Зиёрат қилишни биласизми?

Эски дафтардан

Саёҳат ва зиёрат. Бир қарашда уларнинг у қадар катта фарқи йўқдай. Чунки зиёрат ҳам бир саёҳат-да. Аммо…
Курсдошлари билан тоққа чиққан, лекин у ерда баъзи йигит-қизларнинг ахлоқсизликларидан дили хира бўлиб, саёҳат ҳам татимаганини айтган танишингизни эсладингиз. Саёҳат билан шунчаки кўнгилхушликнинг фарқи бор-ку!
Зиёрат учун келганларнинг баъзи қилиқлари, беҳуда гап-сўзларидан кўнглингиз хира тортади. Муқаддас масканларни зиёрат қилиш мақсадида Самарқандга борганингиз эсингизга тушади. Азиз авлиёлар макон тутган табаррук жойларга кириб борар экансиз, чин дилдан уларнинг ҳақига дуо қилгандингиз. Ўшанда очиқ-сочиқ кийинган ёш қизларнинг қаҳқаҳаси сабаб хаёлингиз бўлинган эди. Уларнинг орасида келин-куёв ҳам бор. Келин-куёвни кўриш учун фаришталар ерга тушишини кимдандир эшитгандингиз. Беихтиёр хаёлингиздан бир фикр ўтади: бўлажак турмуш ўртоғининг олдида жуда бемалол турган, яқинларига қандай қилиб суратга тушиш кераклигини айтаётган бу келинни ҳам фаришталар кўргани тушганмикан? Ўзи, улар бу ерга авваллари ҳам келганмикан?
Янги оила қурмоқчи бўлганларнинг муқаддас жойларни зиёрат қилиши жуда яхши одат. Аммо булар зиёрат қилгани келганга ўхшамайди. Ачинарлиси, кўпчиликнинг эътибори ана шу келинчакда, унинг «антиқа» қилиқларида бўлди.
Дилингизда бир ғашлик пайдо бўлганди ўшанда. Қабр тошини кўзга суриб, йиғи-сиғи қилиб, марҳумдан нажот сўраётган аёлни кўриб, баттар ажабландингиз. Зиёратга кетаётганингиздан хурсанд бўлган бобонгиз айтган гаплар ёдингизга тушди: «Зиёрат қилишнинг ҳам ўз қонун-қоидалари, расм-русумлари бор, болам. Муқаддас жойларга кетаяпсан. Бунинг учун зиёрат қилиш одобини ўрганиб олишинг шарт. Керакли гапнинг оғири бўлмайди. Зиёрат муқаддас жойларга, мозор ва қабристонларга бориб, ўзига хос расм-русумларни бажариб келишдир. Марҳумларнинг ҳақига дуо қилиш, уларнинг руҳига бағишлаб ҳадя, садақа-эҳсон қилиш зиёрат одобларидан ҳисобланади. Азиз авлиёлар макон тутган жойларга борганда, уларнинг руҳларидан мадад сўраб, дардга шифо, фарзанд беришини илтижо қилиш мумкин эмас. Бу фақат Аллоҳдан сўралиши керак. Шахсга сиғиниш ширк ҳисобланади. Унинг ўрнига ўтганларнинг ҳақларига дуойи хайр қилиш лозим. Атрофдагилар билан яхши муносабатда бўл. Имкон қадар яхши сўзлардан гапир. Муҳими, дилингда яхши ният бўлсин. Ана шундагина зиёратинг қабул бўлади…»
Аммо… Болаларча бир ўй хаёлингиздан ўтди: «Бундайларнинг зиёрат одоби ҳақида гапириб берадиган бобо-бувилари йўқмикан? Ёки уларнинг ўзлари ҳам буни билишмайдими?»
Бобонгиз кўп нарсани билади. Шундай бўлса-да, зиёрат қилиш одоби, бу ердаги азиз авлиё ҳақида янада кўпроқ маълумотга эга бўлиш мақсадида масъул ходимга мурожаат қилдингиз. Афсус… Унинг ўзи ҳам бу ҳақда кўп нарса билмас экан. Саволингизга тузукроқ жавоб бера олмади. Буниси қандай бўлди? Демак, бу ерга келганлар сиз каби деярли ҳеч қандай маълумот ололмай кетишар экан-да. Балки, бу ҳақда сўралмас ҳам. Опангиз шунга ўхшаш воқеани айтиб берган эди. У ҳам бир зиёратгоҳдаги масъул кишига берган саволларига тайинли жавоб олмай, дили ўксиган экан.
Яхшиям, бу ерга келишингиздан олдин зиёрат қилинувчи ҳазрат ҳақида у-бу кимдан сўраб, китоблардан ўқиб, маълумотга эга бўлган эдингиз. Лекин бу ерга келганларнинг ҳаммаси ҳам шундай эмас-да. «Қуруқ», шунчаки қилинган зиёратнинг кимга кераги бор? Бир фикр ярқ этиб дилингиздан ўтди: «Зиёратга ҳам маънавий тайёргарлик кўриб келиш керак экан».
Шунча йўл босиб келгач, фақат сарф-харажатлар, яъни моддий тайёргарлик ҳақида эмас, маънавий тадорик кўриш борасида ҳам я-я-яхшилаб ўйлаб кўриш керак эмасми?
Бошқа зиёратгоҳга борганингизда эса масъул ходимнинг бу ерда макон тутган азиз зот ҳақида берган маълумотларидан, ўзини тутишидан хурсанд бўлдингиз. Сиз учун ҳам дуо қилганида эса кўнглингиз тоғдай кўтарилди.
Афсуски, баъзиларнинг беписандлигидан яна асабингиз бузилди. Кимдир жон қулоғи билан тинглаяпти, кимдир қўл телефонида бемалол гаплашаяпти…
Бу каби воқеалар кўп кузатилган. Зиёратгоҳга кириши биланоқ, марҳумнинг қабри ёнига бориб сажда қилаётганлар, Қуръон тиловати ўқиб, пул олаётганлар кўз олдингиздан бир-бир ўтади. Зиёратгоҳда «тирикчилик» қилиб юрганлар-чи?..
Бир вақтлар таниш биродарингиз айтиб берганди: «Азиз авлиёлардан бирининг зиёратига бордик. Жуда ажойиб жой экан. Булоқ суви тану жонни яйратади. Бир пайт ёнимизга машина келиб тўхтади. Рулдаги амаки сўради: «Қаерда ароқ сотилади?» Ҳайрон бўлдик. «Бу ерда ароқ сотилмайди». Кузатиб турган эканми, бир киши келиб «Мен биламан, бир жойда яхши ароқ сотилади». У машинага чиқиб, амаки билан бирга кетди. Иккимиз нима дейишимизни билмай қолдик. Уларнинг зиёрати қабул бўлармикан?»
Шу тариқа бир-бирига ўхшаш воқеалар хаёлингиздан ўтаверди. Сизни қийнаётган саволлар бошингизга тошдай урилаверди. Саёҳат фақат кўнгилхушлик қилиш, дам олишдан иборатми? Саёҳат билан зиёратнинг фарқи йўқми? Нега зиёрат одобини билмаймиз ёки билсак ҳам амал қилмаймиз?
Аввало, шу ҳақда тушунча берган ота-онангиз, ўзию сўзи табаррук бобонгиздан мамнун бўлдингиз. Барибир, бир савол сизни тинч қўймасди: «Уларнинг зиёрати қабул бўлармикан?»

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

«Маърифат» газетаси, 2007 йил 1 август.

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 380

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *