Зуҳриддин Исомиддинов. Лотин ёзуви: ечимдан кейинги муаммолар

Фуқаролик жамиятида ҳар бир шахс ижтимоий аҳамиятга эга фикрини эмин-эркин баён қилиши мумкин ва агар у маъқул бўлса – мақбул ҳам бўлади.
Мана шунинг далдасида лотин ёзуви борасида баъзи мулоҳазаларни баён этишга жазм қилдим. Токи, бир кун келиб, нечанчи мартадир, яна ортга қайтмайлик ва бу қайтишлардан афсуслар чекмайлик. Токи, қайсиям йилларда миллий ёзувимизни лотин алифбосига, кейинроқ эса кириллчага ўтказган сиёсат ва илм пешволарини қоралаганимиздай, бир кун келиб, бизнинг авлод вакилларига ҳам маломат тошлари отилмасин.
Мозийга қайтиб иш тутиш хайрлик эмиш. Тўғри, шундоқ, аммо бу қоида ҳамиша ҳам ўзини оқлайдими? Ахир, яхши биламизки, дунёнинг бошқа эллари илм-билим пойгасида бизларнинг бундай бир жойда ҳали у ёққа, ҳали бу ёққа депсиниб туришимизга парво ҳам қилмайди, булар аввал бизга етволсин, деб кутиб турмайди, зеро, маърифат пойгаси шундай бир қувлашмачоқки, унда бирор кун… бирор кун нима эмиш, бир зум ҳам – тиним бўлмайди…

* * *

Дунё қизиқ экан. Шундай халқлар бор: ўнлаб асрлар давомида ўз маданиятини, адабиёти ва илм-фанини битта ёзув системасида ифода этиб келади – ҳиндлар, хитойлар, араблар, европаликлар, арманилар… Толеъ экан-да. Ва шундай элу элатлар ҳам борки, фақат ХХ аср бошларига келиб илк бор миллий алифбога эга бўлишган: олтойлар, хакаслар, чукчалар, нивхлар…
Ўтган ХХ асрнинг яна бир ажабтовурлигини қаранг: ўзбеклар 1929 йилгача араб алифбосида ёзиб келиб, сўнг ўн бир йил лотин алфавитида иш кўрди, кейин эса салкам олтмиш йил кирилл ёзувини қўллади. 1995 йилдан бери мактаб болалари лотин ёзувида савод чиқаришяпти. Бу жиҳатдан биз Гиннес рекордлар китобига тушсак ажабмас: бир аср ичида миллий ёзувини тўрт бор янгилаганлар кўп эмасдир?
Оқибат, ҳар гал минг-минг номдаги, миллион-миллион нусхадаги китоб макулатура кушхонасида сўйилиб кетаверади. Масалан, Абдулла Қодирийнинг дастлабки нашрига ҳали тўқсон йил ҳам тўлмаган машҳур «Ўтган кунлар» романи бир неча топқир «яроқсиз» бўлди – ҳар бир янги авлод аввалгиларини ўқишдан ожиз. Бундай китоблар эса, сонсиз, саноқсиз…
Бояги рекордни қувватловчи яна бир омил ҳам бор: Марказий Осиё ва унинг теварагидаги ягона ҳудудда яшаётган қарийб 25 миллионлик ўзбек халқи ҳозир уч ёзувдан фойдаланаяпти – Шарқий Туркистон ва Хуросон ўзбеклари араб алифбосида иш кўраётган бўлса, МДҲ доирасидаги кўп мамлакатлардаги ўзбеклар кириллчада ўқитиляпти ва ундан воз кечиш хаёлларига ҳам келмаяпти, биз эса зўр бериб тайёрланаяпмиз: лотин ёзувига ўтмоқчимиз…

* * *

Бошингга не бало келса, бировданмас, ўзингдан кўр, дейдилар. Она тилимизга давлат тили мақоми берилиши биланоқ бир гуруҳ «жонкуяр»лар янги ғалвани бошлади – неча юз йиллар давомида сайқалланиб, XX асрда мукаммал ҳолга келган ўзбек адабий тилини бир ёққа йиғиштириб, ўрнига «ўртатурк тили» деган сунъий бир тилни яратиш керак, деб чиқишди. Буям ўтди. Салдан сўнг давлат тили тўғрисидаги қонуннинг шавқи ҳароратида иссиғи ошган бошқа «фидойи»лар амалдаги ёзувни тарк этиб, араб алифбосига қайтиш ғоясини ўртага солишди – нечтаям «Эски ўзбек ёзуви» китоблари потирлаб нашр этилди. Бунга қарши «лотинчи»лар наъра тортди, уларнинг айтишича, дунёвий тараққиётнинг манбаи фақат лотин ёзувида эмиш, ҳатто давр мўъжизаси бўлмиш компютер ҳам лотин ёзувига омилкорроқ эмиш, шу ёзув тизимига ўтсак юртимиз равнақи мўъжизавий равишда тезлашиб кетаркан… Четдан бу гапга ҳайбаракаллачи ҳам топила қолди – бир давлат, Ўзбекистон лотин алифбосига ўтса, жами мактаб дарсликларини текин нашр этиб беришни ваъда қилди.
Кўрамизки, Ойбек таъбирича, «курашади икки тўлқин» бўлиб кетди: бир ёқда араб ёзувию бир ёқда лотин. Аммо кўпчилик, бу гапларнинг охири нима бўлишига ақли бовар қилмай, тўғрироғи, жиддий бир нарса деб ўйламай, вазмингина кутиб туришни маъқул билди. Биласиз, ўша пайтда эски хўжалик системаси барбод бўлиб, ишлаб чиқариш издан чиққан, моддий етишмовчилик авжида эди, ўтиш даврининг энг оғир паллаларини бошдан кечираётган аҳли юрт бу можароларга кўнгил буриб қарай олмади. Халқ оммасининг эътибори ва муносабатини қўя туринг, ҳатто тилчилар ва умуман зиёлилар орасида ҳам бу масала кўламига яраша жиддийроқ муҳокама қилинмади…

* * *

Шу орада – 1993 йил 2 сентябр куни Олий Кенгашнинг ўн иккинчи чақириқ XIII сессияси ушбу масала юзасидан қонун чиқарди. Унинг преамбуласига кўра, «ушбу қонун Ўзбекистон Республикаси Конституциясига асосланиб ва ўзбек ёзувининг лотин алифбосига ўтилган 1929-1940 йиллардаги ижобий тажрибасидан келиб чиқиб, кенг жамоатчилик вакиллари билдирган истак-хоҳишларни инобатга олган ҳолда республиканинг ҳар тарафлама камол топишини ва жаҳон коммуникация тизимига киришини жадаллаштирувчи қулай шароит яратишга хизмат қилади» (жумла ғализлигини қаранг!) деган ниятда бу иш амалга оширилган. Янги алифбо 31 ҳарф ва 1 «тутуқ белгили» бўлиб, «босқичма-босқич» ўтиш 2000 йил 1 сентябрда тугалланиши лозим эди.
Орадан икки йил ҳам ўтмасдан, бу қонунга ўзгартиш киритилди: авалгисидан воз кечилиб, 26 ҳарф, 3 ҳарфлар бирикмаси ва «тутуқ белгиси» маъқул топилди (яъни, инглизлардай 26 ҳарф), айрим аввалги ҳарфлар алифбодан чиқарилиб, ўрнига ҳарф бирикмалари олинди, баъзи ҳарф белгилари ўзгартирилди, «тўлиқ ўтиш» эса 2005 йил 1 сентябрга қолдирилди.
2004 йил 30 апрелда Олий Мажлиснинг XV сессиясида бу қонунга яна бир ўзгариш қўшилди – «ўтиш» 2010 йил 1 сентябргача кечиктириладиган бўлди. 2010 йилнинг бўсағасида – 2009 йилги Олий Мажлис сессияларида эса бу масала гўё ҳеч кимнинг “эсига келмади”. Оқибатда, жуда қизиқ бир ҳол юзага келди: бир тилда икки ёзувда иш олиб бориляпти. Булардан қайси бирини қўллаш қонуний эканини ҳеч ким тайин айтиб беролмайди. Масалан, олий ўқув дипломига қарасангиз, бир бетнинг ўзида баъзи гаплар кириллча, баъзилари лотинча ёзилган. Ажабки, бунақада ҳужжатнинг салобати ҳам қолмас экан.
Ҳозирда, вазият мана шундай. Вақт эса ғизиллаб ўтиб боряпти.

* * *

Ҳар бир ёзув системаси ўз муҳити шароитидан келиб чиқиб шаклланади ва унинг талабларига тўлиқ жавоб беради. Масалан араблар, араб ёзувидан у «Қуръон хати» бўлгани учун эмас (Каломи шариф пайғамбаримизга оғзаки нозил қилинган, араб ёзуви эса унга қадар ҳам бор эди), балки араб тилининг барча товушларини мукаммал акс эттиргани учун фойдаланишади. Лотин тили товушларини ифодалаш учун эса лотин ёзувининг имкониятлари тугал. Келиб чиқиши ва хусусиятларига кўра унга яқин бўлган инглиз, испан, олмон, фаранг, италян каби ўнлаб тиллар хоссаларини лотин ёзуви тўғри, тўлиқ ифода этади. Кириллча эса славян тиллари табиатига батамом мувофиқ.
Аммо илмда, қайси алифбо бўлишидан қатъи назар, «бир ҳарф-бир товуш» принципига мувофиқ келадиган ёзув идеал миллий ёзув, деб эътироф этилади. Яъни, тилдаги ҳар бир товуш битта ҳарфда акс этсин ва алифбодаги ҳар бир ҳарф биттагина товушни англатсин. Афсуски, кўп халқларнинг ёзуви ўша тил товушларини тўлиқ, мукаммал акс эттира олмайди. Бизда – айниқса. Масалан, жорий алифбодаги «о» узум бутаси – токни ҳам, электр – токни ҳам ифода этаверади, «ўт» дегани олов-алангани ҳам, ариқдан ўтишни ҳам англатаверади, қандай ўқиш ва тушуниш ўқувчининг ўзига ҳавола. Ҳолбуки, ёзувда бир хил бўлгани билан, буларнинг талаффузи икки хил.
Ўзбек тили – туркий тиллар ичида энг бой тил. Бу гапнинг асоси шуки, бошқа исталган бир туркий тилни олиб қарасангиз, келиб чиқиши ва хоссаларига кўра ё ўғуз, ёки қипчоқ, ёхуд қорлуқ лаҳжасига мансуб бўлиб, фақат ўзбек тилигина тарихий шакланишида бу уч лаҳжа имкониятларидан баракали фойдаланган, чунки ўзбек халқининг таркибида шу учала лаҳжа вакилларининг ўрни ва салмоғи қарийб баравар. Бинобарин, шу лаҳжаларга мансуб ўнлаб туркий тиллардаги сўз-тушунчалар ўзбек тилида синоним сифатида мавжуд. Она тилимиз бошқа кўп туркий тиллардан синтактик мукаммаллиги, услубий-ифодавий алвон товланишлари ва сўзлари кўплиги – луғат хазинаси бойлиги билангина эмас, балки ҳар қандай тилнинг туб замини, ўзаги ҳисобланмиш товуш (фонема)ларининг мўллигига кўра ҳам бойроқ.
Аммо… (бир кам дунё-да) ўзбекнинг пешонасига мукаммал бир алифбо сира битган эмас. Араб алифбоси ҳам, лотину кирилл ёзувлари ҳам – ўзбек товушларини ҳеч қачон мукаммал ифодалай олмаган.
1929 йилгача араб-форс алифбосидан фойдаланилган, дедик. Туркистон халқлари, жумладан, ўзбекларнинг лотин ёзувига ўтиши бирон-бир илмий зарурат туфайли эмас, балки советларнинг ҳукмрон сиёсати тазйиқи билан амалга оширилганини, унинг илҳомчиси эса айнан Ленин эканини бугун ҳамма ҳам билавермайди. Лениннинг «латинизация – это великая революция на Востоке» деган даъвати билан ўнлаб шовинист олимлар ёзувимизни «инқилобий алифбо»га ўтказишга бел боғлаганлар. «Ўзбек ёзувининг лотин алифбосига ўтилган йиллардаги ижобий тажрибаси»дан гапиришдан аввал масала тарихини эсга олиш керак эди.
Ўзбек тили устидаги «тажриба»лар давом этди. 11 йил ўтиб-ўтмай, лотин ёзуви рус алифбоси негизидаги кирилл ёзуви билан алмаштирилди. 1937 йилдан кейин «ғир» этиб етиб келган 40-йилнинг машъум оқибати шу бўлдики, тил сиёсатини юритаётган катта оға уламоларга оғиз очиб қаршилик қиладиган биров топилмади. Шўролар ҳудудидаги энг катта туркий эл бўлмиш ўзбекларнинг тили беомон қайчиланди. «Тилларнинг келажакда қўшилиб кетиши»дан башорат қилувчилар бу яқинлашиш ва қўшилиш асносида ўзбек тилига хос жиҳатларни йўқотиб, рус тилига мувофиқлаштиришга даъват этар эдилар. Бу машъум «яқинлашиш» нишонаси энг аввал унлилар мисолида кўринди – рус тилида унли товуш олтита бўлгани боис, ўзбек ёзувида ҳам шунчаси қолдирилди – «Y» (Yкпар, тYк), «ы» (қыз, қымыз), «о» (опка, пок), а (ака, макка; қиёсланг: айғыр) каби унлиларнинг уни ўчирилди.
Қолаверса, ҳамма айбни шовинистларга тўнкаб қўя қолиш ҳам унча тўғри эмас. Ижтимоиётчи олимлар, хусусан тилшунослар орасида миллатим деб, она тилим деб отилиб чиқиш ўрнига «зийрак шогирд» бўлиб кўринишга, нимаики «тавсия» қилинган бўлса, қулоқ қоқмай қабул қилиб, дарров уни «илмий асослаш»га тушиб кетиш тамойили кучли эканидан ҳам тониб бўлмайди. Узоққа бормайлик. Чорак асрча аввал – ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш учун кураш кетаётганида, лоқайд қолган, ёки кейинчалик турли ёзув тарафдорлари ҳарбу-зарб қилишаётганида бир четда жим турган тоифа ҳам шу соҳанинг соҳиблари – айнан муҳтарам тилчилар бўлдилар.
Билмадим, зуғум камроқ ўтказилганми, ё бўлмаса у тилчиларнинг она тилига муносабати чинакам жонфидоликми, ҳар ҳолда, бошқа бир қанча туркий тилларнинг алифболари анча мукаммал деса бўлади. Масалан, қозоқ алифбосида 42, озарбойжон алифбосида эса «ё»лашган ҳарфларсиз 33 та графема бор ва улар миллий товушларни анча тўлиқ акс эттиради, бу алифболарни ўрганиб, шу тилдаги бирон матнни ўқисангиз, талаффузингиз қозоқ ёки озар кишисидан фарқ қилмайди. Алифбо учун мана шу нормал ҳолат. Алифбо ана шундай бўлиши лозим.
Олтой халқининг алифбосида унли товушларнинг ўзи 17 та, абхаз ёзувида ҳарфлар сони 65 та, корейс алифбосида 70 та ҳарф тажассум топган. Бизларда эса – рус алифбоси билан деярли бир хил! Ўзбек тили… алоҳида бир халқ тили ўлароқ, ўз товушларини тўлиқ акс эттирадиган алифбога эга бўлишга ҳақли-ку?
Ўзбекистонда ҳам алифбони такомиллаштиришга уриниб кўрилган. Зиёлилар бирмунча эркин нафас ола бошлаган олтмишинчи йиллар охирида Тошкентда нутқ маданияти масалаларига бағишланган илмий-амалий анжуман ўтказилган. Она тилимиз муаммоларини ҳал этиш, жумладан, миллий алифбони такомиллаштириш борасида фикр юритиб, мавжуд нуқсонларни кўрсатилган, муҳим таклифларни берилган эди.
Ана шу конференция материаллари ва ундан кейинги талай публикациялар асосида ўзбек тили алифбоси учун 37 ҳарф лозим деб белгиласа бўлади, зеро, тилимизда 36 товуш ва апостроф (айириш) бор.

36 товуш ва апострофНатижа эса шу бўлдики…  таклифларнинг кў-ўп қимматли эканлиги қайд этилиб, уларни рўёбга чиқариш бирмунча маблағ талаб этишини «эсдан чиқармаслик»ка чақирилди. Яъни, анжуман қилсанг-қилавер, таклифларинг қанчалик тўғри бўлса-бўлар, аммо амалиётга ўтишни ўзимизга қўйиб бер, қабилида иш тутилди. Ўзгартириш эрки яна сиёсий арбоблар қўлида қолди. Улар эса…  рус тилидаги  алифбо тизимига шайдо эдилар.
Нуқсонли алифбо илмга ҳам халақит беради. Чунончи, ёзувда муайян товуш учун ҳарф белгиланмаган бўлса, замонлар ўтиб, баъзиларнинг тасаввурида бу товушларнинг ўзи тилда асли йўқдек, ёки вақт ўтиб бошқа бирон товуш билан алмашиб кетгандай туйилиши мумкин. Масалан, профессор Ш.Раҳматуллаев чоп этттирган «Ўзбек тилининг этимологик луғати»да она тилимизда азал-абад мавжуд, аммо тарихан ҳеч қайси алифбода акс этмаган бир неча туркона – асл ўзбекча товушларни ҳозирги ўзбек тили учун хос эмас, деб талқин этаилди: яъни «ы» – «и»га, «Y» – «у»га, «о» эса «ў»га айланиб кетган эмиш. Наҳот талаффузимиз ўзгариб («балық» – «балиқ»қа, “ўлка” – “олка”га айланган бўлса? Бундай эмас, бу товушлар алифбода акс этмаяпти, холос.
Нуқсонли алифбо одамлар талаффузига ҳам салбий таъсир қилади. Айниқса, ҳозир – сўзлашув нутқига қараганда ўқиш ва оммавий ахборот воситаларидан ахборот олиш кўпроқ ўрин эгаллаган замонда. Кўп дикторлар, хонандалар оддийгина сўзларни тўғри талаффуз қила олмайди. Масалан, «қызлар» деган сўзни қўшиқчилар «қийзлар» деб, «қышлоқ»ни «қийшлоқ» деб айтади. Чунки, «шундай ёзилган».
Алифбо мукаммал бўлиши учун тилдаги барча товушлар тегишли ҳарфлар билан ифодаланиши шарт. Ҳисоб-китобга кўра, Сиз ўқиётган ушбу мақолада (тиниш белгилари билан бирга) жами 37432 та белги бор ва унинг 13820 таси унлилардан иборат. Бу, нутқ жараёнида 40,3 фоиз фонемани унли товушлар ташкил этади, дегани. Аммо кирилл ва лотин алифбосидан унлиларга 21%, араб ёзувидан эса атиги 12% жой теккан. Ўзбекча сўзлашни фақат ёзув орқали ўрганган баъзи «узбек»лар ўз она тилидаги матнни худди ажнабий киши сингари ўқиб талаффуз этар экан, бу бежиз эмас – айрим ҳарфлар бир эмас, иккита товушни ифодалашини билмайди. Масалан, «тур» – ўрнидан турмоқ, «тур» – хил (ҳар турли). Аслида эса, кейингиси «тYр» (тYрли-тYман) бўлади. Кўрамизки, алифбонинг қусури талаффузга ҳам зиён етказар экан. Чунки бу товушлар алифбога «ўгай» ҳисобланиб, унга киритилмаган-да…

* * *

Ҳозир вазият шундайки, бир ёқдан – ўзбек тилининг барча фонемаларини ёзувда тўлиқ акс эттириш шарт, иккинчи томондан  эса – бунинг учун тарихан қўллаб келинган уч алифбо тизимидан бирини танлаб олиш керак. Хўш, қайсисини танлаш тўғрироқ бўлади? Бизнингча, бунда бир қанча омиллар рол ўйнайди. Булардан энг муҳими – тарихий эмас, сиёсий эмас, моддий-молиявий ҳам эмас, техникавий ҳам… балки ИЛМИЙ фактордир. Яъни, ҳар учала ёзув тизимини қиёслаб, «бир ҳарф-бир товуш» принципи талабига нечоғлиқ мос келиш-келмаслигини аниқлаш зарур. Бу маънода, араб алифбосидан анъанавий равишда неча юз йиллаб фойдаланилганлиги, лотин алифбосининг жаҳон коммуникация тизимларига киришни осонлаштириши эҳтимоли, кирилл ёзувининг қўллаб келаётганимиз, ўрганиш бўлиб қолганлиги каби “сабаб”лар аҳамиятсиз. Асосий мезон – шу уч ёзув системасидан қай бири ўзбек тили товушларини тўлиқ ифодалашга кўпроқ қобиллиги. Чунки миллий алифбо аввал-охир миллатга – шу тилда гаплашувчиларга хизмат қилади.
I. АРАБ АЛИФБОСИни ана шу нуқтаи назардан кўриб чиқадиган бўлсак, унда 28 та ҳарф бор ва кейинчалик форслар қўшган 4 ҳарф билан графемалар миқдори 32 тага етган. Аммо, қизиқки, буларнинг фақат учтаси ҳақиқий унлилар, қолган унли товушлар эса «алиф»га диакритик белгилар (зер-забар ва б.)ни қўшиш орқали англатилади. Худди шунинг учун ҳам сўзларни қандай ўқиш масаласида хилма-хилликлар бисёр. Негаки, унлилар қатнашмайдиган сўзнинг ўзи йўқ-да. Масалан, Аллоҳ деб ёзамизми ёки Оллоҳ, чорёрлардан бири Усмонми ёки Ўсмон, Лайлими ё Лайло, Хизрми ёки Хидр, буни фақат арабнинг оғзидан эшитибгина ҳал қилиш мумкин. Юзлаб, минглаб арабий сўзлар бизда икки-уч хил талаффуз этилади ва турфа тарзда ёзилади. Ҳарфларнинг сўз бошида, ораси ва охирида ёзилиши ҳар хиллиги ҳам, бош ҳарфларнинг йўқлиги ҳам қўшимча қийинчилик туғдиради.
Арабий-форсий (эски ўзбек) алифбодаги 32 ҳарфнинг еттитаси ўзбек сўзларини ёзишда қўлланмайди («з» товуши тўрт, «с» уч, «т» ва «ҳ» икки ҳарф билан ифодаланади, фақат араб тилидан кирган сўзларгина ана шу ҳарфлар билан ёзилади. Бунда имловий хатога йўл қўймасликнинг йўли – ёдлаб олиш, холос. Ўзбек сўзини ёзишда булардан бири қўлланади.
Демак, унинг атиги 25 ҳарфдан иборат бўлган фаол арсенали 36 товушли ўзбек тилини акс эттиришга анча ожиз. Худди шунинг учун ҳам ўтган аср бошларида маърифатпарварлар бу ёзувга кўп ўзгартиш киритишган. Бугина эмас, бундан тўрт аср муқаддам Бобур ҳам янги алифбо – «Хатти Бобурий»ни кашф этиб, уни қўллашга уринган. Аммо миллий ёзув масаласи ўша пайтда ҳам, худди ҳозирдагидай, сиёсат объектига айлантирилганди, ҳарфларидан ҳатто илоҳий рамзлар қидирилган араб ёзувини алмаштиришга ҳеч ким жазм қила олмасди. Ва, эҳтимолки, ёзувни ўзгартириш миллат маданияти ва илм-фанини… инқирозга олиб келишини Бобур биздан кўра яхшироқ англаган чиқар?
Тўғри, араб ёзувидан ўзбек тилида талай асрлар фойдаланиб келинди, шу имлода минглаб асарлар битилди, миллат маърифатини юксалтиришда унинг хизмати беқиёс. Аммо араб ёзуви флектив тил хоссаларини тўлиқроқ экс эттиради, агглютинатив туркий тиллар, жумладан, замонавий ўзбек тилидаги барча калималарни ифодалашга ожиз. Ҳозирги даврда араб ёзувига қайтишга даъват, моҳиятан, шоирлар фақат арузда шеър ёзсинлар, дегандай гап.
II. Энди биз учун тарихан иккинчи ёзув тизими бўлган ЛОТИН АЛИФБОСИни кўриб чиқайлик. Европадаги барча халқларнинг ёзув тизимларига, жумладан, лотин алифбосига ҳам қадимги грек устав ёзуви асос бўлган. Бу алифбо тизимининг бир фазилати (араб ёзувидан фарқли ўлароқ) ҳарфларнинг сўз бошида, ўртаси ва охирида ёзилиши деярли бир хилда эканлиги ҳамда атоқли отлар ва жой номларини кўрсатиш учун бош ҳарфлар борлиги. Аммо бизга қолип сифатида олинаётган лотин-инглиз ёзувининг иллатли бир томони – муайян бир ҳарфнинг ҳар жойда ҳар хил товушни англатиши. Ва аксинча, бир товуш турли ўринларда турлича ҳарфлар орқали ифода топаверади. Масалан, инглизчада «U» (У)ни ёзиб, «A» деб ўқийсиз. «А» эса «Ў»  ёки «И» бўлиб кетаверади. «Tea» ёзиб, «Ти» деб ўқиш керак… Лотин-инглиз алифбоси қоидаларини ўрганиб олиш эса шу қадар мураккабки, ҳатто инглизларнинг ўзи ҳам уни такомиллаштириш – қандай айтилишига қараб шундай ёзиш, алифбога янги ҳарфлар киритишни таклиф этишяпти, айрим китоблар охирига унинг бирон бобини “янгича” алифбода ёзиб тақдим қилишяпти (ажаб, ўзига эн бўлмаган бизга енг бўлармиди?).
1995 йилги таҳрирдан сўнг янги лотин-ўзбек ёзуви учун белгиланган 29 ҳарфдан баъзиси қўшоқ – жуфт ҳолда (ч — ch;  ш — sh; нг — ng). Бу янги ёзувда илмий принцип йўқлиги яна шунда кўринадики, у амалда лотинча билан кириллчанинг қоришмасидан иборат бўлиб қолган: масалан, бояги «ш» ва «ч»ларга инглизлар сингари қўшалоқ ҳарф белгилангани ҳолда, «х» – «икс» эмас, русчадагидай «х»ни билдиради. Модомики, инглиз мақоми танланган экан, унга тугал муқом қилиш, масалан, «foto» эмас, «photo» деб битиш керак.
III. КИРИЛЛ ЁЗУВИ ҳам грек алифбосидан келиб чиққани, ҳарфлари лотин алифбоси ҳарфлари билан аксар бир хил. Кирилча – лотин алифбосидан кейинроқ юзага чиққан, унинг такомиллашган бир тури. Лотин ёзувидан принципиал бир фарқи – кирилчада ҳар бир ҳарф бир товушни англатади, ҳар бир товуш деярли ҳаммавақт бир ҳарф билан ифода этилади.
Ҳозирги ўзбек кириллицасида 35 та ҳарф бор, аммо буларнинг олтитаси ўзбек тили товушларини англатиш учун кераксиз (Е, Ё, Ю, Я, Ц, Ь). Қолган 29 ҳарф ўзбек товушларининг 81%и демак. Энди шу гапларни жадвалга солиб тақдим этамиз:

Ёзув турлариЎзбек ёзуви учун «замонавий» икки алифбодан бири: лотин ё кирилл ёзуви танлаб олиниши шарт қилиб қўйиладиган бўлса, араб-форс ёзуви тарафдорлари ҳам бугунги ижтимоий реаллик – аҳолининг асосий қисми кириллчада саводли эканини мулоҳаза қилиб, амалдаги алифбони ёқлашлари ҳақиқатга яқин. Қўшимча қилиб шуни айтишимиз керакки, башарти ўзбеклар ҳозирга қадар мутлақо бошқа бир ёзувдан фойдаланиб келишган бўлсаю энди араб, лотин, ё кирилл ёзувидан бирини – маъқулроғини кўриб, танлаб олиши лозим бўлганида ҳам, ўзбек товушларини ифодалаш имконияти кўпроқ бўлган кирилл ёзуви афзал деб топилиши тайин эди.
ИЖТИМОИЙ жиҳатга навбат келди. Бу борадаги мулоҳазаларни ихчамроқ рақам этмоқчимиз:
1. Ҳамма яхши билади – 1940 йилдан бери ўтган етмиш беш йил ичида ўзбек тилида шу қадар кўп китоб босилдики, халқимизнинг бундан аввалги минг йиллик тарихида ҳам бунча китоб нашр бўлмаган. Ҳозир ҳар бир оиладаги китобларнинг, кутубхоналар фондидаги китобларнинг камида тўқсон-тўқсон беш фоизи кирилл ёзувида. Ва улар, қачон ва қай сиёсат замонида нашр этилганидан қатъи назар, одамийлик, ҳалоллик, гуманизм, одоб-ахлоқ, меҳнатсеварлик, билимга интилиш, ўзгаларга хайрихоҳлик, адолатпарварлик, келажакка ишонч хислатларни улуғлайди, шунга даъват этади, бу жиҳати билан ўзбек халқининг минг йиллар давомида шаклланган тийнатига мос ва бугунги мустақиллик мафкурасига ҳам зид эмас. Ёзувни алмаштириш – амалда ана шу бир неча юз миллион китобдан воз кечишга, нари борса, уларни макулатурага топширишга рози бўлиш демакдир. Ватан ва миллат равнақи учун кураш аввалги даврларда ёзилган китобларни, улар битилган ёзувни йўқотишни тақозо этмайди. Билъакс, улардаги бор билим ва жамики позитив жиҳатлардан янгича шароитда танқидий фойдаланиш, авлодлараро тафаккур эстафетасини узатишда зарра қадар узилиш бўлмаслигига эришиш ниҳоятда муҳим.
Бугун ўрта мактаб ёки лицейни лотин ёзувида хатм қилиб, олий ўқув юртига ўқишга кирган бола эртага бу ерда қайси китобни ўқийди? Техникавий, тиббий, ҳарбий ва ҳоказо аксар билимгоҳларнинг дарсликлари кирилл ёзувида, бунинг устига, шундай китобларнинг аксари рус тилида-ку?
2. Ўрта мактабни кирилл ёзувида битирган дастлабки авлоднинг ёши бугун саксонни қоралади. Демак, бутун халқнинг саводи кирилл хатида чиққан, ҳозирги илм-билими ана шу ёзувда тажассум топган, дейиш мумкин. Бу вазиятда лотин ёзуви олий мактабга, барча идора ва ташкилотларда иш юритишга жорий этилса, унда жуда кўп ёши улуғ профессор-устозлар пенсияга чиқади, қоғоз устида ишлайдиган минг-минглаб мутахассислар бўлак тирикчилик кўйига тушади. Мамлакат ва миллат бундан қанча ютадию, қанча ютқизади – бир тарозига солиб кўрилса, ёмон бўлмас эди.
3. Текис асфальт йўлда ўқдай учиб бораётган машина тўхтаса-ю, дала томон бурилиб, шудгордан янги йўл очиб юра бошласа, бояги шиддатдан ном-нишон қоладими? Кирилл ёзувидаги матнни бийрон ўқиб, равон ёзиб бораётган одамлар – бутун аҳли юрт ҳижжалаб лотинчасига ўқиш-ёзишга киришса… ижтимоий тараққиётда сустлашиш, билим эгаллашда оқсаш юз бермайди, деб ким айта олади? Ҳозирга қадар халқимиз устида бировлар ўтказган тажрибалар камми? Лоақал ўзимизни ўзимиз аяйлик ахир. Жаҳон майдонида мустақил бир эл сифатида танилиб, эъзоз топиб бораётган чоғимизда илм-билим олишни секинлаштиришга олиб келиши тайин бўлган ишга қўл уриб, ортга тисарилиш, Ленин тазйиқи билан амалга оширилган ўттизинчи йиллардаги машъум лотинлаштириш тадбирини «ижобий тажриба» деб баҳолаш шартмикин? Ўша «тажриба»нинг нимаси ижобий эди?
4. Энг чатоғи шундаки, кўпчилик учун ҳозир лотин ёзувини ўрганиб ўзбек тилида иш ҳужжатини тайёрлашдан кўра уни кирилл алифбосида – рус тилида битказиш осонроқ. Демак, лотин ёзувига ўтилса, давлат тилида иш юритиш номига бор бўлади, амалда – рус тилида иш юритишга қайтилади. Бу давлат тили тўғрисидаги қонунни барбод қилишга олиб келиши мумкин. Дарвоқе, ҳозирнинг ўзида деярли барча идора ва ташкилотларда иш юритишда, шунингдек, жамоат назари тушадиган жойларда ўзбекчани қўйиб рус тилида ёзишга ўтишга киришилганини ким билмайди.
Шу кунда олдимизда бир дилемма пайдо бўлди: давлат тилига ўтиш муҳимми ё лотин ёзувига? Бу моҳиятан ўзаро зид нарсалар эмас, аммо тил соҳасидаги икки инқилобий жараённи бирваракай рўёбга чиқаришга уриниш ҳар иккала ишни ҳам барбод қиладиганга ўхшайди. Борингки, лотин алифбоси кириллчадан афзал бўлиб, миллий ёзувни алмаштириш тўғри деб топилган ҳолда ҳам, янги ёзувга кўчиш хархашаси айнан ҳозир – давлат тилида иш юритиш тўла оёққа қўйилмаган бир шароитда ноўрин бўлур эди. Икки қайиққа оёқ қўйган кимса ғарқ бўлар эмиш. Аввал она тилимизнинг мақомини ўрнига қўйиб, номига эмас, чин давлат тили қилиб олайлик, уёғига худо пошшо.
5. Ўзбекистонда лотин алифбосига ўтилса, бу ёзувга кўчиши белгиланмаган бошқа тиллар ёзуви қандай бўлишини ҳам ўйлаб кўриш керак. Ҳозирги кунга келиб айрим рус ва бошқа тиллардаги пешлавҳалар, масалан, «У трёх друзей» каби кафелар номининг «лотинча» қилиб, «U tryox druzey» деб берилаётгани кишини ажаблантиради, албатта. Бу давлат тилини ҳам, лотин ёзувини масхаралашдан ҳам бошқа нарса эмас.
6. Дуруст, лотин ёзувини ўрганиш ва унга кўникиш учун аввал икки йил (1993-1995), кейинроқ яна беш йил (1995-2000), бу фурсат яқинлашгач эса яна беш йил (2000-2005) ва ниҳоят тағин беш йил (2005-2010) йил, жами ўн етти йилдан ортиқроқ вақт берилди. Лекин очиғини айтадиган бўлсак, ҳали-ҳозиргача ўқув даргоҳларидан бошқа ҳеч қаерда, ҳеч ким бу ёзувда иш кўраётгани йўқ. Бошқаларни қўйинг, ҳатто шу ёзувда китоби чиқаётган муаллифлар ҳам, уни нашрга тайёрлайдиган аксар муҳаррирлар ҳам бутун матнни компютерда кирилл ёзувида тайёрлаяпти, таҳрир қилаяпти, сўнг эса компютер уни «имло» дастури асосида бир лаҳзада «лотинча» қилиб беряпти. Шу боис, бу ёзувга ростакам ўтиладиган бўлса, кўпчиликнинг тиши ўтмай, реал саводхонлик 15-20 фоизга тушиб қолади. Бу соҳада таваккалчиликни оқлаб бўлармикин? Албатта, вақти келиб, ҳамма нарса изига тушар, дейишлари мумкин. Аммо ҳозирги ошиғич замонда миллат саводининг вақтинча бўлса-да, пасайиши илм-билимда имиллашга олиб келади. Мана шуниси хатарли.
Ҳозир лотин ёзувидаги китобларни ўқиётган аксар коллеж, лицей ва олий ўқув юртларининг талабалари амалда иккала ёзувни ҳам билади – ахир газета-журнал, китобларнинг 90 фоизи кирилл ёзувида – қўлингиздаги мақолани тайёрлаш аносида улардан қайси ёзув улар учун осонроқ эканини сўраганимизда, ўқувчиларнинг кўпчилиги ўзи учун кирилл алифбосида ўқиш ва ёзиш қулайроқ эканини айтдилар (албатта, сўров расмий равишда ўтказилса, бунинг аксини кўрсатишлари ҳам мумкин, таомил шундай).
7. Ўзбек ёзувини лотин алифбосига ўтказиш тўғрисидаги қонун, аёнки, мамлакатимиз ҳудудидагина жорий этилади. Бу ҳолда ён-атрофимизда – Ўзбекистонга чегарадош давлатларда яшаб келаётган тўрт миллионга яқин ўзбеклар не қилсин? Ахир улар етти ёт бегона эмас, жон жигарларимиз-ку! «Катта ер» – Ўзбекистондан батамом узилиб қолишмайдими? Биринчи Президентимиз узоқни кўзлаб айтган, ҳеч қачон ўз аҳамиятини йўқотмайдиган «Туркистон – умумий уйимиз» деган даъватини унутмай иш тутсак яхши бўларди.
Қандай ёзув тизимини танлаш борасида ҳисобга олиш лозим бўлган жиҳатларнинг яна бири ТЕХНИКАВИЙ омилдир. Компютернинг инглиз ёзувига «ўрганганлиги», кимда-ким лотин ёзувига ўтса, ижтимоий тараққиёт ўз-ўзидан жадаллашиб кетиши, жаҳон коммуникация тизимларига киришнинг осонлашиши… афсона гаплар  Негаки, компютер – электрон ҳисоблаш машинаси, у ўзига ўрнатилган ҳарфлар ёки бирон матннинг алифбоси лотинча ё арабча ё японча эканлигини билмайди, машина учун булар мутлақо аҳамиятсиз.
Хўш, унда нега инглиз ҳарфлари билан ёзилган матн дунёнинг нариги чеккасига ҳам заррача ўзгармай етиб борадию, кирилл асосидаги ўзбекча матнни қўшни хонадаги компютер ҳам ўқишга «қийналади»?
Лотин ёзуви тарафдорларининг «кўзир карта»си ана шу. Аслида эса комьпютер учун ҳар битта ҳарф – муайян бир рақам, сон, холос. Айтайлик, «A» ҳарфи 186, «O» эса 254 рақами билан белгиланган бўлиши мумкин. Сиз «A» клавишасини босганда компютерга 186 шартли рақамини териб буйруқ берган бўласиз, ана шунда у «A»ни акс эттиради. Ҳар сонияда миллионлаб ҳисоб амалини бажарадиган компютер учун бу энг жўн иш.
Кирилл ёзувидаги ўзбекча матнни узатиш қийинроқ кечиши сабаби нимада? Менимча, компютер клавиатурасида ҳарфлар қандай жойлаштирилишида. Бундан икки аср муқаддам – ёзув машинкаси кашф этилганидаёқ европа халқлари унда ёзишни тезлаштириш мақсадида ҳарфларни клавиатурага алифбо тартиби бўйича эмас, балки энг кўп қўлланадиганларини ўртага, камроқ ишлатиладиганларини эса четроққа жойлаштиришни ўйлаб топишган ва бу тартиб бора-бора бирхиллашган. Эътибор берган бўлсангиз, компютер клавиатурасидаги инглизча ва русча ҳарфлар худди ёзув машинкасидаги каби бир хил ўринга жойлаштирилган. Шу тартиб, айтайлик, Россиядаги барча компютер клавиатурасида бузилмай сақлангани боис, русча ахборот матнини электрон почта, дискет, СD-ROM орқали узатиш ёки қабул қилиб олишда бирон-бир қийинчилик йўқ. Немисча, арабча ва ҳоказо тиллар муҳитида ҳам компютердан фойдаланишда бунақа ишкаллик йўқ.
Илгари машинкаларнинг ўзбекча ҳарф кассалари такомиллашмаган, бир замонлар шундай принцип асосида танланган тизим эса оммалашмаган. Ҳозирда русча ёзишга мўлжалланган машинкалардаги клавиатуранинг бирон-бир четида «ў», «қ», «ғ» ва «ҳ» ҳарфларига эплаб-сеплаб жой топилади. Аммо бу «жой»лар ҳар бир машинкада ҳар хил.
Ёзув машинкасида-ку, кетаверади, аммо ахборот узатишда бир-бирига боғланадиган компютер буни қабул қилолмайди. Унда барча ҳарфлар бир хил сонлар негизидан келиб чиқиши керак. Афсуски, бояги «анъана» – ўзбек ҳарфларини клавиатурада ҳар жойга жойлаштиришдай бошбошдоқлик энди компютерларга ҳам кўчиб ўтди. Шундай экан, бу хилдаги бетартиб матнни энг янги, энг мукаммал компютер ҳам ўқий олмайди-да! Ҳатто, компютер технологияси қанча ривожланса, аниқликка талаб шунча ошади. Шунчаликки, бунда бирон-бир нуқтанинг ярми ҳам ҳисобда. Барча компютер клавиатурасида ҳарфлар бир хил жойга қўйилсагина бир хил шартли рақам босилиб, матн бошқа компютерда ҳам бенуқсон кўринади.
Аммо, такрор айтаман, компютер жониворнинг лотин ёзувини «хуш кўриши» – бўлмаган гап. Жаҳон коммуникация тизимларига осонроқ кириш ва миллий тараққиётнинг авж олишидай орзуларга етиш учун ҳам ёзувнинг шакли…  мутлақо аҳамиятсиз. Нажотни миллий алифбони ўзгартиб кўришдан эмас, ўз амалимиз – маърифатга интилишимиздан қидириш керак. Миллий алифбонинг ҳар бир ўзгариши мамлакат ҳаётининг барча соҳасида кўп йиллар давомида ўнглаб бўлмас асоратлар қолдириши барчага белгили. Бугун инглиз тилида гаплашувчи халқлар чиқарган компютер, баъзилар айтгандай, лотин ёзувини осонроқ ифода этадиган бўлса, унда, айтайлик, эрта-бириси кун ҳиндлар бутунлай бошқача, компютердан ўн чандон қулай ва яхши ишлайдиган бошқа бир машина ихтиро қилса, нима, унда ҳинд ёзувига ўтамизми?
Жаҳон коммуникация тизимига киришни осонлаштирса керак, деган умидгагина таяниб, миллий ёзувни алмаштириш… Лотин ёзувини қўлламайдиган ўнлаб илғор миллатлар жаҳон коммуникация тизимига киришда қийналганини эшитган эмасдик-ку? Бу борада тескари натижа берган ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Масалан, хитойлар 1956 йил февралидан лотин ёзувига ўтиб кўришган эди. 1962 йилда эса яна ўз иероглифларига қайтишди – ўша олти йил эндиликда Хитой тарихида номаъқул ташаббус даври саналади. Агар лотин ёзуви тараққиёт кафолати, жаҳон коммуникация тизимига киришни осонлаштириш гарови бўлса, унда биздан кўра омилкор ва мутараққий эллар, масалан японлар, камида ўттиз ё эллик йил аввал лотин ёзувига ўтган бўлишар эди-ку? Ёки тўрт минг йил бурунги ноқулай иероглифлардан ҳамон воз кечмаётган хитойлар технология соҳасида ҳаммадан тез ривожланаётганини қандай изоҳлаймиз?
Наҳот ёзув шакли… тараққиётга омил бўлса? Бу, қорача одам ақлли бўладими ё оқ-сариқ одамми, дегандай мулоҳаза эмасми?
Лотин ёзувига кўчиш ИҚТИСОДИЙ жиҳатдан қанчага тушади? Мен молиячи эмасман, аниқ билмайман. Билганим – ҳозирча бу ёзувда мактаб дарсликлари ва болалар учун айрим китобларгина чоп этилаяпти. Ана энди айтинг, мамлакатнинг бутун илмий, ижтимоий-сиёсий, бадиий… хуллас, ёзма салоҳиятини бу янги ёзувга ўтказишга неча миллиардлар лозим ва шунчани сарфлагач…  эришганимиз нима бўлади ўзи?
Лотин алифбоси асосидаги янги ўзбек алифбосининг иқтисодий жиҳати ҳақида яна бир гап. Бу алифбода 26 мустақил ва 3 «сиам эгизаги» – қўшалоқ ҳарфлар борлигини айтиб ўтган эдик. Бундан ташқари, «ў», «ғ» каби товушлар, шунингдек, «ц» ифодаси ҳам эндиликда икки ҳарф ўрнини эгаллайди. Кирилл алифбоси бўйича, айтайлик, «чўғ» деган уч товушдан иборат сўз шунга мувофиқ учта ҳарфда ифодаланган бўлса, бизнинг «илғор» лотин алифбомизда энди олтита графема билан «cho’g'» деб ёзиш, бунинг учун клавишларни олти марта босиш керак бўлади. Яъни, бу ёзувда ўзбек тили товушларининг 20 фоизи (6/30) бир эмас, икки графема орқали акс эттирилади. Босилаётган ҳар ўн саҳифа матннинг икки бети, ҳар ўн китобнинг иккитаси ана шу «қўшалоқ» ҳарфлар учун «ем» бўлади. Ҳар ўн тонна қоғознинг икки тоннаси ва ҳоказо. Борингки, сўз ораларида бўш жой қолиши ва айрим сўзларда бу олти товушнинг биронтаси ишлатилмаслиги кабиларни ҳисобга олиб, натижани тенг ярмига қисқартсак ҳам, ҳар ўн саҳифалик гап ўн бир саҳифага сиғиши, ҳар ўн тонна қоғознинг бир тоннаси беҳуда сарфланиши турган гап…
Алифбо муаммоси СИЁСИЙ масала эмас. Бинобарин, уни сиёсат объектига айлантириш ножоиз. Аммо лотин алифбосига кўчиш айнан сиёсий мулоҳазалар негизида амалга ошганлиги ҳам бор гап. Яъни, мустақил бир миллат ўлароқ, барча ахборотни илгаригидай Россия ва рус жамияти орқали, унинг «призмасидан ўтказиб» олишдан қутулиб, дунёнинг тўртала тарафига кенг ва тенг назар ташлашга олиб келармикин, деган фикр бу ўринда муайян рол ўйнаган. Ва бу мулоҳазада жон бор ҳам. Аммо бир ёзув тизимида иш кўрса-да, сиёсий, иқтисодий жиҳатдан қарам бўлмагани каби, ахборий жиҳатдан ҳам мустақил мамлакатлар бисёр. Бинобарин, ижтимоий-сиёсий таъсиротдан холи бўлишнинг чораси миллий ёзувни ўзгартириш эмас.
Тарихнинг тақозоси шу бўлдики, ўзбек халқи кейинги олтмиш йил мобайнида кирилл ёзувида иш кўриб келди. Гарчи бу ҳол ҳукмрон сиёсат ва мафкура тазйиқига кўра рўй берган бўлса-да, тақдирнинг ўйинини қарангки, айнан шу алифбо туркий тиллар, жумладан, ўзбек тилини график акс эттиришда энг қулай бир система бўлиб чиқди. Чунки сўзнинг ўзак ва қўшимчалари аниқ ажралиб турадиган туркий тиллар учун «бир ҳарф-бир товуш»  принципига энг кўп тўғри келадиган ёзув тизими мувофиқ бўлиши аниқ.
Жуда қисқа тарзда ушбу масаланинг ҲУҚУҚИЙ жиҳатига ҳам тўхталиб ўтайлик. Лотин алифбосига асосланган янги ўзбек ёзувига ўтиш-ўтмаслик масаласи расмий равишда умумхалқ муҳокамасига қўйилмади, ўз-ўзидан, халқ ҳам уни кўриб чиқиб муҳокама қилмади – буни аввал айтиб ўтган эдик. Ҳолбуки, ёзув – ҳар бир миллатнинг ҳаётидаги энг муҳим нарсалардан бири. Ёзувсиз маданият бўлиши мумкин эмас. Ёзувсиз жамият – жамият эмас. Айниқса, ҳозирги ахборот замонида. Шундай экан, унинг тақдирини ўша даврдаги Олий Кенгаш ноиблари (улар ичида тилдан бохабар одамлар нечта эди?) ҳал этишга ҳақлимиди, шу миллатга мансуб ҳар бир кишининг тақдирига дахлдор ва минг йилларга мўлжалланган масалалар референдум ўтказиш орқали ечилиши дуруст бўлмасмиди, ахир бундай кўламли, ўта муҳим масалалар умумхалқ ҳукмига қўйилар эди-ку, дегинг келади.
Миллий ёзувни ўзгартириш бизда қўлқоп алмаштиришдай жўн иш бўлса-да, жаҳон тарихида деярли учрамайдиган ғаройиб ҳодиса. Шу боис, уни ҳал қилиш ваколати кимга берилиши ҳам биз улги олган қонуну конституцияларда белгиланмаган экан…
* * *
Лотин алифбоси асосидаги янги ўзбек ёзуви бир қатор принципиал нуқсонларга эга. Бу алифбодан яна юз йил фойдалансак ҳам, улар нуқсонлигича қола беради:
1. У лотинча бўлиб тўлиқ лотинча эмас. Илмий принцип исталган ўринда бузила берган. Лотину кириллчага хос жиҳатлар қурама (масалан, «х» – «икс» эмас, «х»: “Poytaxt” деган меҳмонхона номини инглизлар “Пўйтэкст” деб ўқийди. Ёки «с» деган графема алифбода йўқ, аммо «ч»ни ёзиш пайтида аллақайдан олиб келинади: «сh» — «ч»!). Бу ҳолат болаларга тил ўрганишда қўл келадими ё халақит берадими – хулосани ўзингиз чиқаринг.
2. Лотин ёзуви – бутун бир система. У фақат инглиз алифбосидан иборат эмас. Бинобарин, 1995 йилги таҳрир – «ш» ва «ч» ҳарфлари учун «инглизча» қилиб икки графема – «sh» ва «ch»ни олиш – амалда янада орқага қараб кетиш бўлди. Туркий тилларнинг асл туркона «ш» ва «ч» товушлари (шўр, чўл…)ни бугунга келиб икки ҳарф билан бериш – бу товушлар тилимизга бошқа тилдан кириб келган (масалан, “ц” каби), деб иқрор қилмоқ билан баробар. Бундай «қўшалоқ» ҳарфлар саводсизликни орттиради, чунки «бир ҳарф-бир товуш» принципидан қанча узоқлашилса, савиясизлик шунча кучаяди.
3 .Бир ҳарфдан кейин келган иккинчи ҳарф (ёки иккинчи ҳарф ўрнида келган график белги) шаклига қараб биринчи товушнинг ўзгариши (масалан, «О» деб ўқий бошлаб, ундан кейинги «‘»ни кўриб, «О»ни «Ў»га айлантириш) алифбо учун фазилат эмас, иллат. Бунақада энди-энди саводи чиқаётган гўдак қанчалик қийналишини, биз катталар, ниҳоят, тушунишимиз керак.
4. 1995 йилги таҳрирдан сўнг олимлар неча ўн йиллардан бери орзу қилиб келган «нг» товуши учун бир ҳарф олиниши ҳам йўққа чиқди, худди араб, сўнг лотин, кейин эса кирилл ёзувидагидай, яна икки ҳарф билан бериладиган бўлди (ng).
5. «O» графемаси бу янги ёзувда қайси товушни билдириши тайин эмас. Ўзбекча тўн (чопон) ва мусиқий товуш баландлигини билдирувчи «тон» сўзлари акустик жиҳатдан деярли бир хил, аммо чопон – «To‘n», аккорд кучи эса «Ton» деб ёзилади, яъни сўз «ўзимизники» бўлса «о‘» деб ёзасиз, «бегона» бўлса – «о». Ахир товуш бир хил-ку? Ёки «ц» ҳарфи қўлланган сўзларни қаранг: сўз бошида келса «s» билан (sirk), сўз ўртасида келганда эса, нимагадир «тs» билан берилади (militsiya). Ва бунинг яна бир шарти бор: «ц» икки унли товуш орасида келсагина «ts» билан ёзасиз, олди ё ортидаги товушлардан биронтаси ундош бўлса, у ҳолда «ts» эмас, «s»нинг ўзи етарли («direksiya»). Кўрамизки, бунда янглишмаслик учун сўзлар қайси тилдан кириб келганини биладиган тилшунос олим бўлиш керак…
6 .Ёзувда ҳарфларнинг босма ва ёзма шакли ўзаро анча яқин бўлиши ҳам ўз йўли билан саводхонликни оширишга хизмат қилади. Лотин ёзувида эса бу икки тур орасидаги тавофут шу қадар каттаки, гоҳо муайян ҳарфнинг ёзма шакли шундай эканига одам шубҳаланиб қолади (масалан, F : f).
7. Кирилл ва лотин алифбоси аслида бир негиздан – грек устав ёзувидан келиб чиққан. Шу боис, уларда 19 та графема айнан бир хил. Яъни, 2/3 қисм ҳарфлар муштарак. Принцип жиҳатидан ундан афзалроқ, ҳарфлари мўлроқ ва график жиҳатдан бой бўлган кирилл ёзувини қўйиб лотинчани олиш (қиёсланг: Qo‘qon – Қўқон, bo‘cha – боғча) ёзув жиҳатидан анахронизм – орқага кетишдир.
8 .Модомики, 1929-1940 йилларда ўзбек ёзувига лотин графикаси жорий қилинганлиги «ижобий тажриба» бўлган экан, ўз-ўзидан, унинг қоидалари билан энди қўлланаётган лотин ёзуви қоидалари бир хил, лоақал яқинроқ бўлиши керак эди. Ҳолбуки, улар орасида муштаракликка қараганда фарқлар кўпроқ. Масалан, олдинги лотин графикасида 33 та мустақил ҳарф бор эди, уларнинг ҳар бири бир фонемани акс эттирар эди, янгисида эса бори 26 та…
9. Ёдингизда бўлса, лотин ёзувига ўтишга қарор қилган давлатларда алифбо иложи борича бирхиллаштирилиши (унификация) мўлжалланган, бунинг учун ҳар бир мамлакатнинг етакчи олимларини чорлаб, қўшма комиссиялар ҳам тузилган эди. Нaтижаси-чи? Ҳозирги туркий-лотин алифболари бу халқларни бир-биридан узоқлаштирса узоқлаштирадики, яқинлаштирмайди. Чунки бир замондаги яхши орзулар орзулигича қолди ва бугунги кунга келиб ҳар бир мамлакат ўзича «оригинал» алифбо тузиб олди. Ҳаммавақт ўзаро бемалол суҳбат қурадиган ва кирилл хатида бири ёзганини иккинчиси яхшигина ўқий оладиган қардош туркий халқлар эндиги ёзув туфайли бегонасираб қолиши турган гап.

* * *

…Табиат қонунларини ўзгартириб бўлмайди, уни ўзгартиш табиатнинг иши. Жамият қонунлари эса, шароитга қараб тез-тез янгиланади – бу жамият аъзоларининг хоҳиш-иродасига боғлиқ. Лозим топилса, ҳатто конституцияларга ҳам ўзгартиш киритилади. Мен, шу жамиятнинг бир вакили, конституцияга нисбатан хийла кичик, аммо миллатимиз тақдирида муҳим рол ўйнайдиган “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги қонунни қайта кўриб чиқишни таклиф қилар эдим. «Кўп иш қилинди, поезд кетиб қолди», дейишга ҳали эрта. Бу борадаги ишнинг 90 фоизи ҳали қилинган эмас – чоп этилаётган газета-журнал ва китобларнинг 90 фоизи кирилл ёзувида чиқаяпти, аҳолининг ўндан тўққизи шу ёзувда хат-саводи чиққан. Хуллас, бу янги ёзувни жорий қилиш учун кетадиган харажатнинг 90 фоизини ҳам ҳали топиш керак. «Қонун чиққан эди-ку», дегувчи биродарларга жавобимиз шуки, давлат сиёсати негизида миллат манфаати туради. Миллат манфаати тақозо этса, устуворликлар ҳам ўзгариши мумкин. Бу масалада нафсониятга ўрин бўлмаслиги керак. Эл-халқ эса ўз манфаати йўлидаги ўзгаришларни қўллаб-қувватлайди, демократик ўзгаришларга ихлоси янада ортади.
Демократик ҳуқуқий жамиятга хос бир яхши анъана бор: зўр ижтимоий аҳамиятга молик масалалар халқ муҳокамасига қўйилади, кейин эса халқ ҳукмига ҳавола этилади – референдум ўтказилади. Халқ энг одил ҳакам. Қолаверса, ҳали тўла кучга кирмаган қонун ҳақида бирон-бир мулоҳаза билдирмоқчи бўлган ҳар бир шахсни қонунга қарши, деб айюҳаннос солиш шарт эмас – қонун тўла кучга киришига ҳали… кў-ўп қовун пишиғи бор.
Шунингдек, ҳаётимиздаги яна бир реалликни – Ўзбекистоннинг теварагидаги мустақил давлатлар (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон)да яшовчи бир неча миллионлик ўзбек халқи вакилари ҳам кирилл ёзувида ўқиб-ўрганиб келаётганини ҳисобга олсак, айни масалани қайта кўриб чиқиш лозимлигини яна бир бор ҳис этамиз.
Бунда давлат тили тўғрисидаги қонунни рўёбга чиқариш йўлидан оғишмаслик, билъакс, уни янада қатъийлаштириш лозим. Чунки русийзабон аҳолининг миграцияси (гарчи кучли бўлмаса-да) давом этиб, ишлаб чиқаришнинг барча соҳасида фаолият юритиш тўлиғича ўзбек мутахассислари зиммасига тушяпти.
Айнан компютербоп деб тавсия этилган лотин ёзувига ўтиш туфайли республикадаги минглаб корхонаю муассаса, ташкилот ва ўқув юртлардаги компютерлар дастурига ў, қ, ғ ва ҳ каби “ўзбекча ҳарфлар”ни қўйиш пайсалга солиниб қолди – компютерларимиз ҳамон “ўрисча” ёзиб ётибди. Бу замонда компютерларни ўзбекчалаштириш нафақат давлат тили ҳақидаги қонунга, ундан ҳам аввал ҳар бир ўзбекнинг миллий ғурурига тааллуқли иш бўлиб қолди.
Шундай бир савол берилиши мумкин: хўш, лотин ёзувига кўчиш илмий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий ва техникавий жиҳатлардан хато деб, кирилл ёзувига қайтиш маъқул топилса, унда кўп йиллардан бери лотин ёзувида савод чиқараётган болаларга нима деймиз? Улар қийналиб қолишмасмикин?
Йўқ. Ҳозир ўрта мактабда лотин алифбосини ўрганаётган кўп фарзандларимиз кирилл ёзувида ҳам равон ўқиб, ёза олади, чунки иккинчи синфдан бошлаб рус тилини ўрганади, рус адабиётини ўқийди, қолаверса, деярли барча китоблар, газетаю журналлар шу ёзувда чиқиб турибди.
Албатта, фарзандларимиз олдида узрхоҳмиз. Аммо ўғил-қизларимиз бунинг учун биздан гиналаб юрмаслар. Зеро, улар ҳазрат Навоийнинг қуйидаги панди руҳида тарбият топаётибди:
Отадин келса хато, билма хато,
Савоб бил дағи хато қилса ота…
Зотан, бунинг самарасини тотгувчилар ҳам, албатта, келгуси насллар.
Маъқул йўлга тушиб олишга етказадиган ҳар қандай ҳаракат, у қанчалик мушкул бўлмасин, барибир ўзини оқлайди.
Кирилл ёзувида ҳам такомиллаштириш лозим ўринлар, ортиқча ҳарфлар, ўзбек товушларини акс эттиришда камчиликлар бор. Аммо униси кўп ҳам мушкул иш эмас.

…Аммо бу, албатта, ўзга бир мақоланинг мавзуси.

СЎНГСЎЗ ЎРНИДА

Zuhriddin Isomiddinov

Зуҳриддин Исомиддинов,
филология фанлари номзоди, адабиётшунос

Бу мақола 2006 йилда ёзилган эди. Аммо ўртага қўйилган муаммонинг қалтислииги боис, бирон жойда эълон қилмадим. Чунки бирон матбуот нашри уни чоп этишига ишонмасдим. Ойлар ўтди. Маслаҳат олиш учун Озод Шарафиддинов домланинг уйига бориб, у кишига бир бошдан ўқиб бердим (бу пайтларда домланинг кўзи хиралашиб қолган, жуда зарур нарсаларни лупа тутиб, қийналиб ўқир эди). Қарийб бир соатлар давомида гап қўшмай тинглаб, каравотида ҳорғин ётган устоз… уни маъқуллади. Нималарни уқтирди, нималар деб далда берди, ҳозир буни айтиш шарт эмасдир. Аммо, эшитишимча, кейин бир-икки йиғилишда бу хусусда гапирибди ҳам.
Орадан яна талай қовун пишиғи ўтди. Муаммо эса ҳамон ҳал бўлмай, “осилиб” ётибди. Шу боис, яқинда бир-икки ёзувчи ва олим дўстлар даъвати билан мақолани тағин қўлга олиб, бир-икки факт қўшган бўлдим-да, ҳукмингизга ҳавола этдим.
Энди, ушбу мўъжаз “шарҳи ҳол” якунида, яна бир гап. Биз ҳар бир масалада ҳар бир шахснинг ўз мустақил фикрига эга бўлишига эришишимиз керак. Биз интилаётган эркин фуқаролик жамияти ана шунда барпо бўлади. Бунинг учун Сизу биз жамият масалаларига бефарқ, лоқайд бўлмаслигимиз лозим.

P.S. Сайтимиздаги “Тил тақдири” лойиҳасида ушбу мавзуга доир фикр-мулоҳазалар, мақола ва суҳбатлар яна бериб борилади.
Сайт муаллифи

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz/
https://twitter.com/BehzodFazliddin
Телеграмдаги каналимиз: @Behzod_Fazliddin
YouTubeдаги cаҳифа-каналимиз: Behzod Fazliddin

Опубликовать в Facebook
Опубликовать в Google Plus
Опубликовать в LiveJournal
Опубликовать в Мой Мир
Опубликовать в Одноклассники
Опубликовать в Яндекс
Ўқишлар сони: 810

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *