим деб ҳисоблаганим боис улардан айрим парчаларни таржима қилдим.

Таржимон

– Анор муаллим, инсон ўзининг таржимаи ҳолида ҳаётидаги барча ўзгаришларни, хусусан, маънавий бурилишлар қачон, кимнинг ёки ниманинг таъсирида рўй берганини ҳар доим ҳам аниқ ифода қила олмаслиги мумкин… Сиз ёзувчи бўлганингизни қачон англагансиз?

– Менинг ҳаётимда бунинг, яъни келажагимни белгилашнинг аниқ санаси бор – 1952 йилнинг ёзи. Ўшанда биз Шушада дам олаётган эдик. Шаҳар боласи (мен 14 ёшда эдим) сифатида биз – мен ва синглим Бокуни соғиндик. Қисқаси, у ерда бироз зерикдик. Шунда отам чалғитиш, нима биландир банд қилиш мақсадида бизга машғулот топиб берди. “Қаранглар, атрофда қанча янгича таассуротлар, – деди у. – Нотаниш одамлар, бошқача табиат, шуларни тасвирлашга ҳаракат қилинглар. Балки бу кундалик бўлар ёки бош­қа нарса, бу ўзингизга боғлиқ.” Шундай қилиб, бизга эрмак топилди. Синглим ҳеч нарса ёзмади, мен эса ёза бошладим. Қизиғи шундаки, Шуша ҳаёти, атрофдаги воқеалар, табиат манзаралари ҳақида эмас, Америка ҳақида ёздим. Бир композитор ҳаёти тўғрисида. У жиддий музикалар ёзади, аммо оиласини боқолмайди. Шу боис енгил-елпи музикалар ёзишга, бугунги тил билан айтганда, шоу-бизнесга берилиб кетади, у пайтда бу термин умуман йўқ эди. Ана шу енгил музикалар билан шуҳрат қозонади, аммо ўзини, ижодини, оиласини барбод қилади… Бу детективга ўхшаган нарса эди. Албатта, уни ҳақиқий асар дейиш қийин, жуда содда ва жўн бир нарса эди.Anor Ozarboyjon

– Романми?

– Йўқ, пьеса эди. Қайтараман, ўта жўн эди. Чунки мен Америкада бўлмаган эдим, Америка тўғрисида ҳеч қандай таассуротим ҳам йўқ эди. Барча асосларим совет пропагандаси бўйича, яъни ўша пайтда газеталаримиз Америка ҳақида нималар деб ёзган бўлса, шунга таянган эдим. Пьесани тугатиб отам, онам ва синглимга ўқиб бердим. Ўша оқшом ҳозир ҳам кечагидай эсимда. Биз айвонда ўтирардик. Пьесани ўқиб бўлгач, отамга қарадим. Унинг ўша пайтдаги қиёфаси ҳамон кўз ўнгимда: унда ҳайрат, қувонч, афсус – барчаси мужассам эди. Отамнинг ана шу қиёфада айтган сўзлари бир умр эсимдан чиқмайди: “Мана, сен ҳам ёзувчи бўлдинг…” Гарчи менинг ёзган нарсам ҳақида бундай хулосага келиш қийин бўлса-да, у айнан шундай деган эди. Биласизми, отам бу гапни кўпроқ афсус оҳангида айтганди, чунки ёзувчи меҳнати нақадар машаққатли эканини у яхши биларди.
Эҳтимол, ўша куни менинг кейинги тақдирим – ҳаёт йўлим ҳал бўлгандир. Шундан кейин мен кетма-кет ҳикоялар ёза бошладим. Дарвоқе, ўша кунлари Шушада “Икки денгиз” деган ҳикоя ҳам ёздим. Бу ҳикоя мен учун шундай қадрли эдики, уни яқинда нашр этилган олти жилдли китобимга киритдим… Отам менинг ёзганларимни матбуотга беришга узоқ вақт қаршилик қилди. Мен ёзганларимни унга ўқиб берар ва ҳар гал бир гапни эшитар эдим: “Матбуотга бериш шарт эмас, ҳозирча шарт эмас”. Қачонки, “Ўтаётган йилнинг сўнгги кечаси” ҳикоямни ёзганимдан кейин: “Мана буни матбуотга берса бўлади”, деди. Ҳикоя “Озарбойжон” журналида чоп этилди. Шундай қилиб, ушбу журналнинг 1960 йил декабрь сонида менинг иккита ҳикоям – “Ўтаётган йилнинг сўнгги кечаси” ва “Байрамни кутиб” эълон қилинди. Мен бу ҳикояларни деярли барча китобларимга киритганман. “Ўтаётган йилнинг сўнгги кечаси” кўплаб тилларга таржима қилинган, бир неча марта экранлаштирилган, Москва телевидениеси орқали ҳам намойиш қилинган. Қисқаси, ёзувчилик фаолиятим ана шундай бошланган.

– Жанрларнинг яроқлилик муддати бор – роман ўз умрини ўтаб бўлди, дейишади. Бугун қайси жанрга талаб кучли? Севги бестселлери, енгил-елпи тарих ёки детектив асарларга эҳтиёж борми? Масалан, тарихий роман оммани қизиқтирмайди. Сиз шу фикрларга қўшиласизми?

– Йўқ, қўшилмайман. Роман жанри қайтадан туғилмоқда, холос. Айтайлик, Апулейнинг “Олтин эшак” асари романми? Роман. Ёки Сервантеснинг “Дон Кихот”и романми? Роман. Ахир, улар бир-биридан гўзал асарлар-ку! Толстой, Достоевский романлари-чи? Уларни “Дон Кихот” билан қандай умумийлик бирлаштириб туради? Ёки Пруст романлари билан Бальзак ёхуд Золя романларида қанақа умумий яқинлик мавжуд? Демак, роман жанри янгиланмоқда, яъни модернизациялашмоқда. Эҳтимол, бугун дунёда ҳозир мен санаб ўтган даҳо ёзувчилар таланти каби кенг кўламли истеъдодли ёзувчилар йўқ бўлса керак (мен Прустни Бальзак ва Толстой қаторидаги ёзувчи деб биламан). Аммо бу роман жанри умрини ўтаб бўлди, дегани эмас. Бир вақтлар роман жанри ўлди, деган фикрлар урчиганди. Эсингиздами, “янги роман” оқими пайдо бўлганди, Натали Саррот, Ален Роб-Грийе, Мишель Бютор унинг намояндалари эди. Хўш, нима бўлди? Улар жаҳон адабиётида енгил шабада каби хира бир саҳифани ташкил этди, холос. Бироқ адабиётда туб бурилишлар, ўзгаришлар қила олгани йўқ, олдинги асарлар, мавжуд анъаналар устига чизиқ торта олмади, эксперимент сифатида пайдо бўлди ва шу даражада қолиб кетди. Роман жанрини кўмишди ва кўмишмоқда, аммо роман яшамоқда! Чунки муҳаббат ҳеч қачон қаримайди, рашк ҳеч қачон эскирмайди. Ҳаёт мазмун-моҳиятини излаш ҳеч қачон долзарблигини йўқотмайди. Роман ўзининг кенг кўлами билан бу борада алоҳида маъно-мазмунни излаш ва топиш учун ғоят ажойиб имкониятлар яратади.

– Шундай эски бир ҳазил бор: агар юз миллион маймун ёзув машинкаси олдига ўтқазиб қўйилса, бир кунмас-бир кун улардан бири “Уруш ва тинчлик”ни ёзиб ташлайди. Горький ҳам ҳар қандай одамни ёзишга ўргатиш мумкин, деган.

– Билмадим, Горький бу фикрни қай ҳолатда айтган. Албатта, бу тўғри эмас. Аммо, афсуски, баъзан ҳаёт бу фикрни тасдиқлайди. Эҳтимол, Горький бу гапни Лениннинг “ҳар қандай ошпаз ҳам давлатни бошқара олади”, деган фикрини бироз ўзгартириб айтмоқчи бўлгандир. Совет даврида бир беъмани шиор бўларди: “Ишлаб чиқариш илғорлари – адабиётга!”. Бошқача айтганда, агар сен яхши тракторчи, слесарь ёки токарь бўлсанг бас, ёзув столига ўтириб бемалол роман ёзишинг мумкин. Ўша йиллари ана шу шиор остида адабиётга “кириб келганлар” кўп эди. Ана шу эҳтимоллик назарияси туфайли уларнинг орасидан ҳақиқий талантлар чиқиб, чинакам ёзувчилар ҳам пайдо бўлган. Бугунги кунда, менинг назаримда, ҳар ҳолда очиқ бўлмаса-да, шунга ўхшаш шиор борга ўхшайди, яъни: “Пулдор одамлар – адабиётга!”. Бошқача айтганда, агар пулингиз бўлса, китобингизни нашр этиш учун имкониятингиз бўлса, нима учун китоб ёзмаслигингиз керак! Балки ана шу жараёнда – хира оқимлар ичидан бир-иккита талантли муаллиф чиқиб қолаётгандир, ахир, ўша эҳтимоллик назарияси ҳамон мавжуд-ку. Ҳамма нарса бўлиши мумкин. Аммо мен ёзувчи бўлиш бахти ҳаммага ҳам насиб этиши мумкин, деган фикрдан йироқман. Инсон ишлаб чиқаришда қандай улкан ютуқларга эришмасин, қанчалар кўп бойликка эга бўлмасин, у ҳақиқий ёзувчи бўла олади, дегани эмас, булар мутлақо бошқа-бошқа нарсалар… Ёзувчилик истеъдоди мусиқачи, спортчи, хирург ва бошқа шунга ўхшаш касблар қатори ноёб нарса, Оллоҳ томонидан берилади. Графоманлар ҳеч қачон ҳақиқий ёзувчи бўла олмайди.

– Ижодий кризис ёки ижодий пауза нима? Уни қандай изоҳлаш мумкин, фикрнинг тугашими, чарчашми… Нима?

– Очиғини айтсам, билмайман. Шунга қарамай, менда қандайдир пауза рўй берса “жонкуярларимиз” дарҳол Анор ижодида кризис бошланди, деб айюҳаннос солишади. Лекин мен ижодимда бирон марта ҳам кризис бўлганини сезганим йўқ. Ижодий кризис ижодкорнинг айтадиган гапи, ёзишга мавзуси қолмаганда пайдо бўлади. Менда, Худога шукр, мавзу ҳам, сюжет ҳам, ўйлар ҳам – ҳаммаси бор ва кўп. Пауза масаласи эса ишимнинг характеридан келиб чиққан ҳолда ижодимга етарли даражада вақт ажрата олмаётганим билан боғлиқ. Бу ҳақда бир неча марта айтганман. Такрор бўлса-да, яна айтмоқчиман: мен бир кунда қиладиган ишларимни олдиндан соатма-соат ёки дақиқама-дақиқа бўлиб чиқа олмайман. Ҳар қандай ишни маълум график, режа асосида қилиш мумкиндир, аммо ижодни бу қолипга солиб бўлмайди. Дейлик, мен эртага фалон соатда роман ёзаман, пистон соат орасида Ёзувчилар бирлигида ишлайман ёки фалон соатда қайсидир йиғилишда бўламан, ундан чиқиб уйга келиб романимни ёзишда давом этаман, деб аниқ айта олмайман… Ҳажм жиҳатдан йирик асар ёзиш учун камида икки ой ҳамма нарсадан узилиб, бошқа ҳеч нарса билан шуғулланмай ишлашим керак. Ҳеч ким, ҳеч нарса халақит бермаслиги лозим. Афсуски, бундай имконият тобора камайиб бормоқда. Шунинг учун бундай паузалар менда тез-тез бўлиб туради, бироқ кризис, шукрки, ҳозирча рўй бергани йўқ.

– Анор муаллим, Сиз компьютерда ёзасизми?

– Ҳа, айниқса, биз лотин алфавитига ўтканимиздан кейин, очиғини айтаман, лоақал бир саҳифани хатосиз ёза олмайдиган бўлиб қолдим. Компьютерим лотин алифбосида. Бу ишни жуда енгиллаштиради. Агар ёшлигимда компьютер бўлганида, эҳтимол, бундан-да кўпроқ ёзган бўлармидим.

– Баъзан ўйлайман, ўша пайтларда докторлик диссертациялари, роман-эпопеялар қанчалар машаққат билан ёзилган экан. Дўзах азоби…

– Нимасини айтасиз… Биласизми, компьютер пайдо бўлгунича менинг иш тартибим қандай эди? Аввал қўлда ёзардим, кейин уни қора қоғоз қўйиб машинкада кўчирардим. Сўнгра уни машинкачига берардим, у бошқатдан кўчирар, мен яна бошдан охиригача ўқиб чиқардим… қанчалар машаққат.

– Сиз кимсиз – ўз фикрларингизни баён қилувчими ёки қоғозга туширувчими, муҳаррирми?

– Фикрларимни қоғозга туширувчи бўлсам керак. Гоҳида фикр тезлигига қўл ҳаракати етолмай қолади. Баъзан фикр ёпирилиб келади, уни қоғозга туширишга улгурмай қолади киши ва оқибатда гоҳида айрим фикрлар йўқолиб қолади. Шунинг учун баъзи ҳолларда диктовкани ишга соламан, яъни диктофонга гапираман. Бундай ҳол кўпроқ тунда, чироқ ёқиб ёзиб ўтирмаслик учун қилинади. “Тунги ўйлар” асосан шу тахлит ёзилган.

– Шу ҳақда сўрамоқчи бўлиб тургандим.

– Бу китоб 40 йиллик ўй-хаёллар маҳсули. Бу қайдларни мен умр бўйи ёзиб келганман, аммо бир кун келиб китоб ҳолида нашр этиш сира хаё­лимга келмаган. Табиийки, бу қайдлардаги фикр­ларга, воқеаларга қарашим бугун бўлакча, лекин улар ўзига хос кундалик. Ахир, улар қаерда, қайси ҳолатда, қандай фикр келган бўлса, нимани кузатиш чоғида туғилган бўлса – ўшандайлигича ёзилган.

– Анор муаллим, Сиз ғирт шаҳарликсиз, шундайми?

– Тақдир шундай экан, умр бўйи шаҳарда яшадим. Суҳбатимиз аввалида 14 ёшлигимда Шушада зерикканим, шаҳарга кетгим келгани ҳақида айтган эдим. Ҳозир эса у ерда лоақал бир ойгина яшаш учун умримнинг ярмини беришга тайёрман. Нега бу ҳақда сўраб қолдингиз?

– Чингиз Айтматов: “Анор асосан ўзига яқин бўлган шаҳар интеллигенцияси ҳақида ёзди ва ёзмоқда”, деган эди. Умуман, ёзувчи замондошларига мўлжаллаб ёзадими? Ёки…

– Мен ўз ўқувчиларимни аниқ тасаввур қиламан. Бошқача айтганда, ёзаётганимда уларни “кўриб” тураман. Биринчидан, уларнинг қиёфасини ўзимнинг яқинларим – оила аъзоларим, дўстларим, ҳамкасбларим сиймосида кўраман ва ёзаётганимда уларнинг асаримга муносабатини, баҳосини тасаввур қилишга ҳаракат қиламан. Шу билан бирга, мен шахсан танимайдиган минглаб, балки миллионлаб китобхонларни “кўраман”. Уларнинг ҳаммаси бўлмаса-да, муайян қисми менинг ёзишимни кутишини, китобларимни олишини, ўқишини, қўнғироқ ҳам қилишини биламан.

– Мен шарқчи ҳам, ғарбчи ҳам эмасман, дунёчиман, деб ёзганингизни ўқиганман. Сиз жаҳон одамисиз, шундайми?

– Ҳар қалай, шундай бўлишга ҳаракат қиламан. Замонавий прагматизмнинг маънавий қадриятлари билан Шарқ ва Ғарб маданиятини уйғунлаштириш ёқади менга. Назаримда, айнан мана шу ҳолат жаҳонда адолат ўрнатиш ва ривожлантиришнинг, инсониятни комилликка элтишнинг универсал асоси бўлиб кўринади. “Дунё фуқароси” деган тушунча бор. Албатта, мен бу тоифага мансуб эмасман. Бу шарафга, айтайлик, Ростропович эришган эди. Чунки у бутун дунё бўйлаб гастролда юрар, ҳамма жойда уни олқишлар билан кутиб олишарди. Менда бундай имконият йўқ. Бу гапни мен ўзимни мутлақ Шарқ ёхуд Ғарб ёзувчиси, деб ҳисобламаганим учун айтаяпман.

– Сиз китобни электрон шаклда ўқийсизми?

– Йўқ. Нашр қилинган ҳолда ўқийман. Китоб ўқиш мен учун, айтишим мумкинки, муқаддас иш. Китобни жавондан олиш, уни варақлаш, ўқиш, сўнг яна жойига қўйиш – бу ниҳоят завқли, ҳузурбахш иш.

– Нима деб ўйлайсиз, компьютер нутқимизга таъсир қилдими?

– Албатта. Наинки нутқимизга, психологиямизга ҳам, тилимизга ҳам таъсирини ўтказди… Оддий инсоний сўзлашув истеъмолдан чиқиб кетганга ўхшайди. Ҳар хил эсэмэслар тилимизни хароб қилди, биз бунинг гувоҳимиз. Тан оламан, булар мен учун бошқа дунё. Менинг невараларим эса уларни шундай ўрганиб олганки, гўёки она қорнидан шуларни ўрганиб тушгандай туюлади менга. Ишонасизми, Озарбойжонда энг кейин мобил телефон олган одам, эҳтимол, мен бўлсам керак. Имконим борича қарши бўлдим, охир-оқибат тушуниб етдимки, бусиз иложи йўқ экан. Шунда ҳам телефондан фақат ким биландир гаплашиш мақсадида фойдаланаман. Тамом! Невараларим-чи, ёзади, чизади, суратга олади, мусиқа эшитади, эҳҳе, яна нималар қилмайди дейсиз. Мен эса “саводсиз” бўлиб юрибман.

– Ижозатингиз билан маънавий-ахлоқий мавзуда суҳбатлашсак. Масалан, тўйлар ҳақида. Озарбойжонликлар тўйга алоҳида эътибор беради. Ўзаро суҳбатларда танишлар ҳам, унча таниш бўлмаганлар ҳам бир-бирига топганингиз тўйга буюрсин, тўйларингизга, шодликларингизга борайлик, деб тилак билдиради. Айниқса, кейинги йилларда бу нарса авжига чиқиб кетди. Гўёки инсоннинг асосий вазифаси тўй қилишдан иборат. Бу одамларда, айниқса, хориждан келганларда озарбойжонликлар учун инсонийликнинг энг юксак чўққиси тўй билан белгиланар экан, деган тушунча пайдо қилиши мумкин. Нега бундай, дабдабабозликка ўчлик қаердан, қачон пайдо бўлган халқимизда?

– Бу халқ характеридан келиб чиқади. Тан олишимиз керак, биз тантанани яхши кўрамиз. Ўйин-кулги, рақсга тушиш жони-дилимиз. Бу – битта сабаб. Яна бир сабаб, менингча, халқимиз бошидан кўп қийинчиликларни ўтказган, ана шу машаққатли кунларни унутиш, бироз бўлса-да, ўзини чалғитиш, кўнглини яйратиш учун тўйлар, турли тадбирлар ўйлаб топган. Кейин-кейин бу урф-одатга айланиб кетган. Учинчи сабаб – пул топиб ақл топмаганларнинг ўзаро “мусобақаси”, яъни кимнинг тўйи қай даражада дабдаба билан ўтди, кимнинг тўйига қанча меҳмон келди, шулар билан мақтаниш. Хуллас, сабаблари кўп.

– Ёзувчи, айниқса, машҳур ёзувчи билан суҳбатда хотин-қизлар мавзусини четлаб ўтиш мумкин эмас. Муҳаббат – ҳаёт ғилдирагини айлантирувчи механизмми ёки…

– Йўқ, ҳеч қанақа механизм эмас. Муҳаббат – неъмат. Усиз ҳаёт йўқ. Бир операда айтилганидек, “ҳар қайси ёшда ҳам севги керак”, у доимо долзарб, ишонинг, ҳақиқий севги шундай бўлади.

– Анор муаллим, менинг назаримда икки хил турмуш тарзи борга ўхшайди: зиёли-юксак ахлоқли ва оддий инсоний. Сизнинг турмушингиз қайси тоифага мансуб?

– Бу ҳақда мен бир вақтлар ёзган эдим. Ёзувчи бўлиш қийин, ёзувчининг хотини бўлиш ундан ҳам қийин, аммо ёзувчи аёлнинг эри бўлиш ҳаммасидан оғир. Биласизки, ёзувчи ҳар доим ўзининг хаёллари билан юради, гўёки параллел дунёда яшаётгандай. Бунга ҳамма аёл ҳам чидай олмайди. Оила мунтазам яқин мулоқотни талаб қилади. Мен буни яхши тушунаман ва оилам учун вақт ажратишга доимо ҳаракат қиламан. Менинг аёлим мусиқачи. Эр-хотин қизиқишининг яқинлиги оила мустаҳкамлигида муҳим аҳамиятга эга. Шунга қарамай унинг ўз дунёси (касб нуқтаи назаридан) бор, менинг ўз дунём бор. Балки, энг асосий нарса буни тушуниш ва бир-бирига халақит бермасликдадир. Менинг назаримда, оила мустаҳкамлигининг асосий омили шу бўлса керак.

– Шундай “ҳикматли сўз” бор: агар хотининг фаришта бўлишини истасанг, унинг учун жаннат ярат.

– Унинг фаришта бўлиши шарт эмас. Садоқатли дўст бўлса бас. Фаришталарни тинч қўяйлик, улар осмонда юраверсин.

– Анор муаллим, бугунги ёзувчилардан ким келажакда Сизнинг ўрнингизни эгаллаши мумкин? Мен шон-шуҳрат, обрў-эътибор, нуфуз ва истеъдоднинг кенг қамровлилигини назарда тутмоқдаман.

– Жуда кўп сабабларга кўра бу саволга жавоб бериш мушкул. Кимдир менга ўхшар, яна кимдир мендан ҳам яхши ёзар (ва бошқа жиҳатлар бўйича ҳам), бошқа биров мутлақо бошқача бўлар. Ҳамма гап сенинг ўзинг яшаб турган замонга қанчалар кераклигингга боғлиқ. Шунинг учун сиз айтгандай, келажакда менинг ўрнимда ким бўлиши мумкинлигини бугун айтиш қийин. “Мен – ёзувчиман” деб унинг ўзи эмас, балки келгуси авлодлар айтиши керак унинг қандай ёзувчи бўлганини.

Русчадан М. ҲАЗРАТҚУЛОВ таржимаси.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасидан.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 78

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *