«Ютқазмадим, ютмадим ҳам»

Адабиётшунос Мирзааҳмад Олим билан суҳбат

I. ИБТИДО

– Фаррух, сиз Бухорога келиб, «JannatMakon» журнали учун суҳбат уюштирмоқчи эканингизни телефон орқали айтганингиздан кейин, биласизми, нималарни ўйладим? Келинг, айримларини айтай: – «Эҳ, Фаррух, Фаррух… Нега суҳбат учун мени танладингиз-а? Журналнинг айрим сонларини ўқидим. Унда чиққанларнинг кўпи – биздан кўра машҳурроқ, ҳаётда кўп орзуларига эришган, кўп имкониятларини юзага чиқара олган, руҳияти соғлом одамлар. Мен бу андазаларга унча мос келмайман. Менда кўзни қамаштирадиган шуҳрат ҳам, қўша-қўша даражаю унвонлар ҳам, турли халқаро танловларнинг диплому ёрлиқлари ҳам йўқ. Мен одатдаги қолиплар билан қараганда бир фан номзоди, доцентман; Бухоро давлат университети ва вилоят педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти мударрисиман; ҳар неча йилда ўн-ўн бешта ғазал ёзадиган бир ҳавасманд шоир ва Абдулла Ориповнинг номаълум одамига ўхшаган ўзига хосроқ шахсман, холос».

– Мирзааҳмад ака, лекин биз Сизни барибир ўз соҳасида тинимсиз изланаётган, мустақил нигоҳга эга, бир-бирига ўхшамаган китоблар яратаётган, қизиқиш доираси кенг адабиётшунос, тўғрироғи, филолог олим сифатида биламиз.

– Тўғри, республика матбуотида, Россия ва Эрон журналларида анча-мунча илмий мақолаларим, адабиётшунослик ва тилшуносликка оид китобларим, шеърий тўпламим чоп этилган. Аммо Тошкент давлат университетининг ўзбек филологияси факультетида ўқиб юрган ва уни битирган вақтларимда орзуларим ҳозирги эришганларимдан баландроқ эди. Аввалига номзодлик диссертациясини Москвага бориб ёқлаш ва фикримни ўша минбардан туриб ифодалаш истаги билан пайт пойлаб юрдим. Шу мақсадда Москвага – Максим Горький номидаги Жаҳон адабиёти институтига қайта-қайта бордим ҳам. Лекин ўзим уларнинг талабларига тўлиқ жавоб беролмадим, шу ҳолимда истиқболни ўйлаб мени қўллайдиган одам тополмадим. Бундайроқ бирор ишга илиниб бўлса-да, Москвада қолмоқчи бўлдим. Лекин молиявий-иқтисодий муаммолар, яшаш жойи масаласи ҳар қадамда бўғзимдан олаверди. Оилада тўққиз фарзанд эдик. Дадам: «Ўғлим, Тошкентда бўлсангиз, бизлар сизга ажрата оладиган пулга ҳам бориб-келасиз, ҳам бир-икки ой яшайсиз, Москвада бўлсангиз, ўша пул фақат йўл харжингизга кетади. Ўйлаб кўринг», дедилар. Мен қанча вақт, қанча энергия, қанча маблағ сарфлаб, бошимни эгиб натижасиз қайтиб келдим (лекин пушаймон қилмайман: нималарнидир кўрдим, ҳаётий тажриба тўпладим).
Кейин Олий аттестация комиссияси низомида тўғридан-тўғри докторлик диссертациясини ёқлаш мумкинлиги ҳақидаги моддани топдим. Шундай қиламан ва ерпарчин бўлган репутациямни тиклайман, деб ўйлаб, уч-тўрт йил қаттиқ ишладим. Номзодлик диссертацияси учун тасдиқланган «Ҳозирги ўзбек адабиётида пафос муаммоси» мавзусида тўртта катта бобдан иборат, 300 бетдан ортиқроқ ҳажмдаги бир иш ёздим. Йирик адабиётшуносларимиз Бахтиёр Назаров, Нажмиддин Комилов, Баҳодир Саримсоқов, Наим Каримов, Тўра Мирзаев, Эрик Каримов, Салоҳиддин Мамажоновга ўқитиб олдим. Улар ишни маъқулладилар, лекин тўғридан-тўғри докторлик диссертацияси сифатида муҳокамага қўйиш масаласига келганда ҳеч ким мени қўллаб-қувватламади. Наим Каримов домла бундан бирор натижа чиқариш қийинлигини ётиғи билан тушунтирди. Нажмиддин Комилов билан раҳматли Ғайбулла Саломов: «Бошқа томонлари ҳал бўлса, ҳамма расмий жараёнларга бориб, тоғдай бўлиб ўтирамиз, ҳимоя қиламиз», дейишди. Қолган баъзилар: «Олдин буни номзодлик диссертациясининг ҳажмига солиб келсин», деб зарда билан ишни кимлардир орқали қўлимга қайтариб беришди.
Мен осмоний интилишлари ернинг ҳавосини олган катталар томонидан маъқулланмаган, қадрланмаган ёш бола каби, чизган сурати шляпа эмас, филни ютган илон эканини катталарга тушунтиролмай хуноб бўлган Кичкина Шаҳзода каби (Антуан де Сент-Экзюпери) аразладим. Икки йил ишни ташлаб қўйдим. Сўнг Тил ва адабиёт институтининг собиқ директори, филология фанлари доктори, профессор Тўра Мирзаев мени уришиб, муросага чақирди, «150 бетча қисмини номзодлик диссертацияси сифатида ёқла, у ёғига худо – подшоҳ», деди. Истар-истамас номзодлик диссертациясини ёқладим…
Буларнинг ҳаммаси айтишга осон, Фаррух. Шу йиллар давомида мен қисмат билан олишдим. Бир ватанли, яъни уй-жойли бўлгунча мусофирчилик, уйсизлик машаққатларини бошдан кечирдим; худонинг нури акс этган минг бир хилқатга нигоҳим тушиб кўзларим тинди, кўпинча улардан оддий бир меҳрни, эътиборни ҳам тополмай эзилдим; одамни фақат тайёр андазалар билан, умрни реал амалий ютуқ билан ўлчайдиган қанча одамларнинг наштардан ҳам баттарроқ таъна-маломатларига нишон бўлдим; гоҳо кўнгилдаги дардларимни айтишга бир ҳамдард ҳам тополмадим; гоҳо асабийликдан, турмуш йўлга қўйилмаганидан соғлиқ издан чиқди… (Султони Соҳибқирон узугига ёздирган «Ин ҳам мегузарад» («Бу ҳам ўтади») деган сўзларда ҳикмат кўп экан.) Шу боис башар тарихини игнанинг кўзидан ўтказиб, нимадир хулосаларга келган, Наполеон бўлишни орзу қилиб ишга киришган, лекин сариқ чақалик ютуққа эришолмай ўзини қора курсида кўрган Родион Раскольниковнинг (Фёдор Достоевский, «Жиноят ва жазо»), қалби ва имкониятларини энг зор вақтида ҳис этмагани учун энди унга кулиб боқаётган дунёдан ҳам воз кечган Мартин Иденнинг (Жек Лондон, «Мартин Иден»), 83 кун денгизда оч кезиб балиқ овлаган, лекин акуланинг қуруқ суяклари билан қирғоққа қайтган балиқчи чол Сантьягонинг (Эрнест Ҳемингуэй, «Чол ва денгиз»), жаннат мисол деб тасаввур қилинган Америкага бориб, бир неча паразит «жонивор»нинг тўрига илинган ва бу чангалзордан чиқиш йўлини тополмаган Карл Россманнинг (Франс Кафка, «Америка»), не азобда қанча шогирднинг саводини чиқарган, лекин оқибат оёқлар остида хор бўлган Дуйшэн Таштанбек ўғлининг (Чингиз Айтматов, «Биринчи муаллим»), осмонларни орзу қилиб, ўзида шунга яраша нимадир асослар ҳам топиб, охири портлаган поезд вагонлари ёнида қорга кўмилиб қолган Раҳимжон Саидийнинг (Абдулла Қаҳҳор, «Сароб») ва бошқа, ва бошқа юзлаб мураккаб қаҳрамонларнинг дунёсини тушуниш мен учун бироз осон бўлса керак.
Кучлилар, ғолиблар, машҳурлар, соғломлар, бахт, давлат ва омад кулиб боққанлар… Лекин улар ёнида қанча улуғ қадриятларни ўзида ташиган, Худонинг нуридан бебаҳра бўлмаган кучсизлар, мағлублар, тақдир зарбаларига, қазо ва қадар билан боғлиқ ҳақсизликларга дуч келган шикаста қалблар бор. Кўпинча ҳар икки жиҳат бир сиймода тажассум ҳам топади: хор-зорликда умри поёнига етган Исмоил ал-Бухорий, ноқобил фарзанд қутқусига дуч келган Мирзо Улуғбек, ватандан айро тушган Мирзо Бобур, бевақт хазон этилган Моҳларойим Нодира, дор йиғочига бўйнини тутган Бобораҳим Машраб…
Айтмоқчиманки, оламошуб ютуқлар, ғалабалар – яхши нарса. Лекин санъаткор, олим, журналист, ҳар қандай зиёли ва ҳар қандай фикрловчи инсоннинг нигоҳи, таҳлил назари олдида фақат зафарлар эмас, бор бўй-басти билан яхлит олинган ҳаёт тургани яна ҳам афзалроқ. Ҳаёт эса, мен учун энг эъзозли ёзувчилардан бири Габриэл Гарсиа Маркес «Бузрукнинг кузи» романи ниҳоясида ёзганидек, «оғир ва тез оқиб ўтгувчидир, бошқачаси эса йўқ».

II. БИР МУЖИБ САВДОЙИЛИК

– Сиз билан икки-уч кундан бери гурунглашиб сездимки, феъл-атворингизни «мулойимлик тагидаги саркашлик» деб таърифлаш мумкин. Яна, шоирлик табиатидан ҳам бенасиб эмас экансиз. Айтганча, «Барча карвонлар кетибдир» шеърий тўпламингиз эълон қилинган-ку…

– Ҳа, бадиий ижод деган савдойиликдан ҳар ҳолда йўқ эмас. Мактаб даврида шоир бўлиш истагим кучли эди. Чекка қишлоқдан туриб юборган шеърларим «Гулхан» журналида, ёшлар газеталарида ва маҳаллий матбуотда босилиб чиққан. Талабалик даври тугагач, кўпроқ ғазал, баъзан рубоий машқ қилдим. Охирги сафар ижодга ўтирганимда ҳар хил йўлдаги (аруз, бармоқ, сарбаст) шеърлар ёздим. Лекин мен ҳар неча йилда бир чилла ўтириб, насиб этганича шеър ёзаман, кейин неча йиллик самарасиз танаффус бошланади. Энди ҳозир, бир қўлим бўшаса, бадиий ижод билан бир неча йил астойдил шуғулланаман, деган фикрми, хомхаёлми бор.
Хўш, бадиий ижод деган оламга ҳар ҳолда дахлдор бир одам сифатида мен кимман? Қайси йўлдаги одамман? Бунга жавоб тариқасида битта шеъримни келтиришим мумкин:

Ногоҳ тортиб олиб қаламим кимдир,
Мўйқалам тутқизса қўлга, барибир
Мен мольберт ёнидан кетмай бир умр
Ғамнинг суратини чизардим.

Шодон болаликни куйламаган ким?!
Бундай қўшиқларга мафтун бўлиб жим,
Мен гўдак кўзида қотган бир чизим
Намнинг суратини чизардим.

Бир улуғ туйғу бор, мангу сўлмаган,
Эҳ-ҳе, кимлар унга банди бўлмаган,
Мен жонни кул қилиб чўғи ўлмаган
Дамнинг суратини чизардим.

Бир улуғ йўлдир бу – сабринг синовчи,
Гоҳ мункиб йиқилар йўлда йўловчи,
Милтиллаб шунда ҳам кўкка чорловчи
Шамнинг суратини чизардим!
Бадиий ижод билан боғлиқ изланишлар ҳақида ҳозирча бошқа ҳеч нима айтмоқчи эмасман.

III. МАНГУ БЕДОР ДОСТОЕВСКИЙ

– Мирзааҳмад ака, биласизми, бизда ҳам, дунёда ҳам қандайдир достоевскийпарастлик эпидемияси тарқалгандек туюлади менга (худди классик романлардаги наполеонпарастликка ўхшаш). Сиз ҳам бу буюк ёзувчи ҳақида «Қуёш қораймас» номли бир мақола ёзган экансиз, ўз вақтида анча шов-шув бўлган, деб эшитамиз. Бу мавзуда қўлингизга қалам олишга мажбур қилган сабаб нима? Бир даҳо санъаткор ҳақидаги фикрларингизни юбилей муносабати билан айтиб олиш истагими ёки Достоевскийга муносабатингизнинг илдизлари чуқурроқми?

– Иккинчиси асосийроқ, албатта. Достоевскийнинг айрим асарлари билан талабаликнинг I курси тугагач, Россиянинг Новгород шаҳрида қурилиш отрядида юрган вақтимиз танишдим. Бирдан хира кўзларим очилиб, олам ёришгандек ёки болаларча содда, зоҳирий нигоҳим тиниқиб, ботиний нигоҳга айлангандек бўла бошлади. Кейин унинг бошқа асарларини, у ҳақдаги жилд-жилд китобларни изладим, топдим, ўқидим. «Унинг жинниси фақат менмикинман?» деган саволга ҳам жавоб топдим. «Жаҳоннинг энг улуғ олими» дея эътироф этилган Алберт Эйнштейннинг, улуғ файласуфлар Фридрих Ницше ва Зигмунд Фрейднинг, физиолог олимлар Алексей Ухтомский, Иван Павлов ва Владимир Бехтеревнинг, улуғ педагог Василий Сухомлинскийнинг, қанчадан-қанча сиёсий арбоблар, ҳуқуқшунос, криминалист олимлар ва санъаткорларнинг у ҳақдаги юксак эътирофларига шоҳид бўлдим. Бир нарсани билдимки: биринчидан, Достоевскийнинг ашаддий мухлиси бўлганларнинг кўпи XX аср цивилизацияси устунлари ҳисобланади; иккинчидан, Достоевскийнинг номини Ҳомер, Данте, Шекспир, Гёте, Балзак ва Лев Толстой каби даҳолар билан бир ўринда тилга олиш чинакамига уларнинг иззат-нафсига тегиб кетади. Улар Достоевскийни даҳо санъаткор деб эмас, даҳолар даҳоси деб биладилар. «Нега унда инсоният деярли тўлиғича шу фикрда эмас?» деган саволга «Ҳали башарият бу даражага етиб келмаган», дея жавоб берадилар.
Мен ушбу фикрларни ўз кўнглимда бўлган, лекин ҳали пишиб етилиб, сўз либосига кириб улгурмаган мулоҳазалар деб қабул қилдим.
Адашмасам, III курсда ўқирдик, курсдошимиз Нурилла ака Отахонов (Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон) Достоевскийга ихлосимни кўриб, менга Михаил Бахтиннинг «Проблемы поэтики Достоевского» китобини ўқишга берди. Мен китобга шундай маҳлиё бўлиб қолдимки, қайтаришни истамадим. Охири уни Алексей Толстойнинг «Сарсонлик-саргардонликда» романига алмашдик.
Кейин Бахтин билан кенгроқ танишишни бошладим. Унинг қанақа улуғ олим эканини билдим. У ҳақда ҳам ёздим, мақолаларидан таржима қилдим.
Энг муҳими, Бахтин Достоевский яратган ҳаёт моделининг инсоният бадиий тафаккури тараққиётидаги бениҳоя улуғ кашфиёт, асрлар давомида тайёрлаб келинган инқилобий янгилик эканини очиб берган. Буни полифония ёки полифоник тафаккур деб атаган. Одатда ҳар Қандай катта ёки кичик, муҳим ёки номуҳим воқеа-ҳодиса тасвирланса, унинг асосида охир-оқибатда бир кишининг – муаллифнинг умумий дунёқараши, ҳаётга муносабати ётади. Ҳолбуки, ўша воқеа-ҳодисада бир неча онг иштирок этиши мумкин. Энди тасаввур қилинг, ҳар битта онг ўз нуқтаи назарини тўлиқ ифода этиб, ҳар бири ўзаро бир-бири билан ва ҳатто муаллиф нуқтаи назари билан чинакамига олишсин, китобхонга ўз идеологиясини тушунтириш ва юқтиришга ҳаракат қилсин. Дунё дунёлигича, минг бир овози билан кўз олдимизда намоён бўлсин. Достоевский яратган ҳаёт модели ана шу!
Дунё бепоён, нуқтаи назарлар чексиз. Кимдир Достоевский акс эттирган оламни хуш кўрмаслиги, ҳатто унда ўзини ёмон ҳис қилиши мумкин. Лекин шунда ҳам Достоевский яратган ҳаёт модели ўз қадр-қимматини сақлаб қолаверади. Ёзувчини хуш кўрмаган одам ҳам ундан ўрганиб, оламни шундай полифоник акс эттиришга, полифоник тушунишга интилса, ҳаёт ҳақиқати шак-шубҳасиз тўлароқ очилади.
Достоевскийни ўқиш менинг ижодкор бўлиш истакларимга ҳам таъсир қилган. Мен ҳар битта ташвишим учун биттадан хизматкор тайин қилинганда, бор кучим фақат ижодга бахшида этилганда ҳам, Достоевскийдек санъаткор бўлиш мумкинлигига, умуман, бошқа кимнингдир ҳам ўша уфқларга кўтарила олишига ишонмайман. Бу фикрни замонавий рус ёзувчиси Валентин Распутин ошкора, рўй-рост ёзган ҳам.

IV. БИР ПАЛАКДА ҲАР ХИЛ ҚОВУН

– Укалар одатда акаларнинг ортидан эргашади. Оилада кичикларнинг дунёқараши шаклланишида катта фарзандларнинг таъсири кучли бўлади. Аммо бир қориндан талашиб тушган Султонмурод Олим ва Мирзааҳмад Олим шахс сифатида ҳам, адабиётшунос сифатида ҳам бир-биридан кескин фарқ қилади, дейишади…

– Аввало, бир нарсани айтиш керак. Султонмурод акам қайсидир маънода устозларимдан бири бўлади. У кишидан кўп нарса ўрганганман. Лекин, шу билан бирга, болалик ва ўсмирликда, ундан кейинги даврларда дунёмиз бошқа-бошқа бўлганидан талай зиддиятлар келиб чиқди. Мен романтикроқман, мушоҳада тарзига кўра эстетик, ижтимоий мансубиятига кўра аристократик, миқёсига кўра умумбашарий қадриятларга ўчроқман. У киши, назаримда, жуда ҳам ўткир реалист, прагматик, оммапарвар ва, аввало, миллий менталитетдан келиб чиқадиган одам.
У киши билан тўқнашувларнинг ўзидан ҳам кўп азият чекдим. Баъзан ишларим чаппасига кетганида: «Акам барибир менга нималарнидир ўргатган, қарши бораётганим худога хуш келмадимикин», деб ўйладим. Алалоқибат, бир кун қатъий қарорга келиб, оппозицияни тўхтатдим. Акам нимани қандай талқин қилса, зоҳиран маъқулладим, кўпчилик кўзи билан қараганда, ўша нуқтаи назардан у киши ҳақ эканини тан ҳам олдим. Ўз ҳақиқатларимни ўзим учун, ўз даврам учун кўнгилда асрадим. Муносабатлар, назаримда, изга тушди.

V. ОЁҒИМИЗДАГИ ТУШОВЛАР

– Фаҳмлашимча, сиз севган қаҳрамонларнинг кўпчилиги мавжуд қолиплар билан келиша олмайдиган, стереотипларни бузишни, жорий тартибларни ўзгартиришни хоҳловчи образлар. Ўзингиз бугунги муҳитимизда қандай ҳолатлар билан келиша олмаймиз?, янада олдинга кетишимиз учун қандай тушовлар банд этган оёқларимизни?

– Бизда бугун адабиёт ва санъат билан, адабиёт ва санъат илми билан, бошқа гуманитар фанлар ва, келингки, фалсафа билан дунёга чиқишимиз учун имкониятлар кўп. Лекин унга тўғаноқ бўладиган, минг-минглаб онгларга вирус юқтириб улгурган жиҳатларимиз ҳам бор.
Кант ёки Гегелни, Достоевский ёки Фолкнерни, Фрейд ёки Ницшени, Камю ёки Кафкани, Жойс ёки Прустни билмаган ўзбек зиёлилари даврасида улар ҳақида гапирсангиз, нохуш ҳолат юзага келиши мумкин. Сизга истеҳзо қилиб, юзингизга ёки изингиздан «Ҳавойи гапларни гапиргунча олдин номзодлик ёки докторлик диссертациянгни ёзмайсанми?!» дейди, сизни ёт унсурдай билиб ер остидан соянгизни қириб юради. Ахир, сиз бу гапни кимгадир иддао қилиш, кимнингдир иззат-нафсига тегиш учун айтмагансиз-ку! Нега ҳар бир гапни маломатдай қабул қилиш ва унга, уни айтганларга қарши салиб юриши очиш керак?! Бу аҳволда елкамизга офтоб, кўкрагимизга шамол тегиши қийин. Битта мурғак камолга мингта пихини ёрган завол ғайришуурий равишда бирлашиб ҳужумга ўтса, оқибат нима бўлиши аён-ку!
Адабиётшунослик соҳасида ҳам дадилроқ қадамларни хушламаслик ҳолатлари кўп. Бир сафар оддийгина «Навоий ва Бобур ижодида Ренессанс даври белгилари», «Бобурнома»да инсон концепцияси» деган мавзуларда иш ёзиш истаги айтилганда, «Ўриснинг ёки Ғарбнинг катта-катта олимлари қўядиган масалалар-ку булар!» деб эътироз билдиришди. Кўпчилик бир овоздан маъқуллади. Демак, шундай ақида борки, биз кичикроқ, одмироқ масалалар ҳақида ўйлашимиз ва ёзишимиз керак, каттароқ, фундаменталроқ масалаларни катта халқларнинг олимлари ўрганади.
Атроф-муҳит бизни ақлу идрокимизга, қалбу шууримизга, илму ижоднинг ўз пиллапояларида эришган даражамизга қараб баҳоламайди. Қулоғимизга тез-тез чалиниб турадиган баъзи репликаларни айтай: «Сиз қаерда ким бўлиб ишлайсиз? Бошлиқмисиз, ўринбосарми ёки оддий ходимми? Ҳали ҳам ўринбосарми? Кўп қаватли уйда турасизми ёки ҳовлидами? Ҳовлида бўлса – зўр, кўп қаватли уйда – тузук, ижарада бўлса-чи? Ижарада? Даҳшат! Номзод, доцентмисиз ёки фан доктори, профессорми? Чет мамлакатлардан қайсиларида бўлгансиз? Америкада? О, қойил! Машинангиз борми? Маркаси қанақа? Ишқилиб, «иномарка»ми?»
Ижтимоий психология ва ижтимоий онг янги миқёсларга кўтарилмаса, ҳозирча бу лабиринтлардан чиқиб кетиш қийин.
Айтаверсам, гап кўп, Фаррух. Менинг ичим бунақа гаплардан тўлиб кетган. Бир улуғ шоиримиз: «Мен ичимдагини тўлиқ тўкиб солишим учун «Хамса»дай асар ёзишим керак», деган экан. Бунақа гап менга ярашмаску-я, аслида, мен ҳам шундай десам бўлади.

VI. ЯНА БИР ОҒРИҚЛИ МАСАЛА

– Боя айтганингиз – полифоник тафаккур ҳаммага эмас, фақат ўша Достоевскийдек даҳо зотларгагина насиб этади-да. Фаолиятда ҳам шундай: қамровнинг кенглиги юксак истеъдоддан, айни пайтда, одамнинг ожизлигидан бўлиши мумкин. Шу боис ўтмишда яшаган шахсларнинг, масалан, Алишер Навоийнинг ушбу хислатини кўкка кўтариб мақтаймиз-у, замондошимизга торгина бир йўналишда ижод ёки илм қилишни маслаҳат берамиз…

– А, бу яна битта оғриқли масала. Номзодлик диссертациясини адабиёт назарияси ва замонавий ўзбек адабиёти ихтисосликлари бўйича ёқлаганман. Туя гўшти еб ётган докторлик диссертациямнинг мавзуси ҳам адабиёт назариясидан. Университетда жаҳон адабиёти тарихи фанидан ҳамда адабиёт назарияси ва мумтоз адабиётга дахлдор махсус курслардан дарс бераман. Малака ошириш институтида оддийгина «адабиёт ўқитиш методикаси» деб аталадиган фандан кираман, аммо машғулотларимиз адабиёт назарияси, мумтоз ва замонавий ўзбек адабиёти, халқ оғзаки ижодиёти ва жаҳон адабиёти тарихини ҳам қамраб олади. Тайёрлов курсларида эса тилшунослик ва адабиётшунослик фанларининг барча қисмларини ўзим ўтаман. Илмий ишларим ҳам шу соҳаларнинг гоҳ унисига, гоҳ бунисига дахлдор бўлиб кетаверади.
Филологиянинг ўз ичидаги ихтисосликлар масаласида озмунча қийналмадим: одамлар мени ва мен одамларни тушунолмаган пайтлар кўп бўлди. Талабалик тугаб, энди иш бошлаганда хайрихоҳ устозимиз Миразиз Миртожиев «Бобурнома» бўйича номзодлик диссертацияси мавзусини олиш учун бир илмий даргоҳ раҳбарига олиб борди. «Қалами келишиб қолган, мақолалари чиққан», деб Фёдор Достоевский, Александр Герцен ва Усмон Азим ҳақидаги мақолаларимни кўрсатди. У одам стоматолог излаб, кардиолог қабулига кириб қолган пациентдай капалаги учиб кетди: «Булар бизнинг профилдан эмас-ку?» деди ва газета-журналларни биз томонга суриб қўйди. Энди, рағбат кутиб турган ёш мутахассиснинг ҳолатини тасаввур қилаверинг!
Яна бир ғалати тасаввур бор. Илм йўлига кирган одам нимаики қилмасин, номзод бўлиш учун қилиши керак. Номзод бўлгандан кейин эса юрса – докторлик учун юриши, ўтирса – докторлик учун ўтириши, ҳатто йўталса ҳам – докторлик учун йўталиши керак.
Бухорога келгач, кўпчилик мутахассисларнинг аруздан қийналаётганини кўриб, беш-олти ой ўтирдим-да, бу вазнни қандай қилиб осонроқ ўрганиш ва ўргатиш мумкинлиги масаласига бағишланган «Рисолаи аруз» китобини ёздим. Уни кўрган филологлар ҳам, бошқа фан вакиллари ҳам «Докторлик арузданми?» дейишди. Кейин бошқа китоблар чиқди ва ўша савол сал ўзгарган ҳолда такрорланаверди: докторлик морфологияданми, «Бобурнома» тилиданми, лексикологияданми?.. қизиқ, номзод бўлган одам докторлигига бевосита дахли бўлмаса-да, ўз соҳасидаги эҳтиёждан ва кўнгилнинг амридан келиб чиқиб, китоб ёки мақола ёзиши мумкин эмасми?!

– Соф конъюнктура нуқтаи назаридан сиз танлаган йўлда ютқизиқ кўп бўлиши мумкин. Турли соҳаларга оид асарларни ўқиш, хилма-хил мавзулардаги китоб ва мақолаларни ёзиш, чоп эттириш ташвишлари туфайли докторлик ишингиз кечикканига ачинмайсизми?

– Йўқ. Ёзилган нарсалар ёзилди, юзага чиқди. Керак деб билган одам вақти билан излаб топар, ўқир. Ўқимаса ҳам, ихтиёри. Лекин мен кўнглим буюргани учун ёзганман. Аксиргиси келган одам аксирса, енгил тортади. Мен ҳам уларни ёзиб, чоп эттириб, енгил тортганман. Қолгани Яратганнинг ҳукмида.
Филологиянинг ичидаги тор ихтисослик масаласида охирги мулоҳазам шуки, қанча улоқиб юрсам ҳам, кўнглимга энг яқин соҳа – адабиёт назарияси. У билан боғлиқ анча-мунча орзуларим бор. Лекин уларга худо қачон етказади – билмайман. Лекин, ҳар ҳолда, бир ишларга тайёрланиб юрибман.

VII. КЎНГИЛ АМРИ ВА РЕЖАЛАР

– Демак, ҳали ката-катта режаларни тузиб қўйибман, денг. Яқин келажакда ижод ва илм аҳлини нималар билан лол қолдиришингиз ҳозирча сир бўлиб тура қолсин… Сиз, умуман, режа асосида иш юритишга, режа асосида яшашга қандай қарайсиз?
– Улуғ одамлардан – файласуф Иммануил Кант, физиолог Иван Павлов, давлат арбоби Билл Клинтон, шахматчи Гарри Каспаров кўзлаган чўққилари сари қанақа қатъий режа билан интилгани ҳақида ўқиганман, эшитганман. Ўзим кўрган устозларимдан профессор Аюб Ғуломов ва академик Бахтиёр Назаров бутун умрларининг режасини тузиб олгандай иш юритганларига гувоҳ бўлганман. Лекин мен унақа қатъий режа билан ишлай оладиган одамлар тоифасига кирмасам керак. Режаларим кўпинча ҳаётга тўғри келмай қолади. Кўпроқ кўнгилга қараб иш тутаман. Режаларим чилпарчин бўлиб кетса ҳам, босган қадамимдан унча пушаймон қилмайман.

VIII. ХОТИМА

– Мирзааҳмад ака, мен доим суҳбатдошларимга бир савол билан мурожаат этаман: «Яна қандай гаплар қолиб кетди? Нималар ҳақида гапиргингиз келганди-ю, мен сўрамадим?..»

– Қайси бирини айтай, Фаррух! Шу ёғи ҳам қандай чиқди – билмайман. Ижоддан, ижодий фикрдан бироз узоқлашганман. Чунки мен кўп касбдошларим қатори йилда қарийб 365 кун ҳали ўқитувчига, ҳали талабага, ҳали ўқувчига дарс ўтаман. Ўзим билмай дарс берувчи бир механизмга айланиб қолмадимми дейман. Бунинг устига, гапларимни ўйлаб олиш учун муҳлат ҳам бермадингиз, шоширдингиз. Суҳбат асносида бошқалардан нолиб юрадиган, ора-орада кишибилмас мақтаниб қўядиган одамдай таассурот қолдирган бўлишим ҳам мумкин. Майли, нимаики бўлса, шу-да. Ўзим ўйлаган ва хаёлимга келган гапларни айтдим. Қолаверса, Сергей Есенин: «Жизнь моя, иль ты приснилась мне» (Ҳаётим, ё сени тушда кўрдимми), деб ёзганидек, мен гоҳо хулосаларимга эмас, ўзимнинг борлигимга ҳам шубҳаланиб қўйишим мумкин. Аслини олганда, ҳозирча дунё – мен учун сир, мен – дунё учун. Ҳали ўрганишим, қайта ўйлаб кўришим, моҳиятини чуқурроқ идрок этишим керак бўлган нарсалар кўп. Ҳали билагимда куч, кўзимда нур, кўнглимда хуруш ва, энг муҳими, миллион-миллион дилларни илитишга етгулик меҳр бордек. Шу боис ҳозир айтганларимни қатъий хулоса деб билмаслик тўғрироқ бўларди…
Сўзимни шеър билан тугатайми? Унда:

Аввало тўрт кўз тугал бўлсин жаҳон айвонида,
Сўнгра бахт ҳам пойидор келсин жаҳон айвонида!

Фаррух ЖАББОРОВ cуҳбатлашди.
2011 йил, июль

Сайт муаллифидан: Мирзааҳмад Олим(ов)ни билганлар уни синчков адабиётшунос, зукко тилшунос ва таржимон, таъби назми ҳам ўзига хос “ўжарфеъл” ажойиб инсон сифатида яхши эслашади. Унинг “Ўзбек адабиётида пафос муаммоси» (1995 йили шу мавзудаги номзодлик диссертациясини ёқлаган), «Бобурнома»да Аллоҳ исмлари ва сифатлари», «Рисолаи сарф ёки анъанавий морфология», «Бобурнома»да қўлланилган синонимлар луғати», «Рисолаи аруз» каби қўлланма ва китоблари, атоқли адабиётшуносларнинг сара асарларидан таржималари, адабиёт назарияси, тилшунослик ва мумтоз адабиёт тарихига доир қатор илмий мақолалари, «Барча карвонлар кетибдир» номли шеърий тўплами чоп этилган.
Олимнинг асосий меҳнат фаолияти Ўзбекистон Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти ва Бухоро давлат университети ўзбек адабиёти тарихи кафедрасида кечди, дейиш мумкин.
Ушбу суҳбат кўпчиликда ажойиб олим ва ўзига хос инсоннинг ижод оламига янада яқинроқ бўйлашга қизиқиш уйғотса, ажаб эмас. Олимнинг охирати обод, руҳи шод бўлиб, эзгу ишлари шогирдлари умрида давом этаверсин, дея дуо қиламиз.

 

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin

Телеграмдаги каналимиз: @/Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

 

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 924

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *