0 0
Read Time:4 Minute, 55 Second

Ахир шу чоққача қаёқда эдинг,
Эй кўҳна латофат, эй инжа хилқат!
Юрак-юрагимни тўлдириб келдинг,
Кўзимга жо бўлди бир чимдим жаннат.

Тоғу тош, боғу роғ пешвоз йўлингга,
Дарахтлар саф тортмиш – қомати расо.
Узукдек ярашиб нозик қўлингга,
Ям-яшил нур сочар зумрадкўз дунё.

Яшнатиб манзурсан, яшнаб масрурсан,
Умримни тўлдирди муҳаббат куни.
Қанча гўзал бўлсанг, шу қадар ҳурсан,
Мен шундай озода руҳнинг мафтуни!

Борлиқни қуршамиш илоҳий бир ҳис,
Эҳ, азал нафаси келган малика!
Не тонгки, бахтим бут, қувончим тўкис,
Ҳаётим уйғундай мукаммалликка.

Тобора юксалар орзу кафтари,
Заминдан самога мужда илиниб.
Кўксимни қуёшга тутганим сари,
Тушуна боряпман олам тилини.

Юрак учмоққа шай қушга ўхшайди,
Куртаклар жилваси – энг гўзал ашъор,
Сен ҳам бир мўъжиза кўрсатгин, дейди
Дилга илҳом солган Буюк Ижодкор.

Туйғулар қўлимга гулқалам тутиб,
Юрак тошар дақиқ лаҳзалар аро.
Безавол номига қасида битиб,
“Барига шукур!” деб чекаман имзо.


Бундан буёғига бодомлар бедор,
Бундан буёғига бутоқлар бежо.
Балоғат бўйлаган боғларда баҳор,
Бунчалар беқиёс, бунчалар барно!

Кела қол, новдалар қўймасин гуллаб,
Яшнамоқ фаслини ўзинг бошлаб бер.
Қадаминг тафтидан ёнсин ловуллаб,
Интизор йўлларга нигоҳ ташлаб бер.

Бежиз лаб очишга ошиқма бир дам,
Ҳали фурсат бордир хайру хўшларга;
Гулларга сабоқ бер вафо илмидан,
Муҳаббат қўшиғин ўргат қушларга.

Бўйларинг атрига ғунчалар хумор,
Нафасингни сезиб тонглар жилмайди.
Оний табассуминг каби бетакрор –
Бу баҳор, бу баҳор қайтиб келмайди!

Кўзларим қаърига кўмилар олам,
Дилни даста-даста ашъор этган – Сен.
Сен каби яшнашни билмайди кўклам,
Кел энди, баҳорни баҳор этган – Сен.


Кўзларимга ишон, қўлларингни бер,
Ахир ғамларингни тугатмоқчиман.
Ўзим билмайман-у, лекин, барибир,
Мен сенга яшашни ўргатмоқчиман.

Кел, илми ушшоқни ўзлаштирайлик,
Бирга нажот топсин бу яримжонлар.
Орзунинг исмини ўзгартирайлик,
Имконлар навбатда турар, имконлар.

Кўнглингдан ўзгага қулоқ солмагин,
Чорла, безовта қил, тушларимга кир.
Аммо аро йўлда туриб олмагин,
Фақат кетмасингга мени ишонтир.

ЮҚОРИ

Мана, ўша чўққига чиқдим,
Шилинса ҳам қўлу оёғим.
Наҳот шунга шунча ошиқдим,
Қандай кечар экан бу ёғи?

Ҳамма гаплар ортимда қолди,
(Олдиндадир савол-жавоби.)
Ерга тушар йўллар йўқолди,
Тинч қўймайди қайтиш азоби.

Шу тепага боримни тикдим,
Юрагимга кўп етди шикаст.
Булутларга қараб зерикдим,
Боз устига, ҳарорат ҳам паст.

Шу ерда ҳам ташвишдадир жон,
Ғам бунда ҳам яшар экан-ку.
Ўша-ўша экан-ку осмон,
Дунё ўша-ўша экан-ку!


…чунки кўп нарсадан кўнглимни уздим
чунки ҳафсаламни пир қилди ҳаёт
чунки билиб-билмай ниятни буздим
чунки еру кўкдан бўлмади нажот

чунки ўзим билан келишолмадик
жиндаккина ақлим эгмади бўйин
имкон ила вақтни бўлишолмадик,
чунки ҳаммасининг мақсади – ўйин

чунки изғиб юрар бунда қора руҳ
баттар авж олдириб бедов оташни
этимни чимчилар совуқ бир андуҳ
чунки истамадим осон яшашни

чунки…


Қўлингдан нима ҳам келар, биродар,
Ким тинглар пажмурда юрак додини?
Сен бошин силамоқ бўлган мазлумлар
Яхши кўриб турса ўз жаллодини…

Бандаларинг кимга бандадир, Эгам,
Шу қадар ёқимли эканми қуллик?
Қўймижоз бўлса ҳам, ёввош бўлса ҳам,
Қўрққулик, қуллардан ёмон қўрққулик!


Ортиқ жимиб бўлмас, йўқ, жимиб бўлмас,
Шунча ютқизиққа кўз юмиб бўлмас,
Ахир ғам ортидан ғам шимиб бўлмас,
Ё Ҳақ, Ҳақ сўраган қалбга нусрат бер.

Бу қандай шажардур, туб томон ўсган,
Ҳар куртак кўзини ғофиллик тўсган,
Бир уйғоқ сўз айтсанг нафаси қисган –
Элатга уйғониш учун қудрат бер.

Буюкларин бир-бир ташлайди ўрга,
Сафсата сотганни бошлайди тўрга,
Борини бой бермиш данғир-дунғурга,
Ўзинг бу саҳнага ўзга суврат бер.

Битмас яраларим буткул биткаргин,
Кўнглимдан ўтганин элга ўткаргин,
Мени қавмим билан бирга қутқаргин,
Пешонамга бошқа ёруғ қисмат бер.


Ёлғон, ёлғон, ёлғон ҳаммаси,
Фақат иймон, фақат иймон ҳақ.
Ҳар манзилда фано ҳамласи,
Аро йўлда жонинг муаллақ.

Қўллар қисқа, орзулар майиб,
Қонга тўймас армон ханжари.
Нечун олам борар торайиб
Ўсган сари, улғайган сари?

Парво қилма, фарёд айлама.
Кунларингни нурга қондиргин.
Чуқур кетма, ортиқ ўйлама,
Фақат ёнгин, фақат ёндиргин.

ОЙГА ТЕГМАНГ

Нима қилсам, Ойни бошқа йиғлатмайсиз.
Нима қилсам, тинч қўясиз осмонларни?
Нима қилсам, юлдузларга тош отмайсиз,
Нима қилсам, ўлдирмайсиз жайронларни?

Бирга Ҳақнинг айвонига боради, деб,
Қалдирғочлар қўлларимдан тутиб олган.
Ҳеч бўлмаса, паноҳ сўраб беради, деб,
Оҳулари оёғимга ётиб олган…

Ёмонларга ён бергим йўқ асли, лекин
Гиёҳларнинг номларидан қўл сўрайман.
Ҳали кечмас, ҳали яна севиш мумкин,
Мен гулларнинг кўнгли учун йўл сўрайман.

Нурга қайтинг – рўёларни кетказасиз,
Еру кўкнинг тинчи учун бошланди жанг.
Бу кетишда умрингизни ютқазасиз,
Ўзингизга шафқат қилинг – Ойга тегманг.

ҲУКМ

Ишрат бозорида шаталоқ отган,
Ҳаргиз бу халқ ила Ҳаққа ёрмасман.
Саодатга элтар йўлни йўқотган…
Ҳаққа бормас бўлса, халққа бормасман!


Ўтиб кетар дедим, оғир олмадим,
Чамандай кўринди тақир чўллари.
Ёлғонларнинг умри қисқа бўлмади,
Узун бўлмагандай ҳақнинг қўллари.

Ҳеч кимсанинг иши йўқдир бу дамлар
Манглайга битилган сирли хат билан.
Қаёққача борар бизнинг одамлар
Риёга ўралган муҳаббат билан?!

Жонимни ачитар, ботар юракка,
Балки, улар сабаб кечирилгайман;
Пойимга илашган ҳар тиканакка
Бир қатим бўлса ҳам нур илингайман.

Нималарни ёзар нуроний Қалам?
Йўламасдан бурун мангу жарликка,
Ғажишга шай турган бўриларни ҳам
Чақиргим келади биродарликка.


Мен қидирган сўзлар луғатларда йўқ,
Мен талпинган ҳаёт қайда – билмадим.
Истаган қиёфам сувратларда йўқ,
Орзулар орзусин писанд қилмадим.

Лаҳзалик умримда борми ҳеч маъно?..
Пардалар кўзимдан сурилмаётир.
Ўзим-ку бир сиқим тупроқман, аммо
Мен излаган дунё кўринмаётир…


Ҳар куни кўксимда кўпкари,
Олишар чавандоз туйғулар –
Ғирромга ўрганган кўплари.

Уялиб кетаман ўзимдан,
Тағинам гуноҳнинг ҳиди йўқ…
Нур қочиб боради юзимдан.

Улуғ бир хатони бошладим,
Қаламнинг юргиси келмайди,
Шўрликни… синдириб ташладим…


Лутфу карамингга умрим мунтазир,
Мангу муҳаббатни тақдир қилиб бер.
Эй бутун оламда Буюк Муҳаррир,
Ҳаётимни Ўзинг таҳрир қилиб бер.

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

“Ҳуррият” газетаси, 2021 йил 14 апрель

Беҳзод ФАЗЛИДДИН 1983 йил 20 сентябрда туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетларини тамомлаган.
Ўзбекистон Фанлар академиясида илмий тадқиқот олиб борган. Филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).
“Муқаддас замин” (1999), “Боғларингдан кетмасин баҳор” (2000), “Онамнинг кўнглига кетамиз” (2003), “Сен қачон гуллайсан” (2008), “Кутмаган кунларим, кутган кунларим” (2012), “Тушларингдан чиқиб келдим” (2017) номли шеърий китоблари, қатор бадиий-публицистик, илмий-адабий мақолалари чоп этилган.

Беҳзод Фазлиддин ижодини интернетда қуйидаги манзилларда кузатиб бориш мумкин:

Website: http://behzodfazliddin.uz/

Ижтимоий тармоқларда:
https://www.facebook.com/behzod.fazliddin
https://www.facebook.com/behzodfazliddin.uz
https://twitter.com/BehzodFazliddin


Телеграмдаги каналимиз: https://telegram.me/Behzod_Fazliddin

YouTubeда: Behzod Fazliddin https://www.youtube.com/channel/UClNcaW4hRbu_zgBNlXKI-RA

Ушбу саҳифаларда Беҳзод Фазлиддин битиклари билан бирга ўзбек ҳамда жаҳон адабиётидан намуналар, жамият, маънавият, ижод ва эътиқод борасида фикр-мулоҳазалар, суҳбатлар, ҳикматли сўзлар ва бошқалар бериб борилади.

Мурожаат учун:
+99899 849 43 03
@Behzod_Fazliddin_bot

P.S. Сайтимиз янгиланмоқда. Тез кунларда тўлиқ ва бошқа кўринишда ишга тушади.

Happy
Happy
0 %
Sad
Sad
0 %
Excited
Excited
0 %
Sleepy
Sleepy
0 %
Angry
Angry
0 %
Surprise
Surprise
0 %