«Ўз замонасини севган одам унинг қаҳрамонидир»

Шоир ва эстет Абдулла ШЕР билан суҳбат

Замонасозларнинг сўзларидан кеч.
Умар Хайём

– Абдулла ака, қадимда кўпгина файласуфлар шоир-ёзувчи, кўпгина шоир-ёзувчилар файласуф бўлишган. Ҳатто Афлотун ҳам ижодини шеърдан бошлагани тарихдан маълум. Биз севиб ўқийдиган ёзувчилар Сартр ва Камю – файласуф, буюк рус файласуфи Владимир Соловьёв – шоир… Бизнинг Шарқда ҳам шундай анъаналар бор: Форобий, Ибн Сино, Хайём, Навоий… Кейинчалик жадидларимиз Фитрат, Анбар Отин, Абдулла Авлоний. Бироқ шўролар ҳукмронлиги тўлиқ ўрнатилганидан сўнг бу анъана йўқолиб кетди, фалсафа марксизм-ленинизм деб аталган темир қуюшқонга айланди. Фалсафашунос-файласуфлар ундан чиқолмас, шоир-ёзувчи ва танқидчилар унга киролмас эди. Ҳозир, мана, эркинлик замони, фалсафий ижод учун ҳам, бадиий ижод учун ҳам кенг имкониятлар яратиб берилган. Уларнинг ўзаро алоқаларига монелик қиладиган тўсиқ йўқ. Лекин, шунга қарамасдан, ҳар икки томондан бегонасираш кўзга ташланади, ҳозирги адабиётимиз фалсафадан бир мунча йироқдек тасаввур уйғотади. Шу ўртада, мана, сиз ҳам фалсафада, ҳам бадиий адабиётда мунтазам ижод қилиб келяпсиз – ҳам шоир, ҳам файласуфсиз. Шунинг учун айнан сиз билан суҳбат қилишга жазм этдим. Айтинг-чи, адабиёт билан, хусусан, шеърият билан фалсафанинг муштарак жиҳатлари ҳақида нима дейиш мумкин?

– Фалсафа билан санъат, хусусан, унинг энг йирик тури бўлмиш адабиёт асли бир манбадан келиб чиққан. Бу манба – асотир (миф). Асотирларда эътиқодий тасаввур, бадиий қиёфалар ва воситалар асосида инъикос эттирилган мўъжизавийлик билан йўғрилган воқеликни, оламий борлиқ ва одамий борлиқ борасидаги илк тафаккур нишонларини, бошқача қилиб айтганда, дастлабки адабий, диний ва фалсафий ғояларни кўрамиз. Шўролар даврида фалсафа дин ва санъатдан ажратиб олинди, санъатнинг фалсафийлиги қуруқ гапга айланди. Санъатга ташвиқот ва тарғиботнинг бир тури, асос эътибори билан маънавий ҳодиса эмас, мафкуравий ҳодиса сифатида қараш шакллантирилди. Санъатнинг мавқеини абадийликдан вақтинчалик даражага тушириш учун тинимсиз ҳаракат қилинди. Натижада санъат, хусусан, адабиёт замонлар учун эмас, балки биргина ўткинчи замон учун хизмат қила бошлади. Бу том маънодаги санъатнинг фожиаси эди.

Шу ўринда фалсафа билан адабиётни ёнма-ён қўйганда, уларнинг муштарак жиҳатлари нимада-ю, ўзига хос, фарқли томонлари нимада эканига тўхталиб ўтиш жоиз. Шундай қилганимизда фалсафанинг адабиётга, кенг маънода санъатга қараб боришини, санъатнинг эса, фалсафага қараб ҳаракат қилишини кузатамиз. Санъат, хусусан адабиёт, реалликдан идеалликка қараб ҳаракат қилади. Фалсафа эса, идеалликдан реаллик томон йўналади. Санъат инсонга ўзидан гўзалроқ, улуғворроқ инсонни, ўз ҳаётидан гўзалроқ, улуғворроқ ҳаётни бадиий қиёфалар орқали тақдим этади, яъни идеални беради. Фалсафа эса, идеал даражасига кўтарилган буюк ҳақиқатларни излайди, уларни реалликка тушунчалар орқали татбиқ этади. Шу жиҳатдан буюк олмон файласуфи Артур Шопенҳауэр «Фалсафанинг санъатга муносабати винонинг узумга муносабатига ўхшайди» дегани ва фалсафанинг илдизини санъатда кўргани бежиз эмас эди. Фалсафа, бизга кўп йиллар мобайнида тушунтиришга уриниб келганларидек, мавжуд реалликка, моддий дунёвийликка асосланган тафаккур маҳсулини эмас, у метафизик-трансцендентал ҳодисаларни ҳам қамраб оладиган, фанлик ва дунёқарашлик даражасидан юксакроқ мақомдаги маънавий изланиш йўлидир. У трансцендентал ҳақиқатни реаллик билан боғлашга ҳаракат қилади. Шу сабабли фалсафада ҳам санъатдагидек ғоя, тасаввур ва мажозийлик катта аҳамиятга эга. Шундай қилиб, адабиёт билан фалсафа битта асосий вазифани бажаради – инсонни юксалтиради, янгилайди, ҳилмлаштиради. Бу юксалтиришни адабиёт кўпроқ қалб орқали, фалсафа кўпроқ ақл орқали бажаради. Шу сабабли «фалсафий ақли» бўлмаган бадиий асар илдизсиз, шамол қаёқдан эсса, шу томонга қараб учиб юрадиган енгилгина мезон ипига ўхшайди.

– Бирон мағзи тўқ асарга баҳо берганда, унда илгари сурилган ғояга қараб жиддий фалсафаси бор, чуқур фалсафий мазмунга эга қабилидаги ибораларни қалаштириб ташлаймиз. Ваҳоланки, ғоя бошқа, фалсафа бошқа – улар битта тушунча эмас. Сизнингча, бадиий ижод намунасига фалсафийлик нисбасини қандай мезонлар асосида бериш мумкин?

– Гапингиз тўғри. Биз одатда бадиий асарнинг ғоявий пухталигини таъкидлаш учун «фалсафий» деган сифатни ишлатамиз. Аслида эса ғоя ҳамма ҳодисада мавжуд. Афлотуннинг «эйдос»ини эсланг, Афлотун учун ҳамма нарса-ҳодиса аввало ғоя, кейин у моддий воқелик, ғоя – трансцендентал моҳият, нарса-ҳодиса эса унинг жўн бир сояси холос. Афлотунга бутунисича қўшилиб бўлмайди, лекин унинг гапида жон бор: яратилаётган нарсанинг ғояси ундан олдин мавжуд бўлади, моҳият – бирламчи, мавжудлик – иккиламчи. Гарчанд экзистенциячи файласуфлар бунинг аксини исботлашга уринсалар-да, бу ўринда Афлотуннинг фикри тош босиб кетади. Адабиётда ҳам шундай: аввал асарнинг ғояси пайдо бўлади, буни биз ғоявий ният деб атаймиз. Ана шу ғоявий ният муаллиф илгари суришни ўз олдига вазифа қилиб қўйган бир ёки бир неча, ҳаттоки, агар асар йирик бўлса, ўнлаб ғояларни ўз ичига олади. Йирик асарлардаги бош сюжетдан ташқари сюжет чизиқларининг мавжудлиги аксарият ҳолларда ана шу ғояларнинг оз ёки кўплиги билан белгиланади. Асардаги фалсафийлик эса, ана шу ғоялар ва қатор бадиий воситалар ёрдамида очиб бериладиган муалифларнинг концептуал дунёқараши билан боғлиқ. Ғоя сизни ҳаракатга чорлайди, фалсафийлик эса, тафаккур қилишга чақиради. Мен кимман ўзи? Нима учун бу дунёга келдим, бу дунёда нималар қилишим керак? Эртага қаерга бораман? Ўқувчида ана шундай саволларни туғдира олган ва улар призмаси орқали асар қаҳрамонларига ўзини қиёслаш ҳолатини уйғота билган асарнинггина жиддий фалсафаси бор дейиш мумкин.

– Биз кўпинча ҳикматларни ёки ҳикматли шеърларни фалсафий асар деймиз. Шу қараш тўғрими?

– Юзаки қараганда ҳикмат фалсафага ўхшаб кўринади. Аслида эса, ундай эмас. Ҳикмат – дидактик-авторитар табиатга эга. У бизга ҳаётдан чиқарилган муайян фалсафий хулосани ҳукм, қатъий қоида тарзида тақдим этади, бизга насиҳат қилади. Фалсафийлик эса, демократик табиатга эга: муайян воқеликни тасвирлаб, у ҳақда ўзимиз хулоса чиқаришимиз учун имкон яратиб беради, яъни ўйлашга, тафаккур қилишга чақиради. Шу сабабдан ҳам ҳақиқий фалсафаси бор бадиий асар ҳақида ўн хил, ҳатто юз хил фикр билдирилади. Навоийнинг лирик мероси, «Хамса»си, Шекспир фожиалари тўғрисида ҳозиргача фикр билдириб келишимиз бунга мисол бўла олади.

– Сиз айни пайтда илм кишисисиз, қолаверса, Миллий университетда талабаларга сабоқ бериб келгансиз. Шу маънода, фанлараро тадқиқот йўналиши, умуман, дунёни англашнинг янги бир тарзи ўлароқ майдонга чиққан синергетика масалалари билан шуғулланганингизга шубҳа йўқ. Айтинг-чи, ёзувчи учун, адабиёт учун синергетика нима беради? Нафақат синергетика, умуман, фалсафадаги назарий янгиланишларни адиблар ўқиб-ўрганиб бориши керакми? Нима учун?

Абдулла Шер Миртемир билан

Устоз шоир Миртемир ва Абдулла Шер

Узоқ йиллар мобайнида ҳар қандай эркинликни оёқости қилиб келган мустабид шўролар мафкураси ва унга асос бўлган марксизм-ленинизм деган маънавий қуюшқон даф бўлганидан кейин фалсафадаги барча услублар (методлар)га демократик ёндашув тикланди. Синергетиканинг юзага қалқиб чиқиши ҳам шундай ҳодисалардан бири. Лекин бизда ҳар бир янги нарсани ўта юқорига кўтариб юбориш ҳоллари кўп учрайди. Мен уни бошқа услублар қатори эътироф этаман. Аввало, шуни айтиш керакки, тартибсизликдан, хаосдан тартиблиликка ўтиш, борлиқнинг ўз-ўзини ташкиллаштириши масалалари Пригожиннинг кашфиёти эмас, уни биз бундан бир неча минг илгариги Қадимги юнон асотирлари ва фалсафасида ҳам кўрамиз. Пригожин ва унинг сафдошлари масалага фақат замонавий нуқтаи назардан ёндашиб, уни фалсафий метод даражасига олиб чиқдилар. Синергетик ёндашув, дарҳақиқат, шунга лойиқ методологик ҳодиса. Ҳозирги физика илмида бир манфий фотоннинг аралашуви натижасида минг-минглаб мусбат фотонларда рўй берадиган манфийлашувни, биргина тасодифнинг бутун бошли заруриятлар занжирини парчалаб ташлаши каби ҳодисаларни метафизик ёки диалектик услуб етарли даражада тадқиқ қила олмайди. Лекин бу синергетикани ҳамма нарсага татбиқ қилиш мумкин, дегани эмас. Методларни (услубларни) одамлар яратади, одамлар яратган нарса эса, одамларга ўхшаш нисбийлик табиатига эга, ҳар хил: кенг миқёсли, нисбатан торроқ в. ҳ. Шу сабабли синергетика ёки герменевтика ҳеч қачон метафизика ёки диалектика даражасидаги қамровга эга эмас ва эга бўлолмайди ҳам. Адабиётда синергетик ёндашувни бир тасодифий воқеа туфайли бутун бошли тақдирларнинг ўзгариб кетишида кўрамиз. Буни, айниқса, биз романтизм ва модернизм адабиётида кўп учратамиз. Энди ёзувчи-шоирларимизнинг фалсафани ўрганиш-ўрганмаслигига келсак, бизда аҳвол мақтарли эмас. Ижодкорларимизнинг 90 фоизи фалсафани яхши билмайди, уни марксизм-ленинизм ўрнатган бошқотирма, ҳеч ким тушунмайдиган назариялар йиғиндиси деб тушунади. Бунинг уч сабаби бир. Биринчиси – шўро даврида бизга фалсафа деб коммунистик мафкура ўргатилганлиги. Иккинчиси – биз юқоридан кўрсатилган адабиётларни ўқиш ва шулар доирасида фикрлаш билан чекланадиган миллатга айлантириб қўйилганимизда. Учинчиси – эринчоқлигимиз. Шу сабабли хорижий шоир-ёзувчиларнинг, асарлар тўпламларида биз фалсафий мақолаларни, эстетикага доир асарларни, фалсафий мушоҳадалар билан йўғрилган кундаликларни ва мактубларни одатда алоҳида жилдлар сифатида тақдим этилганини кўрамиз. Бизда-чи, бу борада жадидлардан сўнг (Фитрат, Авлоний, Анбар Отин) деярли ҳеч нарса йўқ. Ғафур Ғулом, Уйғун, Ҳамид Ғулом, Мирмуҳсин, Туроб Тўла, Зулфия, Миртемир ва яна ўнлаб йирик адибларимиз фалсафий ёки эстетик асар мерос қолдирган эмас. Ойбек ва Шайхзодагина онда-сонда фалсафийликка мойиллигини кўрамиз. Фақат Асқад Мухтор иккита фалсафий-эстетик асар яратди. Бу «Уйқу қочганда» асари ва «Гўзаллик» мақоласи. Бадиий асарга фалсафий ёндашувни эса, танқидчиларимиздан фақат Озод Шарафиддинов ва Иброҳим Ғафуровдагина учратиш мумкин эди. Ваҳоланки, ҳеч ким катта адибларимизнинг қўлини фалсафий нарса ёзма деб ушлаб турган эмас. Ҳозир мустақиллик шарофати билан ёзувчиларимиз орасида фалсафий асар ёзмаса-да, фалсафани ўрганаётганлар пайдо бўлди: Эркин Аъзам, Асад Дилмурод, Фахриёр, Абдуқаюм Йўлдош, Улуғбек Ҳамдам, Абдуҳамид Парда адабиётшунос ва танқидчиларимиздан Баҳодир Карим, Қозоқбой Йўлдош, Дилмурод Қуронов, Шуҳрат Ризаев, Абдулла Улуғов шулар жумласидан. Санаб ўтилган ҳамда уларга ўхшаган ижодкорлар ва танқидчи-адабиётшуносларнинг, бадиий асарлари, рисола, мақола, тақризлари бошқаларникидан теранлиги билан ажралиб туради, улар дунёни ҳар томонлама кўрадилар, уларнинг фалсафий хулосалари китобхон маънавиятини юксалтиришга хизмат қилади. Қолаверса, ёзувчи-шоир ҳам, танқидчи-адабиётшунос ҳам – китобхон. У агар экзистенциализм фалсафасини билмаса, Сартрнинг «Беҳузурлик», Камюнинг «Вабо», Канэттининг «Сўқирлик» романларини тушуниб етиши қийин ва, табиийки, улар ижодини ўргана олмайди.

– Адабиётнинг тарбиявий аҳамияти борасида баҳсли фикрлар кўп. Айтайлик, мумтоз роман – «Ўткан кунлар»да Отабек маст қилувчи ичимлик истеъмол қилади, одам ўлдиради. Лекин, адибнинг маҳорати туфайли, бу бадиий қиёфа идеал қаҳрамонга айланган. «Ромео ва Жульетта»да эса қиз ўз жонига қасд қилади. Хуллас, нафосатшунос сифатида айтинг-чи, адабиётнинг вазифаси фалсафий асосларга кўра нимадан иборат?

– Ҳаммамизга маълумки, санъат, хусусан, адабиёт кўпёқламалик билан тирик. У ўзининг асосий вазифаларидан бўлмиш инсонга тарбия беришда фалсафий-мажозий йўлни тутади. Зеро, мажоз боя айтганимиздек, санъатнинг яшаш шарти. У тасвирланган бирор воқеликни англаб етиш учун китобхонга бир эмас ўнлаб, юзлаб йўлларни таклиф этади, китобхонни ўйлашга мажбур қилади ва шу орқали уни руҳлантиради, муайян ғояга йўналтиради, фалсафий тафаккур қилишга сездирмаган ҳолда, яъни билвосита ўргатади. Масалан, буюк рус шоири Михаил Лермонтовнинг «Уч хурмо» шеърини том маънодаги фалсафийлик билан йўғрилган асар дейишимиз мумкин. Унинг қисқача мазмуни қуйидагича: кимсасиз саҳрода бир булоқнинг атрофида уч хурмо ўсади. Йиллар ўтади, лекин ҳеч бир кимса келиб, улар соясида салқилланиб, ташналигини қондирмайди. Охир бир куни хурмолар бундай қисматдан норози бўлиб Худони ҳақиқат қилмаётганликда айблайди: наҳотки биз ҳеч кимга фойда бермай дунёдан ўтиб кетсак, наҳотки бирор ташна инсонни қондиролмасак, бу ҳукминг адолатдан эмас, эй Тангрим! Улар шу сўзларни айтиб тугатар-тугатмас, узоқдан қум тўзони кўтарилиб, карвон кўринади. Бир зумда карвондагилар шов-шув кўтариб, хурмолар тагидан жой оладилар, булоқ сувидан ташналигини қондириб, кўзаларни тўлдирадилар. Хурмолар инсонга фойда келтирганидан хурсанд, тақдирдан рози, Тангридан миннатдор. Лекин бу хурсандчилик узоққа чўзилмайди. Кеч тушиши билан болталар ишга тушади: одамлар хурмоларни қулатиб, таналарини ғўлалаб, гулханга қалайдилар. Тонгда карвон йўлга тушганида хурмолар ўрнида бир уюм кул қолади, сал ўтмай кулни шамол тўзғитиб юборади, бундай жазирама саҳрода хурмолар соясидан бебаҳра булоқ, энди қурий бошлайди, Унинг Расулуллоҳга қилган илтижолари беҳуда кетади… Бу шеър икки жиҳати билан фалсафийдир. Биринчидан, инсоннинг тушуниб бўлмайдиган даражадаги кажлиги, худбинлиги, ҳамма нарсани ўз манфаати учун қурбон қилиши, нима бўлса ҳам – фақат менга бўлсин қабилида йўл тутиши акс эттирилган. Хўш, кейинги карвонлар нима бўлади, ташналикдан қирилиб кетиши мумкин-ку! Эҳтимол, ўн йиллар ўтиб, шу ердан ўша карвонлардаги ўғиллари ёки набиралари ўтар. Унда уларнинг аҳволи нима кечади? Инсон нима учун ўзи ўтирган шохни болталаш билан шуғулланади. У қандай мавжудот ўзи? Сиз ўйлай бошлайсиз. Иккинчи фалсафий жиҳат шундаки, шеър трансцедентал ҳақиқат мавжудлигини, илоҳий қудрат фақат эзгулик мақсадида тақдир ато этишини, ундан норози бўлиш, унга шак келтириш нотўғри эканини таъкидлайди: Худонинг шу пайтгача хурмолар ёнига одамларни йўлатмагани бежиз эмас. Сиз яна ўйлай бошлайсиз: инсон нега бунчалар манфаатпараст ва нодон? Аслида у қандай бўлиши керак?.. Ана шундай саволларни туғдирадиган ва ўйлатадиган асарни биз фалсафий асар деймиз. Шундай фалсафий асар сифатида Ойбекнинг «Кичкина ҳодиса» шеърини ҳам келтириш мумкин. Ундаги «Беҳзод бўёғи каби қанотларининг ранги майин» капалак – гўзаллик, эзгулик ва эрк рамзи. Капалак «мажҳул саҳрода» (бу шеърда у шаҳарнинг сартондаги гавжум майдони) ҳалок бўлади:

Асфальтда гул барги каби куйди қанотлар,
Кукрар бензин, ароқ ва тер, ҳаво дуд-тўзон.
Халқ дувури, елни силкиб учган пўлатлар,
Радионинг суронлари… айланар майдон!

Сайр қиламан деб ҳалокатга дучор бўлган капалак (бахтли бўламан деб бахтиқарога айланган халқ, меҳнатдан бошқа нарсани билмайдиган, «бензин, ароқ ва тер, дуд-тўзон» ичида саводли қулга, баҳайбат замон машинасининг кўзга кўринмас даражадаги кичик мурватига айланиб қолган инсон) ўз ўтмишини, бир пайтлардаги ўлкасининг гўзаллигини, улуғворлигини, мусаффолигини эслайди, эркин ҳаволарни қўмсайди, буюк тоғлару шаффоф дарёларни соғинади:

Капалакнинг хотирида жонланди бу зум
Дарёларнинг ёйдоқланган кумуш тўлқини.
Тоғларнинг қор салласидан ўчган табассум,
Чаманларда қуёш базми, нурлар ўйини…

Капалак ўша томонларга, ўша замонларга учиб кетмоқчи бўлади, лекин энди йўл йўқ, атрофини ўраб олган даҳшатли муҳит уни ютиб юборади:

Ситилганди дарддан кўзлар қора соққаси
Парвоз учун интилди у – бемажол, забун.
Моторларнинг суратидан маст куйик нафас,
Ногоҳ ютди, ҳатто ундан қолмади кукун!

Шеърдаги капалак – миқёсли образ, боя айтганимиздек, эрк, гўзаллик, эзгулик ва айни пайтда у – халқ, у – Ойбекнинг ўзи. Халқ билан Ойбекнинг фарқи шунда эдики, халқ кечмишидаги буюк ва гўзал замонларга қайта олмасди. Ойбек эса, ижодкор сифатида ҳаёлан ва фикран ўз асарларига қайта оларди.
Ҳозир ҳам фалсафий шеърлар ёзилмоқда, фақат жуда кам. Сўнгги пайтлардаги ажойиб фалсафий шеърлардан бири сифатида Иқбол Мирзонинг «Агар жаннат кўкда бўлса…» китобига кирган «Шоирнинг ёнига бориб бўлмайди» шеърини мисол қилиб келтириш мумкин.

– Абдулла ака, Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонада ўтказган ижодий учрашувингизда шеърият ва фалсафа хусусида фикр юритиб, замонавийлик ва замонасозлик ҳақида тўхталган эдингиз. Сизнингча, замон руҳининг миллий адабиётимизда тўкис ифода топмаётганини нима билан изоҳлаш мумкин? Шу маънода, айтинг-чи, бадиий асарда фалсафийлик билан замонавийлик ўзаро қандай алоқадорликка эга?

– Бу борада аввало шуни таъкидлаш керакки, ҳақиқий замонавий асар – доимо фалсафийлик хусусиятига эга, ҳақиқий фалсафаси бор асар эса – доимо замонавий бўлади. Боя мисол қилиб келтирилган шеърларни олайлик. «Уч хурмо»даги фалсафий муаммо – инсон қандай жонзот ўзи, нега бунча худбин, нега ўзини англаб етмайди, нега ўйланишга эринади деган саволлар ҳозир ҳам муҳим. Ўзларига яхшилик қилганларга нисбатан манфаат юзасидан ёмонлик қилиш, келажак авлодлар ҳаёти ҳақида қайғуриш ўрнига худбинларча «ўзим бўлай» қабилида яшаётган миллионлаб одамларнинг қилмишлари ҳозир ҳам бизни ҳайратга солади, қалбимизда афсус-надомат ҳиссини уйғотади. Мана бир мисол: сўнгги пайтларда, қишлоқ жойлардаги катта-катта ариқлар, зовурлар ва анҳорларда, электр токи билан «балиқчилик» қилиш кенг ёйилган. Маълумки, электр токи доирасига тушган муайян масофадаги сув хавзасида фақат катта балиқлар эмас, кичик балиқлар ҳам, увилдириқлар ҳам, бошқа минглаб сув жонворлари қирилиб кетади. Одамлар эса, беш-тўртта бўлиб олиб, «ов»ни қовуриб, икки-уч шиша ароқ билан «гурунг» қилишади. Бу ерда гап браконьерлар ҳақида эмас, Ватан, миллий бойликлар, инсоф, диёнат нималигини эслашни ҳам истамайдиган аҳолининг муайян қисми тўғрисида кетмоқда. Хўш, айтинг-чи, уларнинг кимсасиз, сувсиз саҳрода ўзларига сув ва соя берган хурмоларни кесиб, ёққан «Уч хурмо»даги одамлардан нима фарқи бор? Ойбекнинг «Кичкина ҳодиса»сида эса, абадий ва доимо долзарб бўлган эркинлик фалсафаси илгари сурилган. Кўриниб турибдики, фалсафий моҳиятга эга шеър ҳамма вақт замонавийдир.
Замонавийлик ва замонасозлик масаласига келсак, у кўпинча миллатни, жамиятни, ижтимоий тузумни чалғитадиган муаммо. Чунки замонасоз маллиф яратган асар бир қарашда гўё замонавийдек кўринади. Чунончи, замонасоз ёзувчи-шоир замоннинг моҳиятига ҳеч қачон кириб бормайди. У буни истамайди ҳам. У ялтираб турган ҳодисани қаламга олади. Яъни замонни илгарига етаклайдиган муаммоларни эмас, балки замоннинг шу кун учун долзарб, лекин эрта ва индин учун кераксиз, ўткинчи бўлган воқеа-ҳодисаларини тасвирлайди. Замон (жамият, ижтимоий тузум) эса, кўпинча бу сохта пулни олтиндек қабул қилади ва, аксинча, унга ҳақиқий ёрдам қўлини чўзган муаллифни, у мени ёмонлаяпти, камчилигимни кўрсатиш билан шуғулланяпти, деб ҳисоблайди. Натижада замонни жон дилидан севган, унинг манфаатларини ўз манфаатларидан устун қўйган шахс бир четда қолиб, замонни ҳеч қачон севмаган, ўз манфаати йўлида уни қурбон қилиб, мадҳиябозлик билан шуғулланганлар жамиятнинг имтиёзларидан фойдаланади. Айтилганидек, замонасоз шоир-ёзувчи сигирни тулум билан алдаб унинг ийиндисни ўзи соғиб оладиган одамдир. Бундай шоир-ёзувчиларни мен шўролар даврида кўп кўрганман. Яқинда ўшандай одамлар ҳақида «ўтмишдан сабоқ» тарзида шеър ҳам ёздим. Мана ўша Замонасоз шоир Дангир Дунгурий, унинг шогирди Жангур Жунгурий ва алданган замон ҳақида ривоят ёҳуд ўтмишдаги сабоқ деган шеър:

Учрашдилар шоир Дангур Дунгурий
Ва шогирди унинг Жангур Жунгурий.

Устоз деди: «Замонага диққат қил,
Уни тарғил говмиш сигир дея бил.

Елинига ёпишгину канадек,
Ийиндини сўриб олган танадек.

Сўнг бўғзингни мойлаб-мойлаб қийқиргин,
Ёлғонингни йиллаб-ойлаб қийқиргин.

Дегин доим: «Сен гўзалсан, хушқомат!» –
Сира тинмай қилавергин хушомад.

Нуқсонини унинг зинҳор айтма ҳеч,
Қўй деса гар Навоий ҳам, қайтма ҳеч!

Сен замонни ҳар қадамда алдагин,
Эсдан чиқар ҳақиқатнинг калтагин.

Замон нима? Айтганимдек, бир мол-да,
Керагини, алдаб, ундан сен ол-да!

Мукофотми ё унвонми, бойликми,
Уй, мансабми ёки фахрий ойликми, –

Олиб-олиб охир чарчат бир куни,
Сўнг юз бургин: «Танимайман, – деб уни!»

Шундай деди устоз Дангур Дунгурий,
Қойил қолди тинглаб Жангур Жунгурий.

Ишга тушди: «Ватан!»у «Эрк!», «Бурч!»у «Бурд!»
Қийқириққа тўлиб кетди қўҳна юрт.

Дангур-дунгур жангур-жунгур бошланди,
Қўл тегмаган жойлар ҳатто қашланди.

Ҳаммаёқни босди карнай, ноғора,
Бахтли эди бундан замон бечора.

Лекин тарих кўрсатмади эҳтиром:
«Ноғоралар замони» деб берди ном.

Алданганин билганда у, кеч эди:
Салла эмас, энди калта печ эди.

Шундай қилиб, шоир Дангур Дунгурий
Ва шогирди унинг Жангур Жунгурий

Осонгина битирдилар ишини,
Суғуришиб девордан ўз ғиштини,

Тўлдирдилар қўнжи билан қўйнини,
Эгилтириб замонанинг бўйнини.

Замонавий шоир, шундай қилиб, кўпинча изтиробда яшайди, замонасозлар эса, фаровон кун кечиради, лекин замонавий асар узоқ йиллар, асрлар мобайнида миллатни, инсониятни эзгуликка, гўзалликка ва ҳақиқатга чақириб яшайди. Замонасоз асар эса, боя айтганимиздек, замоннинг бир ёки бир неча йиллик муаммосини кўтариб чиқиб, ўша муаммо ўлиши билан – ўша вақтнинг ўзида ўлади. Барча буюк шоир-ёзувчилар том маънодаги замонавий шахс бўлганлар, шунинг учун улар ҳозир ҳам замонавий бўлиб қолмоқдалар. Масалан, ҳазрат Навоий «Бадое ул-васат»нинг 68-ғазалида шундай деб ёзади:

Тут гадолиғни, Навоий, муғтанам,
Шоҳлар оллинда бош индурма кўп.

Навоий инсон эркин туғилган, ҳар бир инсон Худонинг халифаси, у ўз қавмдоши – подшо олдида эгилиб-букилиши шарт эмаслиги, ҳар бир киши фақрлик – эркинликнинг («гадолик» сўзи шу маънода келяпти) қадрига етиши лозимлигини таъкидлайди. Ўн бешинчи асрда инсонлар аро тенгликни, шахснинг ғурурини, инсонпарварликни куйлаш осон кечганми? Бунинг устига, шоҳнинг дўсти шоҳга таъзим қилаверманглар деб турса! Султон Ҳусайн Бойқаро қулоғига пичирловчилар топилмаган дейсизми?! Бу ботиний ва зоҳирий эркинлик фалсафаси ҳамма замонлар учун долзарбдир. Ёки «Ғаройиб ус-сиғар»нинг 120-ғазалидаги мана бу байтга эътибор беринг:

Шоҳу тожу ҳилъатеким мен томоша қилғали
Ўзбагим бошида қалпоқ, эгнида ширдоғи бас.

Қаранг, Навоий ўз миллати вакилини шу қадар севадики, унинг учун тўн кийган ўзбек заррин либос кийган шоҳлардан, унинг дўпписи тожлардан улуғ! Қаранг, миллий ифтихор туйғуси, миллий ғурур қандай гўзал ва улуғвор акс эттирилган. Лекин бу ўринда яна бир нарсани эсдан чиқармаслик у пайтда муҳим. Халқ иккига бўлинган – ўзбеклар ва туркийлар. Ўзбеклар Шайбонийхон бошчилигида бирин-кетин темурийлар тасарруфидаги туркийларнинг шаҳарларини босиб олаётган ва навбатда Хуросон тахтини, унинг пойтахти Ҳиротни эгаллашга тайёргарлик кўраётган пайтда бундай байтни айтиш осон эдими? Ҳусайн Бойқаронинг дўсти салтанат душманларини мақтамаяптими? Султонга шундай деб тушунтиришлар бўлмаган дейсизми? Бироқ Навоий даҳоси ўзбек бир миллат эканини кўра билди, замоннинг энг долзарб муаммосини доҳиёна сатрларда ечишга уринди. Бу байт ҳозир ҳам бизда ўзбекни шарафлайдиган дурдона сифатида бугунги минг хил қийқириқлардан баланд туради, қалбимизда ўзбек бўлганимиздан ғурурланиш ҳиссини уйғотади. Шундай қилиб, замонавий асар қайси замонда яратилганидан қатъи назар, барча замонлар учун намунавий бўлиб қолаверади. Бунда тарихийлик тушунчаси фақат жанр маъносидагина қўлланиши мумкин. Яъни, «Уруш ва тинчлик», «Горио ота», «Ўткан кунлар», «Навоий» романлари том маънодаги замонавий асарлардир. Замонасоз асарлар эса ҳозир унутилиб кетган. Шўролар даврида А. Фадеевнинг «Қора металлургия», Ф. Гладковнинг «Цемент», Саид Назарнинг «Яшил бойлик» сингари романлари яратилди ва улар ўша даврда мақтовларга сазовор бўлди. Ҳозир уларни ким эслайди? Ким? Гап шундаки, замонасоз асар сунъийлик, шиширилган туйғулар, қийқириқ-ҳайқириқлар билан ўзини замонавий қилиб кўрсатади, яъни замонни алдайди. Уларни ўқиганда кўнглинг айниб кетади. Айниқса, Ватанга бағишланган «долзарб шеърлар»даги сунъий қийқириқлар даҳшатли, улар Ватан мавзусидан, муқаддас мавзудан кишининг кўнглини қолдиради. Уларни ўқиганимда сохталик, ясама муҳаббат мени жонажон Ўзбекистонимдан бегоналаштира бошлайди. Шунда мен дарҳол Ҳамид Олимжон, Ойбек ва Абдулла Ориповнинг «Ўзбекистон» деб номланган том маънодаги замонавий шеърларини қайта ўқишга киришаман ва Ватанга бўлган муҳаббатим яна жонланади, қалбимни фахр-ифтихор ҳисси, меҳр-муҳаббат туйғуси чулғаб олади.
Бироқ, минг афсуски, ҳақиқий замонавий асарлар, уларнинг муаллифлари кўп ҳолларда қораланадилар, асл адиб ва шоирлар яккалаб қўйилади. Қийқириқчилар, бақириб-чақирувчилар раҳматномалар, унвонлар олади! Шўролар даври рус шеъриятидаги Борис Постернак, Анна Ахматова, Марина Цветаева каби буюклар доимо танбеҳ ва таъқиб остида яшадилар. Бизга замондош Евгений Евтушенко-чи? Ўзимизда-чи? Ҳақиқий замонавий шоирлар Рауф Парфи ва Александр Файнберг четга чиқариб қўйилган эди. Уларнинг улкан истеъдоди фақат мустақиллик давридагина эътироф этилди, уларга Ўзбекистон халқ шоири унвони берилди.

– Замонавийлик ва замонасозлик ҳақидаги фикрларингиз яна бир муҳим масалага тегиб кетади. Бу замонавий қаҳрамон муаммоси. Ҳозирги пайтда замонамизнинг қаҳрамони қандай бўлиши керак, у аввалги, шўролар давридаги «замонавий қаҳрамон»дан нимаси билан фарқ қилиши лозим. Шу ҳақда ҳам тўхталсангиз.

– Дарҳақиқат, буни аввалги саволингизнинг давоми десак ҳам бўлади. Замонавий қаҳрамон масаласи ҳамма даврларда ҳам муҳим бўлиб келган. Лекин унинг ечими ҳамма вақт ҳам объектив, масаланинг моҳиятидан келиб чиқиб ҳал этилмаган. Айниқса, шўролар давридаги замонавий қаҳрамонлар бу борада жуда «шўри қуриган»: илғор ишчи, илғор колхозчи в. ҳ. к. «илғор»лар қаҳрамон қилиб олинган ҳақиқий маънавий юксак кишиларга эга кўпинча қаҳрамон сифатида қаралмаган ёки қаҳрамон қилиб олинса ҳам, жамият томонидан эътироф этилмас эди. Қаҳрамоннинг маънавий олами, жамиятдаги ижтимоий-маънавий мавқеи масалалари деярли эътибордан четда қоларди: у моддий бойлик ишлаб чиқарувчи сифатида тасвирланар ва, энг ёмони, ҳаётий талаблар, ҳақиқат бир томонда қолиб, комунистик мафкура биринчи ўринга чиқарди. У қаҳрамон мафкуранинг қулига айлантириб қўйиларди. Баъзан бу кулгили ҳолатга айланиб кетарди ва муайян бадиий қиёфа замонавий қаҳрамонга пародия тарзида намоён бўларди. Масалан, таниқли драматург Шароф Бошбеков, қўшни турган пайтларимизда, бир куни шундай деб қолди: «Абдулла ака, мен янги пиеса ёзмоқчиман. Биласизми, бош қаҳрамон қилиб кимни олмоқчиман? «Шарбат» ташувчи машина ҳайдовчисини. Ҳатто унга Социолистик Меҳнат Қаҳрамони унвони ҳам «олиб бермоқчиман»». Роса кулишдик. Тасаввур қилинг: эски ҳожатхоналардаги нажасни пахта далаларига олиб чиқиб тўкувчи – замонавий қаҳрамон, асарнинг бош қаҳрамони! Шароф у пиесани ёздими-йўқми, билмайман, лекин шу ғоянинг ўзи шўро даври адабий қаҳрамони бачканалашиб кетганидан далолат эди. Тўғри, замонавий қаҳрамон қиёфаси маънавий юксаклик билан йўғрилган асарлар ҳам ёзилган. Лекин уларга эътибор берилмас, жамият мафкураси уни кўрмаганга олиб, ёнидан ўтиб кетарди. Масалан, Ҳусниддин Шариповнинг «Сотволдидан салом» достони ана шундай баланд асарлардан эди. Асар қаҳрамони Сотволди ўз халқи, ўз ерини севган, ўз манфаатларини жамият манфаатларига бўйсундира олган, раҳбарларга «ёқинқирамайдиган» ҳалол, ростгўй, талабчан инсон. У замондан бир ерда тепинаверишни эмас, олға юришни талаб қиладиган инсон. Ҳусниддин Шарипов унда мафкуравий мадҳиябозликни эмас, санъаткорликни, ёлғончиликни эмас, ростгўйликни, ҳалолликни биринчи ўринга қўяди. Шунинг учун «Сотволдидан салом» ҳозир замонавий асар сифатида диққатга сазовор. Лекин унинг муаллифи Шўролар давридаги унвону мукофотлар улашувида «эсдан чиқиб қолди». Ҳусниддин Шарипов мустақиллик давридагина чинакамига қадрланди.
Ҳозир адабиётимиз ва санъатимиз олдига энг долзарб масала, менимча, ана шу замонавий қаҳрамон масаласи. Бу масала биринчи бўлиб бундан бир неча йил муқаддам Республика Президенти томонидан ўртага ташланган эди. Лекин долзарб ташаббус, афсуски, қўллаб қувватланмади, танқидчи-адабиётшуносларимиз ҳам, файласуф-эстетикларимиз ҳам бирор бир жўяли гап айтгани йўқ, ҳатто унга жиддийроқ эътибор ҳам бермадик. Шунинг оқибатида ҳозир дўконларимиз пештахталарида эски мезонлар билан ўлчанган замонавий қаҳрамон қиёфалари кўп учрайди. Хўш, ҳозирги замонавий қаҳрамон, шўролар даври қаҳрамонида нимаси билан фарқ қилади? Фақат ўзгача мафкура биланми? Йўқ. Юксак маънавият билан. Масалан, икки фермер-деҳқонни олайлик. Биринчиси ўзига берилган ернинг «ийиғини чиқариб» эксплуатация қилади. Уни ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, асраб-авайлаш масалалар қизиқтирмайди. Унинг учун шартномавий режани юз эллик фойиз қилиб бажариш, кўпроқ даромад ва кўпроқ обрў олиш муҳим. Моҳиятан у қаҳрамон эмас, худбин. Иккинчи фермер, эса ерни Ватаннинг бир парчаси, аждодлар қолдирган ва ўзи авлодларга қолдириши керак бўлган муқаддас мерос деб билади. Унинг учун ерни авайлаш, ернинг мелеоратив ҳолатини яхшилаш, тупроқни эрозиядан асраш биринчи ўринда туради. Натижада у шартномавий режани ошириб бажаролмайди, катта даромад ҳам, катта обрў эътиборга ҳам эриша олмайди. Хўш, уларнинг қайси бири биз учун замонавий қаҳрамон? Менимча, биринчи фермерни қаҳрамон қилиб олиш шўролар даврининг, иккинчи фермерни замон қаҳрамони сифатида тасвирлаш эса, ҳозирги давримизнинг мезони. Гап шундаки, биринчи фермер масалага чуқур қарамайдиган кўпчилик ҳокимларимизга ёқади, уни «кўтар-кўтар» қилишади. Чунки «Бажар! Бажар!» шиори остида ишлайди, юкасак маънавиятга асосоланган стратегик самарани эмас, вақтинчалик моддий муваффақиятни биринчи ўринга қўяди. Иккинчи фермер эса, режани у қадар ошириб бажармаган бўлса-да, Ватанни авлодларга бут қолдиришни олий мақсад деб билади, келажак авлод, миллат, умуман инсоният олдидаги бурчини бажаради. Иккинчи фермер учун юксак маънавият – том маънодаги енгилмас куч. У вақтинчалик камситишларга, эътиборсизликларга, моддий қийинчиликларга чидайди ва маънан ғалаба қозинади. Биринчи фермер замонни эмас, замон қиёфасида ўз ҳамён ва обрўсини севади, иккинчи фермер эса, ўз замонини жон-дилдан севади, уни яхшилаш учун бутун кучини сарафлайди. Президентимиз томонидан адабиётда замонавий қаҳрамон яратиш масаласи ўртага ташланганида, айнан ана шу иккинчи фермерга ўхшаган инсонлар қиёфаси назарда тутилган деб ўйлайман. Камина замонавий қаҳрамон борасидаги фикрларимни шеърий йўлда ҳам баён қилганман. Мана, ўша «Қаҳрамон» деб аталадиган шеър:

Замон билан қўрқмай курашди
Нафратланиб худпарастликдан
Ва замондан бир баҳя ошди
Кўтарилиб умумпастликдан.

Бу ғурурми, кибрми – нима?
Йўқ, оқимни этмади инкор!
Фақат бўлди хасмас, бир кема –
Бўронларни чорлаб шиддаткор.

Майли, кимдир айтгандек «жўшди»:
Қуёш кулсин, синсин жинчироқ!
Ўз қонини замонга қўшди, –
Бўлсин дея замон рангинроқ.

Шундай ўтаб ҳаёт жангини,
Сўнг ўзига разм солди у –
Ва баногоҳ замон рангини
Юрагида кўриб қолди у.

Хуллас, замонавий қаҳрамон шундай шахски, у замондан ташқарига чиқиб кетмайди, балки замон ичида туриб, замон деворидан ташқи оламга – келажакка қарай олади. Ана шу мезон асосида тасвирланган қаҳрамонгина эстетик идеалга айланиши мумкин.

– «Шеъриятнинг олифта камзули» (Аcқад Мухтор ибораси) – сонетнинг назарий масалалирга бағишланган мақолангиз илиқ кутиб олинди. Қолаверса, ўйноқи, эҳтиросли сонетлар туркумини ҳам ўқувчилар эътиборига ҳавола қилдингиз. Яқин фурсатларда ижодий лабораториянгиз ҳақида алоҳида суҳбат қуриш нияти кўнгилда бор. Аммо ҳозир, айни пайтда, мавзумиздан четламаган ҳолда яна бир савол бермоқчиман. Шу… шаклий изланишларда меъёр (норма) бўлиши керакми-йўқми? Тил халқники, адабиёт халқники, аммо қоғоз ва қалам олиб, нуқул японча, испанча, русча шаклларда ўзининг гапини ёзадиганлар кўпайиб қолди-ёв… Сезгандирсиз, гапимиз фалсафанинг кўҳна мумамоларидан бири – шакл ва мазмун масаласига тақалмоқда...

– Ҳар бир адабиётда шаклий изланишлар доимо бўлиб келган. Умуман, адабиёт шаклий ўзгаришларсиз, хусусан, жанрий изланишларсиз равнаққа томон тараққий қилмайди, Аксинча, таназзулга қараб боради. Буюк Чўлпон асримиз бошида адабиётимизда шаклий изланишлар бўлмаётганига норозилик билдириб, ўта дадиллик билан: «Навоий, Лутфий, Бойқаро, Машраб, Умархон, Фазлий, Фурқат, Муқимийларни ўқиймен: бир хил, бир хил, бир хил! Кўнгил бошқа нарса – янгилик қидирадир… » деганида айнан ана шу шаклий ўзгаришларни назарда тутган эди. Бу шаклий-жанрий ўзгаришлар тез орада пайдо бўлди: роман, қисса, ҳикоя, драма. Зеро, ўзбек адабиёти шаклий ўзгаришларсиз – ғазалу маснавий билан жаҳон адабиётида орқада қолиб кетган эди. Шунга кўра, айтиш мумкинки, шаклни, жанрни миллий ва ҳорижийга ажратиш ноўрин. Мана, ҳозир ҳам биз ёзаётган шеър ва достонлардаги тўрт сатрли бандлар – асосан Ғарбдан келган стансларнинг айнан ўзи, бу шакл ўзбек халқ шеъриятидаги тўртлик-бандлардан оҳанг жиҳатидан ҳам, қофияланиш жиҳатидан ҳам фарқ қилади. Ҳамма гап ўша «хорижий» шаклнинг мавжуд қонун-қоидаларига амал қилган ҳолда, меъёрига етказиб қўллай билишда. Масалан, япон ҳайкуларини инглиз, испан, америка адабиётида ҳам учратиш мумкин. Ўзимизда ҳам ҳайкулар бор. Лекин улар қўпинча қофиясиз ҳижолари тенг уч сатр тарзида ёзиляпти. Ваҳоланки, ҳақиқий сонет 154 ҳижодан иборат бўлганидек, ҳайку ҳам ўн етти ҳижодан иборат: 5-7-5. Ҳар қандай шакл мазмунни ифодалайди, лекин шакл бирламчилик хусусиятни доимо ўзида сақлаб қолади: шакл мазмунга солинмайди, мазмун шаклга солинади. Масалан, Ойбекнинг «Навоий» романи учун йиққан дастлабки мазмун – материалнинг шаклга сиққанинигина биз роман деб атаймиз. «Хорижий шакллар» масаласига келсак, аслида бундай муаммонинг ўзи йўқ. Фақат муаллифнинг уқувсизлиги, ўзи қўллаётган жанрни яхши билмаслиги муаммо, холос. Мен ҳам, кўпчилик шоирларимиз қатори, шаклий изланишга уринаман: буни биринчи, бўлиб 70-йилларда устоз Иззат Султон таъкидлаб ўтган эди. Камина сонет ва ҳайкудан ташқари, секстина (олтилик), октава (саккизлик) шаклларида ҳам анча-мунча сатрлар ёзганман. Секстина нисбатан содда ва осон, аммо октава сонетга ўхшаш мураккаб, қийин шакл, сонетда саккиз сатрга икки қофия шарт бўлса, бунда олти қаторга иккита қофия ишлатиш керак. Дастлаб, Байроннинг «Дон Жуан» шеърий романни таржима қилишни бошлаган пайтимда, 1975 йили, таржима таъсирида «Октавалар», «Хотира қўшиғи» каби шеърларимни октавада ёзганман. Кейинчалик, 2008 йили «Севилмаган менинг севгилим» деган каттагина достонимни октавада ёздим. Бирор таъна эшитмадим, аксинча, кимни кўрсам, мени достон билан табриклаб, зўр шакл топибсиз, деди холос. Шунинг учун шаклий изланишларни мен қўллаб-қувватлайман. Фақат боя айтганимдек, осонгина ўн тўрт қаторни «қотириб» ташлаб, уни сонет дейиш, уч сатрли шеър ёзиб, уни ҳайку дейиш бошқа масала: хорижий шакл ҳам худди биз ҳозир кийиб юрган, ўзимизники қилиб олганимиз оврўпача костюмга ўхшайди – лойиғини кийиш керак холос.

Беҳзод ҚОБУЛОВ суҳбатлашди.

Суҳбатдош изоҳи: 2012 йил эди – Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида “Шеърият ва фалсафа” мавзусида илмий-адабий анжуман бўлиб ўтди. Тадбирда таниқли эстет ва шоир Абдулла Шер маъруза ўқиди. Домлани аввал ҳам миллий университетнинг фалсафа факультетида кўрган, суҳбатларини олган эсам-да, асосан адабиёт ҳақирлари (бинобарин, Бобур Мирзо “ҳақир булбул”ликни шоҳликдан авло билар эди…) жамланган  даврада салмоқлаб сўзлаётган олимга ҳавас ва ҳайрат билан қарай бошладим. Ҳайратнинг боиси, камина шарҳини тополмайроқ, зимнидаги чўғни англамайроқ турган масалаларда домла эмингина, равон сўз айтарди. Шу йиғин таъсирида кейинроқ домла билан батафсил суҳбат қурдик. Суҳбатимиз ўз вақтида газета ва интернет нашрларида босилди…
Холис олганда, домланинг айрим фикрларига қўшилар-қўшилмассиз, аммо жуда кўп ўлик, жон асари йўқ гаплар айланиб юрган виртаул маконда яна бир тирик фикрга дуч келганингизга иқрор бўласиз. Шундай кўз билан, бағрикенг бир алпозда ўқиб кўринг, илло сўзга, адабиётга муносабат янги асосларда барқарор бўлаётган айни кунларда инобатга, ижобатга арзийдиган ўринлар кўп…

Суҳбатдошлар ҳақида:
Abdulla SherАбдулла ШЕР – шоир, эстет, таржимон. 1943 йил 5 августда Тошкент вилояти Чиноз туманининг Йўлтушган қишлоғида туғилган. ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини тамомлаган. Москвадаги Олий адабиёт курсида ўқиган. Қатор йиллар “Гулистон”, “Ёшлик” журналлари, Ёзувчилар уюшмасида фаолият кўрсатган. Ўзбекистон Миллий университети Фалсафа факультети Этика ва эстетика кафедрасида катта ўқитувчи, доцент ва кафедра мудири лавозимларида ишлаган.
“Кўклам табассуми” (1973), “Алёр” (1977), “Атиргул сояси” (1979), “Роз” (1980), “Куз ҳилоли” (1983), “Қадимги куй” (1987), “Нуқтадан сўнг” (1989), “Тоқат” (1997), “Ёнаётган йўл” (2007), “Ёмғирлар оралаб” (2009), “Сарбаст қўшиқлар” (2010), “Севги олмоши” (2010), “Севилмаган менинг севгилим” (2010), “Гул йиллар, булбул йиллар” (Сайланма, 2012) шеърий китоблари ва “Асрларнинг асраганлари” насрий тўплами чоп этилган. Байроннинг “Дон Жуан” асари, Ҳ. Ҳайненинг “Қўшиқлар китоби”ни таржима қилган. Рус тилидан Пушкин, Лермонтов, Некрасов, Ахматова, Чаренц, Твардовский асарларини ҳам ўзбек тилига ўгирган.
“Ахлоқшунослик”, “Эстетика” фанларидан ўқув қўлланмалар ва дарсликлар муаллифи.

Беҳзод ҚОБУЛОВ – журналист, педагог. 1984 йилда Наманган вилоятининг Чортоқ туманида туғилган. Наманган давлат университети ва Ўзбекистон Миллий университетини тамомлаган. Ўзбекистон Фанлар академиясининг И.Мўминов номидаги Фалсафа ва ҳуқуқ институти аспирантурасида таҳсил олган. «Эзгулик улашиб», «Ўзбек элим Комилжондан айрилмас» (ҳаммуаллифликда), «Тафаккур соатлари» (ҳаммуалифликда) номли китоблари чоп этилган.

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

 

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 764

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *