Юрагимдан бошқа жойга сиғмаяпман

***
Томоқларим қуриб кетди – чўллаяпман,
Ўзи, дилни қай кўлмакда ҳўллаяпман?
Мен бу галги баҳорни лол этмоқчийдим,
Она, бугун сочингизда гуллаяпман.
Ишонгандим, кўзлар мени сотиб кетди.
Аямади – сўзлар мени отиб кетди.
Дардим бор-ку, нега бунча дудуқландим,
Забонимни тўтиқушлар ютиб кетди.
Юзларимда муҳаббатнинг сўқмоқлари,
Дунёларни ёқмайдими чақмоқларим?
Тупроқ эдим, тупроқларга ботиб кетдим,
Гуноҳларим ўсаяпти, гуноҳларим.
Тутаб-тутаб кўк бағрини тиғлаяпман,
Юрагимдан бошқа жойга сиғмаяпман.
Кўксимдаги оғриқларим ёлғонмиди,
Осмонларни йиғлатолмай йиғлаяпман.
Она, менга нима бўлди?!
 
ЖОНИМ
Ўт ичида яшаш осонми, Жоним,
Нечуксиз? Жонингиз омонми, Жоним?
Айириб қўйишди йўлларимизни,
Одамлар шунчалик ёмонми, Жоним?
Кўнгилнинг юртидан кетиб бўлмайди.
Синовсиз манзилга етиб бўлмайди.
Ахир, муҳаббатнинг кўчаларидан
Юракка тош солиб ўтиб бўлмайди.
Ер, Само биз билан, қисинмайдилар,
Ўткинчи кучларга бўйсунмайдилар.
Тушуниб турибди Худойим бизни,
Нега бандалари тушунмайдилар?!
Одамлар шунчалик ёмонми, Жоним?..
 
ҚАЧОНЛАРДИР…
Қачонлардир мен ҳам Одам бўлганман,
Қачонлардир мен ҳам фаришта эдим.
Шу пайтгача Ҳаво сўраб келганман,
Бугун ҳузурингга Нур сўраб келдим.
Нимага ўзимга ҳушёр эмасман,
Қара, лаҳзаларим бормоқда синиб.
Наҳот, ёрилишга тайёр эмасман,
Наҳот, яшайвериш керак хўрсиниб?!
Нурлар тушмайдиган жойда қолганман,
Яна Ойга қарат, Қуёшга қарат.
Тўкилиб бўлганман, тугаб бўлганман,
Мени тупроққа сол – қайтадан ярат.
Қачонлардир мен ҳам Одам бўлганман…
 
***
Нафас олишга ҳам хоҳишингиз йўқ,
Тирикка ўхшамас туйғуларингиз.
Билмасдан, кўзимга отаяпсиз чўғ:
Мени уйғотмоқда уйқуларингиз.
Учиб кетган қушлар қайтиб келмайди,
Яшашга кунлардан шартлар сўрадим.
Майда дардлар мени Одам қилмайди,
Умримни энг буюк ғамга ўрадим.
Ўткинчи шамоллар қўрқитмай қўйди,
Дарахтлар бағрида гувиллайвердим.
Юрагимга тегиб қуёшлар куйди,
Қишларга тан бермай ловуллайвердим.
Юмуқ кўзларингиз очиқ кетмоқда,
Мен ҳозир Ўзимни топиб оламан.
Тасодиф бўлиб сиз уйғонган чоғда,
Кўзларимни аста ёпиб оламан…
 
Беҳзод ФАЗЛИДДИН
“Ҳуррият” газетаси, 2006 йил 16 август.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *